Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 31 / Шахсий манфаат

Дала ҳовлига солиқ: ставкаси ва ҳисоб-китоби

 

Чирчиқ шаҳридаги боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида дала ҳовлим ва Тошкент вилояти Қибрай туманида уй-жойим бор. Мол-мулк солиғи ва ер солиғи қандай ҳисобланади? Тошкент вилоятининг кўрсатилган ҳудудларида 2016 йилда ушбу солиқларнинг қандай ставкалари амал қилади?

О.Османов.

 

– Мол-мулк солиғи ва ер солиғи Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон) мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.

 

Мол-мулк солиғи

Ушбу ПҚ-2455-сон Қарорга ­19-илованинг 1-бандига кўра, умумий майдони 200 кв.метрдан ошмайдиган турар жойлар ва дала ҳовли қурилмаларига мол-мулк солиғи мазкур объект инвентаризация қийматининг 1,5%лик ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Агар турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошса, мол-мулк солиғи инвентаризация қийматининг 1,8%лик ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бунда шуни қайд этиш лозимки, 1,8%лик ставка нафақат ошадиган қисмга, балки уйнинг бутун майдонига нисбатан қўлланади.

Мол-мулкнинг инвентаризация қиймати кадастр ҳужжатларидан келиб чиқиб белгиланади, бироқ 3 000 минг сўмдан кам бўлмаслиги керак.

 

МИСОЛ. Агар турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошмаса, солиқ солинадиган база 3 000 минг сўмни ташкил этса, у ҳолда энг кам мол-мулк солиғи – йилига 45 000 сўм бўлади (3 000 000 х 1,5%). Дала ҳовли учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда ҳам кўрсатилган солиқ солинадиган база ва ставка қўлланилади. Агар турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошса, солиқ солинадиган базани 1,8%га кўпайтириш лозим бўлади. Бу ҳолда мол-мулк солиғи 54 000 сўмни ташкил этади (3 000 000 х 1,8%).

 

Жисмоний шахслар мол-мулкининг баҳолаш органлари белгилаган инвентаризация қиймати мавжуд бўлмаганда солиқни ҳисоблаш учун 8 833,0 минг сўм миқдоридаги мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади.

 

МИСОЛ. Агар турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошмаса, солиқ солинадиган база 8 833,0 минг сўмни ташкил этади. Мол-мулк солиғи йилига 132 495 сўмга тенг бўлади (8 833 000 х 1,5%). Дала ҳовли учун ҳам мол-мулк солиғи худди шундай ҳисобланади. Агар турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошса, бу ҳолда мол-мулк солиғи 158 994 сўмни ташкил этади (8 833 000 х 1,8%).

 

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг 2 баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

 

МИСОЛ. Агар турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошмаса, солиқ солинадиган база 17 666,0 минг сўмни (8 833 000 х 2), мол-мулк солиғи суммаси эса йилига 264 990 сўмни (17 666 000 х 1,5%) ташкил этади. Дала ҳовлидаги иморат учун ҳам ҳисоб-китобнинг худди шу қоидаси қўлланади. Турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан ошганда мол-мулк солиғи 317 988 сўмга тенг бўлади (17 666 000 х 1,8%).

 

 

Ер солиғи

Дала ҳовли участкаси.

Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисида низомнинг (ВМнинг 1.03.2011 йилдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган) 18-бандига мувофиқ, ширкат ташкил этилган ҳудуддаги иморатни сотиб олувчи шахслар уларда иморат ва иншоотга мулк ҳуқуқи пайдо бўлган ва улар ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан ширкат аъзолигига қабул қилинган пайтдан бошлаб ширкат аъзоларига айланадилар.

Ширкат аъзосининг боғдорчилик-узумчилик ер участкасидаги кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни бериш билан боғлиқ битимлар нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Дала ҳовлингиз боғдорчилик-узумчилик ширкати ташкил этилган ҳудудда жойлашгани ҳисобга олинса, ушбу иморатни сотиб олиб, сиз ширкат аъзосига айлангансиз. Шу муносабат билан ушбу дала ҳовлидаги участкага ПҚ-2455-сон Қарорга 20-илованинг 8-жадвалига мувофиқ ер солиғи солинади.

Ушбу ҳужжатга кўра, ер солиғи ставкаси 0,01 га учун 2 240,1 сўмни ташкил этади. Бунинг устига, ушбу ставкаларга дала ҳовлидаги участканинг жойлашиш жойига боғлиқ ҳолда қуйидаги коэффициентлар қўлланилади:

Тошкент шаҳри атрофида 20 км лик айланада – 1,30;

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти ва вилоят марказлари атрофида 15 км лик айланада – 1,20;

туман марказлари атрофида 10 км лик айланада – 1,15;

бошқа шаҳарлар атрофида 5 км лик айланада – 1,10.

Ер участкаларигача бўлган масофа автомобиль йўллари бўйича шаҳарлар ва туман марказларининг маъмурий чегараларидан бошлаб белгиланади. Агар ер участкаси икки шаҳар яқинида жойлашган бўлса, шаҳарнинг юқорироқ функционал вазифасига мувофиқ келадиган коэффициент қўлланилади.

Сизнинг ҳолатда 1,10 коэффициенти қўлланади, чунки дала ҳовлидаги участкангиз бошқа шаҳар атрофида 5 км лик айланада жойлашган. Бинобарин, дала ҳовлидаги участкангизнинг умумий майдони 0,12 га ни ташкил этса, тегишинча, ер солиғи қуйидагига тенг бўлади:

2 240,1 сўм х 12 сотих х 1,10 = 29 569,32 сўм.

 

Турар жой.

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган турар жойли ер участкасига солиқ суммасини ҳисоблаш учун ПҚ-2455-сон Қарорга 20-илованинг 6-жадвалига амал қилишингиз зарур.

Шу билан бирга ер солиғи ставкасини белгилаш учун уйингиз жойлашган ҳудуд ер солиғини тўлаш бўйича қайси зонага киришини аниқлаш лозим. Тошкент вилоятида ер солиғини тўлаш бўйича зоналар чегаралари чизмалари ва тавсифлари ҳар йили вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.

Агар уйингиз жойлашган участка ер солиғини тўлаш бўйича 2-зонага кирса, кўрсатилган жадвалга кўра ер солиғи ставкаси 1 кв.м учун 80,1 сўмни, агар 3-зонага кирса – 1 кв.м учун 67,9 сўмни ташкил этади.

ПҚ-2455-сон Қарорга 20-иловага изоҳларда назарда тутилишича, жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиғини ҳисоблаб чиқаришда 5 ва 6-жадвалларда келтирилган базавий ставкалар белгиланган нормативлар доирасида ер участкаларига нисбатан қўлланади. Белгиланган нормативлардан юқори ер участкалари учун базавий ставкаларга эса оширувчи коэффициент – 1,5 қўлланади.

Жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида ер участкаларининг қуйидаги нормативлари қўлланади:

Тошкент ш., Нукус ш. ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар – 0,06 га;

бошқа аҳоли пунктлари (деҳқон хўжаликлари бундан мустасно) – 0,1 га.

Турар жойингиз Қибрай туманида жойлашганлиги сабабли, айтайлик, участканинг умумий майдони 0,12 га ни ташкил этса, 0,02 гектарга оширувчи коэффициент – 1,5 қўлланади. Тегишинча, ер солиғи қуйидагича ҳисоблаб чиқарилади:

2-зона – (1 000 кв.м х 80,1 сўм) + (200 кв.м х 80,1 сўм х 1,5) = 104 130 сўм;

3-зона – (1 000 кв.м х 67,9 сўм) + (200 кв.м х 67,9 сўм х 1,5) = 88 270 сўм.

 

Жўрабек МУРОТОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2775 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика