Norma.uz

Гаровга қўювчи айбдор бўлишни истамаяпти

 

Ишнинг моҳияти

Сотувчи (1-МЧЖ) ва харидор (АЖ) 2015 йил июлда 200 млн сўмлик товарларнинг олди-сотди шартномасини туздилар. Харидорнинг мажбуриятларини ўзига тегишли бўлган шартнома суммасидаги мол-мулк билан гаровга қўювчи (2-МЧЖ) таъминлади. Шартнома шартларига кўра харидор 10 календарь кун давомида товар ҳақининг 30%ини олдиндан тўлаши, қолган 70%ини эса у етказиб берилганидан кейин 30 кун давомида сўндириши керак эди.

Харидор олдиндан тўловни ўз вақтида тўлади, сотувчи товарни етказиб берди, бироқ унинг учун ҳақнинг қолган 70%ини олмади.

2015 йил октябрда тарафлар мажбуриятни янгилаш келишувини туздилар, у билан харидорнинг товар ҳақини тўлаш мажбурияти товардан фойдаланганлик учун қарз суммасининг 5%ини тўлаган ҳолда қарз мажбурияти билан алмаштирилди. Бундан ташқари, келишувда тарафлар дастлабки мажбурият билан боғлиқ барча қўшимча мажбуриятлар бекор қилинмаслиги ва ўз кучини сақлашини назарда тутдилар (Фуқаролик кодексининг 347-моддаси 3-қисми).

Харидор келишув бўйича мажбуриятларини ҳам бажармаганлиги боис сотувчи ундирувни гаровга қўювчининг 200 млн сўмлик гаровга қўйилган мол-мулки, 2 млн сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларига қаратиш ҳақидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Суд гаровга қўювчини бирга жавоб берувчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб этди.

 

 

Сотувчи (1-МЧЖ)нинг позицияси

– Биз харидор билан умумий суммаси 200 млн сўм бўлган товарларнинг олди-сотди шартномасини туздик. Товарларни етказиб беришга доир мажбуриятларимизни бажардик, бироқ харидор бизга ҳақнинг атиги 30%ини тўлади. Муддати ўтган дебиторлик қарзи юзага келишининг олдини олиш мақсадида олди-сотдини қарз билан алмаштиришни назарда тутувчи мажбуриятни янгилаш келишувини туздик, унда тарафлар дастлабки мажбурият билан боғлиқ барча қўшимча мажбуриятлар бекор қилинмаслиги ва ўз кучини сақлашини назарда тутдилар (ФКнинг 347-моддаси 3-қисми).

 

Гаровга қўювчи (2-МЧЖ)нинг позицияси

– Биз фоизли қарз шартномаси бўйича эмас, олди-сотди шартномаси бўйича таъминот тақдим этганмиз. ФКнинг 283-моддаси 1-қисми 1-бандидан келиб чиқилса, гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида гаров бекор бўлади. Шу сабабли, фикримизча, юзага келган қарз муносабатларига нисбатан ФКнинг 347-моддаси 3-қисми меъёри эмас, ушбу модда меъёрлари қўлланилиши керак. Шу муносабат билан даъвони рад этишингизни сўраймиз.

 

Харидор (АЖ)нинг позицияси

– Сотувчи унда муддати ўтган дебиторлик қарзи юзага келишига йўл қўймаслик борасида мурожаат қилгани сабабли биз олди-сотдини фоизли қарзга алмаштиришни назарда тутувчи мажбуриятни янгилаш келишувини туздик. Биз қарзни тан оламиз ва уни тўлашга тайёрмиз, бироқ озгина муҳлат беришларини сўраяпмиз. Келишув битимини тузишни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари, жавобгарнинг эътирозлари ва бирга жавоб берувчининг фикрини, шунингдек даъвогарнинг келишув битимини тузишдан бош тортганини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, 1-МЧЖнинг ундирувни гаровга қўювчининг 200 млн сўмлик гаровга қўйилган мол-мулки, 2 млн сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларига қаратиш даъвоси билан судга мурожаат қилиши сабаблари тўғрилиги тасдиғини топмади.

ФКнинг 283 ва 347-моддаларига асосланган ҳолда биринчи инстанция суди даъво талабларини қондиришни рад этиш ва суд харажатларини даъвогарга юклаш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 742-моддасига мувофиқ, тарафларнинг келишувига мувофиқ, олди-сотди, мулкни ижарага олиш ёки бошқа асослар туфайли пайдо бўлган ҳар қандай қарз қарз мажбурияти билан алмаштирилиши мумкин. Қарзнинг қарз мажбурияти билан алмаштирилиши ФКнинг 347-моддасида назарда тутилган мажбуриятни янгилаш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади ва қарз шартномаси учун белгиланган шаклда бажарилади. Шу сабабли олди-сотди шартномаси тарафлари харидорнинг етказиб берилган товар учун қарзни тўлаш мажбуриятини фоизли қарз билан алмаштиришга ҳақли эдилар.

ФКнинг 347-моддаси 3-қисмига кўра, агар тарафларнинг келишувига мувофиқ бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни янгилаш дастлабки мажбурият билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларни бекор қилади. Низони ҳал этишда айни ушбу махсус меъёрни қўллаш зарур. Мол-мулк гарови харидорнинг сотувчи олдидаги дастлабки мажбурияти ижросини таъминлаган. Гаров шартномасидан даъвогар, жавобгар ва гаровга қўювчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзага келди. Харидорнинг товар ҳақини тўлаш мажбуриятини қарз мажбуриятига алмаштирган мажбуриятни янгилаш келишувини тузаётганда қарз шартномаси тарафлари улар ўртасида мавжуд бўлмаган қарз муносабатларини сақлай олмас эдилар, сабаби ФКнинг 235-моддаси 4-қисмига мувофиқ, мажбурият унда тарафлар сифатида қатнашмаган шахслар учун бурчлар ҳосил қилмайди. Яъни мажбуриятни янгилаш келишуви тузилиши билан гаров муносабатлари бекор бўлади, сабаби гаровга қўювчи фоизли қарз шартномасида қатнашмайди ва унинг ижросини таъминламайди. Шу сабабли мажбуриятни янгилаш келишувида қарздор бўлмаган гаровга қўювчининг дастлабки мажбурияти билан боғлиқ қўшимча мажбуриятлари сақланиши ҳақидаги шартлар бекор бўлади ва даъво талаби қондирилмаслиги керак.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда суд даъво талабларини қондиришни рад этиши ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Мазкур ҳолда гаровни таъминлаш учун харидор сотувчи ва гаровга қўювчига фоизли қарз шартномасини таъминлаш учун гаров тўғрисида шартнома тузишни таклиф этиши мумкин эди. Шунингдек у сотувчи билан воз кечиш ҳақида келишув тузишга аҳдлашиб, мажбуриятларни таъминлаш чораларини қўллаши, хусусан, кафиллик шартномасини тузиши ёхуд унинг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши мумкин эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1533 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика