Хоразм вилояти божхона бошқармасида Жиноят ишлари бўйича вилоят суди билан ҳамкорликда «Коррупцияга қарши курашиш – жамият ва давлат хавфсизлигининг гарови» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бошқарма шахсий таркиби иштирокида бўлиб ўтган тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Казаков коррупция ва унинг мудҳиш оқибатлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг судьялари Б.Полвонов ва Ш.А.Раззоқовлар республикамизда мансабдор шахслар томонидан коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сингари салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил сўзлаб беришди. Бу борада яратилган қонунчилик базаси янада такомиллаштирилаётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сон Қонуни билан Жиноят кодекси 1921– 19211-моддалар билан тўлдирилди.
Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Пора олиш, пора бериш ва пора олиш ёки беришда воситачилик қилиш каби жиноятлар давлат ва жамият ривожи ҳамда барқарорлигига хавфли таъсир этувчи иллат ҳисобланади, порахўрлик тараққиётга тўсиқ бўлиб, одамларнинг эртанги кунга ишончини йўқотиши, жамиятда ишчанлик, яратувчанлик, бунёдкорлик ҳаракатларига путур етказилишига олиб келади.
Учрашув якунида ходимларни бурчга содиқлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноят ҳамда турли қонунбузарликлар содир этилишининг олдини-олиш борасида тарбиявий, тушунтириш ва профилактик тадбирларни янада кучайтириш лозимлиги хусусида сўз борди. Шунингдек фуқароларга қонун талабларини атрофлича тушунтириш, улар ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўймаслик, бу борада ходимларнинг масъулиятини янада ошириш юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.