Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳрири қандай янгиликларга эга?

 

13.04.2016 йилдаги ЎРҚ-404-сон Қонун билан «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон Қонун, кейинги ўринлардаҚонун) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ва унинг янги таҳрири тасдиқланди.

 

Янгиликлар бухгалтерия ҳисобини халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ тарзда ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган хўжалик субъектлари раҳбарлари, бухгалтерия хизматларининг масъулиятини оширишга йўналтирилган.

 

Ҳисобни ҳамма юритади

Бухгалтерия ҳисоби субъектларининг рўйхатига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари ҳам киритилди. Улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб юритади ҳамда ҳисобот тақдим этади (Қонуннинг 6-моддаси).

Синтетик ва аналитик ҳисоб тушунчалари таърифланди. Аниқлаштирилишича, синтетик ҳисоб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда, аналитик ҳисоб субъект томонидан мустақил равишда белгиланадиган тартибда юритилади (Қонуннинг 8-моддаси).

Бухгалтерия ҳисоби ҳамда ҳисоботини тартибга солиш Марказий банк томонидан амалга ошириладиган субъектлар рўйхати аниқлаштирилди. Банклардан ташқари, улар қаторига бошқа кредит ташкилотлари ҳам киритилди (Қонуннинг 9-моддаси).

Бухгалтерия ҳисоби субъектларига молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) қўллаш ҳуқуқи берилди (Қонуннинг 10-моддаси).

 

Директор ва бухгалтернинг мажбуриятлари

Қонуннинг 12-моддасида бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарининг хўжалик операцияларини ҳужжатлар асосида расмийлаштириш ва уларни бухгалтерия ҳисоби хизматига тақдим этиш бўйича талаблари бухгалтерия ҳисоби субъектининг барча ходимлари учун мажбурийлиги қайд этилган. Қонунда, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби субъекти ва бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарлари ўртасида айрим хўжалик операцияларини амалга оширишга доир келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, улар бўйича ҳужжатлар субъект раҳбарининг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Бундай операциялар амалга оширилишининг оқибатлари учун раҳбар шахсан жавобгар бўлади.

Шунингдек бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарига қўйиладиган талаблар белгиланди. Бош бухгалтер ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин эмас.

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг (банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан ташқари) бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарига алоҳида талаблар қўйилади.

Бундай субъектларнинг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

олий маълумотга эга бўлиш;

олий иқтисодий маълумотга эга бўлган тақдирда, охирги 5 календарь йилдан камида 3 йили, ноиқтисодий олий маълумотга эга бўлган тақдирда эса, охирги 10 календарь йилдан камида 7 йили бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ иш стажига эга бўлиш.

Бундай талаблар юқорида келтирилган субъектларнинг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритишни шартнома асосида зиммасига юклаган ихтисослаштирилган ташкилот (аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва уставида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизмат кўрсатиш назарда тутилган бошқа ташкилотлар) ходимига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Мазкур субъектларнинг раҳбарлари бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарининг ҳар йили малака оширишдан ўтишини таъминлаши шарт.

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарларига қўйиладиган талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.

Ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқи тўғрисидаги қоидалар ойдинлаштирилди. Маълумки, раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 2 та рўйхатини тасдиқлайди: биринчи рўйхатга раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. Агар раҳбар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган бўлса, у ҳолда ҳар иккала рўйхатда ҳам ўзини кўрсатади (Қонуннинг 13-моддаси).

 

Бошланғич ҳужжат ҳам муҳим ҳисобланади

Бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳисобга олиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди (Қонуннинг 14-моддаси). Энди Қонун билан ҳисобот даврига тегишли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилган, лекин уларни тасдиқловчи ҳужжатлар бирор-бир сабабларга кўра олинмаган ҳолатларни ҳам тартибга солинади. Мазкур ҳолатда тегишли бошланғич ҳужжат (масалан, бухгалтерия маълумотномаси) расмийлаштирилиб, хўжалик операцияси бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

Бошланғич ҳужжатнинг зарурий реквизитлари қаторига имзодан ташқари, хўжалик операциясини бажарган шахсларнинг лавозимлари номи, исми ва отасининг исми ёки ушбу шахсларни идентификация қилиш учун зарур бошқа реквизитлари киритилади.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари электрон ҳужжат тарзида тузилиши ва тақдим этилиши мумкин.

Масъул шахсларнинг имзолари, лавозимлари, фамилиялари ҳамда отасининг исми, ушбу шахсларни идентификация қилиш учун зарур бўлган бошқа реквизитлар бухгалтерия ҳисоби регистрини расмийлаштиришда ҳам керак бўлади (Қонуннинг 15-моддаси). Бу регистрлар техника воситаларидан, ахборот тизимларидан ва ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида яратилиши, ишлов берилиши ва сақланиши мумкин.

Қонунда бухгалтерия ҳисоби субъектлари ички назоратни ташкил этиши ва амалга ошириши, яъни бухгалтерия ҳисобини юритишда, молиявий ва бошқа ҳисоботларни тузишда хўжалик операцияларини амалга оширишнинг қонунийлигини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини, активларнинг бут сақланишини таъминлаш, талон-торож қилиш ҳоллари ва хатоликларнинг олдини олиш ҳамда аниқлаш мақсадида маълум қоидалар ва тартибларни белгилаши қайд этилган (Қонуннинг 21-моддаси).

 

Кичик корхоналар ва микрофирмалар учун

Қонунда кичик бизнес субъектлари бухгалтерия балансидан ҳамда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан иборат фақат йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этишига оид айни вақтда амал қилаётган имтиёз ҳам акс эттирилган (Қонуннинг 25-моддаси).

Акциядорлик жамиятлари, суғурта ташкилотлари, банклар, жамоат фондлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар ҳар йилги молиявий ҳисоботни мажбурий эълон қилиши тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Ҳисоботни акциядорларнинг ёки бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин аудиторлик хулосаси билан бирга ­эълон қилиш шартлиги назарда тутилган (Қонуннинг 26-моддаси).

Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари, молиявий ҳисобот ва бухгалтерия ҳисоби билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни сақлаш учун ягона энг кам муддатҳисобот йилидан кейин камида 5 йил белгиланди (Қонуннинг 29-моддаси).

Бухгалтерлар умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида бухгалтерларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқи қонун билан белгиланди (Қонуннинг 30-моддаси).

 

Ирина Ахметова,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 3445 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика