Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 13 / Аудитор хабарномаси

Ўзбекистонда ички аудит ва уни жорий этиш муаммолари

 

Ўзбекистонда «ички аудит» тушунчаси нисбатан яқинда юзага келди. Президентнинг «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (27.09.2006 йилдаги ПҚ-475-сон) мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг «Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори1 қабул қилинди ва Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисида низом (бундан кейин матнда ИАХ тўғрисида низом деб юритилади) тасдиқланди. Бироқ 2012 йилга қадар ички аудит хизматига амалдаги ташқи аудит сертификатларига эга бўлган ходимлар қабул қилинарди – бунга бошқа вариантлар деярли мавжуд бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Бу эса сертификатланган ташқи аудиторларнинг ички аудит соҳасига ўтиб кетишига, аудиторлик ташкилотининг штатдаги ходими ўзининг аудиторлик ташкилоти мажбурий аудиторлик текширувини ўтказган корхонага ўриндошлик бўйича ишга кирган ҳолатлар юзага келишига олиб келди.

Ушбу фаолият турларини ажратиш зарурати юзага келди ва Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом2 (бундан буён матнда Сертификатлаш тўғрисидаги низом деб юритилади) қабул қилинди. Бироқ ички аудит моҳиятини етарлича англамаслик ва ушбу масалаларни тартибга соладиган миллий стандартларнинг мавжуд эмаслиги сабабли корхоналардаги ички аудит хизматлари раҳбарлари ўз ишларини ташқи аудит миллий стандартларига мувофиқ ташкиллаштира бошладилар. Бу эса мутлақо нотўғри, чунки ички ва ташқи аудиторлар фаолиятида жиддий тафовутлар мавжуд.

 

Ички аудитор

 

Ташқи аудитор

 

Ташкилотнинг штатдаги ходими ҳисобланади

 

Мустақил пудратчи ҳисобланади

 

Ташкилотнинг эҳтиёжларини кўзлаб хизмат кўрсатади

 

Ишончли молиявий ахборот олмоқчи бўлган «учинчи тараф» эҳтиёжларини кўзлаб хизмат кўрсатади

 

Ташкилотнинг мақсад ва вазифаларига эришишни таъминлайдиган назорат воситаларини баҳолаш йўли билан бўлғуси ҳодисаларга эътибор қаратади

 

Молиявий ҳисоботда акс эттирилган ҳодисалар тўғри ва очиқ-ошкор тақдим этилганлигига эътибор қаратади

 

Текширилаётган фаолият билан боғланмаган, бироқ бошқарувнинг барча таркибий бирликларининг эҳтиёж ва истакларига эътибор қаратишга тайёр

 

Ижрочи раҳбарлар ва директорлар кенгаши билан жисман ва маънан боғланмаган

 

Фаолиятнинг барча текширилаётган соҳаларида ҳар хил турдаги фирибгарликларнинг олдини олишда бевосита иштирок этади

 

Умуман олганда фирибгарлик далилларининг олди олиниши ва фош этилишидан билвосита манфаатдор. Агар молиявий ҳисоботга жиддий таъсир кўрсатса, фирибгарлик ошкор этилишидан бевосита манфаатдор бўлади

 

Ташкилотнинг фаолиятини доим текширади

 

Молиявий ҳисоботни тасдиқловчи ҳисоб ҳужжатларини вақти-вақти билан (одатда йилда бир марта) танлаб олиб текширади

 

 

 

Қуйидаги соҳаларда ягона ёндашувларнинг мавжуд эмаслиги Ўзбекистонда ички аудитнинг жиддий муаммоси ҳисобланади:

● ички аудиторлик текширувларининг ташкил этилишига;

● ИАХ фаолиятини ташкил этишда иш ҳужжатларининг расмийлаштирилишига;

● ички аудит хизмати ҳисоботларини тайёрлаш тартибига;

● хўжалик юритувчи субъектларда кузатув кенгашлари томонидан ИАХ раҳбари ва ички аудиторларнинг аттестациядан ўтказилишига;

● ИАХ раҳбари ва ички аудиторларнинг кузатув кенгашлари билан ўзаро муносабатлари тартибига (улар кузатув кенгашида айнан ким билан ва қандай тартибда ишлашлари мумкин);

● ички аудит хизмати ва муайян ички аудитор ишининг сифатини баҳолаш стандартлари ва мезонларига;

● корпоратив бошқарув қоидаларига риоя этилишини назорат ва мониторинг қилиш мезонлари ва тартибига.

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзи учун самарали бўладиган тарзда жаҳон иқтисодиётига киришишга интилмоқда, халқаро стандартларга асосланган корпоратив бошқарув қоидаларини жорий этмоқда. Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига3 мувофиқ, 2015–2018 йиллар давомида республикадаги барча АЖлар ҳар йили молиявий ҳисоботни эълон қилишга ҳамда халқаро аудит стандартлари ва молиявий ҳисобот халқаро стандартларига мувофиқ унинг ташқи аудитини ўтказишга ўтадилар.

Ички аудитнинг халқаро профессионал стандартлари ҳам мавжуд, уларда мазкур тушунчага ташкилотнинг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган мустақил ва холис кафолатлар ва маслаҳатлар бериш фаолияти дея аниқ таъриф берилган.

Ички аудит ташкилотнинг корпоратив бошқаруви, операцион фаолияти ва унинг ахборот тизимлари билан боғлиқ хатарларни қуйидаги жиҳатларига қараб баҳолаши керак:

● ташкилотнинг стратегик мақсадларига эришиш;

● молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилиги ва яхлитлиги;

● фаолият ҳамда дастурларнинг самарадорлиги ва фойдалилиги;

● активларнинг сақланиши;

● қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, сиёсат, таомиллар ва шартномавий мажбуриятларнинг талабларига мувофиқлиги.

Миллий ИАХ тўғрисида низом билан корхона бошқаруви ижроия органи ва таркибий бўлинмаларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, таъсис ва ички ҳужжатларга риоя этишини, маълумотларни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда тўлиқ ва ишончли акс эттириши, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоида ва таомилларини, активларни сақлашни, шунингдек корпоратив бошқарув қоидалари жорий этилишини таъминлашини текшириш ва мониторинг қилиш йўли билан уларнинг ишини назорат қилиш ва баҳолаш ушбу таркибий бўлинма зиммасига юкланган.

Ички аудит халқаро стандартларига мувофиқ ички ­аудитор қуйидагиларни баҳолаши ва уларга доир тегишли тавсиялар бериши керак:

● ташкилот ичида ахлоқ-одоб нормалари ва қадриятларининг илгари сурилиши;

● ташкилот фаолиятининг самарали бошқарилиши ва ишга масъул муносабатнинг таъминланиши;

● ташкилот ичида хатарлар ва назорат масалалари;

● кузатув кенгаши, ташқи ва ички аудиторлар, шунингдек ташкилот менежменти фаолиятининг мувофиқлаштирилиши ва улар ўртасида ахборот айирбошланиши.

Хатарларни бошқариш корпоратив бошқарув ишончли тизимининг ўта муҳим элементи эканлигини эътиборга олиб, ички аудитни ушбу мақсадда муваффақиятли қўллаш мумкин. Ички аудиторлар муҳим назорат таомилларини текширадилар ва жиддий хатарларни бошқаришга нисбатан кафолатлар берадилар.

Ўзбекистон Аудиторлар палатаси мазкур соҳадаги жаҳон амалиётини ўрганди ва ПФ-4720-сон Фармон талабларини ҳисобга олиб, Ички аудит профессионал амалиёти халқаро асосларини амалиётга кенг жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистонда ушбу фаолиятни ривожлантиришга оид кўпгина саволларга айни улардан аниқ жавоб топиш мумкин.

 

Мария Шарипова,

Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг эксперти,

Ички аудиторлар халқаро институти аъзоси.

 


116.10.2006 йилдаги 215-сон.

2АВ томонидан 12.05.2012 йилда 2361-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

324.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон.

 

 

Бу жараён ўтишини қандай тасаввур қиласиз?

 

Мавзунинг долзарблигини ҳисобга олиб, ички аудит халқаро стандартларининг амалда татбиқ этилиши нуқтаи назаридан олганда Мария Шариповага баъзи саволларни беришга қарор қилдик.

 

– Ҳар қандай стандарт фақат йўналиш ва мезонларни белгилаб беради. Бироқ ички ҳужжатларнинг барчасини мослаштирилмаган халқаро стандартга мувофиқлаштириш ва унинг негизида муайян ички, локал қарорларни қабул қилиш учун тегишли билимга ва (ёки) керакли миқдордаги маблағга эга бўлиш зарур. Бу билан ким шуғулланади? Бу қанчага тушади?

– Халқаро стандартлар ҳақиқатан ҳам тўғри умумий йўналиш ва тушунча бериши билан афзал. Уни ўзингизда қандай қўллашингиз сизга боғлиқ.

Халқаро стандартларга амалий кўрсатмалар илова қилинади. Улардан айни сизнинг корхонангиз учун зарурини олиш мумкин. Товар-хом ашё биржаси – битта бизнес, йигирув фабрикаси – буткул ўзгача, улар учун ягона шакл яратиб бўлмайди. Бироқ ягона ёндашув бўлиши шарт!

Ўзбекистонда ички аудитор фаолиятини атиги 2 та меъё­рий ҳужжат тартибга солиши бизнинг катта муаммоимиз. Булар – ИАХ тўғрисида низом ва Сертификатлаш тўғрисидаги низом. Ҳатто «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунда ҳам ички аудитор тушунчаси мавжуд эмас!

– Ички аудит халқаро стандартларини ўзида жорий этишга ҳеч ким мажбур қилмаётган ҳозирги кунда акциядорлик компаниялари яхши ният билан шу ишга қўл урдилар дейлик... Фойдаланишга тайёр кўринишда ушбу материалларни олиш учун қандайдир ташкилот аъзоси бўлиш шартми? Ёки мен, айтайлик, уларни қайсидир манбадан юклаб олиб, ўз мутахассис юристларимга ички ҳужжатларни шу намунага қараб расмийлаштириш вазифасини қўйишим, уларни ҳеч ким билан келишмаслигим мумкинми? Ёки бунда қандайдир бошқа мақсад назарда тутиляптими? Мисол учун, Аудиторлар палатаси услубий тавсияларнинг мослаштирилган пакетини тарқатади, мен эса уларнинг ҳақини тўлашга мажбур бўламан – бошқача йўл тутишим мумкин бўлмайдими?

– Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда акциядорлик жамиятлари, уларнинг кузатув кенгашлари, ички аудиторларнинг ўзлари бизга жуда кўп саволлар бермоқдалар. Кишилар нима қилишни билмай қолдилар, чунки ички аудит бор, унинг ҳуқуқий базаси эса деярли мавжуд эмас. Интернетдан ҳам уни осонликча топиб бўлмайди: ҳеч бўлмаганда нимани излашни билиш керак.

Халқаро стандартларнинг афзал жиҳати ҳам шундаки, сиз ташкилотингиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб 10% ёки 100% тавсия олишингиз мумкин. Бироқ шу билан бирга уларда аниқ концепция берилади – акциядорлар ва кузатув кенгаши олдида ишингиз сифатини кафолатлаш, ички аудит хизмати самарасини кўриш учун ўзингизда ушбу тизимни қандай қилиб тўғри жорий этиш кўрсатилади.

Бугунги кунда акциядорлик жамиятлари бу масалага шундай муносабатда бўладилар: биз ушбу хизматни тутиб турибмиз, улар эса кимга кераклиги номаълум бўлган қандайдир ҳисоботларни тузишяпти... Ҳаммаси хўжакўрсинга қилинади, сабаби ИАХ тўғрисида низом мавжуд, зиммамизда шу мажбурият бор. Бундан иқтисодий самара қани?

Аудиторлар палатаси ички аудит халқаро стандартларига мурожаат қилишни тавсия этади, улар бизнинг ИАХ тўғрисида низомга зид эмас. Фақат бизнинг ҳужжатимиз қисқа ва кичик ҳажмли, халқаро стандартларда эса ҳамма жиҳат: қандай ҳамкорлик қилиш, қандай йўлга қўйиш, текширувни қай йўсинда ўтказиш, қандай хатарлар борлиги батафсил баён этилган. Ташқи аудитдан ичкисига келганлар корхонадаги муаммо ва унинг манфаатлари нимадалигига ички аудитор кўзи билан қарай олишлари учун барча шарт-шароит яратилган.

– Айнан нима қилмоқ лозим?

– Ҳозирда биз Палата сайтига барча зарур материалларни жойлаштирмоқдамиз. Уларни ўзбек тилига расмий таржима қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди (рус тилидагиси аллақачон мавжуд).

Яна такрорлайман – ҳаммаси фақат тавсия тусига эга бўлади. Кимгадир баъзи тавсиялар тўғри келади, АЖда назорат пакетига эга бошқа бир мулкдор эса уларга эҳтиёжманд эмаслигини билдиради.

Биз материалларни тақдим этамиз, тренинглар ўтказамиз ва ўқув қўлланмаларини нашр қиламиз, ички аудит профессионал амалиётининг ушбу халқаро асослари, стандартлар ҳамда ҳаракат учун қўлланмаларни ўз ­аъзоларимизга тарқатамиз.

– Яъни сиз ҳаммасини тарқатасиз ва тушунтирасиз. Бироқ бунда субъект ташаббус кўрсатиб ҳамма ишни ўзи қилиши мумкин, шундайми?

– Ҳа. Ягона чеклов – агар ички аудит халқаро стандартларига кўра ишласангиз, уларга мувофиқ келишингиз керак. Мабодо бундай сўзларни умуман ишлатмасангиз, истаганингизни қўлланг, бироқ миллий ИАХ тўғрисида низомга биноан ишланг.

– Бу нимани англатади? Мен ишимнинг асоси сифатида халқаро стандартларни қўллашим мумкин, бироқ бунда ИАХСга мувофиқ келувчи аудитор сифатида чиқа олмайманми? Муаммо нимада?

– Ҳозир Президент фармонларидан келиб чиқиб, инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳақида сўз юритяпмиз, корпоратив бошқарувни жорий этяпмиз, МҲХС ва ХАСга ўтяпмиз. Ички аудит халқаро стандартлари ёки, аниқроғи, ички аудит профессионал амалиётининг халқаро асосларига (халқаро стандартлар, Ахлоқ-одоб кодекси, қўлланма ва ҳ.к.) келсак, ушбу стандартлар хорижий инвесторга таниш. Улар жаҳоннинг 14 тилида мавжуд. Бу эса сиз ушбу стандартларга мувофиқ ишласангиз, сизда сифат кафолатининг самарали дастури мавжудлигини англатади. Бунинг учун сиз уларга мувофиқ келишингиз зарур. Бизнинг аудиторлик ҳисоботларимизни кўрган хорижий инвестор ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмайди, чунки уларни тузаётганда ҳар ким ўз билим доирасига асосланиб иш тутади. Бунда инвестор қуйидагича фикр юритади: «Аудиторимга нимага пул тўлаяпман, уни қандай аттестациядан ўтказаман, у менга аниқ тавсиялар бераётганига кафолат борми? У фикрига таянишим мумкин бўлган даражадаги мутахассисми?»

– Мен – фалон МЧЖ ёки АЖ – сиздан ички аудиторлик ҳисоботи тузишга доир тавсияларни олсам, шунинг ўзи инвесторимга кафолат бўлиб хизмат қила оладими?

– Халқаро стандартларда ички аудиторнинг иш сифатини баҳолаш сингари компонент мавжуд. Бу – «Ички аудит сифатининг кафолати ва уни ошириш дастури» деб номланган 1300-сон стандартдир. Унда дастурга оид базавий талаблар мавжуд: у қандай тузилиши керак, ички баҳолаш, ташқи баҳолаш қандай ўтказилади, дастур ва сифатни ошириш кафолатлари бўйича ҳисобот қандай тузилади, уларнинг барчаси қайси ҳужжатлардан ташкил топади... Нимани қайси ҳолларда қўллаш мумкин.

– Айни пайтда, бизнинг шароитда ички аудит сифатини ошириш кафолатларига қандай қилиб мувофиқ келиш мумкин? Республикамизда ички ва ташқи халқаро аудит стандартларига мувофиқ келиш имконини берадиган механизмлар мавжудми?

– Ҳа, албатта. Агар ички аудит ҳақида сўз юритадиган бўлсак, 2 таркибий бирикма: мунтазам малака ошириш ва назорат аввал-бошдан сифатни оширишга кафолат беради. Ушбу икки омилдан биринчисининг ички баҳоланиши аниқ баён этилган. Ҳар бир аудитор учун шахсий ривожланиш дастури тузилади, сабаби ички аудитга турфа даражадаги мутахассислар келадилар, ҳар бирининг муайян соҳадаги билими у ёки бу даражада оқсайди. Барча ички баҳолашлар шу дастурга боғлиқ – бажарди/бажармади, топширди/топширмади ва ҳ.к. Назорат, яъни ташқи баҳолаш ҳам мавжуд. Аудиторлар палатаси келиб, ИАХда зарур иш ҳужжатлари мавжудлигини текшириши, кишилар билан суҳбатлашиши, билим даражасини баҳолаши мумкин. Ёки бош компаниянинг ички аудит хизмати шуъба компанияга келиб, шу ишни қилиши мумкин.

– Миллий ИАХ тўғрисида низом ички аудитор олдига бошқа вазифаларни қўяди. Ушбу мутахассиснинг асосий вазифаси – муайян даврийлик билан ички аудит ўтказиш, хўжалик шартномаларини экспертиза қилишдан иборат, хатарлар менежменти умуман мавжуд эмас.

– Бу ички аудит самарадорлиги масаласи. Айрим баҳсли жиҳатлар мавжуд... Масалан, корхонада барча хўжалик шартномаларини экспертиза қиладиган юридик хизмат фаолият юритса, қайта назоратга нима ҳожат? Буни ресурслардан оқилона фойдаланмаслик деб биламан. Корхона қандайдир янгиликларни жорий этишни кўзлаётган бўлса, бошқа гап. Масалан, сут маҳсулотларини қайта ишловчи ва сотувчи корхона янги цех қуришга қарор қилади. Бу ҳолда ички аудит томонидан шартноманинг экспертиза қилиниши ва хатарларнинг баҳоланиши ўринли, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Ички аудитор миллий ИАХ тўғрисида низомга кўра корпоратив бошқарув қоидалари ижро этилишини кузатиш ваколатига эга. Бу масалада ички аудитор айнан нимани кўриши кераклиги эса меъёрий жиҳатдан белгиланмаган.

Халқаро стандартлар айни шу жиҳатларни очиб беради. Ахлоқ-одоб меъёрлари ва қадриятлари, раҳбарият фармойишлари ва буйруқларининг ижро этилиши...

– Аудиторнинг вазифалари жуда кенг талқин қилинган. Булар айнан унинг вазифаларими? Маъмуриятнинг бошқа аъзоларининг эмас, айнан ички аудиторникими? Булар корхонада бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилишини баҳолашдан анча йироқ эмасми?

– Ташқи ва ички аудитни аралаштириш керак эмас – улар бир-биридан фарқ қилади.

Ахлоқ-одоб меъёрлари ва қадриятлари – айни корпоратив бошқарув қоидаларидир. Бизда ушбу тушунча яқинда юзага келди ва давлат даражасида акциядорлик жамиятларида жорий этила бошлади. Биз маданиятли бизнес қуришга интилмоқдамиз, инвесторлар келишини истаймиз, бунинг учун халқаро стандартларга мувофиқ келишимиз керак. Шу сабабли бизда буларнинг барчаси юзага келди, биз ўз ҳисоботимизни эълон қиляпмиз, МҲХСга ўтяпмиз, уни миллий стандартларга биноан эмас, албатта ХАСга кўра аудит қиляпмиз ва ҳ.к.

Корпоратив бошқарув қоидалари халқаро ҳуқуқда қайд этилган, улар миллий қонун ҳужжатларида ҳам мавжуд. Тўғри, улар ҳозирча аниқ белгилаб берилмаган.

– Аудиторларни сертификатлаш миллий тизими миллий стандартларга таянади. Улар асосида мутахассиснинг халқаро стандартларга мувофиқлигини қандай баҳолаш мумкин?

– Ҳозир ходим миллий сертификацияга қанчалик мувофиқ келишига ҳам аниқ баҳо бера олмаймиз! Корпоратив бошқарувни олинг... Ҳали биронта ички аудиторим: «Бунинг ўзи аслида нима дегани?» – деб берган саволимга аниқ жавоб бера олмади. Ҳатто имтиҳон саволларимизда ҳам у йўқ, чунки у янги тушунча. ИАХ тўғрисида низомда у мавжуд, бироқ ушбу масала бўйича меъёрий база эндигина юзага келмоқда.

Умуман олганда, ўз вақтида ушбу миллий Низомни ишлаб чиққан кишилар халқаро стандартларга ҳам қараганлар, бироқ бизга ортиқча юк ортмаслик мақсадида қисқача мазмунини қайд этганлар, сабаби ўша пайт биз бунга тайёр эмас эдик. Соддалаштирилган, маҳаллий шароитга мослаштирилган вариант яратилган. Уни мослаштирилган деб ҳам бўлмайди... Ўша пайтда, мисол учун, корпоратив бошқарув қоидалари нима эканлигини кўпчилик изоҳлаб бера олмас эди, ҳозир ҳам буни ҳамма қилолмайди. Хорижий инвестициялар иштирок этадиган бозорда анчадан буён мавжуд бўлган Ўзбат, GM, Nestle сингари йирик компанияларда у бор, ривожланган, йиллар давомида сайқалланган.

– Хуллас, охир-оқибат нималарга эгамиз? Палата барча хоҳловчиларга жамланган халқаро тажрибадан ихтиёрий фойдаланишни тавсия этади. Агар субъект эплай олса – зарур ички ҳужжатларни ўзига мослаштириб ишлаб чиқади, эплай олмаса (шундай бўлиши аниқ!) буни аутсорсда маълум ҳақ эвазига Аудиторлар палатаси, «катта тўртлик», бошқа билимли мутахассислар қилиб беришини илтимос қилади. Шунда директор: «Битта текинхўр – ички аудиторни боқаётганим етади, энди бунга пул тикишим қолди. Буларнинг ҳаммаси менга нима беради? Корпоратив бошқарув қоидаларини тубдан англашдан бошқа нарсага эга бўлмайман. Амалда қандай фойда кўраман?» деса тўғри бўладими?

– Тўғри. Мен айнан суҳбатимизни шунга олиб келмоқчи бўляпман... Ички аудитнинг базавий моҳияти шундаки, у корхонанинг елкасида ортиқча юк бўлиб ўтирмай, унга иқтисодий наф келтириши керак. Бу наф сезиларли бўлиши лозим...

Ички аудиторнинг тавсиялари хатарларни тўғри баҳолашдан ташкил топиши лозим. У эса ўз навбатида санкциялар ва тижорий йўқотишлар, иқтисодий жиҳатларга эга бўлган обрўга путур етишига йўл қўймасликка олиб келади. Ички аудиторлар ташқи аудиторлар умуман эътибор қаратмайдиган жиҳатларга диққат билан муносабатда бўладилар!

Бизнинг олдимизда ҳар хил йўл бор. 1-йўл: халқаро ишланмаларни ўрганамиз, улардан энг яхшисини оламиз ва шунинг негизида ички аудит миллий стандартларини, ўз ҳаракат учун қўлланмаларимизни – айнан миллий – параллель равишда ўзбек ва рус тилларида тасдиқлаймиз. 2-йўл: Ички аудиторлар халқаро институти билан ҳамкорликда ва Молия вазирлигимизнинг маъқуллаши билан тўғридан-тўғри халқаро стандартларга тенглашишни бошлаймиз ва уларни ўзбек тилига таржима қиламиз (русча варианти мавжуд). 3-йўл: ҳеч нима қилмаймиз, ҳар ким истаганча муаммосини ҳал этаверсин.

Бироқ бунда ички аудит моҳиятининг ўзи йўқолади. Қаранг: корхонада хатарларни бошқариш хорижий инвестор учун жуда муҳим. Исталган компания ўз таваккалчиликларини асослаган ҳолда ривожланиши лозим (менежмент бозорда тўғри йўл топа олмади, керакли бизнес-режа қабул қилмаганмиз сингари нима бўлса бўлар қабилида иш тутиб бўлмайди).

Фикримизча, халқаро ҳамжамият тажрибасидан ўтган намуналарга қараб ички аудитни ривожлантиришимиз даркор. Қандайдир фойдали жиҳатни кўрсак, уни қўллаганимиз маъқул эмасми? Бунинг устига, у арзон тушади.

Барчаси раҳбариятнинг ният ва мақсадига боғлиқ: у ишга жиддий киришган, хорижда узоқ муддат у билан ишлашни кўзлаган ҳамкорлари бўлса – бу бир масала. Агар узоқни кўзламаган, хўжакўрсинга ички аудитни жорий этган бўлса – корпоратив бошқарув хусусида сўз юритишимиздан наф бўлмайди. Шундай муносабатда бўлганда ҳам ўзи учун фойдали жиҳатни топиши эҳтимолдан холи эмас.

 

Махсус мухбиримиз

Юлия Яшина суҳбатлашди.

Прочитано: 4801 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика