Norma.uz

Ҳужжатга мувофиқлаштирилди

 

Кекса ёшда ҳам ижод билан машғул бўлиш учун муайян ижтимоий кафолатларга эга бўлиш ортиқчалик қилмайди. Пенсия ана шундай кафолатлар сирасига киради. Ушбу сонда ижодий касб вакилларига пенсия қандай ҳисоблаб ёзилиши ҳақида сўз юритамиз.

Ўқувчиларимиз Афғонистондаги урушда қатнашганлар учун имтиёзлар хусусида кўп савол берадилар. Материалимизни ўқигач, уларни олиш учун 5 сабаб ҳақида билиб оласиз.

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 


 

Қонунчиликдаги янгилик

 

Ҳужжатга мувофиқлаштирилди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 8.07.2016 йилдаги 230-сон қарори билан илгари қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш учун Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

 

Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (7.04.2011 йилдаги 107-сон ВМҚга 2-илова) ёшга доир пенсияни тайинлаш учун энг кам стаж 5 йилдан 7 йилгача оширилди.

 

МАЪЛУМОТНОМА. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига фақат қуйидагилар қўшиб ҳисобланади:

фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

ҳарбий хизмат ва партизанлар отрядлари ва қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларидаги ва ички ишлар органларидаги хизмат;

ҳарбийлаштирилган соқчиликда, махсус алоқа органларида ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка тартибдаги (жамоавий) ижара ёки шахсий ёрдамчи ва деҳқон (фермер) хўжаликларидаги фаолият.

 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (8.09.2011 йилдаги 252-сон ВМҚга 1-илова) ҳам шундай ўзгартиришлар киритилди.

 

Елена Ермохина, «Norma Online» эксперти.

 

 

 


 

Пенсияни ҳисоблаб ёзиш хусусиятлари. Ижодий ихтисосликлар

 

Рассом – тадбиркорми?

 

Ёзувчилар, рассомлар, ҳайкалтарошлар, шоирлар – ижод аҳли бўлиб, истиқбол ҳақида кўп фикрлаб ўтирмайдилар. Бу эса нохуш оқибатга олиб келади. Кекса ёшда ҳам ижод билан машғул бўлиш учун муайян ижтимоий кафолатларга эга бўлиш ортиқчалик қилмайди. Пенсия ана шундай кафолатлар сирасига киради. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев ушбу тоифадаги фуқароларга у қандай ҳисоблаб ёзилиши ҳақида сўзлаб берди.

 

Ижодий касб вакилларига пенсия тайинлашда иш стажи қандай ҳисоблаб чиқарилади?

– Ижодий фаолият – китоб ёзиш, бадиий полотнолар, ҳайкаллар ёки мусиқий асарлар ва бошқа санъат асарлари яратиш билан профессионал даражада шуғулланадиганлар бу ҳам иш эканлигини тушунишлари керак. Ҳар қандай иш сингари у стаж билан тасдиқланиши лозим. Айтайлик, рассом ижодий уюшма аъзоси бўлса, унинг 1991 йил 1 январгача бўлган иш стажи илк асарини намойиш этган кундан эътиборан ижодий уюшма бошқаруви томонидан белгиланади. Бу қоида бошқа ижодий уюшмалар вакиллари – ёзувчилар, бастакорлар ва бошқалар учун ҳам қўлланилади. 1991 йил 1 январдан бошлаб фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса, иш стажи белгиланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 35-банди «а» кичик банди 5-хатбошиси, бундан кейин – Низом).

– Бинобарин, муайян иш жойига эга бўлиш, қатъий белгиланган иш ҳақи олиш ва ижтимоий суғурта бадалларини тўлаш зарур экан-да. Бироқ ижодий уюшма аъзоси бўлган ҳар бир ҳайкалтарош ёки рассомнинг меҳнат дафтарчасида ёзув қайд этилган деб бўлмайди. Бу ҳолда улар бевосита Пенсия жамғармаси бўлимига керакли бадалларни ихтиёрий равишда тўлашлари мумкинми?

– Суғурта бадалларини тўлаш келгусида пенсия билан таъминланишнинг асосий шарти эканлигига қарамай, қонун ҳужжатларида уларнинг алоҳида тўланиши назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 190-моддаси ­1-қисми билан фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олувчи жисмоний шахсларга бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Якка тартибдаги тадбиркор бўлган рассом ойига камида 1 ЭКИҲ миқдорида суғурта бадалларини тўлаши керак бўлади. Бунинг устига бир ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар уларни тўлаши лозим (Солиқ кодексининг 311-моддаси 1-қисми).

– Бадиий асар (сурат, ҳайкал – давлат буюртмаси) сотилганда муаллиф даромад олади. Ундан ҳам Пенсия жамғармасига бадаллар тўланадими ёки йўқми?

– Ҳа, албатта. Агар олди-сотди қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома билан расмийлаштирилган бўлса, барча зарур солиқлар ундирилади. Фикримча, ижодий касб соҳиблари даромадларини декларациялашдан қўрқмасликлари керак. Даромадлар ҳақидаги декларация ҳамда солиқлар ва суғурта бадалларининг тўланиши келгусида стажни ҳисоблаб ёзиш ва пенсия тўлашга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

– Ижодий ходимларнинг пенсиясига қандайдир устама ҳақлар назарда тутилганми?

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси «л», «м» бандларига мувофиқ, ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган артистларга, театр-концерт ташкилотлари артистлари ва бадиий ходимларига, театр ва мусиқа санъати ижодий ходимларини тайёрловчи ўқув муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва концертмейстерларига, Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган рўйхатга кўра пенсияларга устама ҳақлар белгиланади (ВМнинг 28.10.1995 йилдаги 415-сон қарорига 1 ва 2-иловалар). Уларнинг миқдори ЭКИҲнинг 50%идан 75%игача (Президентнинг 20.10.1995 йилдаги ПФ-1280-сон Фармонига 1 ва 2-иловалар).

Фахрий унвон берилиши ҳам қўшимча тўлов олиш ҳуқуқини беради. Ишламайдиган пенсионерларга улар учун қўшимча ҳақ фахрий унвонлар учун ойлик тўловлар миқдорларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади (Президентнинг 17.12.2007 йилдаги ПФ-3942-сон Фармонига илова).

Илгари амал қилган қонун ҳужжатларига асосан берилган фахрий унвонларга эга бўлган шахсларга кўрсатилган қўшимча тўловлар амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорларда амалга оширилади (Низомнинг 114-банди).

Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этганда бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда аризага фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам илова қилиниши керак (Низомнинг 16-банди).

 

Маълумот учун!

Театрлар ва бошқа ижодий жамоаларнинг айрим тоифадаги АРТИСТЛАРИ имтиёзли пенсия олиши учун МАХСУС ИШ СТАЖИ МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ билан тасдиқланади. Агар унда зарур маълумотлар бўлмаса, улар иш жойидан берилган МАЪЛУМОТНОМАДА кўрсатилиши керак.

 

 


 

Буни билиш зарур

 

Имтиёз олиш учун бешта сабаб

 

Афғонистонда хизматни ўтаганлар учун «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун билан алоҳида имтиёзлар назарда тутилган. Уларнинг ҳар бирини кўриб чиқамиз.

 

1

Уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, охирги иш жойидан қатъи назар, умумбелгиланган ёшни (Қонуннинг 7-моддаси) 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-моддаси «а» банди).

1941–1945 йиллардаги уруш ва бошқа урушлар даврида ҳаракатдаги армия таркибида хизматни ўтаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар уруш ногиронлари ҳисобланадилар (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-илова, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом).

Тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида қатнашиш, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда байналмилал бурчларини адо этиш туфайли яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органларининг ҳарбий хизматчилари ҳам уруш ногиронларига тенглаштирилади.

Низомнинг 38-1-бандига кўра, Қонун 12-моддасининг «а» бандига мувофиқ уруш ногиронларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга пенсия тайинлашда пенсия тайинлаш учун зарур бўлган талаб этиладиган иш стажи Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ аниқланади, яъни эркаклар учун 25 йил ва аёллар учун 20 йил этиб белгиланган.

 

2

Уруш қатнашчилари ва ногиронларига тенглаштирилган шахсларнинг пенсиясига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида устама ҳақ назарда тутилган (Қонуннинг 28-моддаси «ж» банди). Уларга шу жумладан ногирон бўлиб қолган байналмилалчи жангчилар ҳам киради (Низомга 1-илованинг «к» банди).

 

3

Ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш стажга уч ҳисса баробарида имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади (Низомнинг 39-банди). Бироқ пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилашда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи уни имтиёзли тарзда қўшиб ҳисоблашни қўлламасдан аниқланади (Низомнинг 40-банди).

 

1-МИСОЛ. Фуқаро 3 йил давомида Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтади ва жанговар ҳаракатларда иштирок этди. Ўзбекистонга қайтгач, атиги 1 йил ишлади. Кейин иш стажига эга бўлмади. 60 ёшга тўлгач, Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия тайинлашларини сўраб мурожаат қилди. Тегишинча, уни тайинлашни рад этадилар. Чунки Қонуннинг 8-моддасига кўра, у Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган 7 йиллик иш стажига эга эмас (3 йил + 1 йил = 4 йил). Мазкур ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини белгилашда жанговар ҳаракатларда иштирок этган даври бир ҳисса баробарида ҳисобга олинади.

 

2-МИСОЛ. Агар ушбу фуқаро қайтганидан сўнг камида 4 йил ишлаганида эди, пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи 7 йилни (3 йил + 4 йил), имтиёз қўллангандан кейин эса 13 йилни (3 йил х 3 + 4 йил) ташкил этган бўлар эди.

 

4

Ишлайдиган уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар пенсияни тўлиқ миқдорда оладилар.

 

5

Ишлайдиган, шунингдек уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган пенсионерлар уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлашда ЭКИҲнинг 45%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқига эга.

Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этганда аризачи бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда уруш қатнашчисига тенглаштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, шунингдек ҳарбий хизматни ўтаганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этиши керак.

 

Мавзуга доир савол

 

Агар Афғонистондаги ҳарбий хизмат 3 ҳисса баробарида ҳисобга киритилса, масалан, 59 ёшимда пенсияга чиқишга ҳақли бўламанми?

Н.Ҳожиакбаров.

 

– Ҳақиқатан ҳам, ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш стажга уч ҳисса баробарида имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади. Бироқ бу давр фақат пенсия олиш ҳуқуқи белгиланганидан кейингина имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади.

Иш стажига имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланган жанговар ҳаракатларда иштирок этишнинг ҳисобга олиниши умумбелгиланган ёшни қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини бермайди, чунки у жанговар ҳаракатларда иштирок этган шахснинг тоифасига – уруш ногирони ёки қатнашчиси эканлигига асосан белгиланади.

Чунончи, охирги иш жойидан қатъи назар, уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар умумбелгиланган ёшни (Қонуннинг 7-моддаси) 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-моддаси «а» банди).

Бунда уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар умумбелгиланган пенсия ёшига тўлганда ва талаб этиладиган энг кам иш стажидан оз бўлмаган стажга эга бўлганда пенсия олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар (Қонуннинг 7 ва 8-моддалари).

 

 


 

Расмий жавоб

 

Банкнинг хатти-ҳаракати тўғрими?

 

Холам Халқ банкида пенсия олади. Ўзсаноатқурилишбанкда акциялари мавжуд, у ерда вақти-вақти билан дивидендлар олади. Ҳозир унга тўланадиган тўловларни пластик карточкасига ўтказиб, пенсиясининг 10%ини ҳам худди шу карточкасига ўтказишларини айтганлар. Ўзсаноатқурилишбанк ходимларининг унга пенсия тўлаш юзасидан қилаётган хатти-ҳаракатлари қонунийми? Ахир у пенсияни бошқа банкда олади-ку. Ушбу хатти-ҳаракатлар тўлов тизимини чалкаштирмайдими, Пенсия жамғармаси билан муаммо юзага келмайдими?

Р.А.

Тошкент ш.

 

– Пенсияларни тўлаш учун маблағлар хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг филиали томонидан пенсионер ёки нафақа олувчига очилган 22617-«Пенсионерларнинг пластик карточкалари бўйича мажбуриятлари» ҳисобварағига кирим қилинади. Бунинг учун Пенсия жамғармаси бўлимларининг тўлов қайдномалари асос бўлиб хизмат қилади*.

Пенсионерларнинг банк пластик карточкаларига пенсия ва нафақаларни кирим қилиш учун Пенсия жамғармаси бўлимлари берадиган тўлов қайдномаларига киритилмаган бошқа тўловларни ушбу ҳисобвараққа ўтказиб бўлмайди.

Дивидендлар бошқа ҳисобвараққа эга (22617 эмас) банк пластик карточкасига ўтказилади, унга пенсионерларнинг пластик карточкалари бўйича мажбуриятлари юзасидан тўловларни қайд этиб бўлмайди.

 

*Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 


 

 

Ҳаммасини тасдиқланг

 

Мен олий таълим муассасасида дастлабки икки йил кундузги шаклда ўқиганман. Ўқишни сиртқи таълим олиш шаклига ўтган ҳолда тамомлаганман. Ушбу 2 йиллик кундузги ўқиш даврим стажга қўшиладими ёки йўқми?

Г.Абдуллаева.

 

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «е» бандига мувофиқ, олий таълим муассасаларида (шу жумладан уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий-таълим муассасаларида), аспирантурада (стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходим-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Бунда олий таълим муассасасида кундузги ўқиш даври Қонуннинг ­37-моддаси «а»–«г» бандларида кўрсатилган камида 7 йиллик умумий стаж мавжуд бўлганда иш стажига қўшиб ҳисобланади. У бўлмаган тақдирда мазкур давр иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.

Шу сабабли пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этганда олий таълим муассасасида кундузи ўқиганингизни тасдиқловчи маълумотномани тақдим этишингиз зарур. Унинг, шунингдек иш стажи ҳақидаги бошқа маълумотлар асосида Пенсия жамғармаси бўлими пенсияни тайинлаш учун кундузги ўқиш даврини иш стажига қўшиш масаласини кўриб чиқади.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 


 

Фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида

 

Бирор муддат Ўзбекистон ҳудудида яшаётган, унинг фуқаролигига эга бўлмаган шахс пенсия оладими?

Мираъзам К.

Тошкент ш.

 

– Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонда доимий яшаган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 171-бандига мувофиқ, тайинланган пенсияни тўлаш:

пенсионер вафот этганда;

тайинланган пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда;

доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади.

Сизнинг мурожаатингиздан пенсионер Ўзбекистон ҳудудида яшаш учун қанча муддатга қолаётганлигини тушуниб бўлмаяпти. Агар узоқ муддат қоладиган бўлса, фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида пенсия олиш учун барча зарур ҳужжатларни (гувоҳнома, прописка) расмийлаштириши керак.

Агар у доимий яшаш учун кетаётган бўлса, унга пенсияни қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлашлари шарт. Масалан, пенсионер Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар* тузган мамлакатга чиқиб кетаётган бўлса, турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача унга пенсия тўланади. Агар бундай шартнома тузилмаган мамлакатга чиқаётган бўлса, Ўзбекистон ташқарисига жўнаб кетишдан 6 ой аввал тўланади (Низомнинг 177-банди).

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

 

*Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битим (Москва, 13.03.1992 й.).

 


 

 

Агар иш ўрни аттестацияланмаган бўлса

 

Ёшим 52 да. 50 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган 2-сон Рўйхатга кўра 13 йиллик «зарарли» стажга эгаман. 1987–2000 йилларда ўта зарарли меҳнат шароитида ишлаганман. Ижтимоий таъминот бўлимидагилар иш ўринлари аттестацияланганлигига доир материалларни сўрадилар. 1998 йилги ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ҳам бор. Бунгача эса эски меъёрларга кўра аттестация талаб қилинмаган. Мен учун 1987–1995 йиллардаги 8 йиллик «зарарли» стажим тасдиқланишининг ўзи етарли. Сизнинг савол-жавобларингизда 1996 йилгача иш ўринлари аттестацияланганини тасдиқлаш талаб этилмаслиги қайд этиб ўтилган эди. Қолган барча зарур ҳужжатлар ижтимоий таъминот бўлимига тақдим этилган.

Бу ҳолда Пенсия жамғармаси қолган 8 йил учун менга имтиёзли пенсия беришни рад этишга ҳақли бўладими?

В.Тюленев,

электр слесари.

 

Юристнинг фикри

 

– Ёшга доир имтиёзли пенсияни беришда иш ўринлари аттестациядан ўтказилганлиги ҳақидаги талаб илк бор Вазирлар Маҳкамасининг «Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (12.05.1994 йилдаги 250-сон) билан белгиланган. Меҳнат шароитини баҳолаш ва меҳнат шароитига кўра иш ўринларини аттестациялаш услубиятининг (АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзи эса фақат 2 йилдан сўнг тасдиқланган. Айни шу пайтдан бошлаб иш берувчига аттестация ўтказиш ва унинг материалларини 50 йил давомида сақлаш мажбурияти юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 3.09.1993 йилдаги 939-XII-сон қарори билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (1.07.1994 йилдан кучга кирган) амалга киритилгунча зарарли ва оғир меҳнат шароитидаги ишларда ишлаган шахсларни ёшга доир имтиёзли таъминлаш тартиби сақланган. Ўша пайтда республикамизнинг мазкур соҳани тартибга соладиган ўз меъёрий ҳужжатлари йўқ эди, бироқ ўша пайт амал қилган собиқ Иттифоқ ҳужжатларининг юридик кучи амалда тан олинар эди. Хусусан, 14.07.1956 йилги «Давлат пенсиялари тўғрисида»ги Қонун шулар жумласидандир, унинг 9-моддасида иш ўринларини аттестациялаш ҳақидаги муайян талабларсиз, фақат Совет Иттифоқи Министрлар Кенгаши тасдиқлайдиган, имтиёзли шартларда ва имтиёзли миқдорларда давлат пенсиясини олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, цехлар, касблар ва лавозимлар рўйхатлари асосида ушбу ишларда ишлаганларга имтиёзли пенсиялар тайинланиши назарда тутилган.

Шу тариқа, Пенсия жамғармаси 1996 йилгача бўлган давр учун аттестациялаш ҳақидаги материалларни талаб қилишга ва, тегишинча, 1987–1995 йиллардаги ишни ҳисобга олган ҳолда сизга имтиёзли пенсия беришни рад этишга ҳақли эмас деган хулоса чиқариш мумкин.

Бироқ иш стажини қабул қилмаслик ҳақидаги қарорлар билан боғлиқ низоли вазиятлар юзага келганда қонун ҳужжатларида низони ҳал этишнинг ягона – суд тартиби назарда тутилган (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 82-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

 

Елена Ермохина,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Пенсия жамғармасининг позицияси

 

– Илк бор «иш ўринларини аттестациялаш» Совет Иттифоқининг Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодекси (МТҚК, 1971 й.) 102-моддасида тилга олинган, унга кўра «меҳнат нормалари иш ўринлари аттестацияланиши ва рационализацияланишига, янги техника, технология ва меҳнат унумдорлиги ўсишини таъминловчи ташкилий-техник чора-тадбирлар жорий этилишига қараб албатта янгисига алмаштирилиши керак».

Иш ўринларини аттестациялаш «Совет Иттифоқида фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда (15.05.1990 йилги) ҳам назарда тутилган эди: «имтиёзли шартлардаги ёшга доир пенсиялар иш ўринларини аттестациялаш натижаларига кўра тайинланади» ­(14-модда).

Совет Иттифоқи Министрлар Кабинетининг қарори (26.01.1991 йилдаги 10-сон) 2-бандида ҳам 1-сон ва 2-сон рўйхатлар (ўша вақтда қонун ҳужжатлари билан фақат шу рўйхатлар назарда тутилган эди) иш ўринлари аттестацияланганлигини ҳисобга олган ҳолда қўлланиши белгиланган эди.

Совет Иттифоқининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Бутуниттифоқ касаба уюшмалари марказий кенгаши Котибиятининг «Иш ўринларидаги меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароитлари учун ишчиларга қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин бўлган ишларнинг тармоқ рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (Совет Иттифоқи Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган, 3.10.1986 йилдаги 387/22-78-сон) ҳам мавжуд.

Меҳнат шароитларига кўра иш ўринларини аттестациялаш 1971 йилдан тартибга солинганини, унинг натижалари эса ушбу шароитлар «ўта зарарли ва ўта хавфли» ёки «зарарли ва хавфли» эканлигини белгилашини ҳисобга олиб, 1991 йилдан бошлаб нафақат меҳнат шароитлари учун қўшимча ҳақ тўлашда, балки «ўта зарарли ва ўта хавфли» ёки «зарарли ва хавфли» шароитларда ишлаганлик учун имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш мақсадида пенсия таъминоти соҳасида ҳам ушбу аттестациялар натижаларини қўллай бошладилар.

ЎзР Олий Кенгашининг 939-XII-сон қарори билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун амалга киритилгунга қадар меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда ишлаган шахслар учун ёшга доир имтиёзли таъминот тартиби сақланган, у Вазирлар Маҳкамасининг 250-сон қарорида ўз аксини топган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 4-моддаси 3-қисмига мувофиқ, фуқаролик қонун ҳужжати амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатлар бўйича бу қонун ҳужжати у амалга киритилганидан кейин вужудга келган ҳуқуқ ва бурчларга нисбатан қўлланилади.

Юқорида баён этилганлардан шундай хулоса келиб чиқадики, 1991 йилдан кейинги даврдан бошлаб имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан «ўта зарарли ва ўта хавфли» ёки «зарарли ва хавфли» меҳнат шароитидаги махсус иш стажини тасдиқлайдиган, меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациялаш натижаларининг мавжудлиги билан тасдиқланиши шарт.

Мурожаат муаллифи баён этган вазиятга келсак, ҳужжатларни батафсилроқ ўрганиш зарур. Зарарли меҳнат шароитида ишлаганлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли имтиёзли пенсия тайинлаш рад этилган тақдирда у судга мурожаат этишга ҳақли. Ҳозир Олий суд Президиумининг қарори (24.12.2015 йилдаги РС-44-15-сон) билан умумий юрисдикция судларига Олий суд Пленумининг «Юридик аҳамиятга эга бўлган далилларни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорига (20.12.1991 йилдаги 5-ПЛ-91-сон) амал қилган ҳолда меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациялаш натижалари ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш учун «ўта зарарли ва ўта хавфли» ёки «зарарли ва хавфли» меҳнат шароитида ишлаганлик юридик далилини белгилаш тавсия этилган.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

Маълумот учун!

Ўзбекистонда доимий яшайдиган ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ва ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ чет элдаги ИШ вақти, агар халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ишлаган вақтига тўғри келадиган стажнинг 1/3 қисмидан кўп бўлмаган ҳажмда СТАЖГА қўшилади.

 

 


 

АКТ – амалда

 

Тест режимида

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан солиқ ва молиявий ҳисобот учун амал қилганидек, харажатларни электрон кўринишда тўлашга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маблағлар олиш учун буюртманомаларни тақдим этиш интерактив хизмати жорий этилди.

 

Буюртманомалар ва, тегишинча, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маблағлар ўз вақтида олинмаслигини бартараф этиш мақсадида яқин орада электрон версияси билан параллель равишда улар қоғоз кўринишида ҳам қабул қилинади.

Харажатларни тўлаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маблағлар олишга буюртманоманинг электрон шакли қоғоз кўринишида тақдим этиладиганидан фарқланади. Кейинчалик у белгиланган тартибда тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг hisobot.soliq.uz сайтидаги «ЭҲШ» (электрон ҳисобот шакли) бўлимида хизматдан фойдаланиш мумкин.

Шу билан бирга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ЎзБҲАТ Бюджет ташкилотлари бухгалтерия ҳисоби автоматлаштирилган тизими орқали бюджет ташкилотлари томонидан электрон буюртманоманинг тақдим этилиши хизматини яқин орада жорий этиш устида ишламоқда.

 

Манба: http://pfru.uz

 

 

Маълумот учун!

Касаллик варақаси очилган пайтдаги ДАВРЛАР, башарти Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ТЎЛАНГАН бўлсагина, иш СТАЖИГА қўшилади.

 

 


 

Уларда қандай

 

Эркаклар билан тенгма-тенг

 

Шу йилнинг март ойидан бошлаб Қозоғистоннинг пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди. Улардан бири аёллар учун пенсия ёшига тааллуқли.

 

Ҳозир Қозоғистонда эркаклар 63 ёшда, аёллар эса бироз вақтли – 58 ёшда пенсияга чиқадилар. Янгиликка кўра 2018 йилдан бошлаб 2027 йилгача (2027 йил ҳам киради) аёллар учун пенсия ёши ҳар йили ярим йилга – 63 ёш чегарасигача ошириб борилади. Шу тариқа 1964 йилда туғилган аёллар эркаклар билан тенгма-тенг равишда 63 ёшда пенсияга чиқадилар.

Экологик жиҳатдан хавфли ҳудудларда камида 5 йил яшаганлар, Семипалатинск ядро полигонида ядровий қуролни синаш (29.08.1949 йилдан 5.07.1963 йилгача) оқибатида зарарланганлар эртароқ: эркаклар – 25 йиллик зарур иш стажига эга бўлганда 50 ёшга тўлгач, аёллар – 20 йиллик зарур иш стажига эга бўлганда 45 ёшга тўлгач пенсияга чиқишлари мумкин.

Шунингдек 5 ва ундан ортиқ бола туққан ёки асраб олган ҳамда уларни 8 ёшигача тарбиялаган аёллар эрта – 53 ёшда пенсияга чиқа оладилар.

 

Интернет тармоғи материалларидан.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2767 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2018-02-19 13:35:11, Гость_:
Ёшим 50да хозирад завотда ишлайма. имтиёзи пенсига чиқишнинг 3 сон рўйҳатига иш ўрним тўғри келади. 10 йил стажим бор. 3 сон рўйҳатга қанча иш стажи бўлиши керак

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика