Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 37 / Устуворликлар

Солиқ сиёсати: ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омили

 

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида солиқ тизимини такомиллаштириш ҳамда соддалаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Бунда тараққиётнинг «ўзбек модели» дея дунё эътироф этаётган тадрижий ислоҳотлар муҳим омил бўлди. Натижада солиқ маъмурчилиги шаффофлигини таъминлаш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда. Зеро, аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳамда изчил ҳаётга татбиқ этилган чора-тадбирлар иқтисодий мустақиллигимизни мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамиятга эга.

 

Шу ўринда ёш давлатимиз ривожланиш йўлининг устувор йўналишлари билан боғлиқ бир қатор муҳим босқичларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Чунки Истиқлолнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши ва инфляциянинг юқори суръатлари сақланиб турган бир шароитда Давлат бюджетига маблағлар тушишини таъминлаш солиқ тизимининг асосий вазифаси бўлди. Шундан келиб чиққан ҳолда, солиқларнинг фискал функциясига устувор аҳамият қаратилди.

Бу ҳақда сўз юритилганда, 1991 йилда республика Давлат бюджети тасдиқланган вақтда бюджет тақчиллиги қарийб 7,5 фоизни ташкил этганини эслаш жоиз. Бу Давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ҳамда унинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган солиқ механизмини яратиш заруриятини юзага келтирди.

Мамлакатимизда қисқа муддат ичида солиқ солишнинг яхлит ҳолдаги норматив-ҳуқуқий базаси яратилиб, 1991 йилда «Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида» ҳамда «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, 1991–1995 йиллар давомида собиқ иттифоқда ўзига хос анъана тусига кирган ҳамда корхоналарнинг иқтисодий ҳолатини ҳисобга олмаган ҳолда, хўжалик юритувчи органлар, кооператив ва жамоат ташкилотларидан даромад солиғи, шунингдек, давлат корхоналари олган фойдадан ундириладиган ҳамда мутлақо фискал тусга эга бўлган тўловлар йиғишдан воз кечиш йўли билан ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, янги иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилди. Шулар қаторида аслида солиқ тусига эга бўлмаган, ­гўёки нархларни тартибга солувчи механизм сифатида қаралган ва ҳар бир товарга якка тартибда белгиланган нарх қисми бўлган оборотга солинадиган солиқ бекор қилинди. Собиқ иттифоқ давридаги бўйдоқлар, ёлғизлар ҳамда кам болали фуқароларга солинадиган солиқлар, шунингдек, экспорт ва импорт операцияларидан ундириладиган тўловларга ҳам барҳам берилди. Аксинча, мазкур тўловларнинг ўрнига бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган, масалан, субъектларнинг амалда олган даромади ҳисобланган корхоналарнинг даромадларига солинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи сингари янги турдаги солиқлар амалиётга жорий этилди. Энг муҳими, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида солиқ имтиёзлари берилиб, солиқдан тўлиқ ёки қисман озод бўлишга асосланган янги механизмлар қўлланила бошланди.

Юртимизда 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташкил этилиши миллий солиқ тизимини шакллантиришда том маънода янги даврни бошлаб берди.

1995–2005 йиллари солиқ тизимини оқилона юритиш босқичига тўғри келиб, мазкур жараёнда республиканинг солиқ қонунчилигига асос солинди ва унинг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди. Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига қонуний мақом бериш, унинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ шакллантириш мақсадида 1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунга мувофиқ, давлат солиқ органлари зиммасига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг бюджетга тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлашдек энг муҳим давлат вазифаси юкланди. Шунингдек, 1997 йилда тизимда ягона ҳуқуқий асос сифатида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилинди.

Шуни айтиш керакки, истиқлол йилларида мустақил мамлакатимизнинг солиқ сиёсатини белгилаб берувчи 39 та қонун, давлатимиз раҳбарининг 44 та Фармони ва 96 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 233 та қарори қабул қилинди. Уларнинг орасида бевосита давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган 32 та қонун ҳужжати ҳам мавжуд. Бу, таъкидланганидек, тизимнинг пухта ва ишончли қонунчилик базасини шакллантириш имкониятини яратди. Шундай қилиб, чорак аср давомида Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни самарали амалга оширишга кўмаклашувчи тўлақонли солиқ тизимини яратишга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида дунёдаги бошқа давлатлар билан солиқ солиш соҳасидаги ўзаро муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш сиёсатини изчил олиб бормоқда. 1993 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси томонидан Россия, Германия, Италия, Швейцария, Нидерландия, Хитой, Корея Республикаси, Словения, Ирландия, Испания ва бошқа қатор давлатлар билан иккиёқлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида 52 та битим имзолангани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

2005 йилдан бошлаб юртимизда жамиятни демократлаштириш ҳамда янгилаш борасида туб ўзгаришлар даври бошланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан устувор йўналишлар қаторида иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш билан бир қаторда, иқтисодиётни модернизациялаш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сингари муҳим масалалар белгилаб олинди. Шулардан келиб чиққан ҳолда, солиқ тизимини такомиллаштириш, солиқ тўловларини унификация қилиш, солиқ ставкаларини пасайтириш ҳамда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини ошириш йўналишларида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди. Янги таҳрирдаги тўғридан-тўғри таъсир кучига эга бўлган, солиқ солиш масалалари бўйича амалиётда синалган халқаро тамойил ва ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилинди. У 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирди.

Солиқ юкининг иқтисодиётга нисбатан босқичма-босқич камайтириб борилиши соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланишига хизмат қилди. Келинг, шу ўринда фикримизни қуйидаги рақамлар билан давом эттирсак. Агар 1994 йилда корхоналарнинг фойда солиғи ставкаси 45 фоизни ташкил қилган бўлса, 2016 йилга келиб 7,5 фоизгача, ­яъни 6 баробар пасайди. Қўшилган қиймат солиғи бугунги кунга келиб, 30 фоиздан 20 фоизга ёки 1,5 баробар, кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови 15,2 фоиздан 5 фоизгача, яъни 3 баробардан кўпроқ пасайди. Солиқ имтиёзларининг берилиши натижасида 50 мингдан ортиқ корхоналар ихтиёрида йилига ўртача 9 триллион сўм пул маблағлари қолмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси ҳам босқичма-босқич пасайтирилди. Илгари мазкур солиқ олинган даромадга нисбатан етти поғонали шкала бўйича энг юқори ставка 60 фоизда ҳисобланган ва ундирилган бўлса, бугунги кунда солиқ тўрт поғонали шкала асосида ундирилиб, энг юқори ставка 23 фоизни ташкил этаётир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2015 йилдан бошлаб энг кам иш ҳақининг бир бараваригача миқдордаги даромадларга нисбатан 0 фоизли ставка жорий қилинди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг кам даромад олувчи қатлами ихтиёрида кўпроқ маблағ қолишига олиб келмоқда.

Айни чоғда хўжалик юритувчи субъектлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги солиқ харажатлари ҳам пасайтирилди. Мисол учун, 1994 йилда иш берувчиларнинг мажбурий ижтимоий суғурта тизимига (Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Касаба уюшмалари кенгашига) мажбурий ажратмалар меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 40 фоизлик ставкада ҳисобланган бўлса, кейин у 25 фоизгача пасайтирилиб, 2015 йилдан бошлаб микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун 15 фоизгача, яъни 2,6 баробар камайтирилди. Натижада умумий солиқ юки ЯИМга нисбатан 20 фоизгача тушиб, Ўзбекистон энг қулай солиқ муҳити шаклланган давлатлар қаторидан жой эгаллади. Ваҳоланки, бугунги кунда солиқ юки даражаси чет мамлакатлар, масалан, Австрияда 43,4 фоиз, Туркияда – 32,5 фоиз, Эстонияда – 32,3 фоиз ва Қозоғистонда – 26,8 фоизни ташкил этади.

Сўнгги йилларда республика раҳбарияти томонидан солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ставкаларининг пасайтирилиши билан бир қаторда, солиқ органларига юклатилган молиявий ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш, шунингдек, мазкур молиявий ҳамда солиқ ҳисоботларини тақдим қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашнинг электрон тарзда амалга оширилишини кенг татбиқ этиш вазифаси қўйилмоқда. Унинг изчил ижроси туфайли 2013 йилдан бошлаб олтита солиқ ҳисоботи шакллари бекор қилиниб, молиявий ҳисобот сони ҳамда шаклларининг ҳажми 1,5 баробар ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш даврийлиги 2 баробар қисқартирилди. Бугунги кунда барча тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботларини фақат телекоммуникация каналлари орқали электрон тарзда тақдим этмоқда. Мазкур тартиб хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашувни кескин камайтиришга ҳамда режали солиқ текширувлари сонини минимал даражага қисқартиришга шароит яратиб берди. Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида камерал назорат усуллари кенг қўлланилаётир, яъни хўжалик субъекти жойлашган жойига бормасдан туриб солиқ органларига топширилган ҳисоботлар асосида амалга оширилаяпти. Мисол учун, «Камерал назорат» компьютер дастурий мажмуаси ёрдамида 2015 йил мобайнида солиқ ҳисоботларини тўлдиришда 124,7 мингта хатоликлар аниқланган.

Бугунги кунда тизимда давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган текширувларга оид ислоҳотлар алоҳида ўрин тутади. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида режали солиқ текширувлари ноаниқ даврийлик билан амалга оширилиши оқибатида ушбу ҳолат ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир қилар эди. Айниқса, текширув органларининг нопок ходимлари томонидан ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз текширувларнинг олиб борилиши хўжалик субъектининг азият чекишига олиб келар эди. Агар 1998 йилдан бошлаб солиқ текширувларини амалга ошириш даврийлиги йилда бир маротаба қилиб белгиланган бўлса, 2005 йилдан бошлаб режали текширувларнинг даврийлиги микрофирма ва кичик корхоналар учун тўрт йилда бир маротабагача, бошқа хўжалик субъектлари учун уч йилда бир маротабагача қисқартирилди. Бундан ташқари, янгидан ташкил этилган хўжалик субъектлари, оилавий тадбиркорлар ҳамда фермер хўжаликлари дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан умуман озод қилинди. Пировардида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган режали текширувлар сони 2015 йилда 2001 йилдагига нисбатан 3,7 баробар камайиб, фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектларни режали солиқ текширувларига жалб қилиш даражаси 15,9 фоиздан 2,7 фоизга ёки 5,9 баробар камайиши таъминланди.

Солиқ текширувларини ташкил этиш тизимини мувофиқлаштиришда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаётган, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга мораторий қўлланилиши алоҳида эътиборга сазовор.

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш борасида солиқ органлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиниши ижобий таъсир кўрсатди. Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ёш ишбилармонларни рағбатлантириш мақсадида 2015 йилдан эътиборан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун имтиёз жорий этилди. Унга кўра, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бизнес билан шуғулланишлари учун тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлардан қатъий белгиланган солиқни олти ой давомида тўлашдан озод қилинди.

Қолаверса, аҳоли (айниқса, ёшлар) бандлиги масалаларини ҳал этиш мақсадида 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга ёллаган бўлса, ўқишни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилди.

Барча кўрилган чора-тадбирлар республикамизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилди. Жаҳон банкининг ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистон охирги йилда тадбиркорлик фаолияти учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш соҳасида жаҳонда юқори натижаларга эришган давлатларнинг ўнталигига киради.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш–2016: бошқариш сифати ва самарадорлигини баҳолаш» рейтинг кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон 2015 йилга нисбатан 16 та поғонага, яъни 103-ўриндан 87-ўринга кўтарилди. Ушбу рейтингда мамлакатимизнинг сезиларли даражада ўсиши «солиқ солиш» баҳолаш кўрсаткичи ҳисобидан таъминланган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2015 йилда 61-поғонага, 2016 йилда эса яна икки поғонага кўтарилди.

Шу ўринда, Президентимизнинг 2010 йил 8 январдаги «Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимларининг иш фаолиятини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Мазкур бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2010 йилда бозорлар ҳамда савдо мажмуаларининг умумий даромадидан маҳаллий бюджетга 77,7 миллиард сўм маблағ ундирилди. Бу 2009 йилдаги маҳаллий бюджет тушумларига нисбатан 3 марта кўпдир. Ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич 184 миллиард сўмни ташкил этиб, 2009 йилнинг мос давридагига қиёсланганда қарийб 6,9 баробар ортиқдир.

Мамлакат раҳбарияти эътибори ва қўллаб-қувватлаши натижасида бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари ўз соҳасида кенг ­миқёсдаги вазифаларни ҳал қилувчи, технологик жиҳатдан юқори жиҳозланган ҳамда модернизациялашган тизимга айланди. Бу соҳадаги ўзгаришларни амалиётга замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий қилиниши ва улардан самарали фойдаланилиши билан изоҳлаш мумкин. Бир пайтлар республикада маълумотларни узатиш бўйича миллий ахборот тизими йўқлиги сабабли, солиқ тушумлари ҳамда уларни назорат қилиш қоғоз шаклида амалга оширилган. Шунинг учун ҳам солиқ тизимидаги ислоҳотлар дастлаб маълумотларни ягона ахборотлаштириш ва қайта ишлаш тизимидан бошланди.

Солиқ маъмурчилигида АКТнинг изчил жорий этилиши Давлат солиқ қўмитасининг асосий фаолият йўналишларидан бирига айланиб, солиқ тўловчилар ва солиқ объектлари тўғрисидаги маълумотларни жамлаш, тизимлаштириш ва сақланишини таъминлади. Ушбу тизим ташкил қилинаётган вақтда республика бўйича солиқ органлари тасарруфида жами 182 та компьютер мавжуд бўлиб, иш ҳужжатлари тўлиқ қоғозда юритилганлигини айтадиган бўлсак, кўпчиликнинг ишониши қийин. Бугунги кунда солиқ органлари моддий-техника базасини яхшилаш ва АКТни ривожлантириш бўйича ҳаётга татбиқ этилган ишлар натижасида компьютерлар сони 10,9 мингтага етди.

Давлат солиқ хизмати органларида АКТни жорий этиш таркиби маълумотларни йиғиш ҳамда қайта ишлашнинг интеграллашган тизимига асосланган бўлиб, маълумотлар вазирлик, идоралар, инспекциялар ва жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларини ўз ичига олади. Бунда асосий эътибор бюджет ҳамда бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тушумларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш, нақд пул тушумлари обороти мониторинги, банкдан ташқари пул айланмаларини камайтириш ҳамда солиқ қарздорлигини ундиришга қаратилган. Натижада солиқ идоралари ходимларининг меҳнат унумдорлиги, солиқ ҳамда мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлик даражаси ошиши, энг муҳими, солиқ қонунчилигидаги ҳуқуқбузарликлар қисқаришига эришилди. Масалан, «Юридик ва жисмоний шахслар солиқ қарздорлиги ҳисоби» автоматлаштирилган ахборот тизимининг жорий қилиниши туфайли инкассо топшириқномалари жўнатиш вақтини 3 кундан 10 дақиқага, қоғоз сарфи 41,2 тоннага камайишига олиб келди.

2011 йилдан эътиборан Инвестиция дастури доирасида қўмитанинг ягона маълумотларини қайта ишлаш ва жамлаш маркази шакллана бошлади. Бунда Франция, Япония, Малайзия, Жанубий Корея, Сингапур ҳамда бошқа хорижий давлатлар тажрибалари ўрганилган ҳолда амалиётга жорий этилди. Маълумотларни қайта ишлаш ва жамлаш марказининг ишга туширилиши билан корпоратив тармоқни модернизация қилиш ҳам талаб этилди. Оптик-толали алоқа каналидан фойдаланила бошлангач эса, ҳудудий солиқ органларидан маълумотларни узатиш тезлиги 600 баробар ошди.

Президентимизнинг 2012 йил 30 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур тизимни такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди. Ҳозирги вақтда Давлат солиқ хизмати идоралари томонидан Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан электрон ҳужжат айланиши йўлга қўйилган. Жорий йилда «Электрон ҳукумат» тизими доирасида ишга туширилган қўмитанинг янгиланган «Электрон солиқ хизматлари – my.soliq.uz» портали солиқ органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларга ва аҳолига солиқ тўлашда қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда қўмита томонидан кўрсатилаётган электрон давлат хизматларидан 280 мингдан кўп жисмоний шахс ва 275 мингдан ортиқ корхона ҳамда ташкилотлар фойдаланмоқда.

Солиқ тўловчи юридик шахслар онлайн режимида «Шахсий кабинет» орқали солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашлари мумкин. Биргина ўтган йилнинг ўзида «Шахсий кабинет»дан 2,7 млн мартадан кўп фойдаланилган. Жисмоний шахслар учун уйдан чиқмай туриб мол-мулк ва ер солиқларини «Mbank», «U-Pay», «Click» хизматлари орқали тўлаш имконияти ҳам мавжуд.

Бу йўналишда эришилган натижалар профессионал доираларда юқори баҳоланган. Яратилган Дастурий маҳсулотлар бўйича анъанавий «BestSoft Uzbekistan» миллий кўрик-танловида 2010–2015 йиллар давомида Давлат солиқ қўмитасининг дастурий маҳсулотлари ва лойиҳалари ғолиб деб топилиб, муносиб тақдирланди. 2012 ва 2015 йилларда эса республика миқёсида ўтказилган миллий UZ домени интернет-фестивалида ва «MIT.uz» миллий интернет танловида www.soliq.uz сайти «Давлат бошқаруви органи соҳасидаги энг яхши сайт» номинацияси бўйича эътироф этилди. Бундан ташқари, қўмита ахборот-коммуникация технологияларини давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларига жорий қилиш бўйича беш йилдан буён биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

 

Ўзбекистонда олиб борилаётган пухта солиқ сиёсати барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, иқтисодиётни модернизациялаш орқали мамлакатнинг гуллаб-яшнаши ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилаётир.

 

Ботир ПАРПИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси.

Прочитано: 4006 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика