Мен тўқимачилик корхонасининг бўяш цехида ишлаганман. 2016 йил 1 апрелдан реконструкция ўтказилиши муносабати билан корхона фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди. 2016 йил 1 майдан 3 сентябргача ҳомиладорлик ва туғиш таътилида (126 кун) бўламан. Нафақа ҳисоб-китобини кўрганимда унинг суммаси маошимдан эмас, балки энг кам иш ҳақидан (130 240 сўм) ҳисоблаб чиқарилганини билдим.
Реконструкция ўтказилиши муносабати билан корхона фаолияти тўхтатиб турилганда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа қандай ҳисобланади?
Газетхон.
– Мазкур ҳолда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа суммалари меҳнат ҳақининг энг кам миқдори – 322 474 сўмдан келиб чиқиб ҳисобланиши керак.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, агар ҳомиладорлик ва туғиш таътили ишнинг вақтинча тўхтатилган даврида бошланган бўлса, ушбу давр учун нафақа Меҳнат кодексининг 155-«Меҳнат ҳақининг энг кам миқдори» моддаси 62-банди 2-қисмида назарда тутилган миқдорда берилади. Ушбу моддага кўра, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарорига 1-илова) биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини аниқлаш учун ЯТСнинг биринчи разряди тариф коэффициентини ЭКИҲга кўпайтирамиз (2,476 х 130 240 сўм) ва 322 474 сўмни чиқарамиз.
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.