Norma.uz

Мен ҳаммасига улгуролмайман

 

Мен котибият бошлиғи бўлиб ишлайман. Илгари кадрлар бўлими ва матбуот хизматининг вазифаларини бажарардим.  Директор ёрдамчиси лавозими қисқариши муносабати билан қўшимча ҳақ тўлаган ҳолда ушбу вазифа ҳам зиммамга юкланди. Мен ушбу вазифаларни биргаликда бажариб бўлмайди деб ҳисоблайман, чунки бирини бажариш учун доимо қабулхонада ўтириш тақозо этилади, бошқаларини бажариш учун эса елиб-югуриш лозим. Ариза ёзиб, зиммамдан директор ёрдамчиси лавозимини бажариш вазифасини олишни ва уни бошқа ходимга юклашни сўрадим. Аризамни директор кўриб чиқиш учун касаба уюшмасига топширди. У зиммамдан ушбу вазифани олиш ва бошқа ходим зиммасига, табиийки, қўшимча ҳақ тўлаган ҳолда, юклашни таклиф қилди. Штат жадвалига меҳнатга ҳақ тўлаш фондини сақлаб қолган ҳолда тегишли ўзгартишлар киритиш кераклиги айтилди. Директор бунга рози бўлмаяпти. 2016 йил учун штат жадвали ҳозирча тасдиқланмаган.

Мен зиммамга юкланган вазифаларнинг бир қисмини олишларини талаб қилиш ҳуқуқига эгаманми? Агар шу ҳуқуққа эга бўлсам, аризамни бажариш зарурлигини қандай ҳужжат билан исботлашим мумкин?

С.Смирнова.

 

Қайд этилмаган бўлса – мажбур эмассиз

Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир (МКнинг 72-моддаси). МКнинг 176-моддаси 1-қисмида белгиланишича, ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши шарт.

Меҳнат вазифасини – ходимнинг мажбуриятлари доирасини белгилайдиган муайян мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича ишни кўрсатиш меҳнат шартномасининг мажбурий шарти ҳисобланади. Шу муносабат билан қонун чиқарувчи иш берувчининг ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни талаб этишини тақиқлайди (МКнинг 177-моддаси 2-қисми). Шу сабабли ходимни тарафлар меҳнат шартномасини тузиш чоғида қайд этмаган ва унинг меҳнат вазифаси ҳисобланмайдиган ишни бажармаганлиги учун жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Бинобарин, ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари доираси билан меҳнат шартномасини тузиш чоғида таништирилиши лозим (МКнинг 178-моддаси). Умумий қоидага кўра меҳнат шартномасини ҳар қандай ўзгартиришга бир тарафлама тартибда эмас, балки фақат тарафларнинг келишувига кўра йўл қўйилади (МКнинг 88-моддаси).

 

Агар норози бўлса

Ходимнинг ёзма розилиги билан унга иш куни мобайнида меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажариш ва вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажаришни топшириш мумкин (Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг 20-банди, ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом). Худди шундай касб бўйича қўшимча иш хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш ёки бажариладиган ишлар ҳажмини кўпайтириш йўли билан амалга оширилиши мумкин (Низомнинг 26-банди). Қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади (Низомнинг 22-банди).

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги учун қўшимча ҳақ тўланади (Низомнинг 23-банди). Унинг миқдори, агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади (Низомнинг 24-банди). Ходим қўшимча ишни бажаришдан муддатидан аввал бош тортишга, иш берувчи эса унинг бажарилиши тўғрисидаги топшириқни муддатидан аввал буйруқ билан бекор қилишга ҳақлидир.

Агар ходим унинг ҳуқуқи бузилган деб ҳисобласа, иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилиши, шунингдек, унинг ходим талабига кўра меҳнат шартларини ўзгартиришни рад этиши хусусида судга шикоят қилишга ҳақлидир (Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари 2.20-банди, АВ томонидан 14.06.1999 йилда 746-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Судга мурожаат этиш учун ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой муддат белгиланади. Муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд томонидан қайта тикланиши мумкин (МКнинг 270-моддаси).

Бироқ ходим Меҳнат вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ёки прокуратурага мурожаат қилиши учун у рози бўлмаган буйруқлар устидан шикоят қилиш муддатлари мавжуд эмас.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 3901 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика