Norma.uz

Қайтарган мол-мулкингиз энди сизники эмас

 

Ишнинг моҳияти

2013 йил февралда хусусий корхона МЧЖ иштирокчилари таркибига пулсиз шаклда баҳолаш қиймати 50 млн сўм бўлган нотурар жой (дўкон) тарзидаги ҳиссаси билан қўшилди. 2015 йил май ойида ХК иштирокчилар таркибидан чиқишга қарор қилди ва МЧЖнинг умумий йиғилиши унинг улушини натурада – унга илгари киритилган ҳиссани топшириш йўли билан ажратишга қарор қилди. МЧЖ ва ХК объектни (дўконни) қабул қилиш-топшириш далолатномасини имзоладилар. МЧЖ таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар киритилганидан кейин 2015 йил июнида ХК «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг Тошкент бошқармасига (бундан кейин – давлат органи) дўконга бўлган мулк ҳуқуқини қайтадан рўйхатдан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилди.

2015 йил июлида ХК МЧЖ умумий йиғилишининг баённомаси ва нотурар жойни қабул қилиш-топшириш далолатномаси чиқиб кетган иштирокчи учун унга бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланмайди деган асосга кўра (Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом, ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги тўғрисида жавоб олди.

Давлат органининг важ-далилларига қўшилмаган ХК 2015 йил сентябрида хўжалик судига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш қарорини бекор қилиш, шунингдек 1 302 240 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.

Даъво предметига доир мустақил талабларни изҳор қилмаган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга МЧЖ жалб этилди.

 

ХКнинг позицияси

– 2015 йил июнида биз МЧЖ таркибидан чиқишга қарор қилдик ва умумий йиғилиш улушимизни натурада ажратиш ва бизга дўконни бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Биз билан МЧЖ ўртасидаги барча зарур ҳужжатлар имзоланди. Бироқ давлат органи ХКнинг мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишдан бош тортди. Биз унинг важ-далилларини асоссиз деб ҳисоблаймиз, чунки Фуқаролик кодексининг 223-моддасига кўра улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли. Давлат органининг қарорини бекор қилиш ва уни ХКнинг нотурар жойга бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга мажбур этишни сўраймиз.

 

Давлат органининг позицияси

– Низомнинг 42-бандида нотурар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келишини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг батафсил рўйхати келтирилган. Чиқиб кетган иштирокчига нотурар жойни ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар унга кирмайди. Шу сабабли биз ХКга унинг нотурар жойга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишига рад жавоби бердик ва МЧЖ ҳамда ХКга нотурар жойни учинчи шахсга бериш ёки унга бўлган ҳуқуқларни топшириш шартномасини тузишни таклиф қилдик. Даъво аризасини бекор қилишни сўраймиз.

 

Учинчи шахс (МЧЖ)нинг позицияси

– Нотурар жой МЧЖ устав фондига киритилганидан кейин унга бўлган мулк ҳуқуқи ҳам қайта расмийлаштирилди. Бироқ жамият умумий йиғилиши томонидан ХК улушини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиниши билан биз барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирдик ва имзоладик. Шундан кейин ХК давлат органига мурожаат қилди ва, бизга маълум бўлишича, уни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган. Биз бундай рад жавобини асоссиз деб ҳисоблаймиз ва даъвони қондиришни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, ариза берувчининг важ-далиллари ва манфаатдор тарафнинг эътирозларини, учинчи шахснинг важларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, ХКнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек 1 302 240 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат этишига олиб келган далилларнинг тасдиғини топди.

ФКнинг 223-моддаси «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 19, 30 ва 34-моддалари «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг (14.12.2000 йилдаги 160-II-сон, 24.12.2012 йилдаги ЎРҚ-342-сон Қонун таҳририда) 16-моддасига асосланиб, суд аризани тўлиқ ҳажмда қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

 

Юрист шарҳи

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 14 ва 15-моддаларига мувофиқ жамият устав фонди (устав капитали) унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматларидан таркиб топади. Пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин. Бунинг маъноси шуки, МЧЖ иштирокчиси улушли мулкда бўлган мол-мулкнинг мулкдори ҳисобланади.

ФК 223-моддасининг 2-қисмига асосан улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан натурада ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли. Уни ажратиб олиш иштирокчилар таркибининг ўзгариши ва устав фондининг камайишига олиб келади. Айни шу сабабли у қарорнинг МЧЖ умумий йиғилиши томонидан қабул қилинишини талаб этади, мазкур ҳолда айни шундай қилинган. Шунингдек тарафлар томонидан нотурар жойни қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланган.

Ҳақиқатан ҳам, Низомнинг 42-бандида назарда тутилган, нотурар жойга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини тасдиқлайдиган ҳужжатлар рўйхатига МЧЖнинг чиқиб кетган иштирокчисига нотурар жойни ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар кирмайди. Бироқ ФК 182-моддасининг маъносига кўра кўчмас мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқини олиш нафақат Низомнинг 42-бандида саналган ҳужжатлар, балки қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳужжатлар билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Бундан ташқари, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилишини назарда тутадиган 16-моддасининг 3-қисми қоидасини ҳам эътиборда тутиш лозим. ФК поғона бўйича идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланадиган, Ўзбекистон қонунлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинадиган Низомдан юқори туради. Буларнинг ҳаммаси ХК давлат органига давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этган ҳужжатлар унинг нотурар жойга бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун етарли асос ҳисобланиши хусусида хулоса чиқариш имконини беради.

 

ФИКР БИЛДИРАМИЗ! Низомнинг 42-бандига бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини тасдиқлаш расмийлаштирилиши Қонундан келиб чиқадиган ўзга ҳужжатлар асосида амалга оширилиши мумкинлигини назарда тутадиган қўшимча киритиш мақсадга мувофиқ деб биламиз.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 2413 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2016-03-11 22:20:22, Гость_Хайрулло:
Менимча, суд томонидан қонун ҳужжатларини мантиқан шарҳланмасдан хатога йўл қўйилган. Низомнинг 42-бандидаги рўйхатга "қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳужжатлар" деган жумла киритилиши мақсадга мувофиқ бўлса керак.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика