Norma.uz

Ҳаракат хавфсизлиги – давра суҳбати мавзуси

 

ЕХҲТнинг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикасига кўмаклашиш» лойиҳаси Тошкентда давра суҳбати ўтказди.

 

Учрашувда қайд этилганидек, лойиҳа ўтган йили иш бошлади. Унинг мақсади – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш, биргаликда таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат. Шу сабабли суҳбатда қатнашиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, ИИВ ЙҲХДХ, «Ўзавтойўл» ДАК вакиллари, шунингдек ОАВ, онлайн-сайтлар журналистлари ва соҳага оид интернет ҳамжамиятлари иштирокчилари таклиф этилди.

Давра суҳбатининг 2 сессияси бўлиб ўтди. Биринчисида Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарорига ­1-илова) ҳақида сўз борди. Эслатиб ўтамиз, Қоидаларга 15 қўшимча ва бир қатор ўзгартиришлар киритилди, баъзи атама ва тушунчалар аниқлаштирилди. Йўл ҳаракатининг барча қатнашчилари уларни билиши ва бажариши мажбурий. Газетамизда («Норма маслаҳатчи»нинг 22.03.2016 йилдаги 12 (557)-сони) ЙҲҚдаги янгиликлар ҳақида ёзганмиз.

Видеокузатув камералари тест режимида ишлаши тўғрисидаги хабар қизиқиш уйғотди. Улар 2 турдаги қоидабузарлик – қизил чироқда ўтиш ва белгиланган тезликни оширишни автоматик равишда қайд этади. Улар содир этилганлиги ҳақидаги хатлар қоидабузарларга жўнатилади. Қолган қоидабузарликларга оператор томонидан қўлда ишлов берилади ва улар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.

Муҳокамада ҳаракат хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштиришга оид айрим таклифлар билдирилди. Улар сирасига тажовузкор мавзувий реклама, махсус веб-сайт яратиш, жарималарни ошириш киради. Охирги таклиф юзасидан Қонунчилик палатаси вакили санкцияларни ошириш масаласи кўрилмаётганини маълум қилди. Асосий устувор вазифа жазонинг муқаррарлиги бўлиши керак. Қоидабузардан жарима, у кичик ёки катта бўлишига қарамай, ундирилиши шарт.

Иккинчи сессия ҳам қизиқарли бўлди. Унда экспертлар – Туркия Полиция академияси ўқитувчилари Ҳамза Тосун, Тунчай Дурна ва Сербия Йўл полицияси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Владан Николич ўз мамлакатларидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Чунончи, Сербияда қоидабузарликларни ёппасига бартараф этишда... шок терапияси ёрдам берди. Авариялар матбуотда ҳам, телевидениеда ҳам кенг ёритилди. Кишилар йўлдаги эътиборсизлик оқибати нималарга олиб келишини кўрдилар.

Қоидабузарликларни баҳолашдаги балл тизими яна бир таркибий омил бўлди. Муайян миқдорда балл йиққан ҳайдовчини ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қиладилар. Ўзбекистонда ҳам суднинг ҳал қилув қарорига кўра ҳайдовчиларни муайян даврга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этадилар. Сербияда эса ҳайдовчи ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш учун яна ўқиши ва имтиҳон топшириши шарт.

Туркиялик полициячиларнинг тажрибаси кўнгилли инспекторлар институтининг муваффақиятли эканлигини намойиш этди. Исталган фуқаро шундай инспектор бўлиши мумкин. Рухсатномани расмийлаштиришнинг ўзи кифоя, шундан сўнг қайд этилган қоидабузарликларни махсус сайтга жўнатиш мумкин. Буёғига бепарво ҳайдовчи билан полиция шуғулланади.

ЎзРнинг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунга (19.08.1999 йилдаги 818-II-сон, 10.04.2013 йилдаги ЎРҚ-348-сон Қонун таҳририда) мувофиқ, давлат органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти вакиллари ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирларда қатнашишга ҳақли. Давра суҳбати ташкилотчиларининг таъкидлашича, бундай учрашувлар йўлларда хавфсизликни таъминлашга доир аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, ушбу соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиришга замин яратиш учун хизмат қилади.

 

Ўз ахборотимиз.

Прочитано: 2319 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика