Norma.uz

Жаҳон бозорига муносиб йўл олиб...

 

Ўзбекистон Республикасида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти самарадорлигини оширишда GlobalGAP халқаро стандартининг ўрни ва аҳамияти.

 

Маълумки, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим соҳаси ҳисобланиб, республика истеъмол бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари ва қайта ишлаш саноатига хом ашё етказиб бериш билан бирга, савдо тармоқлари учун кафолатли бозор ҳамдир. Шу сабабли қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда экспортга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон иқлим шароитининг жуда қулайлиги туфайли мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида юқори даражадаги рақобатбардошлиги билан ажралиб туради. Масалан, биздаги узум навлари таркибида шакар моддаси 18–30 фоизни, помидор таркибидаги қуруқ моддалар миқдори эса 5,5 фоиздан кўпни ташкил этадики, бу европалик харидорларни ўзига жалб этмай қолмайди.

Бугунги кунда юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш муҳим масалалардан ҳисобланади. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти салоҳиятини ошириш йўлида фаолият олиб бораётган корхоналар сўнгги йилларда халқаро бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи халқаро тан олинган «GlobalGAP» сертификати талаб этилаётганлигининг гувоҳи бўлишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотларимизни халқаро бозорларга олиб чиқишда айрим муаммоларни юзага келтирмоқда.

Бундай ҳолат жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бозорининг талабини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда GlobalGAP стандартига мувофиқ менежмент тизимини жорий қилиш ва унинг асосида маҳсулотларни сертификатлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш ҳамда маҳсулотларни етиштириш даврида агротехник тадбирларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминловчи халқаро даражада тан олинган ёки уйғунлаштирилган меъёрий ҳужжатларни қўллашни талаб этади.

GlobalGAP – бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун биринчи даражали стандарт бўлиб, унда маҳсулотларни экиш вақтидан бошлаб, уларни йиғиштириб олишгача бўлган, чорвачилик ва балиқчиликда эса уларни ишлаб чиқаришга киришиш вақтидан оралиқ маҳсулот ҳолатига келгунча (боқиш ва сўйиш) бўлган бутун давр қамраб олинади.

Ушбу стандартда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналарнинг амалиётига тегишли умумий тамойиллар баён қилинган бўлиб, бутун жаҳонда етакчи савдо компаниялари учун мувофиқ бўлган, глобал миқёсдаги ўсимликшунослик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг оптимал усулларини жорий этишнинг асосий элементлари белгиланган.

GAP стандарти етиштирилаётган маҳсулот хавфсизлигини ошириш ва сифатини яхшилашга ёрдам берувчи тавсиялар жамламасидан иборатдир. Унда ихтиёрий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш тизимларига қўллаш ва мослаштириш мумкин бўлган тавсиявий кўрсатмалар берилган. GAP қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнининг дастлабки тўртта компоненти – тупроқ, сув, ходим, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш муҳитига эътибор қаратади.

 

GlobalGAP сертификати – аниқ бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш даврида сифат ва хавфсизлик бўйича ўрнатилган барча талаб ва тавсиялар тўлиқ бажарилганлиги кафолати ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини янада ошириш, ташқи бозорни диверсификациялаш ҳамда рақобатбардошлик даражасини янада оширишда GlobalGAP халқаро стандартини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Санжар Араббаев,

тадқиқотчи.

Прочитано: 1724 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика