Norma.uz

Бюджетга янгича тўланади

 

2016 йил 4 апрелдан бюджетга тўловларнинг янги тартиби амал қилмоқда. У Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 30.03.2016 йилда 2771-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. Ушбу ҳужжат уни тасдиқлаган қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди (4.04.2016 йилдаги 13-сон Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами).

 

Тўловлар деганда қуйидагилар тушунилади:

  • солиқлар;
  • бошқа мажбурий тўловлар: ижтимоий жамғармаларга (ЯИТ, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар); Республика йўл жамғармасига (мажбурий ажратмалар ва йиғимлар); бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига; давлат божи; божхона тўловлари; айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим;
  • маъмурий жарималар;
  • молиявий санкциялар.

 

Тўлов ҳужжатининг янги шакли

Янги тартибга кўра бюджетга тўловлар Ягона ғазна ҳисобварағи (ЯҒҲ) – ЎзР Марказий банкида очилган Молия вазирлигининг махсус банк ҳисобварағига ўтказилади.

ЯҒҲдан ташқари, тўлов топшириқномасида даромад шахсий ғазна ҳисобварағини кўрсатиш зарур. У 25 та разряддан (белгидан) ташкил топган бўлиб, ҳар бир бюджет учун тўловнинг ҳар бир тури бўйича улар тўланган ҳудудга қараб очилади. Қўшимча маълумотлар пайдо бўлиши муносабати билан тўлов топшириқномаси шакли (Йўриқномага 2-илова) ҳам ўзгарди.

Янги тўлов топшириқномасини тўлдириш чоғида нималарга эътибор қаратиш керак

  • «Олувчининг номи» устунида солиқ инспекцияси номи ўрнига «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги» қайд этилади.
  • Илгари олувчининг ҳисоб-китоб рақами кўрсатилган устунга ЯҒҲ – 23 402 000 300 100 001 010 қайд этилади. У тўлов тури, солиқ инспекцияси жойлашган жой, тўловчи (жисмоний ёки юридик шахс) мақоми, шунингдек тўловни амалга ошириш усулига (пул ўтказиш, нақд пул ёки пластик карта орқали) боғлиқ эмас.
  • ЯҒҲдан ташқари, олувчининг банки – МБ Тошкент шаҳар Бош бошқармаси ҲККМ ва унинг коди – 00014 ҳам ягона бўлади.
  • Тўлов топшириқномасининг «Даромад шахсий ғазна ҳисобварағи» янги бўлимида 25 белгили тўлов ҳисобварағи акс эттирилади. Йўриқноманинг 8-бандида белгиланишича, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича ваколатли органлар тўловчилар эътиборига шахсий ғазна ҳисобварақлари бўйича маълумотни етказадилар. Яъни ғазна ҳисобварақларининг рақамлари тўғрисидаги барча маълумотларни илгари ушбу тўловлар ўтказилган органлардан (солиқ, божхона) олиш мумкин.
  • Ғазна ҳисобварақларининг рақамларини soliq.uz сайтидан ҳам билиш мумкин, бунинг учун унинг бош саҳифаси марказидаги қуйидаги ҳаволага кириш керак:

«МБ шакл Солиқ 30.03.2016» файлини очиб, жадвалда олувчининг банк коди ва тўловлар ўтказилган эски 20 белгили банк ҳисобварағини топиш зарур. У топилса, шу сатрнинг ўзида янги 25 белгили ғазна ҳисобварағини ҳам кўриш мумкин.

 

МИСОЛ. Кичик корхона Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ДСИга ЯИТ ўтказган. Олувчининг банк кодини – 00425, сўнгра эски 20 белгили ҳисобварақни – 20 205 000 100 107 872 777 топамиз. Ана шу сатрда янги 25 белгили шахсий ғазна ҳисобварағини – 200110 860 6 26277 3212110093 ҳам топиб, «Номи» устунида тўлов номини текширамиз – Ягона ижтимоий тўлов.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, тўлов топшириқномасида шахсий ғазна ҳисобварағи айни шу кўринишда кўрсатилади – ҳисобварақнинг ҳар бир устунига разрядларнинг (белгиларнинг) муайян сони қайд этилади. Разрядларнинг ҳар бир гуруҳи нимани англатиши ва унда қанча белги бўлиши кераклиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида шахсий ғазна ҳисобварақларини юритиш қоидаларининг (АВ томонидан 30.03.2016 йилда 2772-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 8-бандида белгиланган.

  • «Тўлов мақсади» устунида Йўриқномага 1-иловага мувофиқ биринчи навбатда тўлов турининг коди, сўнгра тўлов мақсади кўрсатилади.

 

МИСОЛ. Апрель учун ЯИТни ўтказишда тўлов мақсадида қуйидагилар кўрсатилади:

«08102 2016 йил апрель учун ҳисоб-китобга кўра ЯИТ тўлаш».

Агар қайта ҳисоб-китобга кўра ЯИТ ўтказилса, тўлов мақсади қуйидагича бўлади:

«08103 _____ учун қайта ҳисоб-китобга кўра ЯИТ тўлаш».

 

  • Божхона тўловлари Йўриқномага 3-иловада шакли келтирилган тўлов топшириқномаси асосида ўтказилади. Унда ўша ЯҒҲ – 23 402 000 300 100 001 010, шунингдек божхона органларининг депозит шахсий ғазна ҳисобварағи кўрсатилади.

 

Хатога йўл қўйилган бўлса

Банк ходимлари тўлов топшириқномаларини қабул қилганларидан сўнг, тўловчи кўрсатган даромадлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварағи рақами тўғрилигини ва унинг бюджетга ўтказилаётган тўловга мувофиқлигини, шунингдек тўловлар турлари кодларининг мувофиқлигини текширадилар (Йўриқноманинг 19-банди). Шу сабабли ғазна ҳисобварағи рақамида адашган ёки бошқа тўлов ҳисобварағини кўрсатган бўлсангиз ҳам, банк ходими хатони кўрсатиши ва тўлов топшириқномасини тузатиш учун қайтариб бериши керак.

Банк 4 апрелдан кейин эски намунадаги, яъни ЯҒҲ ва 25 белгили шахсий ғазна ҳисобварағи кўрсатилмаган тўлов топшириқномаларини қабул қилган ҳолатлар учрайди. Бундай вазиятда ўз солиқ инспекциянгизга мурожаат қилиб, ҳисоб-китоб рақамингиздан олинган маблағлар кўрсатилган тўловларни тўлашга келиб тушганлигини аниқлашни тавсия этамиз. Буни hisobot.uz сайтидаги ушбу солиқлар бўйича шахсий ҳисобварақ карточкаси орқали мустақил текшириш ҳам мумкин.

Агар ўтказилган маблағлар солиқлар бўйича шахсий ҳисобварақлар карточкаларида акс этмаган бўлса, маблағлар келиб тушмаганлиги сабабини изоҳлаб беришни сўраб ўз банкига мурожаат қилиш зарур. Банклар томонидан йўл қўйилган хатолар банклар томонидан ғазначилик бўлинмалари ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича ваколатли органлар билан келишилган ҳолда тўғриланади (Йўриқноманинг 63-банди).

 

Агар жисмоний шахс тўласа

 

Жисмоний шахс, масалан, ЖШДС, мол-мулк ёки ер солиғини қуйидагича тўлаётганда:

 

  • нақд пул маблағлари билан – тўлов Йўриқномага 5-иловага кўра шаклдаги тўлов ҳужжати билан расмийлаштирилади. Энди у 3 қисмдан: эълон, квитанция ва кирим ордеридан иборат. Банк кирим ордерини кун ҳужжатларига тикиб қўяди, квитанция тўловчи жисмоний шахсга берилади, эълон эса тегишли туман (шаҳар) ДСИ ходимларига тақдим этилади.
    Ҳужжатнинг янги шаклида тўловнинг ЯҒҲ ва шахсий ғазна ҳисобварағи акс эттирилиши назарда тутилган;
  • банк пластик карточкаси билан – тўлов Йўриқномага 6-иловага кўра шаклдаги тўлов ҳужжати билан расмийлаштирилади. У 2 қисмдан (квитанциядан) иборат – банк учун ва тўловчи учун, уларда ҳам ЯҒҲ ва шахсий ғазна ҳисобварағи кўрсатилади;
  • ўз депозит банк ҳисобварағидан – тўлов жисмоний шахснинг ёзма топшириғига кўра амалга оширилади, унинг асосида банк тегишли тўлов тури бўйича ЯҒҲ ва шахсий ғазна ҳисобварағи қайд этилган мемориал ордерни расмийлаштиради.

 

Тўловни қандай қилиб қайтариш ёки ҳисобга олиш мумкин

Тўловлар ортиқча ёки хато равишда тўланганда уларни қайтариш ёки ҳисобга олишни солиқ ва божхона органлари Солиқ ва Божхона кодекслари ҳамда қайтариш ёки ҳисобга олиш тартибини бошқарувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширадилар.

Ортиқча ёки хато равишда тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш Солиқ кодексининг 56-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Агар бунинг учун солиқ тўловчининг аризаси талаб этилса, у Йўриқномага 7-иловада келтирилган шаклда тақдим этилади.

Ортиқча ёки хато равишда тўланган солиқ суммаларини қайтариш Солиқ кодексининг 57-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Агар бунинг учун ариза талаб этилса, у Йўриқномага 8-иловада келтирилган шаклда тақдим этилади.

Агар қонун ҳужжатларида солиқ органи томонидан тегишли хулоса тақдим этилиши назарда тутилган бўлса, унинг шакли Йўриқномага 9-иловага мувофиқ келиши керак.

Бошқа тўловларнинг (солиқлардан ташқари) қайтарилиши ёки ҳисобга олиниши ҳам тўловчининг аризаси ва Йўриқномага 9-иловада назарда тутилган шаклдаги ваколатли органнинг хулосаси асосида амалга оширилади.

 

Тўловларнинг ҳисоби

Тўловчиларнинг банк ҳисобварақларидан ЯҒҲга келиб тушган барча тўловлар тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларида, шунингдек Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳар бир молия йили учун алоҳида юритиладиган Тўловлар контингенти ҳисобини юритиш дафтарида қайд этилади.

Агар ЯҒҲга муайян сабабларга кўра таснифлана ва тегишли бюджетга ўтказила олмайдиган тўловлар келиб тушса, улар ноаниқ тушумлар сифатида идентификацияланади ва Ғазначилик томонидан 3 иш куни давомида ўтказилган банк ҳисобварақларига қайтарилади.

ЯҒҲга келиб тушган тўловлар ҳақидаги ахборот Молия вазирлиги томонидан ҳар куни электрон кўринишда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундирувчи ваколатли органларнинг ахборот тизимларига тақдим этилади.

 

Ҳозирча тест режимида

soliq.uz сайтида жойлаштирилган (ғазна ҳисобварақлари рақамларига ўша ҳаволада) Солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, маъмурий жарималар ва молиявий санкцияларни тўлашга доир тўлов ҳужжатлари шаклларини тўлдириш бўйича услубий тавсияларга мувофиқ 2016 йил 1 апрелдан 1 июлгача (Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳри учун – 2016 йил 1 апрелдан 1 июнгача) тўловларнинг янги тартиби тест режимида амал қилади. Яъни мазкур даврда у билан бир қаторда илгари амал қилган тўловлар тартиби қисман сақланади.

Чунончи, 2016 йил 1 июлгача (Сир­дарё вилояти ва Тошкент шаҳри учун – 2016 йил 1 июнгача) тўлов топшириқномасининг тўловчи ва олувчининг реквизитлари кўрсатиладиган қисмлари ўзгаришсиз қолади, яъни олувчининг номи ва унинг ҳисобварағи илгаригидек кўрсатилади. Бунда тўлов топшириқномасининг янги «Даромад шахсий ғазна ҳисобварағи» устунига албатта 25 белгили шахсий ғазна ҳисобварағини қайд этиш керак.

Банк ҳисобварақларига масофадан туриб хизмат кўрсатиш тизимидан (Банк–Мижоз, Интернет-банкинг) фойдаланаётганда тўлов топшириқномасини тўлдириш тартиби кўп жиҳатдан хизмат кўрсатувчи банкка боғлиқ бўлади. Баъзилар ўз тизимини янги тартибга мослаштириб улгурди, унга янги ғазна ҳисобварақларини киритди. Бошқалар эса уни ишлаб чиқиш босқичида турибди. Шу сабабли уларнинг тизимидан фойдаланувчи тўловчилар ҳозирча янги ҳисобварақларни қўлда киритишларига тўғри келмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳисобварақ хато киритилганда банк тизими қайд этилган ҳисобварақ тўлов турига мувофиқ келмаслиги ва уни тўғрилаш кераклиги ҳақида тўловчини огоҳлантиради.

hisobot.uz сайтидан ҳам тўлов топшириқномасини тез ва ўзингизга керакли ҳисобварақни изламасдан жўнатишингиз мумкин. Ушбу тизимдан фойдаланаётганда унда янги тўлов топшириқномаси вариантини танлашнинг ўзи кифоя, шунда 25 белгили ҳисобварақлар уларга тегишли тўловлар номи билан автоматик тарзда акс этади. Ўзингизга керакли тўловни танлаб, унинг суммасини қайд этиш қолади, холос.

 

Ирина Ахметова,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 3501 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика