Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 23 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Депутатлар Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқди

 

1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ва 2016 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.

 

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижроси юзасидан молия вазири Р.Азимов маъруза қилди, қўшимча маъруза билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов сўзга чиқди.

Таъкидлаб ўтилдики, ҳисобот даврида Давлат бюджети мамлакатимиз парламенти томонидан илгари тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил январь ойидаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилганлиги иқтисодиётнинг барқарор ўсишини ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлади. ЯИМнинг ўсиш суръатлари 8 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш – 6,8 фоиз, чакана товар айланиши 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми – 10,8 фоиз ўсди. Мамлакат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси 5,6 фоизни ташкил этди, яъни прогноз параметрлари доирасида бўлди.

Эришилган натижалар, депутатлар фикрича, иқтисодиётда ижобий таркибий силжишларга, сифат ўзгаришларига ва ижобий тенденцияларга, шунингдек, самарали пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати ўтказилишига хизмат қилди, булар аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишига ёрдам берди.

Ўтган йили ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг турмуши сифати ва даражасини муттасил ошириш масалаларига ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилди. Жумладан, 2015 йилда аҳоли жон бошига реал жами даромадлар 9,6 фоиз кўпайди, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдори 21,9 фоиз ўсди.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқар экан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 январда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мамлакатимизда бошланган тизимли демократик ислоҳотларнинг ва модернизациялашнинг, иқтисодиётдаги, биринчи навбатда, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги чуқур таркибий ўзгаришларнинг сўзсиз давом эттирилиши, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг илдам ривожланиши ва ушбу соҳа субъектлари манфаатларининг ҳимоя қилиниши, макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворлиги бўлиши кераклигини қайд этиб ўтишди.

Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси асосида Олий Мажлис ва давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ амалга оширилганлиги таъкидланди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди.

Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи стратегиянинг амалга оширилишини давом эттириш ва бунинг учун иқтисодиётнинг мавжуд захиралари ва имкониятларини жалб этиш мамлакатимиз ЯИМининг 7,5 фоиз ошишини таъминлади. Бунда инфляциянинг паст даражаси макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлади.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 7 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,7 фоиз, хизматлар ҳажми – 12,1 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми – 12,8 фоиз ўсди.

Йил бошидан буён минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 13 мингта якка тартибдаги янги шинам уй-жойлар қурилиши бошланган.

Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат ҳисобот даврида 8,4 мингтадан ортиқ ёки 2015 йилнинг шу давридагига қараганда 5,5 фоиз кўп янги кичик бизнес субъектларини ташкил этиш имконини берди. Кичик бизнес субъектларига ажратилган банк кредитлари ҳажми 2015 йилнинг биринчи чорагидагига нисбатан 1,3 баробар ошди.

Аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш натижасида 167,4 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 57,7 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тадбирларини молиялаштириш учун жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобидан қарийб 1,3 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди. Депутатлар жорий йилда Давлат бюджети кўрсаткичларининг барча давлат ва хўжалик органлари томонидан сўзсиз ва аниқ ижро этилиши заруратини таъкидлаб ўтди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 1930 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика