Norma.uz

Пулларимиз қаёққа оқиб кетяпти?

 

Қанчалик қайғули бўлмасин, шахсий бюджетимизнинг салмоқлигина қисми ҳар куни, ҳар йили туби йўқ ўпқонда йўқолмоқда.

Жорий йил бошида ГИЦ1, ЎзР Савдо-саноат палатаси ва Халқаро молия корпорацияси экспертларининг ишчи гуруҳи эксперимент тартибида фаолият йўналиши турлича бўлган 3 та кичик ишлаб чиқариш корхонасини таваккалига танлади (1-корхона пишлоқ тайёрлайди, 2-корхона мева ва сабзавотларни қайта ишлайди ва 3-корхона қозонлар ишлаб чиқаради) ва улар ресурсларининг самарадорлигини ўрганди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, учала хўжалик юритувчи субъект ишлаб чиқариш ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик оқибатида кўп маблағ йўқотади. Жами $140 000–250 000 миқдорида. Мабодо кимдир келса-ю, кичик тадбиркорлик субъектидан (майли, учала субъектдан бўлсин) 200 минг ш.б.ни олиб қўйса, асаблар қақшаб, жанжал кўтарилар, қариндошлар сафарбар қилинар ва узоққа чўзиладиган суд муҳокамаси бошланар эди. Амалиётда бундай йўқотишлар кўп юз беради, лекин кун сайин ҳеч ким сезмай қолмоқда.

 

 

«Green Forum 2016» иштирокчилари саноат, қурилиш ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида энергия самарадорлиги йўлида ҳал этилиши керак бўлган муаммоларнинг турлари ва миқёсларини ЎзР ССП майдончасида муҳокама қилдилар. Элликка яқин мутахассислар – олимлар, тадбиркорлар, давлат органлари ва донорлик ҳамжамияти вакиллари ишининг натижаси бўлиб дастлаб энергия самарадорлиги бўйича алоҳида, муқобил энергетика (энергия ресурсларини тежашнинг базавий шакли сифатида) бўйича алоҳида тавсия қилинадиган чоралар рўйхати тайёрланиши назарда тутилган эди. Бироқ, хайриятки, ташкилотчилар жуда оқилона қарорга келишди – тавсиялар ишлаб чиқишдек аниқ чоралар кўриш кейинга қолдирилиб, қўшма мажлис ва маслаҳатлашувлар ўтказишни давом эттиришга келишилди. Анжуманнинг бир иш куни айнан истиқболларимиз яхшилигини, бироқ хабардорлик ва муаммони ҳал этишга доир нуқтаи назарлар турлича эканлигини англаб олишга етди.

 

Апрель тезислари

Газетанинг қимматбаҳо қоғози ва вақтимизни тежаш мақсадида Анжуманнинг энергия самарадорлиги бўйича муаммолар доирасини тезис тартибида – зарурий жойда шарҳлари билан бирга баён этишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Хуллас, Ўзбекистонда...

Ресурслар (электр энергияси, сув ва газ) қиймати энергия самарадорлигини рағбатлантириш учун ҳаддан ташқари паст. Юқорида тилга олинган 3 кичик корхонанинг жамликдаги ресурс талафотлари бир йил учун беҳуда сарфланган 7 500 куб метр сув, 98 000 куб метр табиий газ ва 210 МВт/с электр энергиясини ташкил этди.

Ресурсга қилинган ҳақиқатдаги харажатлар баҳоланган харажатлардан ўнлаб марта юқоридир. Сув ресурсидан фойдаланиши текширилган 3 корхонанинг биттасига оби ҳаёт режалаштирилганидан 80 баравар қимматга тушган, чунки сувга (амалда бепул!) тарифдан ташқари, уни тайёрлаш, қайта чиқариш, иситиш-совутиш, оқиб чиқиб кетиши, сувни чиқариб ташлаш харажатлари ва ҳоказолар ҳам бор.

Кўпинча корхоналар оборотларни ўстириш учун илғор ишлаб чиқариш ускунасига инвестиция киритадилар, бироқ эскирган ёрдамчи объектларни (қозонхона, тозалаш иншоотлари ва ҳоказолар) эътибордан соқит қиладилар. Кам харажатли тадбирлар ресурсларни жиддий тарзда тежашга имкон яратиши мумкин.

Ҳисоб-китоблар ўша хўжалик юритувчи уч субъект базасида қилинган:

а) талаб қилинадиган инвестициялар жамликда – $250 000–770 000;

б) йиллик тежам ёки қўшимча даромад – $140 000–250 000;

е) қоплаш муддатлари – 9 ойдан 3,3 йилгача.

Яхши янгилик! Қуйидагилар жуда арзонга тушади:

совутиш тизимида иссиқликнинг такрор совуши ва конденсатнинг энг кўп қайтиши;

иситиш, совутиш ва ёритиш тизимларининг, шунингдек ювиш жараёнининг оптималлашиши;

сув ва буғнинг чиқиб кетишини бартараф этиш;

сувдан такрор фойдаланиш;

ўзининг барча чиқиндиларини қайта ишлаш;

мониторинг тизимини жорий этиш ва ҳоказо.

Буларнинг ҳаммаси ресурс истеъмолини 10–15%га қисқартириш имконини беради ва 3–6 ойда қопланади.

● Агар корхоналарда амалда манфаатдорлик бўлмаса, тахмин қилинаётган мажбурий энергоаудит тизимини республикада жорий этиш:

1) корхонага қўшимча молиявий юк бўлади;

2) фақат «хўжакўрсинга» бажарилади (бутун ишдан кўзланган мақсадга эришилмайди);

3) коррупция учун мақбул шароитлар яратади.

Бундай манфаатдорликни айни қандай қилиб шакллантириш кераклиги хусусида фикрлар «жорий этиш ва қаттиқ назорат қилиш»дан то «тавсия тарзида ҳаракат қилиш ва амалдаги мисолларга қурилган тайёр «кейслар» билан ишонтириш» ҳамда «барча таълим босқичларида, шу жумладан болалар боғчасининг ясли гуруҳида энергия самарадорлиги дарсларини жорий этиш»га қадар баён этилди. Мисол учун, Германияда худди шундай қилинган.

Ҳозирги вақтда бизнесга энергия самарадорлигига эришиш йўллари маълум эмас. Энергия самарадорлигига эришишдек машаққатли вазифани компания раҳбарияти асосан штатдаги энергетиклар олдига қўядилар, – дея шикоят қилишди иқтисодиётнинг қазиб олувчи соҳаси вакиллари. Энергетик эса ҳар доим ҳам буни уддалайвермайди, чунки ресурсларни тежашнинг кам харажатли усуллари исталган тармоқда ишлаб кетавермайди-да. Зеро, бу масалаларнинг ҳаммаси хўжалик мудири даражасида ҳал этилмаслиги керак.

Энергия самарадорлигини холисона баҳолаш имконини берадиган ягона услубият мавжуд эмас.

Фикрлар яна бўлинди: қурувчилар бундай услубият бор дейишса, энергетиклар бундай услубият йўқ дейишди. Қурилиш норма ва қоидаларида («СНиП»ларда) мавжуд бўлган илғор ғоялар қурилиш соҳасидан ташқарида жуда оз ўрганилади...

● Энергия самарадорлигида 2 муҳим йўналиш мавжуд:

1) таъминот нуқтаи назаридан олганда – генерация манбаларининг самарадорлиги;

2) истеъмол нуқтаи назаридан олганда ҳам саноат, ҳам маиший истеъмолда оқилоналик ва тежамкорлик. Назорат қилинмайдиган энергия талафотлари тақсимлаш йўллари ва истеъмол зонасида юз бераётган бир пайтда генерация манбаларини яхшилаш бефойда.

Бу ўринда миқёсига кўра самарадорликнинг катта имкониятлари бинолар (ва уй-жой фонди, хусусан) билан боғлиқлигини эсдан чиқармаслик керак. Иссиқлик энергияси пировард истеъмолининг 75%и, электр энергиясининг 26%и ва табиий газнинг 64%и айни улар ҳиссасига тўғри келади – ҳар йилги тежаш резерви учала модда бўйича жами 10 млрд кубометр табиий газдан кўпроқ2, у санаб ўтилганларнинг ҳаммасини ишлаб чиқаришга ва печкага кетади.

Янги бинолар хусусидаги масала анча-мунча тушунарли: улар қурилиш норма ва қоидаларида кўрсатилган энергия самарадорлиги талабларига мувофиқ қурилиши керак ва бу ерда талаб қилинадиган битта нарса бу – назорат. Бироқ эски уй-жой фонди (республикамизда бутун уй-жойнинг 90%и атрофида) масаласи катта муаммолигича қолмоқда.

1. Деярли барча эски уйлар ич томондан яшовчилар томонидан ўз ҳолларича қайта қурилган, уйдаги умумий иссиқлик коммуникациялари жорий ва капитал таъмирлашлар оқибатида шаклан бузилган ва эскирган. Буларнинг ҳаммаси жамликда иссиқлик таъминоти ташкилотлари томонидан назарда тутилмаган энергия талафотларига олиб келади ва уй миқёсида энергия истеъмоли самарадорлигини амалда йўққа чиқаради.

2. Эски уй-жой фондининг энергия самарадорлиги масаласини ўз зиммасига олиши мумкин бўлган (коммуникацияларни тўлиқ алмаштириш, тизимдан иссиқ сувни оқизиш имкониятини чеклайдиган иситишнинг ёпиқ тизимларини ташкил этиш ва ҳоказо) муассаса ёки ташкилот йўқ. ХУМШнинг бунга кучи етмайди, улар жорий таъмирни зўрға уддалашади.

Энергияни тежайдиган лампаларга ўтиш аҳоли учун номувофиқ омил ҳисобланади, зеро эски ва янги турдаги лампалар ўртасидаги нархнинг фарқи ҳаддан ташқари катта. Оддий чўғланиш лампаларини республикага олиб кириш тақиқланган, яқин орада уларнинг дўконлардаги захираси тугайди, аҳоли эса энергияни тежайдиган лампочкаларни сотиб олишга мажбур бўлади. Бироқ 1,5–2,5 минг сўм нархдан дарҳол 16–26 минг сўмдаги нархга ўтиш психологик жиҳатдан анча мушкул.

Энергиянинг қайта тикланадиган манбалари ускуналарини ишлаб чиқарувчилар нархларни пасайтира олмайдилар, чунки компонентларнинг катта қисми хориждан олиб келинади (конвертация, курс).

Ички етказиб берувчилар ҳозирча тақсимлаш тармоқларига зарур сифатдаги бутловчи буюмларни етказиб беролмайдилар. Мисол, етарлича изоляцияланмаган ва босимга дош бермайдиган, ҳамма жойда ёрилиб кетадиган ҳалқали пайвандлаш чокли қувурлар.

Электроэнергетикада манфаатларнинг жиддий ихтилофи юзага келмоқда. «Ўзбекэнерго» ДАК мижозларни муқобил энергия манбаларига улаган сайин уларни йўқотиб боради.

● Ҳозиргача энергиянинг тикланадиган манбалари тўғрисидаги қонун қабул қилинмаган.

 

Юлия Яшина,

махсус мухбиримиз.

 


1Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (ГИЦ).

2«Биноларнинг энергия самарадорлиги: Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун фойдаланилмаган резервлар», БМТ ТД.

Прочитано: 2021 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика