Norma.uz

Қарздорликдан – фаровон ҳаётга

 

«Гавҳар Умид Коммуналчи» ХУМШ бошқаруви аъзолари ва тафтиш комиссиясининг мажлиси кенгайтирилган таркибда ўтказилди. Унда ҳокимлик, шаҳар ва Чилонзор туман ХУМШ уюшмалари, ушбу ширкатга хизмат кўрсатувчи «Альфа Лира Коммунал» бошқарув компаниясининг (бундан кейинБК) вакиллари иштирок этдилар.

 

 

 

Манфаатлар мос тушганда

7 ой аввал ушбу ХУМШ таркибига кирадиган 6 та уйнинг Чилонзор 8-мавзесида энг ёмон деб эътироф этилганлиги ширкатга эътиборнинг ошиши ва унинг фаолиятини доимий мониторингдан ўтказишга сабаб бўлди. Аҳоли ушбу уйларнинг аҳволи ғоятда танглиги хусусида тинмай шикоят қилар эди. Шунда туман ҳокимлиги шаҳар Уюшмасига уйларни тартибга солишда ширкатга кўмаклашиш илтимоси билан мурожаат қилди. Уюшма ўзига қарашли «Альфа Лира Коммунал» БКга ана шундай ёрдам кўрсатишни таклиф қилди. Бу пайтга келиб аввалги «Роза Стар Сервис» бошқарув компанияси уйларни тўлиқ хароба ҳолга келтириб, ғойиб бўлган эди. Натижада 7 ой ичида ширкат «Альфа Лира Коммунал» БК билан биргаликда хизмат кўрсатишнинг бутун даври мобайнида «Роза» амалга оширмаган ишларни охирига етказди. Энг асосийси – аҳолининг ширкатга ва инқирозга қарши бошқарувчи ролида чиқаётган БКга нисбатан ишончини бошқатдан қозониш орқали уйларнинг техник ҳолатини тиклашга эришилди. Аввалига кишиларга ўзини ўзи бошқаришнинг моҳияти, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари сабот билан, қатъиян ва ишонарли қилиб тушунтирилди. БК ва уй аҳлининг манфаатлари ўзаро мослигига ишонтириш ҳаммасидан қийин кечди. Бироқ, натижаларга қараганда, тартибга солиш жараёни бошланиб кетди, лекин бу йўлда ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозим эди.

Уюшма чўкиб кетаётган ХУМШни қутқаришга киришган 2015 йилнинг августида у қарзга ботган эди. Мажбурий бадаллар бўйича қарзи 43 млн сўмдан ошган эди. Ширкатнинг бошқа ташкилотлардан қарзи деярли 46 млн сўмга етганди. Шу жумладан картотекада 12 млн сўм қарзи ва тўлаш муддати ўтиб кетган 30 млн сўм кредити бор эди. Бошқарувчилар қарзни қайта таркиблашга эришдилар, ҳозир аҳоли уни ўз вақтида сўндиряпти. Электр энергияси учун қарз 1,7 млн сўм атрофида эди. БК ёрдамида ширкат туман электр тармоғидан қарзини тезда сўндирди.

3 ой ичида компания 2 250 кв.метр томни ёпди. Бутун қиш бўйи тинмадилар: иситиш тизимини таъмирладилар, устун (стояк)ларни алмаштирдилар, канализацияни тартибга келтирдилар. Ўтган йилнинг августидан декабригача БК 6 уй учун 45 млн сўмликдан ортиқ ишларни бажарди. Буларнинг ҳаммаси – кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва, албатта, уй аҳлининг ишончини қозониш йўлида омилкорлик билан ҳаракат қилаётган ташкилотнинг пухта ўйланган стратегияси натижасидир.

 

Аҳолининг ишончини қозониш йўлида

Бошқарув мажлисида ХУМШ фаолиятининг жорий масалалари ва I чорак учун БКнинг ҳисобот йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш муҳокама қилинди. Бироқ сўз барибир уйларнинг илгариги ва ҳозирги аҳволи қандайлигига келиб тақалди. Кишилар бунчалик қисқа вақт ичида ҳайратланарли ўзгаришларга ҳокимлик–ХУМШ–БК–шаҳар ва туман уюшмалари–маҳалланинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйган шаҳар Уюшмаси ёрдамида эришилганлигини эътироф этдилар.

«Гавҳар Умид Коммуналчи» ширкати раиси Маҳаммаджон Миршариповнинг ҳикоя қилишича, аввалги БК нафақат чакка ўтадиган томлар ва титиғи чиқиб кетган йўлаклар, занг босган қувурлар ва иситиш билан боғлиқ муаммолар, сувга тўлган ертўлалар ва жуда катта картотека қарзи, сўндирилмаган кредитлар, уй аҳлининг қарзлари ва бошқа хўжасизлик аломатларини, балки кишиларнинг уй-жой хўжалиги ходимларига ишончсизлиги, уларга нисбатан норозилик, ғазаб, назарга илмаслик ҳиссини ҳам мерос қилиб қолдирган эди.

– Ана шу психологик тўсиқларни бартараф этиш ҳаммасидан ҳам оғир бўлди, – деди раис. – Дастлабки пайтда уй аҳли БКга келиб: «Сизлар ҳам аввалги компания каби ўғри ва фирибгарсизлар. Пулимизни шилиб олиб, қочиб кетасизлар!» – дея норозиликларини изҳор қиларди. Энди эса улар БК офисига кўришиш ва ишлар аҳволини билиш учун ­келишяпти. Йиллар мобайнида пул тўламаган қарздорлар: «Энди иш қилинаётганлигини кўрдик, уларнинг ҳақини тўлашимиз керак», – дея аста-секин қарзларини уза бошладилар.

Бундай эътирофнинг баҳоси йўқ. БК раҳбарлари – уйларимиз учун ўз уйидек жон куйдираётган ажойиб аёлларга раҳмат айтамиз. Улар қатъият, сабот кўрсатдилар, ишнинг кўзини билиб ҳаракат қилдилар. Тишни тишга қўйиб, аҳолининг ишончсизлиги ва шубҳаларини, ўзгаришларга қаршилигини енгиб ўтиб, уларга асосий далилни: уйларимизнинг қандай бўлиши фақат ўзимизга боғлиқлигини етказа олдилар.

Уйларимиз аҳлининг айтишича, илгари улар ширкат нималигини яхши тушунмаганлар. Бунинг устига ХУМШнинг аввалги раҳбарияти ҳам ўзгаришлардан хабардор ва ҳуқуқини танийдиган квартира эгалари бўлишидан унчалик манфаатдор эмас эди. Техник кўмакдан ташқари, шаҳар Уюшмаси ва бошқарув компанияси биринчи навбатда бошқарув аъзолари ва уй қўмиталарининг раислари учун ҳуқуқий саводхонлик машғулотларини ўтказа бошлашди. Улар эса аҳолини уйларнинг ўзини ўзи бошқариш асослари, квартира эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардор қилдилар.

Назария уй хўжалигини тиклаш амалиёти билан чамбарчас боғланиб кетди. Аҳоли ўзгаришларга ишониши учун БК уй қўмиталари раислари орқали ХУМШ аъзоларининг пуллари нималарга сарфланаётганлигини тушунтириб, ишнинг очиқ-ошкорлигини тўлиқ таъминлади. Офиснинг ёнида банк кассаси жойлашган, кишилар умумий мол-мулкни сақлашга бадаллар ва коммунал тўловларни шу ерда тўлай бошлашди. Аввалги компания кишилардан нақд пулларни йиғиб, сохта квитанциялар берарди. Шу боис уйнинг раҳбарлари қочиб кетганда бухгалтерия ҳисоби бўйича ҳеч қандай ҳужжатлар қолмаган.

Илгари ХУМШда на бошқарув, на тафтиш комиссияси бор эди. Тегишинча, умумий йиғилишлар, бошқарув мажлислари ўтказилмаган. Ҳозир эса кишилар йиғилишади, БК уларга ўз иши тўғрисида мунтазам ҳисоб беради. ХУМШ фаоллари қизиқиш билан баъзан: «Негадир кўпдан бери йиғилмадик», – дейишмоқда.

 

Ҳар бир уйга – ўз тарифи

Йиғилишда бошқарув аъзолари уй хўжалигини бошқаришнинг кўпгина имкониятлари тўғрисида билмаганликларини эътироф этишди.

– Масалан, бошқарув компанияси жорий йилга ҳар бир уй учун техник ҳолатига боғлиқ ҳолда мажбурий бадаллари миқдорини ҳисоблади, – дейди Гулчеҳра Жўрабоева. – Илгари бараварлаштириш тартиби амал қиларди, ҳозир эса – ҳар бир бинога якка тартибда ёндашилади. Бу жуда оқилона ва тўғри ечим. Уйларнинг ҳаммасида яшовчилар билан ишлар режаларининг лойиҳалари, даромад ва харажатлар сметаси, бадал миқдорини муҳокама қилдик. 37-уй учун 1 кв.метрга 810 сўм – ўша пайтда амал қилганидан 2 баравар кўп бадал таклиф этилди. Уйда иситиш муаммоси кўп йиллардан бери мавжуд эди. Шу сабабли БК ертўлани таъмирлаш йилнинг асосий устуворлиги деб белгиланишини таклиф қилди. Ушбу тариф иситиш тагсинчи (120 м), иситиш тизимидаги 72 вентиль, совуқ сув тагсинчи (100 м), совуқ сув таъминоти тизимидаги 24 вентиль, ертўладаги канализация тагсинчини (28 м) алмаштириш, уй учун умумий электр шчити ўрнатиш харажатларини қоплаши керак эди. Уй аҳли йиғилди, муҳокамадан сўнг таклиф этилган бадал улар учун кўп деган қарорга келди. 1 кв.метр учун 600 сўм тарифи тасдиқланди. Ҳозирда ушбу уй учун таклиф қилинган ишлар режасидан баъзиларини чиқариб ташламоқчимиз.

– 39А-уйда яшовчилар эса бошқарув компанияси 1 кв.метр учун 730 сўм миқдорида таклиф этган тарифга рози бўлдилар, – дейди Юлия Гнедина. – У 135 м иситиш устунларини, ертўладаги 30 м канализация тагсинчини, 24 вентилни алмаштириш учун етиши керак. Ҳозирда режаларга баъзи ўзгартиришлар киритилди: вентилларни алмаштириш ўрнига уларни таъмирлаб, 2 йўлакни тартибга келтиришга қарор қилдик. Уй томида Beeline антенналари ўрнатилса, бунга қўшимча маблағ қўшилади.

Иситиш мавсуми яқинда тугади, бироқ келгуси мавсумга тайёргарлик бошлаб юборилди. Иситиш устунларини алмаштиряпмиз, ертўлаларни таъмирлашга тайёрланяпмиз. Ана шу 2 уйда иситиш ва иссиқ сув билан боғлиқ муаммолар бор. Уйлар иссиқлик трассаси охирида жойлашган, бу ерда циркуляция деярли мавжуд эмас. Кишилар кўп йил Тошиссиқсувқувватига шикоят қилишди, бироқ монополиячи иситиш муаммосини ўзларидан қидириш лозимлигини айтди. Ҳозирда уйлар учинчи йилдирки мини-қозонхона ўрнатишга навбатда турибди. 37-уйда иссиқлик узели камқувват: параметрларга мос эмас, 8 та эмас, балки 4 та йўлакка мўлжалланган. У ҳам таъмирлашни талаб қилади.

– Иссиқлик таъминотчилари билан масалани ҳал қиламиз, – дейди Чилонзор туман ҳокимлиги бош мутахассиси, 9-«Лутфий» округи раҳбари Камол Ҳамроев. Округ мутасаддига ёлчиган. Камол ҳар бир ХУМШнинг муаммосини яхши билади, умумий йиғилишларда иштирок этади, уй аҳли билан муомала қилади, кўп квартирали уйларни бошқариш, аҳолининг коммунал хизматлар етказиб берувчилари билан муносабатларига доир кўплаб масалаларни ҳал этишда амалда ёрдам беради.

Уйларни видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш тўғрисида сўз борди. Уларни пойтахтда шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан ўрнатмоқдалар. Бу хавфсизлик, умумий ва фуқароларнинг шахсий мол-мулкларини сақлаш мақсадида қилиняпти. БК бошқаруви мажлиси олдидан «Автоматика Комплекс Системалари» МЧЖ директорининг ўринбосари Олег Моторин келди. У Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уй-жойларда видеоускуналари ўрнатиш билан шуғулланади. Шаҳар ХУМШ уюшмасининг бош мутахассиси Раиса Ли камера нархи ва уларга техник хизмат кўрсатиш, уларнинг имкониятлари, хусусиятлари, монитор жойлаштириладиган 1 уй учун камералар сони ва бошқа жиҳатлар билан қизиқди. Лойиҳа кредит ҳисобига амалга оширилади, уни сўндириш ХУМШ аъзолари зиммасига юкланади. Шу боис ушбу масалани ҳар бир уйдаги жой мулкдорларининг умумий йиғилиши кўриб чиқиши учун киритишга қарор қилинди.

 

Қайта ҳисоб-китобга алоҳида ёндашув

Уйларда иш қизғин бораётганлигига қарамай ширкатда ҳали қарздорлар сони етарли. Аҳоли банк кредитларини узяпти, кўп ишлар БК маблағлари ҳисобидан бажариляпти. ХУМШ 2016 йил 1 январга келиб ундан қарийб 11 млн сўм қарздор бўлиб қолди. Округ раҳбари ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш, уй аҳли билан суҳбат ўтказиб, бадалларни тўламаслик сабабини аниқлаш, қарздорларга нисбатан алоҳида ёндашишни таклиф қилди.

– Масалан, даромади кам бўлган фуқаролар ёки вақти йўқлиги сабабли тўлашни унутиб қўядиган кишилар қарздор бўлиб қолиши мумкин, – дейди Камол Ҳамроев. – Бадал тўлашни хоҳламайдиган ашаддий қарздорлар бор. Одатда улар тўловга қобил бўлади. Бундай қарздорларга аввал қарзни ихтиёрий равишда сўндириш зарурлиги тўғрисида хабарнома юбориб, сўнг улардан боқимондаларни суд тартибида ундириш зарур. Энг интизомли тўловчилар пенсионерлардир.

Бошқарув аъзолари аҳоли ўз ҳисобидан бажарган ишлар учун харажатларни қайта ҳисоб-китоб қилиш билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама қилдилар. Йил бошида умумий йиғилишда ХУМШ аъзолари қисман қайта ҳисоб-китоб қилиш имконияти тўғрисида қарор қабул қилиб, ушбу қисм бир йил учун мажбурий бадаллар ҳисобланмалари умумий суммасининг 15%ини ташкил этишини белгиладилар. Бир йилдан кўп бўлмаган муддатда ишлатилган материаллар учунгина қайта ҳисоб-китоб қилишга, ҳар бир алоҳида ҳолни эса ширкат бошқаруви йиғилишида кўриб чиқишга қарор қилинди.

– Аввалги БК даврида ўлда-жўлда қайта ҳисоб-китоб қилинарди, – дейди Гулчеҳра Жўрабоева. – Баённомалар, далолатномалар, чеклар бўлмасди, бунинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида ўйлашмасди. Баъзилар ҳанузгача кўп йиллар аввал қилинган қандайдир ишлар учун бадалларни ҳисобдан чиқаришни талаб қилишади. Масалан, қўшни томнинг бир қисмини таъмирлади, шундан кейин чакка ўта бошлади. Шундай бўлса-да, у харажатини ҳисобдан чиқаришни талаб қилди. Бироқ ширкат сифатсиз ишни қайта бажаришига, унга уй аҳлининг маблағларини қўйишига тўғри келадику. Шу ўринда ҳисобдан чиқариш тўғрисида сўзлаш мумкинми?

– 2А-уйнинг 1-йўлагида яшовчилар ҳам ертўладаги иситиш тизимларини алмаштирмоқчи, – дейди Ҳанифа Алимбоева. – Ушбу масала даромад ва харажатлар сметасини ҳисобга олган ҳолда уйнинг умумий йиғилиши кўриб чиқишига киритилган.

10-уйдаги Муҳаббат опа Холиқова ҳам уларда вазият ўзгарганлиги, шикоятлар камайганлигини айтди. Албатта, тўламайдиган фуқаролар бор, бироқ кишилар уй хўжалиги масалаларини биргаликда ҳал эта бошладилар. 8-уйдаги Сайёра Омонқулова ҳам шундай фикрда. Ўзгаришларни кўриб, қўшнилар уйда нималар қилинаётгани билан қизиқа бошладилар.

– Биз ширкатларни, уйларнинг техник ҳолатини мунтазам мониторингдан ўтказамиз, – дейди Чилонзор туман ХУМШ Уюшмаси раиси Моҳира Нуралиева. – Улар ХУМШ билан шартномага кўра уй хўжалигини билимли профессионал компания бошқарганда амалда катта муваффақиятларга эришилишини кўрсатади. Буни биз «Гавҳар Умид Коммуналчи» ширкати ва «Альфа Лира Коммунал» БК мисолида кўряпмиз. Бироқ бу тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат, профессионал даража, ўзаро ишончга асосланган фаолият юритишни талаб этади.

 

 

Қўллашга доир йўриқнома

 

Эҳтиёт бўлинг, лифт!

 

Чилонзордаги кўп қаватли уйларнинг бирида фожиа юз берди. Кекса аёлни лифт кабинаси қисиб қолди. Уни қутқара олишмади. Ҳозирча тергов бораётганлиги боис хулоса чиқариш ва бунинг сабабларини излашга уринмаймиз. Бироқ ушбу фавқулодда ҳодиса лифтларга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек аҳолининг ўзи лифтлардан фойдаланиш қоидаларига қандай риоя этаётганлиги билан боғлиқ муаммоларни яққол намоён этди.

 

Ўзига зарар келтирадиган тежам

Аввало шуни унутмаслик лозимки, лифтлар уй-жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади, мулкдорлар уларни ўз ҳисобларидан сақлаб туришлари шарт. Кўтаргичнинг ишга яроқлилиги ва унинг техник ҳолати ширкат аъзоларининг тўлов интизомига боғлиқ. Одатда лифтлар ойлаб «қимирламай» турадиган ХУМШларда уларга лозим даражада хизмат кўрсатилмайди. Чунки уй аҳли умумий мол-мулкни сақлаб туришга мажбурий бадалларни тўламайди. Натижада лифтлардан «тежаш» бошланади. Ширкатларнинг раҳбарлари ихтисослашган ташкилотлар билан шартнома тузишга шошилмайдилар. Улар вақти-вақти билан бир марталик ишларни бажаришга ушбу иш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган кишиларни арзимаган ҳақ эвазига четдан ёллайдилар. Аммо лифт мураккаб механизм, юқори хавф объектидир. Бундай фаолият турини амалга оширишга «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг рухсатномасига эга бўлган юридик шахсларгина ХУМШ билан шартномалар асосида уларга хизмат кўрсатишлари мумкин.

Жисмоний шахсларга лифтларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш билан шуғулланиш ман этилган. Уларнинг баъзилари бунинг учун ўқиганмиз, махсус ижозатномамиз бор дейишлари мумкин. Бироқ иккала ишни фақат юридик шахс, шунда ҳам шартномага асосан амалга ошириши мумкин. Зеро шартнома йўқ бўлса, тарафларнинг жавобгарлиги ҳам бўлмайди. Бинобарин, лифтлар ишламай қолса, таъмирлашни талаб қилса, фавқулодда ҳодиса юз берса, ҳеч ким жавобгар бўлмайди. Ана шунда тежам кўп қаватли уйларда яшовчилар учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Ширкат лифтларга хизмат кўрсатишга жалб этган тасодифий кишилар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солади. Профессионал ташкилот билан шартномада эса кўтаргични таъмирлаш, тиклаш ишларининг рўйхати белгилаб қўйилади. Шартнома диспетчер, механикнинг бўлишини, авария ҳолатида тезкор чоралар кўришни тақозо этади. Мутахассисларда бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар бўлади. Лифт бузилиб қолганда улар носозликни тезда бартараф эта оладилар. Механиклар уларни мунтазам профилактик кўздан кечирадилар, барча эътирозларини журналда қайд этадилар.

Чилонзор туманида лифтлар мониторинги ўтказилганда 300 га яқин ишлатилмаётган кўтаргичлар борлиги аниқланди. Кескин зарурат туғилганда уларни ишга туширишга жисмоний шахслар жалб этилган. Ҳозирда шартномалар тузилган, хизмат кўрсатиш билан профессионал компаниялар шуғулланмоқда. Пойтахтда бугунги кунда 40 га яқин ана шундай ихтисослашган ташкилотлар ишлаяпти. Кўтаргичларнинг техник ҳолати устидан назоратни «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси амалга оширмоқда.

 

Қандай қилиб аварияларга йўл қўймаслик мумкин

1. Шартнома асосида лифтга бошқарувчи ташкилот ёки ушбу фаолият турига лицензияси бўлган ихтисослашган ташкилот хизмат кўрсатиши керак.

2. Кабинада албатта йўловчи лифтларидан фойдаланиш қоидалари ва кўтаргич носоз бўлган тақдирда қўнғироқ қилиш керак бўлган телефон рақамлари бўлиши керак.

3. Қуйидаги носозликлар аниқланганда ширкат ёки кўтаргичга хизмат кўрсатувчи ташкилотга шошилинч хабар бериш лозим:

лифт тез-тез ушланиб (юрмай) қолганда;

ҳаракатланаётганда бегона товушлар ва ғижирлаш эшитилганда, чироқ тез-тез пирпираганда;

кабина кескин силтанишлар билан ҳаракатланганда;

тугмачалари биринчи босишдан кейин ичига кириб кетганда ва ишламаганда;

лифт ноаниқ, керакли қават бўсағасидан анча юқори ёки паст ҳолатда тўхтаганда (нормадан йўл қўйиладиган тафовут – 35 мм).

4. Лифтда ҳаракатланаётганда кабинани қимирлатиш ва уни ортиқча юклаш мумкин эмас.

5. Алангаланадиган ва ёнувчи суюқликлар, қурилиш чиқиндиларини ташиш, кабинада чекиш тақиқланади.

6. Лифтга кириш олдидан олдингизда очиқ шахта эмас, ҳақиқатан ҳам кабина очилганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Кабина поли чиқилаётган қават поли билан бир сатҳда жойлашиши керак. Агар улар ўртасида лоақал арзимаган тирқиш (2–3 см дан кўп) бўлса, зинадан фойдаланинг ва носозлик тўғрисида диспетчерга хабар қилинг.

7. Барча йўловчилар чиқишга улгурганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина зарур қаватнинг тугмасини босинг.

8. Агар лифт эшиги очиқ турган бўлса ёки кабина ёритилмаган бўлса, яхшиси зинадан чиқинг.

9. Агар сиз чақирув панелидан чиқиб турган симларни ёки лифт қисмларидан бирининг яхлитлиги бошқача тарзда бузилганлигини кўрсангиз, кўтариш механизмидан фойдаланиб бўлмайди. Бирор-бир бошқа носозлик чоғида лифтдан фойдаланиб бўлмайди. Нуқсонларни сезганда бу ҳақда албатта диспетчерга хабар қилинг.

 

Фавқулодда ҳодиса учун ким жавоб беради

«Берёза Коммунал Сервис» профессионал бошқарув компанияси кўп йиллардан бери кўтаргичларга хизмат кўрсатиб келади, бу ишда тажриба ва обрў орттирган. Ушбу соҳа муаммоларини ичидан билади. Унинг директори Валентина Азимова шундай ҳикоя қилади:

– Хизмат кўрсатишга ночор аҳволдаги, ишлатиш мушкул бўлган лифтларни қабул қиламиз, улар ичида нормал ишлайдиганлари бўлмайди. Далолатнома тузаётганда бир талай носозликларни аниқлаймиз. Баъзан уларнинг айримлари қандай ишлаганлиги ва бунда аҳоли қандай таҳдид остида бўлганлигидан ҳайратга тушамиз. Кўпинча кабинада умуман тугмачалар бўлмайди, эшиклари ёпилмайди, машина бўлимидаги симлар бир-бирига туташиб кетган, деталлари ейилган, ушлагич (кўтариш арқони узилган тақдирда кабинани ушлаб турувчи қурилма) носоз, мотори куйган бўлади ва ҳоказо.

Тўғри, уй аҳли бадалларни тўламаслиги туфайли кўп ХУМШлар мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган. Бироқ ширкат раҳбарияти уларга лифтларга хизмат кўрсатаётганда тежаш мумкин эмаслигини тушунтириши шарт. Агар фавқулодда ҳодиса юз берса, аввало ширкат аъзоларининг умумий мол-мулкини лозим даражада сақлаб туришни таъминламаган ХУМШ жавоб беради.

Бизда битта кўтаргичга хизмат кўрсатиш нархлари табақалаштирилган. Уйнинг қаватларига қараб нарх 60 мингдан 160 минг сўмгача қилиб белгиланган. Ҳатто тариф 40 минг сўм қилиб белгиланган беш қаватли уй ҳам бор. Мажбурий бадал таркибида бу нарх қанчани ташкил этади? Масалан, 1 кв.метр учун мажбурий бадал 400 сўм қилиб белгиланган тўққиз қаватли уйда лифтга хизмат кўрсатиш учун тўлов тахминан 13%га тенг бўлади. Кўтаргичнинг техник ҳолатига қараб ушбу рақам кўп ёки кам бўлиши мумкин.

Тижорат тузилмаси бўлишимизга қарамай гоҳида кишиларнинг аҳволларини одамгарчилик нуқтаи назаридан ҳисобга оламиз. Ишламайдиган лифтлар кексалар, беморлар, ёш болали ота-оналар учун қанчалик оғир эканлигини тушунамиз. Лифтлари ишламаётган уйга келган «тез ёрдам» бригадаси юқорига зина орқали чиқишдан бош тортган ҳолатлар бўлган. Шу боис биз кредитларни тўлаётган, молиявий аҳволи оғир бўлган ширкатларга чегирмалар қиламиз. Ёки лифт учун тўлов муддатини ўтказиб юборган уйларга хизмат кўрсатамиз, улар тўловни кейинроқ тўлашларига ишонамиз.

Яқинда бизга бир маҳалладан қўнғироқ қилишди, эгасиз қолган 57 та лифтга хизмат кўрсатишимизни илтимос қилишди – ширкатларда ихтисослашган компаниялар билан бирорта шартнома мавжуд эмас. Бунинг устига нархни пасайтиришимизни сўрашди. Бироқ кўп йиллардан бери хизмат кўрсатилмаган ва профилактикада бўлмаган кўтаргичларни таъмирлаш ва тиклаш учун кўпроқ маблағ талаб қилинади. Биз ХУМШ раҳбарияти ва аъзоларининг масъулиятсизлиги туфайли зарар кўриб ишлаёлмаймиз.

 

Болалар ва ҳайвонлар билан лифтга чиққанда эътиборли бўлинг

1. Мактаб ёшига етмаган бола фақат катталар кузатувида лифтдан фойдаланиши мумкин.

2. Лифт кабинасига аввал катта киши, кейин бола кириши керак. Ундан биринчи бўлиб болалар чиқади.

3. Агар коляскада болангиз бўлса, болани қўлга олиб лифтга кириш, кейин коляскани йиғилган кўринишда олиб кириш керак. Чиқишда – тескари тартибда. Аввал – коляска, кейин – она ва бола.

4. Агар уй ҳайвонлари билан тушсангиз (кўтарилсангиз), ҳайвон кабинага бутунлай кирганлиги ва унинг думи лифт эшигидан чиқиб қолмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.

 

Лифтлар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар муаммоси кескин бўлиб турибди. Уларнинг кўпчилиги Самарқанд ва Россияда ишлаб чиқарилади. Баъзи бутловчи буюмлар Россиядан олиб келинади, бир қисмини бозордан топса бўлади, маҳаллий усталар ҳам баъзиларини тайёрлайди.

 

Коляскани йиғиб лифтга киринг

Албатта, лифтларга хизмат кўрсатишда аҳолига боғлиқ бўлмаган муаммолар мавжуд. Пойтахтда кўтаргичларнинг салмоқли қисми чорак асрдан кўп вақт илгари ўрнатилган. Улар эскирган, мукаммал таъмирлаш ва алмаштиришга муҳтож, ширкатлар эса буни бажаришга қодир эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2015 йилдаги 235-сон Қарори билан 2016–2021 йилларда Тошкент шаҳрининг кўп квартирали уйларида лифтларни алмаштириш дастури тасдиқланган. Унда пойтахтнинг кўп квартирали уйларида 1 000 та кўтаргични алмаштириш назарда тутилган. Аҳолига ушбу улкан ёрдам давлат бюджети ҳисобидан кўрсатилмоқда. Уй-жой мулкдорлари эса кўтаргичларни сақлашлари ва уларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари шарт.

Кўтаргичларнинг хавфсизлиги ва сақланишини таъминлашда уй аҳлининг йўловчи лифтларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши ҳам муҳим. Болаларнинг унда сайр қилишларига, ёпиқ эшикни куч ишлатиб очишларига, кўтаргич ҳаракатланаётганда барча тугмачаларни босишлари ва уни очишга уринишларига, кабина ичида сакрашларига ва бошқа қилмишларига ота-оналари эътибор бермайдилар. Бундай «шўхликлар» лифтларни ишдан чиқаради, хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид солади, авария вазиятини туғдиради. Мактаб ёшига етмаган болаларнинг лифтдан мустақил фойдаланишлари умуман тақиқланганлигини билиш лозим. Катталар болаларга кўтаргичларни эҳтиёт қилиш кераклигини, бундай шўхликлар яхшиликка олиб келмаслигини тушунтиришлари керак. Ишдан чиққанда лифтни таъмирлаш ҳақини яшовчиларнинг ўзлари тўлайдилар.

Қоидаларда кабинага бола билан коляскани олиб кириш тақиқланганлиги оналарга кўпдан бери тушунтириб келинади. Коляска йиғилган бўлиши, болани қўлда кўтариб олиш керак. Ота-оналар эса бундай қилишмайди. Ахир лифт эшиги кичкинтой ўтирган коляскани сиқиб қўйиши мумкин. Тўққиз қаватли уйлар лойиҳалаштирилганда уларда коляска қўйиш жойлари назарда тутилган эди. Бироқ хусусийлаштириш чоғида нотурар жойлар сотиб юборилди.

 

Лифтларни алмаштириш ва мукаммал таъмирлаш дастурига қандай қилиб кириш мумкин

Дастур доирасида лифтларни алмаштириш ва янгилаш ишларининг буюртмачиси Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмаси (ТШҲКФБ) ҳисобланади. У кўп квартирали уйларни инвентаризациялайди, бунда алмаштириш ва мукаммал таъмирлашни тақозо этадиган ғоятда эскирган кўтаргичлар аниқланади, нуқсонлар далолатномалари тузилади, манзилли дастур ва рўйхатлар тасдиқланади. Ширкат ТШҲКФБга лифтни алмаштириш ёки мукаммал таъмирлаш зарурлиги асосланган ариза юбориши мумкин. У ҳисобга қўйилади ва комиссия томонидан кўриб чиқилади. 

 

Кабинада қурилиш материаллари ва чиқиндиларни ташиш ҳам лифтларнинг техник ҳолатига хавф солади. Бироқ эски уй-жой фондида юк лифтлари деярли мавжуд эмас. Шу боис авария вазиятлари кўпинча квартираларни таъмирлаш чоғида вужудга келади. Йўловчи лифтига уч ишчи ҳамроҳлигида 20 қоп қум юкланган ҳол бўлган. Юк оғирлигидан кўтаргичнинг мотори куйиб кетганлиги ажабланарли эмас. Таъмирланаётган квартира бекаси эса: «Менинг бунга алоқам йўқ, ишчиларни изланг, ана улар тўласин», – дейишдан нари ўтмади. Уларни қаердан топасиз? Ким тўлаши кераклиги хусусида баҳс пайтида лифт ишламади, уй аҳли қийналди. Қўшни аёлга раҳмат – у моторни тиклаш учун ҳақ тўлаб, ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Бундай ҳоллар жуда тез-тез учраб туради.

Уйда яшовчилар лифтларнинг хавфсиз ишлашига ишонч ҳосил қилишлари учун ширкатлар ва бошқарувчи компаниялар кўтаргичларга хизмат кўрсатувчи ташкилотни танлашга жиддий ёндашишлари керак. Шартнома тузишдан аввал у профилактик таъмирлашни ўтказиши, лифтлар иши устидан назорат қанчалик пухта йўлга қўйилганлигини аниқлаштириб олиш керак.

 

Экстремал вазиятда нима қилиш керак

1. Агар лифтда қамалиб қолган бўлсангиз, аввало ваҳимага тушманг, балки дарҳол диспетчерни чақиринг.

2. Агар диспетчерни чақириш тугмачаси ишламаса, мобил телефондан фойдаланиш, вазият ҳақида лифтдан фойдаланиш қоидаларида кўрсатилган телефон орқали, сиз меҳмонга бораётган кишилар ёки қариндошларга хабар қилишингиз керак.

3. Агар бундай қилишнинг иложи бўлмаса, овоз чиқариб ёки кабина корпусини тақиллатиш билан ёнингиздан ўтиб кетаётган кишилар эътиборини тортишга урининг.

4. Агар кабина қаватлар ўртасида туриб қолса, лифт эшиги ва шахта эшигини очиш, ундан мустақил равишда чиқиш мумкин эмас.

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Мулкий масала

 

Ширкат аъзоларининг умумий мол-мулки ва ХУМШ мол-мулкига нималар киради? Булар ҳар хил тушунчами ёки битта нарсами?

А.Умархўжаева.

 

– «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ, ширкатнинг мол-мулки пул маблағлари, бинолар, иншоотлар, ускуналар, асбоб-анжомлар, транспорт воситалари ҳамда ширкат маблағлари ҳисобига ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулларда олинган ўзга мол-мулкдан, шунингдек ширкатнинг ер участкасидаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш элементларидан иборат бўлади. Ширкатнинг пул маблағлари қуйидагилардан таркиб топади:

ширкат аъзоларининг мажбурий ва ихтиёрий бадаллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар ва тушумлар.

Алоҳида кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари ширкат аъзолигидан чиққан тақдирда, бу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш учун жой мулкдорлари томонидан маблағларни мақсадли жамғариш ҳисобига тўпланган ширкат пул маблағларининг бир қисми янги тузилаётган ширкатга белгиланган тартибда ўтказилиши керак.

Кўп квартирали уйнинг умумий жойлари, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланади (Қонуннинг 28-моддаси).

 

 

Тўлов чоғида хато қилдик

 

Совуқ сув ҳақини тўлаётганда ноль рақамига адашиб, 21 700 сўм ўрнига 217 000 сўм тўладик. Олдиндан тўлаган ушбу тўловимиз 10 йилга етади, бироқ 1 йилдан кўп вақтга олдиндан тўлаш мумкин эмас. Пулларимиз нима бўлади?

Т.Саидов.

 

– Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларининг (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 2-илова) 108-бандида назарда тутилишича, I гуруҳ истеъмолчилари (ўз турар жой уйларида ва кўп квартирали уй квартираларида яшовчи жисмоний шахслар) аванс тариқасида коммунал хизматлар учун 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўловларни аввалдан амалга ошириб қўйган бўлсалар, улар шу вақт мобайнида тарифларнинг ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод этиладилар. Бироқ бунда аванс тариқасидаги тўлов ҳақида эмас, балки тўлов ҳужжатларини ёзишда йўл қўйган хатоингиз ҳақида сўз бораяпти.

Қоидаларнинг 112-бандида белгиланишича, истеъмолчининг ўз-ўзига хизмат қилиш тартибида тўлов ҳужжатларини ёзиш ва тўлдиришда йўл қўйган хатолари ИСКХ ташкилоти томонидан аниқланган вақтида ҳисобга олинади. Сув таъминоти ташкилоти ходимлари қайта ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайдилар. Бунинг учун сиз туманингиздаги «Сувсоз»га ариза билан мурожаат қилишингиз керак.

 

 

Газчини уйга киритиш керакми?

 

Лойиҳага кўра газ ҳисоблагичи кўчада ўрнатилган. Газ таъминоти ташкилоти инспектори уйга кириши шартми? Агар шарт бўлса, қайси ҳужжатга асосан?

А.Тоҳиров.

 

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший шароитда газдан фойдаланиш қоидаларининг (АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 17.8-бандида назарда тутилишича, уй-жой мулкдорлари газ хўжалиги корхоналари ходимларини, улар хизмат гувоҳномаларини тақдим этганларида, газ қувурлари ва газ жиҳозларини кўздан кечириш ва таъмирлаш учун квартира, турар жойга сутканинг исталган пайтида киритишлари шарт.

Қоидаларнинг 14.12-бандига асосан, газ таъминоти ташкилоти вакили белгиланган муддатларда газ плиталарини тафтиш қилиш ва профилактик хизмат кўрсатишга мажбур. Бунинг учун истеъмолчи унинг турар жойга киришини таъминлаши шарт.

Газ жиҳозини тафтишдан ўтказиш санаси тўғрисида истеъмолчилар камида 3 сутка олдин уйларнинг йўлакларида осилган эълонлар, бошқа усуллар орқали огоҳлантирилган бўлишлари керак.

Табиий газни чакана истеъмолчига етказиб бериш шартномасининг 4.2-бандида истеъмолчининг етказиб берувчи вакилига газни ишлатиш жиҳози ва газни ҳисобга олиш асбобини текшириш имкониятини таъминлаш мажбурияти белгиланган.

 

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 2097 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика