Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 17 / Мен истеъмолчиман

Қонунни билиш + фуқаролик позицияси

 

Ўтган йили Тошкентдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг ҳудудий бирлашмасига (бундан кейин – ИҲҲЖҲБ) 416 та мурожаат келиб тушди. Аҳолиси 2,6 млн кишидан ошган мегаполис учун бу, шубҳасиз, денгиздан бир томчи мисол. Зеро шу қадар кўп сонли истеъмолчиларнинг ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар, ижрочилар билан муносабатларида муаммолар оз деб бўлмайди. Савдода аввалгидек тарозидан уриш ва фуқароларни ҳисобда алдаш ҳоллари учрамоқда. Сифатсиз товарлар дўконлар пештахталарига келиб тушмоқда. Тўғри, бундай нуқсонларнинг бари у ёки бу даражада ҳар қандай бозорда мавжуд бўлади. Бироқ биз комилликка интилмоқдамиз: товарлар ва хизматлар бозори замон талабларига жавоб беришини, унинг асосий иштирокчиси бўлган истеъмолчилар эса ҳимояланган бўлишини кўзлаяпмиз. Улар ўзларини ҳимоя қилишни ўрганиб, умуман олганда вазиятга бевосита таъсир кўрсата оладилар: бозор иштирокчиларини тўғри ишлашга, уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, қонунларни бузмасликка мажбур қила оладилар. Шу боис давлат назорати билан бир қаторда бугунги кунда жамоатчилик назоратига: фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясига, уларнинг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон, бундан кейин – Қонун) асосий қоидаларини билишларига катта умид боғланмоқда. ИҲҲЖҲБ ходимларининг фикрича, мурожаатлар сонининг қисқариши – ижобий тамойил. Ушбу рақам жуда катта миқдорни акс эттирган пайтлар ўтди. Бугунги кунда фуқароларнинг саводхонлиги анча ошди, кези келганда улар ўз ҳуқуқларини бемалол ҳимоя қила оладилар. Турли шаклда маърифий ишлар олиб борилаётгани бунга туртки бўлмоқда. Интернет туфайли кенг омма Қонундан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қайси соҳаларда кўпроқ бузилмоқда, жамоат ташкилоти уларни қандай ҳимояламоқда? Тошкентдаги ИҲҲЖҲБ матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Феруза ҚОСИМОВА шу ҳақда ҳикоя қилади.

 

Саводхон истеъмолчи ўз ҳуқуқларини танийди

– Истеъмолчи бозорда ўзини ҳимояланган деб ҳис қилиши учун оддий усул мавжуд: у Қонунни билиши ва фуқаролик позициясини ҳимоялаши лозим. Шу сабабли ИҲҲЖҲБнинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмол маданиятини ошириш саналади. Шу ўринда «саводхон истеъмолчи ўз ҳуқуқларини танийди» иборасига қўшилса бўлади. Бунинг учун турли дастаклардан фойдаланамиз: семинарлар, ҳуқуқий мавзудаги давра суҳбатлари ўтказамиз, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига доир турли масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганамиз ва уларни камайтиришга оид таклифлар тайёрлаймиз, танловлар уюштирамиз. Жамоат ташкилоти истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаслигидан манфаатдор бўлган кўпгина тузилмалар билан ижтимоий жиҳатдан ҳамкорликда ишлайди. Шу билан бирга истеъмолчиларга хизмат кўрсатувчилар: савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам саводхонлигини оширамиз. Бу ҳам натижа беради. Чунончи, яқин-яқингача савдо ходимлари сифатсиз ёки муддати ўтган товарни қайтариб олиш ҳақида эшитишни ҳам истамас эдилар, эндиликда истеъмолчи Қонунга асосланиб, ўз талабларини тўғри қўйган ҳолларда уларнинг кўпчилиги буни ортиқча гап-сўзсиз амалга ошираяпти.

Фаолиятимизнинг яна бир муҳим йўналиши – фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш. Улар шаҳар ИҲҲЖҲБ ишонч телефони (10-91) орқали ёзма равишда бевосита истеъмолчилардан келиб тушади. Ўтган йили ИҲҲЖҲБга келиб тушган барча мурожаатларнинг 71,2%и истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди. Натижада уларга 346 млн сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди. 42,5%ни ташкил этувчи УКХ соҳасидаги сифатсиз хизматлардан шикоятлар 1-ўринда туради. Улар орасида газ билан таъминловчи ташкилотларнинг асоссиз ҳисобланмаларидан кўп сонли шикоятлар бор. Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши бўйича УКХ соҳасидан кейинги ўринни анъанавий равишда савдо соҳаси эгаллайди – 27,8%. Ундан кейин тиббий хизматлар, алоқа, транспорт, бошқа хизматлар юзасидан шикоятлар туради.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш устида ишлаш давомида ўтган йили давлат тузилмалари: прокуратура, Адлия вазирлиги, Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шаҳар бошқармаси, Марказий банкнинг шаҳар бошқармаси ва бошқалар иштирокида 84 та семинар ўтказдик. Асоссиз қарзларнинг ҳисоблаб ёзилиши масалалари юзасидан «Ўзбекэнерго» АЖ ва Тошшаҳаргаз филиали вакилларини таклиф қилдик. Хусусий тузилмалар вакилларининг ҳам иштирокида ўтказилган давра суҳбатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш масалаларининг муҳокамаси яхши натижа бермоқда, ўтган йили 200 дан ортиқ шундай муҳокамалар ўтказилди. Уларнинг кўпчилиги маҳалла қўмиталарида ўтказилди, бу ерда ҳамма бир-бирини танийди, масалалар муҳокамасига қизиқиш билдиради, фаоллигини намоён этади.

Саводхон ёш истеъмолчиларни тарбиялашдан кўп натижа кутилмоқда, албатта. Бунда биз «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаяпмиз. «Энг ёш саводхон истеъмолчи» республика танлови кўп йиллар давомида бунга замин яратди. Бу истеъмол ҳақидаги билимларни ўзлаштиришнинг жуда самарали усули бўлиб, бутун республика бўйлаб лицейлар ва коллежлар ўқувчилари учун ўтказиларди. Ўтган йили у пойтахтда бўлиб ўтди.

 

Шаҳар ИҲҲЖҲБдан ташқари, пойтахтда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича 11 та туман тузилмаси, республика даражасида – биз яқин алоқада ишлайдиган Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси (ИҲҲЖФ) фаолият юритади.

 

Сўров мавзусини истеъмолчилар белгилайдилар

Хизматлар кўрсатишга оид турли масалалар хусусидаги жамоатчилик фикрини анкета тарқатиш йўли билан ўрганамиз. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишидан қилаётган шикоятлари асосида тадқиқот соҳаси танланади. Сўровлар якунлари умумлаштирилиб, сўнгра таклифлар тайёрланади ва ваколатли органларга қарорлар қабул қилиш учун йўлланади. Бу иш ИҲҲЖФ топшириғига кўра, шунингдек шаҳар ташкилотининг иш режасига биноан бажарилади. Ўтган йили бундай сўровларда 8 965 респондент қатнашди.

Масалан, мактабгача муассасалар, мактаблар ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув муассасаларидаги хизматлар сифати ўрганилди. Ушбу сўровда қарийб 1 500 киши қатнашди. Биз ота-оналар ва ўқувчиларга кенг доирадаги саволларни – овқат сифати, умумтаълим муассасаларининг мебель, спорт анжомлари, компьютерлар билан жиҳозланганлигидан тортиб синфларнинг санитария ҳолати, шу жумладан турли эҳтиёжларга қўшимча маблағ ундирилишигача бўлган мавзудаги саволларни бердик. Мактаблардаги респондентларнинг 90%и ана шундай йиғимлар ундирилишини кўрсатди. Бунда улар қўшимча маблағлар қайси мақсадларга йиғилгани ва қўллангани хусусидаги саволга жавоб бера олмадилар. Биз мазкур масалани истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши нуқтаи назаридан кўриб чиқдик. Зеро Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Қонуннинг 21-моддасида белгиланишича, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Анкета сўрови ўтказиш доирасида мактаб дарсликларини фойдаланишга бериш муаммоси ҳам кўзга ташланди, бунда ота-оналар комплект учун пул тўлаганлар, уларга эса дарсликлар тўлиқ берилмаган ёки умуман берилмаган.

720 респондент орасида жамоат йўловчи транспортидаги хизматлар сифати билан боғлиқ анкета сўрови ўтказилди. Ушбу соҳа юзасидан истеъмолчиларнинг кўп эътирозларини эшитамиз. Улар бекатларда соябонлар, автобусларнинг рақамлари ва ҳаракат интервали қайд этилган тахтачалар, транспорт салонида йўловчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун аптечка йўқлигини, антисанитария ҳолатини қайд этдилар. Сўров натижасида кўпинча кондукторлар вазифасини транспортда ишлашга ҳақли бўлмаган ўсмирлар бажараётгани маълум бўлди. Ҳайдовчилар кўпинча ҳаракат пайтида телефон орқали суҳбатлашадилар, йўловчиларни йиғиш пайида бекатларда узоқ турадилар, булар ҳам истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш саналади, ва ҳоказо.

Давлат муассасаларидаги тиббий хизматлар сифати, уларнинг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланганлиги билан боғлиқ сўров нохуш манзарани намоён этди. Анкета сўровида 720 респондент қатнашди. Улар ушбу соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари кўп бузилишини кўрсатдилар.

УКХ устидан шикоятлар ҳар йили етакчи ўринни эгаллайди. Сўровлардан бири қишки даврда кўп квартирали уйлар аҳлининг муаммоларини аниқлаб берди. Тошкентдаги 100 дан ортиқ ХУМШ уй-жой мулкдорлари ўртасида анкета сўрови ўтказилди. Натижаларни таҳлил қилиш давомида кутилмаганда чакка ўтаётган томлар, иситиш тизимининг ёмон ишлашидан ташқари яна бир жиддий камчилик – ертўлалардаги антисанитария ҳолатига тўқнаш келдик. Уларга санитария ишлови берилмайди, бу эса кўп қаватли уйларда ҳашаротлар, сичқонлар, каламушлар тарқалиши хавфи ва манбаига айланади. Уйлар аҳли йўлакларда эшиклар йўқлигини, дераза кўзлари ўрнатилмаганлигини, лифтлар ишламай қолишини, йўлаклар ёритилмаслигини, шу каби бошқа салбий ҳолатларни ҳам кўрсатиб ўтди.

 

Истеъмолчи буни билиши керак

Қонуннинг 4-моддасида белгиланишича, истеъмолчи товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши ҳуқуқига эга.

Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилишича, нуқсонли товар сотилган истеъмолчи:

товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;

товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;

товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;

харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;

шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Сотувчи истеъмолчининг талабларидан бирини у касса ёки товар чекини тақдим этган тақдирда бажаришга мажбур.

 

Дарсга қўнғироқ

Шуни қайд этиш лозимки, ИҲҲЖҲБга мурожаат қилаётган ҳуқуқи поймол бўлган истеъмолчилар ўзларини ҳимоя қилишга уринадилар, бироқ шунинг ўзи етарли бўлмайди. Уларга ўз ҳуқуқларини мустақил равишда ҳимоя қилишларида ёрдам берадиган бир нечта базавий алгоритм мавжуд. Ўтган йили бизнинг аралашувимиздан сўнг фуқароларнинг ижобий ҳал этилган бир нечта мурожаатини Қонун нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.

● Жиззахда яшовчи И.У. Тошкентда 10,5 млн сўмга юмшоқ мебель сотиб олди. Бироқ ўрамини очгач, унга нуқсонли мебель сотганликларини билиб қолди. Дўконда уни қайтариб олиш ва пулини қайтаришдан бош тортдилар. ИҲҲЖҲБга мурожаатдан сўнг харид пулини қайтардилар.

● Пойтахтнинг Чилонзор туманидан Ф.Т. фирма дўконидан Roison телевизорини харид қилди, бироқ у сифатсиз чиқди. Биринчи куниёқ ишламай қўйди. Истеъмолчи дарҳол дўконга ва сервис марказига мурожаат қилди. Худди шундай русумдаги телевизор сотувда бўлмагани сабабли уни бошқасига алмаштириб бера олмадилар. Эҳтиёт қисмлар йўқлиги учун уни таъмирлаб ҳам бўлмас эди. Харидордан кутиб туришини сўраб, пулини қайтармадилар. У ҳар хил баҳоналарни эшитиб, узоқ кутишига тўғри келди. Охир-оқибат ИҲҲЖҲБга мурожаат қилди, шундан кейингина унга тўлаган 4,5 млн сўмини қайтариб бердилар.

● Мирзо Улуғбек туманидан О.Т. хоналарга ҳашаротларга қарши ишлов берувчи хусусий фирмага мурожаат қилди. У 3 хонали квартирани дезинфекция қилиш ҳақини (500 минг сўм) тўлаган, бироқ биринчи ишловдан сўнг ваъда қилинган натижа кўринмаган. Фирма ходимлари бепул такрор ишлов бериш мажбуриятини олганлар. Бироқ 2-марта ҳам у самара бермаган. О.Т. сифатсиз хизмат учун тўланган пулини қайтаришларини талаб қилган, ижрочи эса бундан бош тортган. ИҲҲЖҲБга мурожаатдан сўнг пул қайтарилди.

● Коммунал хизматлар учун асоссиз ҳисобланмалар устидан истеъмолчилар кўп шикоят қиладилар. Асосан бу шикоятлар газ таъминоти ташкилотлари устидан тушади, уларда ҳисобга олиш асбобларининг текширувдан ўтказилиши, бу ҳақдаги маълумот тақдим этилмаслиги ёки маълумотлар базасидан йўқолиб қолиши хусусида сўз боради. Етказиб берувчилар қонун ҳужжатларига хилоф равишда истеъмолчиларни текширувлар оралиғидаги муддат ўтаётганлиги ва текширув ўтказиш, сертификатларни тақдим этиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирмайдилар. Газнинг жорий истеъмоли учун ўз вақтида ҳақ тўлашларига қарамай, абонентларни қарздорлик ҳақида огоҳлантирмай, йиллаб йиғиладиган асоссиз қарзларни ҳисоблайверадилар. ИҲҲЖҲБ ходимлари мурожаатларни ўрганиб чиққанларидан кейин газ таъминоти ташкилотлари: Миробод туманида – В.Калининга 5 млн сўмлик, Шайхонтоҳур туманида – Р.Газизовага 614 минг сўмлик, Юнусобод туманида – Ш.Обидхўжаевга 2 969 минг сўмлик, шунингдек бошқа абонентларнинг асоссиз қарзларини қайта ҳисоб-китоб қилдилар.

 

ТОШКЕНТДАГИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЖАМИЯТЛАРИНИНГ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИ ВА УНИНГ ТУМАНЛАРДАГИ ТУЗИЛМАЛАРИНИНГ ТЕЛЕФОНЛАРИ

 

1

 

Тошкентдаги ИҲҲЖҲБ   

 

276-90-46; 276-89-35

 

Ишонч телефони  

 

10-91

 

2

 

Олмазор туман ИҲҲЖ

 

248-40-21

 

3

 

Бектемир туман ИҲҲЖ   

 

295-35-80

 

4

 

Миробод туман ИҲҲЖ 

 

215-70-59

 

5

 

Мирзо Улуғбек туман ИҲҲЖ

 

268-50-82

 

6

 

Сергели туман ИҲҲЖ 

 

251-74-21

 

7

 

Учтепа туман ИҲҲЖ 

 

274-08-81; 274-08-83

 

8

 

Чилонзор туман ИҲҲЖ

 

276-49-60

 

9

 

Шайхонтоҳур туман ИҲҲЖ

 

241-21-12

 

10

 

Юнусобод туман ИҲҲЖ

 

234-23-16

 

11

 

Яккасарой туман ИҲҲЖ

 

215-63-26

 

12

 

Яшнобод туман ИҲҲЖ

 

294-75-34

 

 

 

Ҳисоблагич текширувдан ўтказилгач, асоссиз ҳисобланмалардан қандай сақланиш керак

1. Ҳисоблагични текширишлар оралиғидаги муддат қачон тугашини олдиндан текширинг.

2. Ҳисобга олиш асбоби текширувдан ўтказилгач, газ таъминоти ташкилотига сертификат нусхасини имзо чектириб дарҳол тақдим этишни унутманг.

3. Бирмунча вақт ўтгач, ҳисоблагич текширилганлиги ҳақидаги ахборот маълумотлар базасига киритилганлигини текширинг. Бу ҳақда туман газ ташкилоти ходимларининг ёзма тасдиғини олганингиз маъқул.

 

Текширувдан сўнг асоссиз қарз ҳисобланган бўлса, нима қилмоқ лозим

1. Нима асосда ва қайси давр учун қарз ҳисобланганлигини аниқланг.

2. Туман газ ташкилоти раҳбарига асоссиз қарзни қайта ҳисоблаш ва уни ҳисобдан чиқариш талаб қилинган ёзма ариза билан мурожаат қилинг. Ҳисоблагич ўз вақтида текширилганлигини кўрсатинг. Буни тасдиқлаш учун газ таъминоти ташкилоти ходимларининг уни олганликлари тўғрисидаги имзолари қўйилган сертификат нусхасини илова қилинг. Аризада сиз асоссиз қарз ҳисобланганлиги ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилмаганлигингизни, бу чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасини бузиш ҳисобланишини қайд этинг.

3. Агар бу натижа бермаса, Тошшаҳаргаз ва «Трансгаз» АК раҳбарларига ариза билан мурожаат қилинг.

4. Шундан сўнг ҳам масала ҳал этилмаса, прокуратура ёки судга мурожаат қилишдан ўзга илож қолмайди.

 

Ирина Гребенюк, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2564 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика