Norma.uz

Иқтисодиёт ривожига мос бухгалтерия ҳисоби жорий этилди

 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиёт тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги ролини тубдан ошириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 апрелдан кучга кирган янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни замонавий бошқарувнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган ишончли ва мукаммал иқтисодий ахборот ва ҳисоботлар билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид ТЎХТАБОЕВ ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Мамлакатимизда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишга йўналтирилган стратегия асосида юқори технологияларга асосланган корхоналар барпо этилиб, замонавий бошқарув усуллари жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбари акциядорлик жамиятларида молиявий бошқарув ва замонавий менежментнинг янги механизмларини жорий этиш асосида корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш вазифасини қўйди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш бухгалтерия ҳисобининг мукаммал юритилишига ва ишончли молиявий ҳисоботларга таянади.

1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни ўз навбатида бухгалтерия ҳисобини сифатли ва ишончли ташкил этиш бўйича халқаро талабларга жавоб бериши билан бир қаторда, корхоналарнинг молиявий ҳисоботларига бўлган ишончнинг ортишига, бозор иқтисодиёти шароитида бухгалтерия ҳисобини ривожлантиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Ўтган даврда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида барча соҳалар сингари ҳисоб-китоб тизимида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди, соҳа билан боғлиқ қатор янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди, мавжудлари такомиллаштирилди. Бу «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунни бугунги кун талабларига мослаштиришни тақозо этди.

Юқоридагилар ва соҳада тўпланган миллий ва хорижий тажриба бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш, юритиш ва ҳисоботларни тузиш борасидаги қонунчиликни янада мукаммаллаштиришни илгари сурди. Шулардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ва Президентимиз томонидан тасдиқланди.

32 моддадан иборат Қонунда бухгалтерия ҳисобининг мазмуни, асосий мақсади ва вазифалари иқтисодиётдаги ўзгаришлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига қўйилаётган янги талаблардан келиб чиққан ҳолда молиявий ҳисобот тузишнинг халқаро стандартларига мувофиқ белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузиш ва эълон қилиш белгиланганлиги муносабати билан ҳам миллий, ҳам халқаро стандартларни қамраб олувчи бухгалтерия ҳисобининг стандартлари қонун даражасида ўрнатилди.

Аввалги қонунчиликда бухгалтерия хизмати раҳбари фаолиятини тартибга солишга қаратилган аниқ меъёрларнинг мавжуд бўлмаганлиги боис, қонунга бухгалтерия хизмати раҳбари мақомини ва унга қўйиладиган профессионал талабларни аниқловчи янги меъёрлар киритилди. Мазкур қоидаларда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия хизмати раҳбарига маълумоти ва иш стажи, шунингдек, малака даражасини ошириш бўйича янги талаблар белгиланди.

Қонунга бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбари билан бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбари ўртасидаги ўзаро назоратни таъминлашга қаратилган янги нормалар киритилди. Шу билан бирга, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби регистрлари ўртасидаги боғлиқликни белгилаш, ички ҳужжатлар айланишини мукаммаллаштириш, шунингдек, замон талабларига мос равишда соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида қатор янги меъёрлар ҳам жой олди.

Қонунда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бухгалтерия ҳисоби соҳасида ички назоратнинг ташкил этилиши ва амалга оширилиши лозимлиги белгиланди. Мазкур назорат хўжалик операцияларининг тўғри ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, активлар бутлигини сақлаш, талон-тарож қилиш ҳоллари ва хатоликларни жойида аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича бухгалтерия ҳисоби субъекти ходимлари ўртасида жавобгарлик ва ваколатларни самарали тақсимлаш имкониятини таъминлайди.

Бухгалтерия ҳисоби субъектлари молиявий ҳисоботни йилнинг ҳар чорагида тақдим этиши белгилангани ҳолда, кичик корхоналар ва микрофирмалар учун бухгалтерия баланси ҳамда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан иборат фақат йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш тўғрисидаги янги норма киритилди.

Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларга асосан бухгалтерлар ўз манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи ихтиёрийлик асосида ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган жамоат бирлашмалари тузиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги янги меъёр билан тўлдирилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда хўжалик юритувчи субъектларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида тегишли моддаларга ўндан ортиқ янги норма киритилган.

Айтиш жоизки, қонуннинг янги таҳририда бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ташкил қилиш, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнларида юзага келаётган янги ҳуқуқий муносабатлар меъёрий тартибга солинди. Қонунга киритилган янгиликлар замонавий корпоратив бошқарувнинг такомиллашувига, хусусан, унинг иқтисодий дастаклари ва механизмлари мукаммаллашувига ижобий таъсир кўрсатади.

Қонунда белгиланган янги норма ва қоидалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда уларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган махсус семинарларни ташкил этиш, бухгалтерия ҳисобининг барча субъектларида тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, унда ходимларни халқаро стандартлар бўйича молиявий ҳисоботни тузиш, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби регистрларига қўйилаётган қўшимча талаблар ҳамда ички назоратни ташкил қилиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

 

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунида кўзда тутилган янги меъёр ва қоидаларнинг ҳаётга жорий этилиши бухгалтерия ҳисоби тизимини янада такомиллаштириш, унинг очиқлиги, хўжалик операцияларининг тўғри амалга оширилиши ва иш сифатини таъминлаш, активларни тўлиқ сақлаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тузишдаги хатоликлар ва ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилишга хизмат қилади.

 

ЎзА.

Прочитано: 2112 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика