Norma.uz

Ўзи ва ҳамкасби учун ишлаганда

 

Бўлимда 2 та бўш иш ўрни бор. Шу муносабат билан бўлимнинг уч нафар ходимининг хизмат кўрсатиш доираси кенгайтирилди. Улар бунинг учун қўшимча ҳақ белгилашни сўраяптилар. Қуйидаги саволларимизга жавоб берсангиз.

Тўлиқ бўлмаган штатда вақтинча бўлмаган ходимнинг мажбуриятлари бошқа ходимга юкланадими ёки унинг иш ҳажми кўпайтириладими?

Хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайтирилиши қандай расмийлаштирилиши лозим?

Битимда ва буйруқда вақтинча бўлмаганлиги хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайтирилишига олиб келган ходимнинг мажбуриятларини кўрсатиш керакми?

Хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайтирилганлиги учун қўшимча ҳақ қайси ходимнинг (вақтинча бўлмаган ёки ўзининг асосий иши билан бирга қўшимча ишни бажараётган ходимнинг) маошидан тўланиши керак?

Т.Миржалилова,

кадрлар бўлимининг бошлиғи.

 

– Ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади (Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 20-банди, ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарорига 1-илова).

Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг бир неча касб ва лавозимда ишлаши иш берувчилар томонидан Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади (Низомнинг 21-банди).

Ташкилотнинг ходими қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади (Низомнинг 22-банди). Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади (Низомнинг 23-банди). Унинг миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошидан (тариф ставкасидан) юқори бўлиши мумкин эмас.

Ходимларга бир неча касб ва лавозимда ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажарганлиги учун қўшимча ҳақ миқдори, агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади (Низомнинг 24-банди). Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30%идан юқори бўлиши мумкин эмас (Низомнинг 25-банди).

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам қўлланилади (Низомнинг 26-банди). Иш берувчи ходимнинг розилиги билан меҳнат мажбуриятлари доирасини кенгайтирса ҳам, унинг меҳнат шартномаси шартлари расман ўзгармайди. Бунда унинг зиммасига меҳнат шартномасида назарда тутилганидан ортиқ қўшимча мажбуриятлар юклатилиши ҳақида сўз бормоқда.

Шу тариқа, ходимнинг розилиги билан унинг зиммасига қўшимча иш қуйидаги тарзда юклатилиши мумкин:

бир неча касбда (лавозимда) ишлаш тартибида;

хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш, бажариладиган ишлар ҳажмини орттириш йўли билан;

вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини юклаганда.

Хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда у меҳнат шартномасида белгиланган ўша касб ёки лавозимда, бироқ кўпроқ ҳажмда иш бажаради.

Меҳнат шартномасида белгиланган ишдан озод қилмаган ҳолда ўша касбдаги (лавозимдаги) ёки бошқа касбдаги (лавозимдаги) вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажаришга йўл қўйилади.

Ходим қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади. Ходим қўшимча ишни бажаришдан муддатдан аввал бош тортишга, иш берувчи эса – уни бажариш ҳақидаги топшириқни муддатдан олдин бекор қилишга ҳақли. Ушбу меъёрдан иккала тараф ҳам қўшимча иш борасидаги келишувдан муддатдан аввал бош тортиш сабабини кўрсатишга мажбур эмасликлари англашилади.

Меҳнат кодексида бир неча касбда (лавозимда) ишлаш, хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш, бажариладиган ишлар ҳажмини орттириш, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажаришда иш вақти давомийлигига оид чеклов назарда тутилмаган, чунки бу ишлар асосий ишдаги иш вақтида бажарилади. Ходимнинг зиммасига бундай мажбуриятларни юклаётганда у асосий иши билан бир қаторда қўшимча ишни ҳам сифатли бажара олишига эътибор қаратиш лозим.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1625 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика