Ташқи ўриндошликда ўриндошни унинг розилиги билан битта ташкилот ичида бир ишдан бошқасига ўтказиш қандай расмийлаштирилади?
А.Соатов.
– Ўриндошлик бўйича ишловчи шахсларнинг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари Меҳнат кодексининг 160-моддаси ва Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган.
Бунда Меҳнат кодексининг 92, 160-моддасида ҳам, Низомда ҳам ўриндошни (шу жумладан ташқи ўриндошни) бошқа ишга ўтказишнинг муайян хусусиятлари кўрсатилмаган. Бинобарин, уларни ўтказиш қоидалари асосий иш жойидаги иш берувчи билан меҳнат шартномалари тузган ходимлар учун белгиланган қоидалардек бўлади.
Сизнинг ҳолатда ходим розилик билдиргани сабабли уни бошқа ишга ўтказиш учун у билан тузилган ўриндошлик шарти билан ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасига қўшимча битим тузиш зарур. Унда ходимнинг меҳнат вазифаси ўзгарганлиги, бошқа ихтисослик, малака, лавозимдаги иш топширилганлиги, шунингдек бошқа ишга ўтказилганлиги муносабати билан меҳнат шартномасининг бошқа шартлари ўзгарганлигини акс эттириш лозим.
Сўнгра бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ўриндош меҳнат шартномасига киритган ўзгартиришлар буйруқни чиқариш учун асос ҳисобланади. Уларга аниқ мувофиқликда ўриндошлик бўйича бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарилади ва ходимга тилхат олиб маълум қилинади (МКнинг 92, 96-моддалари).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.