Norma.uz

Ишдан бўшаш: ариза ёзаётганда матнга эътиборли бўлинг

 

Маълумки, Меҳнат кодексининг 99-моддаси иккинчи қисмига кўра ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Ушбу Кодекс 97-моддаси биринчи қисмининг 1-банди эса ходим ва иш берувчи ўртасида эришилган келишувга биноан меҳнат шартномасини номуайян муддатда бекор қилиш имкониятини беради. Ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда тарафлар ходим тегишли аризани берган кундан бошлаб муайян санагача келишувга эришган ҳисобланадилар, бу сана икки ҳафталик муддатни ўз ичига олади. Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандида эса бундай чеклов муддатга эга бўлмаслиги ҳамда келишувни бир томонлама бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Бу нормаларда ўзаро номувофиқликлар йўқми? Умуман, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштираётганда қайси модда асос қилиб кўрсатилиши керак? Асоснинг нотўғри кўрсатилиши ишга тиклаш учун сабаб бўла оладими?

Тўлқин Абдуллаев,

Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат-диагностика маркази
катта юрисконсульти.

 

– Албатта, меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг (кейинги ўринлардаМК) 99-моддаси ёки 97-моддаси 1-банди билан бекор қилиш мумкин. Табиийки, бу нормалар орасида тегишли фарқлар мавжуд бўлиб, ҳаммаси аризалар матнини қанчалик саводхонлик билан ёзишга боғлиқ бўлади. Саволингизга жавоб тариқасида эътиборингизга ишдан бўшовчи ходим ёзиши лозим бўлган намунавий аризаларни тақдим этамиз.

I. Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш:

 

1.1.                                                                           Раҳбар номига

                                                              (кимдан)

А Р И З А

Мени ўз хоҳишимга кўра ишдан бўшатишингизни сўрайман.

2015 йил 10 февраль                      _______________________________________

(мурожаат қилинган кун)                             (ходимнинг имзоси) 

 

1.1.1. Ариза мазмунидан келиб чиқиб, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантирмоқда (МК 99-моддасининг 1-қисми);

1.1.2. Ходимнинг охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун – 2015 йил 24 февраль ҳисобланади. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим 2015 йил 25 февралдан ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга 2015 йил 24 февралда меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (МК 99-моддасининг 1-қисми, МК 107-моддасининг 2-қисми ва 108-моддаси);

1.1.3. Ходим огоҳлантириш муддати давомида (2015 йил 11 февралдан 24 февралгача) ходим берган аризасини қайтариб олишга ҳақлидир.

 

1.2.                                                                           Раҳбар номига

                                                              (кимдан)

А Р И З А

Мени ўз хоҳишимга кўра 2015 йил 16 февралдан ишдан бўшатишингизни сўрайман.

2015 йил 10 февраль                      _______________________________________

(мурожаат қилинган кун)                             (ходимнинг имзоси) 

 

1.2.1. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин – 2015 йил 16 февралдан ҳам бекор қилиниши мумкин (МК 99-моддасининг 2-қисми);

1.2.2. Агар иш берувчи розилик бермаса – меҳнат шартномаси икки ҳафта ишлаб бериш шарти билан 2015 йил 24 февралдан бекор қилиниши мумкин;

1.2.3. Тарафлар келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати (2015 йил 11 февралдан 16 февралгача) давомида ёки огоҳлантириш муддати давомида (2015 йил 11 февралдан 24 февралгача) ходим берган аризани қайтариб олишга ҳақлидир.

 

1.3.                                                                           Раҳбар номига

                                                              (кимдан)

А Р И З А

Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетига ўқишга кирганлигим сабабли мени ўз хоҳишимга кўра 2015 йил 27 августдан ишдан бўшатишингизни сўрайман.

Университетнинг ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини илова қиламан.

2015 йил 24 август             _______________________________________

(мурожаат қилинган кун)                   (ходимнинг имзоси)

 

1.3.1. Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза унинг ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига ўқишга қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда – 2015 йил 27 августдан бекор қилиши керак (МК 99-моддасининг 5-қисми).

 

II. Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш:

Мазкур асосга кўра меҳнат шартномасининг барча турлари тарафларнинг келишувига кўра исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.

Томонлар ўртасида 2 нусхада тузилган Келишув, имзо қўйилгандан кейин ҳар бир тарафга берилади.

Сиртдан қараганда, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси ёки тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинишида унча фарқ йўқдек кўринади. Аслида ундай эмас. Бу ерда томонлар ўртасида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида келишув тузилиб, унда меҳнат шартномаси қайси кундан бекор қилиниши, охирги иш куни, корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий-иқтисодий шартлар ва компенсациялар тўланиши тўғрисидаги шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Демак, меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига кўра бекор қилиш учун иш берувчи ва ходимнинг розилигини тасдиқловчи келишувнинг мавжуд бўлиши талаб этилади. Шунинг учун тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини ходим томонидан бир томонлама бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Меҳнат шартномаси охирги иш куни ушбу асосга кўра тарафлар белгилаган муддатда бекор қилинади ва бу ҳолат иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Намунавий келишувнинг шакли қуйида келтирилган.

 

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида

К Е Л И Ш У В

Тошкент шаҳри                                                                      2015 йил 10 февраль

«Титаник» МЧЖ, кейинги ўринларда иш берувчи деб юритилади, Устав асосида иш юритувчи директор Ш.Раҳмонов бир тарафдан ва фуқаро С.Аҳмедов, кейинги ўринларда «Ходим» деб юритилади, иккинчи тарафдан, қуйидагилар тўғрисида мазкур Келишувни туздилар.

1. Иш берувчи ва ходим ўртасида 2015 йил 12 январда тузилган 01/2015-сонли меҳнат шартномаси Тарафлар келишувига билан Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига кўра 2015 йил 2 мартдан бекор қилинади.

2. 2015 йил 2 март меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.

3. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга:

– меҳнат дафтарчасини;

– меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини беришни;

– 2015 йил 2 март ҳолатига фойдаланилмаган таътилларга 4 иш куни учун пуллик компенсация тўланишини ҳамда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинишини таъминлайди (МКнинг 110, 151-моддалари).

4. Тарафлар бир-бирига нисбатан ҳеч қандай хусумат йўқлигини билдирадилар.

5. Мазкур Келишув 2 нусхада тузилган бўлиб, ҳар бир тарафга берилади.

 

Иш берувчи                                                                               Ходим

______________                                                                       __________

МЎ

 

Шулардан хулоса қилиб айтиш керакки, ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза матни қанчалик аниқ, яъни юқорида келтирилган мисоллар тариқасида тузилса, ундан келиб чиқадиган оқибатлар ҳам шунча кутилгандек бўлади.

 

Жавобни «Norma Online» эксперти Абдусалом Рисқуллаев тайёрлади.

Прочитано: 33928 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика