Norma.uz

«Ўзимизнинг ХУМШга биз бегонамизми?»

 

«Ўзимизнинг ХУМШга биз бегонамизми?»

 

Таҳририятимиз низоли вазиятларни муҳокама қилишда иштирок этмайди ва уларни ҳал этишда ёрдам беришга ваколат ҳам олмаган (айниқса муаллифи кўрсатилмаган «юмалоқ хатлар» бўйича). Бироқ пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Rezon Servis Plus» ХУМШ устидан қилинган шикоят ана шу қоидани бузишимизга мажбур этди. Бизга келиб тушган мурожаат уй-жой-коммунал хизмат бобида жуда кўп учрайдиган ҳолат ҳақида эди. Бундай аризалар ҳокимиятлар, прокуратура ва бошқа органларни босиб кетган, аҳоли бу мурожаатларидан умидвор бўлса-да, бироқ баъзан ёрдам ололмай қолади. Ширкатларнинг номлари турлича, шикоятлар эса бамисоли бир тандирдан чиққандек: ХУМШнинг ёмон ишлаши; уйлар муаммоси йиллар давомида ҳал этилмайди; бадаллар ошиб боряпти; ишларни бажаришга пул йўқ; ишларни ўз маблағлари ҳисобидан бажаришга тўғри келяпти; қишда уйлар ёмон исийди; муттаҳам раисни ишдан бўшатиб, яхшисини топиб беринг ва ҳоказо.

 

Агар ХУМШ ишидан норози бўлувчиларнинг жўр овозлари бир ерга жамланса, уларнинг ҳаммаси ширкатдаги тартибсизликдан шикоятлардир. Тўғри, ҳокимлик, прокуратуранинг ёрдами тақозо этиладиган вазиятлар мавжуд. Бироқ шикоятлар таҳлил қилинганда кўпинча биз кўпроқ ўзимиздан шикоят қилаётганимиз маълум бўлади... Кишилар қақшаган асаблари, сарфлаган вақтлари, соғлиғи куч-ғайратларини ширкатдаги ишни расамадига қўйиш учун йўналтиришлари мумкин эди. Шикоят эса даврани айланиб чиқиб, яна ХУМШга, шикоят қилинган шахсларнинг қўлларига келиб тушади. Одатда аҳоли бир қолипдаги жавобларни олади: «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ турар жой мулкдорлари умумий мол-мулкни ўз ҳисобларидан сақлайдилар. ХУМШда юқори орган деб ҳисобланадиган умумий йиғилишнинг қарори билан квартира соҳиблари ишлар режаси, даромад ва харажатлар сметаси, мажбурий бадал миқдорини тасдиқлашлари, бошқарув ва раисни сайлашлари керак ва ҳоказо». Яъни ХУМШда асосий шахслар – уйда яшовчилар. Қонун уларга асосий ўринни белгилаб берган. Бироқ ўз ширкатларининг ишидан мамнун бўлишлари учун ҳуқуқий саводхон бўлиш лозим.

 

Текширинг, жазоланг, мажбур қилинг

Бироқ ўзимизча бирор нарсани ўзгартиришни хоҳламаймиз. Бу иш мураккаб, серташвиш туюлади, вақтимиз, асабларимизни «ўғирлайди». Кўпчилик эса уй харобага айланаётган бир вақтда нимадан бошлаш, қандай тадбир қўллашни билмайди, ширкат раҳбарияти эса бунга парво ҳам қилмайди. Бироқ уй кимники? Бизники-ку! Квартиралардаги қиш совуғи, томлардан чакка томиши ва коммунал таъминотнинг бошқа «машмашалари» кимни ташвишга соларди: ижрочи директорними ёки уйда яшовчиларними? Албатта, бизни, уй аҳлини, чунки унда биз яшаймиз. Шу боис, бизга ёқиши ёки ёқмаслигидан қатъи назар, Қонунда белгиланишича, биз умумий мол-мулкимизни сақлаш бўйича барча муҳим қарорлардан воқиф бўлишимиз; уларни умумий йиғилишда тасдиқлашимиз; биз ишонадиган бошқарув ва раисни, ширкат ишини назорат қиладиган тафтиш комиссиясини сайлашимиз керак. Агар биз буни қилмасак, ХУМШга бизнинг муаммолар ташвишлантирмайдиган тасодифий, виждонсиз кишилар раҳбар бўлиб олишлари мумкин. Демак ҳуқуқбузарликлар, суиистеъмолликлар, уй аҳлининг манфаатларини эътиборга олмаслик ҳоллари юз бераверади. Бунинг оқибатида – шикоятлар кўпаяди, норозилик, низо-мунозаралар юз беради.

Газетхон аёлнинг ёзишича, ярим йил аввал у ХУМШнинг ёмон ишлаши хусусида 5 та идорага: Бош прокуратура ва шаҳар прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти, ЎзР истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг шаҳар тузилмасига ариза билан мурожаат қилган, бироқ вазият шундайлигича қолаверган. «Аҳолининг уйнинг умумий мол-мулки муаммоларига лоқайдлиги сабабини тушуна бошладим», – деб қайд этади у. Бироқ агар аҳолининг фаоллиги фақат шикоятлар ёзиш ва кимдир келиб ҳамма нарсани яхшилаб бериши билан кифояланса, бундай фаоллик натижа бермаслиги аниқ. Ушбу тузилмалар нимага асосланиб текширишни ўтказишлари керак? Ширкат раҳбариятининг суиистеъмоллиги хусусидаги ариза асосланган бўлиши лозим. Аввал-бошдан ХУМШнинг хўжалик фаолиятини ширкатнинг тафтиш комиссияси ўтказиши лозим. Агар у ҳуқуқбузарликларни аниқласа, текшириш натижалари ваколатли органларга юборилиб, кейин чора кўрилади.

Албатта, кўп ширкатларда тафтишчилар расман сайлаб қўйилади ёки улар умуман бўлмайди ёхуд ана шу «ўзига тегишли» тафтиш комиссияси раҳбарият манфаатларини ҳимоя қилади. Ҳақиқатан ҳам таъсирчан назорат қилувчи органга эга бўлиш учун уни умумий йиғилишда қайтадан сайланг. ХУМШ аъзоларини бошқарув раиси қаноатлантирмадими – умумий йиғилишда янгисини танланг. Агар аввалги раҳбар ўз ўрнини ихтиёрий равишда тарк этишни хоҳламаса, кўпчилик овоз билан уни рад этган йиғилишнинг қарори битилган баённомага асосланиб прокуратура, судга мурожаат қилиш, маҳалла қўмитаси, ҳокимликни ёрдамга чақириш мумкин.

Бироқ бунинг учун умумий йиғилишни тўплаш керак. Ҳақиқатда эса кўпинча уйда яшовчиларнинг бирида иши чиқиб қолади, иккинчиси хизматга бориши керак, учинчиси касал, тўртинчиси йиғилишга чиқишни хоҳламайди ва ҳоказо. Раисни сайлашда ҳам худди шу аҳвол. Билимли, виждонли, ҳурматга эга қўшнини ХУМШни бошқаришга кўндириш осон эмас. Шу сабабли кўп фуқаролар раисни қўллаб-қувватламайдилар, бадал тўламайдилар, бироқ ундан кўп нарсани талаб қиладилар, дарров турли идораларга турли масалаларда шикоят қиладилар.

«Бизнинг ХУМШни ким, қачон, қандай ҳужжатлар асосида барпо этган?» – деб сўрайди газетхон. Бироқ буни сиздан бошқа ким яхшироқ билиши мумкин? Кимни бу нарса сиздан кўра кўпроқ қизиқтиради? Сиз қачонлардир кимлардир томонидан барпо этилган ширкатдасиз. Бадалларни тўлайсиз (ёки тўламайсиз). Пулларингиз нималарга сарфланаётганидан ҳам воқиф эмассиз. Уларни сиз ишонмайдиган ва сайламаган кишилар тасарруф этмоқда. Шикоят ёзишдан аввал уй хўжалигидаги аҳволни аниқлашга, қонун ҳужжатларида бундай вазиятларни ҳал этиш учун белгиланган қоидаларни қўллашга ҳаракат қилинг. Агар барча имкониятлардан фойдаланилган бўлса-ю, ҳуқуқбузарлик ва суиистеъмолликлар давом этаверса, тегишли тузилмаларга асосли равишда мурожаат қилинг. Ва, албатта, буни юмалоқ хат тарзида эмас, имзо қўйиб жўнатинг. Албатта, ҳар биримиз раҳбарият билан сану манга бормасдан бадалларни тўлаб боришни, улар мақсадга кўра сарфланаётганини билишни, уй-жой тартибга тушаётганлигини кўришни хоҳлаймиз. Бироқ ҳар қандай мукаммал механизмни ҳам ишга туширгач, ундан хабардор бўлиб бориш – у қандай ишлаётганини текшириш лозим. Ширкат ишига шўнғиб кетиш шарт эмас (ҳаммамиз иш билан банд одамлармиз). Қўшнилар орасидан бошқарув аъзоларини танлаш муҳим, улар умумий йиғилиш қарорларини бажарадилар ва аҳоли олдида ҳисобот берадилар.

 

Ўзингиз нима иш қилдингиз?

Сўз масъулиятини ҳис қилмасдан, хоҳлаганини ёзиш имконини берувчи юмалоқ хат ижод этишнинг энг яхши анъаналарига риоя қилиб, мурожаат муаллифи раис ва бухгалтернинг миллион-миллион сўмлик даромадлари, ҳашаматли квартираларининг мавжудлиги ҳақида хабар қилади. ХУМШ ишига келганда «ўз ҳисобимиздан йўлакларни супуриб-сидирамиз ва лампочкаларни алмаштирамиз. Раис видеокузатув камераларини ўрнатишга кредитни тиқиштиряпти. Барча масалаларни аҳоли ўз ҳисобидан ҳал қиляпти. ХУМШ иссиқлик тармоғини алмаштирди, иситиш яхши бўлиб қолмади. Шахталарда иссиқ ва совуқ сув таъминотининг занглаган пайвандли қувурлари мунтазам тарзда узиляпти. Томга энг арзон материал ёпилди. Бадаллар кўпаймоқда...». Ишончим комилки, ушбу ХУМШ аъзоларининг ярмидан кўпи бадал тўламайди (шу жумладан мурожаат муаллифи ҳам). Шундай бўлса-да, улар ширкат қандай маблағлар ҳисобига уйни тартибга келтириши хусусида ўйламайдилар.

«На электрик, на сантехник, на ҳовли супурувчиси бўлмаса, бизга ХУМШнинг нима кераги бор? Бошқарувчи компания билан хизмат кўрсатишга шартнома йўқ. Ишларни бажариш учун қўшни ширкатдан мутахассисларни ёллашади». Бироқ «Rezon Servis Plus» 2 та кичик уйни бирлаштирган, уйларда атиги 54 та квартира бор. Бундай кичик ҳамжамиятда ходимларнинг тўлиқ штатига эга бўлиш самарали эмас. Уларнинг иш ҳақига бадал йиғимларининг ярмидан кўпи кетиб қолади, бу эса мажбурий бадал миқдорини кўпайтиради. Бу – кичик ХУМШларда штатдаги техник ходимлар бўлмаганда йўл қўйиладиган амалиёт. Ишларни бажариш учун улар шартномага асосан қўшни ХУМШлардан ходимларни жалб этишлари ёки уйда яшовчи электриклар, слесарларнинг кучларидан фойдаланишлари ёхуд бошқарувчи компаниянинг хизматларини буюртиришлари мумкин. Бошқарувнинг ва уйдаги умумий мол-мулкка хизмат кўрсатишнинг қандай шаклини танлашини ХУМШ ­аъзоларининг умумий йиғилишида муҳокама қилиш ва тасдиқлаш зарур.

Мурожаатнинг якуний чўққиси – тайёрга айёрлик, бўйнидан соқит қилиш, истеъмолчиларга ёндашувнинг нотўғрилиги. «Биз раис ва бошқарув аъзоларини қайта сайлаш, ХУМШ таркибидан чиқиш ва ҳоказолар тўғрисида қарор қабул қилиниши – умумий йиғилишнинг хос ҳуқуқи эканлигини яхши тушунамиз. Бироқ давлат ва жамият манфаатлари посбони бўлишга даъват этилган ваколатли органлар томонидан ХУМШ, раис ва бухгалтер синчиклаб текширилиши зарур». Бироқ ширкатингиздаги бирор нарсани ўзгартириш учун ўзингиз нима иш қилдингиз?

 


Таҳририят почтасидан

 

Бадаллар бўйича қарз янги тарифларда тўланади

 

Бизнинг ХУМШ бошқаруви аъзолари 2016 йил 1 апрелдан коммунал тўловлар бўйича қарз янги тарифларда тўланиши ҳақида қарор қабул қилдилар. Ширкатнинг бундай қарор чиқариши тўғрими? Ўтган давр учун қарзни эски тарифларда тўлаш мумкинми? Айни пайтда қарзим йўқ, чунки уни янги нархларда тўлашга мажбур қилишди. Келгуси даврларга қайта ҳисоб-китоб қилдириш ниятидаман. ХУМШ ва бошқарувнинг ҳаракати тўғрими? Ўтган даврга эски тарифларда ҳақ тўласа бўладими? Менга қайта ҳисоб-китоб қилиб беришлари керакми?

Н.Нодиров.

 

– Биринчидан, коммунал хизматлар учун тўловлар ва кўп квартирали уйда умумий мулкни сақлашга бадаллар – бошқа-бошқа нарса. Кўринишича, сизни умумий мулкни сақлашга мажбурий бадаллар бўйича қарз қизиқтирмоқда.

Уй-жой кодексининг 133-моддасида белгиланишича, коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) 30-моддасига мувофиқ, квартиралар эгалари умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ умумий харажатларни қоплаш учун ҳар ойда мажбурий бадаллар тўлайдилар, уларнинг миқдори ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.

 

Буни билиш муҳим! Агар ХУМШ аъзолари қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳақида қарор қабул қилган бўлсалар, у умумий йиғилиш баённомасида унинг амал қилиш муддатини албатта кўрсатган ҳолда акс эттирилган бўлиши керак. Бошқарув ХУМШнинг барча аъзоларини бу ҳақда огоҳлантириши шарт. Агар бундай қилинмаган бўлса, ширкат раҳбарларининг талабини қонуний эмас деб ҳисоблаш мумкин.

 

Коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича эски қарз у юзага келган пайтда амал қилган тарифларда тўланади. Биз ХУМШга тўлайдиган умумий мулкни сақлашга мажбурий бадаллар билан бошқача йўл тутилиши мумкин. Гап шундаки, қонун ҳужжатларида мажбурий бадаллар бўйича қарзларни қайта ҳисоб-китоб қилиш билан боғлиқ масалалар бевосита тартибга солинмаган. Шу сабабли масала Қонун меъёрларидан келиб чиқиб ҳал этилади.

Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг олий органидир. У ижроия органи – бошқарувнинг асосий қарорларини, шу жумладан умумий мулкни сақлашга мажбурий бадал миқдорини ошириш билан боғлиқ масалаларни тасдиқлайди (Қонуннинг 19-моддаси). ХУМШ бошқаруви маблағларни тежаш мақсадида тўлов пайтида амал қилган тарифларда қарзни тўлаш масаласини унинг кўриб чиқишига олиб чиқиши мумкин. Агар ХУМШ аъзолари умумий йиғилишда ушбу таклифни қабул қилсалар, мавжуд қарзингизни жорий тарифда тўлашингизга тўғри келади.

 

Маълумот учун! Бўнак тўловлари учун ҳам худди шундай тартибни назарда тутиш мумкин. Қонун ҳужжатларида қайд этилганидек, уй-жой мулкдорлари ва ижарага олувчилари тарифлар ошган тақдирда 12 ойдан ошмайдиган даврга бўнак билан ҳақи тўланган коммунал хизматлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод этиладилар (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори билан тасдиқланган Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари). ХУМШга бўнак тўловларига келсак, мажбурий бадал миқдори ошганда уларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ёки қилмаслик масаласини ҳал этиш ҳам ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг хос ҳуқуқи саналади.

 

 

Томдаги ахлатни ким тозалайди?

 

ХУМШ билан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз борасида баҳслашаяпмиз. Ширкат томнинг бир қисмини қоплашдан аввал ундан чакка ўтишидан азият чекаётган квартира эгаси уни ахлатдан ўзи ёки ўз ҳисобидан тозалаши керак деяпти. ХУМШ буни талаб қилишга ҳақлими? ХУМШ мажбуриятларига нималар кириши ҳақида қаерда батафсил танишиш мумкин?

М.Сибаева.

 

– Қонуннинг 28-моддасига асосан том сақланиши учун ХУМШ жавоб берадиган уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мулки ҳисобланади. Уни ахлатдан тозалаш томни ёпишдан олдин тайёрлаш ишларига киради. Уларни бажариш – ХУМШ ёки ширкат ушбу ишни бажариш учун жалб этадиган пудратчининг бевосита мажбурияти. Бундан ташқари, томни тозалаш баландликда бажариладиган иш ҳисобланади ва хавфсизлик техникасига риоя этишни талаб қилади, уни инструктаж ўтказилган том ёпувчи ёки ХУМШ ходими лозим даражада бажариши керак. Унга уй аҳлини жалб этиш Қонунни қўпол бузиш ҳисобланади. Фавқулодда вазият юз берганда бунинг учун ширкат жавоб беради.

Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, ширкат:

умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши;

тегишли ҳудудда жисмоний ва юридик шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойлардан фойдаланилиши, шу жумладан, паспорт режимига риоя этилиши, яшаётган шахсларнинг ҳисобга олиниши ва тегишли шартномаларнинг мавжудлиги юзасидан назоратни амалга оширишда ички ишлар органларига ёрдам кўрсатиши;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ва жой мулкдорлари йиғилишларининг қарорлари бажарилишини таъминлаши;

мажбурий бадаллар ва тўловлар ўз вақтида келиб тушишини таъминлаши;

ҳар йили умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини, шу жумладан, кўп квартирали ҳар бир уй учун шундай режани белгилаши ва унинг ижросига доир ҳисобот тузиши;

ҳар йили ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижросига доир ҳисобот тузиши, шу жумладан, кўп квартирали ҳар бир уй бўйича шундай смета ва ҳисобот тузиши;

умумий мол-мулкдан фойдаланиш шартлари ва тартиби белгиланаётганда барча ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши;

қонун ҳужжатларида ва ширкат уставида назарда тутилган ҳолларда, учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларда ширкат аъзоларининг манфаатларини ифодалаши шарт.

Ширкатнинг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ширкат уставига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

ХУМШнинг мажбуриятлари Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий уставида (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова) батафсил қайд этилган.

 

 

Бир йилдан ошмаган муддатга бўнак билан тўлаш мумкин

 

Бизда газ ҳисоблагич ўрнатилган. Ҳар гал газ истеъмоли ҳақини тўлаш учун навбатда турмасликни кўзлаб, 2013 йил ноябрида катта бўнак тўладик. Газдан мунтазам фойдаланмаганлигимиз сабабли ҳисоблагич кўрсаткичларига кўра келаси тўлов муддати фақат 2016 йил апрелида келди. Бироқ 2013 йилда тўловни эски тарифларда тўлаганимиз сабабли бизга қарз ҳисобланганлиги ҳақида хабарнома олиб келишди. Ахир бу бўнак тўловику. Газ таъминоти ташкилоти ходимлари ҳар ой келиб, ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиб кетардилар, 25 000 сўм қарз ҳақида эса эндигина маълум қилдилар. Ушбу сумма расшифровкасини сўрасам, гарчи газ ҳақини қабул қилиб, буни компьютерда қайд этсалар ҳам, дастур ишламаяпти дея жавоб бераяптилар.

Билишимча, бир қатор қонун ҳужжатларида уй-жой мулкдорлари ва ижарага олувчилари тегишли тарифлар ошган тақдирда 12 ойдан ошмайдиган даврга бўнак билан ҳақи тўланган коммунал хизматлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод этилиши назарда тутилган. Бу 2014 йил ноябригача газчилар қайта ҳисоб-китоб қилишга ҳақли эмасликларини англатадими? Газ таъминоти ташкилоти, шу жумладан 2014 йил декабридан 2015 йил апрелигача бўнак тўловларини қайси тарифларда қайта ҳисоб-китоб қилиши керак?

В.Комлева.

 

– Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасининг 6.5-бандида белгиланишича, табиий газ тарифлари ошган тақдирда 12 ойдан ошмайдиган даврга бўнак сифатида олдиндан ҳақ тўлаган истеъмолчилар қўшимча тўловдан озод этиладилар. Яъни 2013 йил ноябридан 2014 йил ноябригача бўнак тўлови қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. 2014 йил декабридан 2015 йил апрелигача бўнак тўлови қолдиғи жорий давр тарифларида ҳисобга олинади.

 

 

Квитанцияларни узоқ муддат сақланг

 

Ҳар гал газ ҳақини тўлаётганда газ таъминоти ташкилоти ходимлари газ ҳисоблагичнинг охирги кўрсаткичлари қайд этилган квитанцияларни кўрсатишни талаб қиладилар. Газ ҳақи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияларни қанча вақт сақлаш зарур?

Н.Назаров.

 

– Абонентнинг газ ҳақи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни сақлаш муддати қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган. Фуқаролик кодексининг ­150-моддасига мувофиқ, шахс даъво тақдим этиш йўли билан бузилган ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган умумий даъво муддати
3 йилни ташкил этади. Бироқ кўпинча газчилар бундан узоқ муддат учун ҳақ тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни тақдим этишни талаб қиладилар. Шу сабабли уларни узоқроқ муддат сақлаган маъқул.

Ҳозир кўпчилик коммунал хизматлар истеъмоли ҳақини етказиб берувчиларнинг сайтларидаги «Шахсий кабинет» сервисидан фойдаланиб тўламоқда. Бу ҳолда тўловни тасдиқлаш учун компьютер монитори экранидаги квитанцияни (чекни) қоғозга чиқариб олиш зарур.

Жуда кўп ҳолларда коммунал хизматлар ҳақи терминал орқали тўланганда чеклардаги ҳамма ёзув ўчиб кетади. Етказиб берувчилар ҳақни тўлашни талаб қилганда улар билан келишмовчиликка бормаслик учун чеклардан нусха кўчириб олган маъқул.

 

 

Кириш имконини қолдириш зарур

 

ХУМШ сантехниклари иккинчи қаватдаги квартирада яшаётган мулкдорга ҳожатхонага кираверишдаги шахтада совуқ сув крани оқаётган бўлса керак дейишди. Улар квартирага киришди, лекин шахта пластик билан ёпилганлигини кўриб, қайтиб кетишди. 2 соатдан кейин ХУМШ раиси келиб, шахтани текшириш кераклигини, бунинг учун пластикни олиб ташлаш зарурлигини айтди. Бунга қаршилик қилганда чора кўриши ҳақида огоҳлантирди. Бироқ квартира эгаси яқинда ҳожатхонани ўз ҳисобидан таъмирлаган эди. Энди уни бузишдан ўзга илож йўқми? Бундай вазиятлар қандай меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади? ХУМШ мулкдорни судга беришга ҳақлими?

Г.Иброҳимов.

 

– Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, шахталар, уй ичидаги тармоқлар ва коммуникациялар турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади, уни ойлик мажбурий бадаллар ҳисобига биргаликда сақлайдилар.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова) 6.2-бандида назарда тутилишича, ширкат аъзоси олдиндан огоҳлантирилган ҳолда ва ўзининг ёки вакилининг иштирокида ўзига тегишли бўлган турар жойга умумий мулкнинг мулкдори турар жойи чегарасида бўлган қисмини кўрикдан ўтказиш, жорий ва капитал таъмирлаш учун, шунингдек авария ҳолатларини бартараф этиш учун ширкат ва ихтисослаштирилган ташкилотлар вакилларини дарҳол киритишга мажбур. Хонага киришга йўл қўймаган мулкдор шу туфайли ишлар бажарилмай қолганлиги натижасида етказилган зарарни ўз ҳисобидан қоплайди.

Ширкат умумий мулкнинг бир қисмини таъмирлаш учун киришга йўл қўймаган мулкдорга нисбатан даъво билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Бундан ташқари, Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори билан тасдиқланган) билан истеъмолчининг индивидуал ҳисобга олиш асбобларидан назорат кўрсаткичларини ёзиб олиш ва ҳисоблагичнинг техник ҳолатини назорат қилиш учун етказиб берувчининг вакилини қўйишни таъминлаш мажбурияти белгиланган.

 

 

Балкондаги реклама

 

Баъзи кўп квартирали уйларнинг балкон ва лоджиялари реклама ҳамда пешлавҳалар учун майдончага айлантирилган. Кимлардир уларда ўзининг турар жой майдонини сотиш тўғрисидаги эълонларини жойлаштиради, бошқалар эса ўзлари шуғулланаётган фаолият турларини реклама қиладилар. Рекламани балконнинг ташқи томонига жойлаштириш мумкинми? Квартира соҳиби шу йўл билан ўз балкони воситасида пул ишлаб топишга ҳақлими?

 

– Ушбу саволлар билан биз «Toshkent Reklama-Servis» ДУКга мурожаат қилдик. Унинг ходимлари дарҳол ҳафсаламизни пир қилишди: рекламани балкон ва лоджияларда жойлаштириш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бундай реклама кўп қаватли уйларнинг ташқи кўринишига, агар у оммавий тус олса – шаҳар маъмурий қиёфасига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундай аҳвол юз бермаслиги учун ким назоратни олиб бориши керак? Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини назорат қилиш Давлат рақобат қўмитаси (монополияга қарши орган) зиммасига юкланган. Кўп квартирали уйнинг ташқи кўриниши – ХУМШнинг хос ҳуқуқи.

Кимдир эътироз билдириши мумкин: нима учун бундай қилиб бўлмайди? Балкон ва лоджиялар квартира соҳибларининг хусусий мулки ҳисобланади. Нимага улардан ўз хоҳишларидан келиб чиқиб фойдаланиш ва бундан пул ишлаб топиш мумкин эмас? Бир қарашда бу борада муаммо йўқдек кўринади. Бироқ кўпчилик ҳайрон қолиши аниқ. Балкон (лоджия)нинг ташқи қисми квартира соҳибининг мулки ҳисобланмайди.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига кўра таянч ва тўсиқ конструкциялар (яъни девор ва ташқи маконни ички макондан ажратувчи бошқа конструкциялар) кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади. Унинг таркибига бир қисмини балкон ва лоджияларнинг ташқи томонлари ташкил этувчи уйнинг пештоғи ҳам киради. Шу сабабли фуқаролар улардан ўз хоҳишларича фойдалана олмайдилар. Агар мулкдорларимизнинг уни реклама учун топширишларига йўл қўйилган бўлса, ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг улар ўз қўшниларининг «реклама компанияси»га эътироз билдирмасликлари тўғрисидаги қарорини олиш лозим.

 

 

Бошқаларда қандай?

Ушбу масала бошқа мамлакатларда қандай ҳал қилинган? Европа қонун ҳужжатларида кўп қаватли уйларнинг ташқи қиёфасини зиғирдек ўзгартиришга нисбатан жуда қаттиқ талаблар қўйилади. Ҳатто балконни гуллар экилган ва осма гултувак билан безатиш учун кўп қаватли уйларнинг меъморий қиёфасини сақлаш учун жавоб берадиган маҳаллий ҳокимият тузилмаларининг рухсатномаси талаб қилинади. Уларни ўзбошимчалик билан қайта жиҳозлаш, ойнаванд қилиш ва айниқса уларда реклама жойлаштириш тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади.

Россиянинг пойтахтига келсак, икки йил аввал Москва шаҳар думаси қонун ҳужжатларига кўп квартирали турар жойларнинг дераза ва балконларида рекламани жойлаштириш учун жарималарни назарда тутадиган тузатишларни қабул қилди. Тўғри, бошқа минтақаларда балкондаги рекламага ёндашув анча юмшоқ. Уй ранг-баранг реклама тахтасига айланмаслиги учун турар жой мулкдорлари умумий йиғилишининг розилиги ва архитектура органларининг рухсатини олиш талаб қилинади. Агар рекламани жойлаштириш шартномаси квартира соҳиби билан тузилган бўлса, у якка тартибдаги тадбиркор мақомини расмийлаштириши ва реклама бизнесидан олинган даромаддан солиқ тўлаши керак бўлади. Агар бу уч ёқлама шартнома – ХУМШ (бошқарувчи компания) – мулкдор – реклама тарқатувчи ўртасида – бўлса, ширкат ёки бошқарувчи компания ҳам олинган фойдадан солиқ тўлаши керак бўлади. Реклама ХУМШ учун қўшимча даромад манбаи ҳисобланади ва фақат уйни сақлашга йўналтирилади. Бироқ бундай реклама одатда реклама берувчилар учун унчалик самарадор эмас. Аслида агар балкон шаҳарнинг марказий туманларида жойлашган бўлмаса, аҳоли учун ҳам у катта фойда келтирмайди.

 

 


Буни билиш зарур!

 

Биз келдик! Эшикни очинг

 

Баъзи истеъмолчилар назоратчилар келавериб безор қилди десалар, бошқалари уларни кутавериб чарчадик деб нолийдилар. Қонун ҳужжатларида етказиб берувчи вакилининг текширишлари ва айланиб чиқишлари даврийлиги қандай тартибга солинган? Улар қанча вақт оралиғида техник ҳисоблагичларни текширишлари, коммунал маҳсулотларни ҳисобга олувчи ускуна кўрсаткичларини қайд этишлари шарт?

 

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларидан (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова):

58-банд. Етказиб берувчи истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини йил чорагида бир марта текшириши, истеъмолчилар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбоби ёзиб олинган кўрсаткичларининг тўғрилигини ўз маълумотлари билан текшириши ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этилиши шарт.

59-банд. Истеъмолчилар (олдиндан келишув бўйича ёзма ёки оғзаки шаклда) етказиб берувчининг вакиллари, уларда хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбоби, иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларига, квартира ичидаги асбоб-ускунага уларни кўздан кечириш учун бошқарувчи ташкилот вакилининг мажбурий иштирокида тўсиқсиз кўздан кечиришларини таъминлаши шарт.

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларидан (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 2-илова):

119-банд. ИСКХ ташкилоти I гуруҳ истеъмолчиларида* – уч ойда бир марта, истеъмолчиларнинг II ва III гуруҳларида – кўпи билан бир ойда бир марта уларнинг ичимлик сув ва канализация хўжаликларини назоратдан ўтказиб туриш (сувни ҳисобга олиш индивидуал асбобларининг ишлаши ва пломбалари бутлигини кўздан кечириш, кўрсаткичларини ёзиб бориш), назорат юзасидан тегишли далолатномалар тузиш; йилнинг ҳар чорагида 1 марта пломбалар бутлигини кўздан кечириш ва кўрсаткичларни ёзиб бориш, тегишли далолатномалар тузишга мажбур;

80-банд. Истеъмолчилар (аввалдан оғзаки ёки ёзма равишда келишилган ҳолда) ИСКХ ташкилоти вакилининг, у хизмат гувоҳномасини тақдим этгач, ўз ҳудуди ёки тасарруфидаги сувни ҳисобга олиш асбоблари, узеллари, ичимлик сув ва оқова сув тармоқлари, қурилма ва иншоотлари олдига тўсиқсиз боришини таъминлаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший газдан фойдаланиш қоидаларидан (АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган):

14-банд. Турар жойларни газ билан таъминловчи корхоналар, газ хўжалиги хизматлари (етказиб берувчилар) қуйидагиларни таъминлашга мажбур:

14.12-банд. Қуйидаги муддатларда техник (тафтиш) ва профилактик хизмат кўрсатиш:

тармоқли газда ишловчи турар жойлардаги газ плиталари, бошқа газ ускуналари бўлмаганда – икки йилда бир марта техник хизмат кўрсатиш;

суюлтирилган газда ишловчи турар жойлардаги газ плиталари, бошқа газ ускуналари бўлмаганда – йилда бир марта техник хизмат кўрсатиш ҳамда иситиш мавсуми олдидан иситиш ва сув иситиш ускуналарига бир марта профилактик хизмат кўрсатиш;

тармоқли газда ишловчи турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш ускуналари – йилда бир марта техник хизмат кўрсатиш;

17-банд. Хусусий мулк ҳуқуқидаги турар жойлар ва квартиралар мулкдорлари қуйидагиларни амалга оширишлари шарт:

17.8-банд. Газ хўжалиги корхоналари ходимларини, улар хизмат гувоҳномаларини тақдим этган тақдирда, газ қувурлари ва газ ускуналарини кўздан кечириш ва таъмирлаш учун сутканинг исталган вақтида квартирага, турар жойга қўйиши.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларидан (ВМнинг 29.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова):

110-банд. Агар навбатдаги айланиб чиқишда ҳисобга олиш прибори ўрнатилган хона ёпиқ бўлса, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили тўлов ҳужжатини олдинги давр учун амалда истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми тўғрисидаги маълумотлар асосида ёзади, бу ҳақда маиший истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамида тегишли белги қайд этилади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили, у тегишли амал қилиш муддати кўрсатилган, исми-шарифи ёзилган гувоҳномага эга бўлган тақдирда, хонадондаги ҳисобга олиш приборларини соат 8.00 дан бошлаб соат 20.00 гача тўсқинликсиз текшириб кўриш ҳуқуқига эгадир.

49-банд. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакилининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларига қўйилмаслиги белгиланган намунадаги далолатнома билан расмийлаштирилади, у ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари, истеъмолчи ёки ўзга жалб этилган шахслар томонидан имзоланади. Ўзга жалб этилган шахслар бўлмаганда ва истеъмолчи имзолашни рад этганда далолатномага истеъмолчи танишганлиги тўғрисида белги қўйилади ва электр тармоқларидан узиб қўйилади.

 

Таҳририятдан. ВМнинг 1.11.2013 йилдаги 295-сон Қарори билан Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 2-бандига «электр энергиясини ҳисобга олишни назорат қилиш приборини улаш схемасини текшириш (текшириш)», «ҳисобга олишни назорат қилиш приборидаги кўрсаткичларни назорат тартибида текшириш (айланиб чиқиш)» ва «қўймаслик» тушунчалари киритилди. Бироқ текширувлар ўтказиш ва айланиб чиқишлар даврийлиги ҳужжат билан белгиланмаган.

 

*I гуруҳ истеъмолчиларихусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслар.

II гуруҳ истеъмолчилари – иссиқлик таъминоти ташкилотлари; ИСКХ ташкилотлари; Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотларнинг идоравий уй-жой фонди ва ётоқхоналари; бюджет ташкилотлари; диний ташкилотлар; элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналар; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари; ХУМШ.

III гуруҳ истеъмолчилари – I ва II гуруҳга кирмаган бошқа ташкилотлар.

 

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 2135 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика