Турар жой қурилиши муваффақиятли тарзда изчил кечаётган иқтисодий тараққиёт белгиларидан биридир. Ҳамонки, турар жойлар бунёд этилаётган экан, демак уларга талаб-эҳтиёж, бинобарин тўловга қурби келадиган истеъмолчилар бор. Мамлакатимизда янги қурилишлар қанчалик кўпайса, иқтисодиётимизнинг бу йўналишида ҳамма ишлар жойида деяверинг. Шу сабабли ҳам, Навоий шаҳрида шоҳона кўп қаватли уйлар қандай суръатлар билан қад кўтараётганлигини кўриб, миллий иқтисодиётимизнинг ҳар йилги ўсиш кўрсаткичи 8 фоизга тенг эканлигига тўла ишонч ҳосил қиласан киши.
Ана шу тобора кенгайиб бораётган уй-жой хўжалигини бошқариш эса бутунлай бошқа масала. Бундай қараганда, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) ҳамда ҳамма нарса – ким, қандай ва нима учун жавоб бериши аниқ тавсиф этилган қонуности ҳужжатлари бордай. Бироқ салкам 10 йил муқаддам қабул қилинган норматив ҳужжатда бугунги айрим воқеликлар инобатга олинган бўлиши даргумон. Бу хил ўй-фикрларни ХУМШлар уюшмасининг Навоий бўлинмаси раиси, балансида 4 та беш қаватли уй бўлган «Мустанг Оқ тулпор» ширкати раҳбари Асқар ҲАМИДОВ билан суҳбатимиз ёрқин ифода этиши мумкин.
– Шаҳримиздаги энг сўнгги, ўн биринчи ХУМШ ўтган йилнинг иккинчи ярмида, эндигина фойдаланишга қабул қилиб олинган, одамлар тўлиқ кўчиб келиб жойлашишга улгурмаган янги уйда ташкил этилди. Бу эса, ширкат деганлари шунчаки расмона, тузукроқ салмоққа эга бўлмаган ва батамом маҳаллий маъмурларга боғлиқ тузилма эмасмикан, деган ҳазин хаёллар келтириб чиқаради одамда.
– Ҳа, бу ҳаводан олинган ёки ўйлаб топилган нарса эмас. ХУМШ тўғрисидаги Қонунда ширкатнинг мақоми, ҳуқуқлари ва ваколатлари муфассал баён этилган. Ўша янги ташкил этилган ширкатга қарашли уйга ҳамма тўлиқ кириб жойлашиб улгурмаганлиги рост. Аммо барибир муайян миқдорда квартира эгалари бўлганлиги сабабли ҳам, улар ХУМШ ташкил этганлар. Негаки, улар коммунал хизматлар ҳақини тўлаш, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув таъминоти юзасидан ҳисоб-китоб қилишлари ширкатсиз битмаслигини англаб етишди...
– Мен ҳам аслида ана шу хусусда гап очган эдим. Кўп квартирали уйларда яшовчилар учун ХУМШ уй-жойдан фойдаланиш контораларига (собиқ ЖЭК) ўхшаган нарса бўлиб қолди, холос. Масалан, мен беш қаватли квартира мулкдориман. ЖЭКимизга бориб, ҳар ойда коммунал хизматлар ҳақини, шу жумладан электр энергияси ва сув таъминоти ҳақини тўлайман. Бошқа мавзеда яшовчи бир қадрдоним ҳам шу ишни... ширкат орқали қилади. Демак, ХУМШлар «тўни»ни, янада аниқроқ қилиб айтганда, пешлавҳасини ўзгартирган ЖЭКлар экан-да?
– Тўлов ундирилиши ёнига ширкатлар штатида ғазначи, чилангар, сантехник ва фаррошлар борлигини ҳам қўшиб қўйиш мумкин. Шу билан ХУМШни ЖЭКлар билан таққослаш ўз поёнига етади. ЖЭКдан фарқли равишда ХУМШ уй таъминоти учун квартира эгаларининг ҳисобидан жавоб беради. Гап, гарчи муҳим жиҳат ҳисобланса-да, улар ўртасидаги ташкилий-ҳуқуқий тафовутда эмас. Ширкатнинг аҳамиятини пасайтириш ниятимиз ҳам йўқ. Масалага чуқурроқ назар ташлаш жоиз кўринади.
Сиз ҳам, бошқа қўни-қўшниларингиз ҳам квартираси уларда яшовчиларнинг хусусий мулки бўлган уйда яшаяпсиз дейлик. Уйга НКМКдек давлат корхонаси уй-жой-коммунал бошқармасининг таркибий бўлинмаси бўлмиш ЖЭК хизмат кўрсатади. Уйингизда томдан чакка ўтаётган бўлса, бошқа квартира эгалари қатори ЖЭКка ариза билан мурожаат қиласиз. Коммунал хизматдагилар комбинат ресурслари ҳисобидан томни таъмирлаб тузатиб беришлари керак.
Бундай амалиёт замирида сизга зиддият сезилмаяптими? Ажабланарли томони шундаки, барча турар жойлар хусусий мулк бўлган мазкур уйда умум коммуникация маконини асраш ва иш қобилиятини маромида сақлаб туриш давлат томонидан таъмин этилади.
Ширкат бошқариб турган кўп қаватли уйда бу вазият мантиқан бутунлай бошқа тарзда ечим топади. Томдан чакка ўтаётган бўлса, дарҳол ширкат бошқаруви йиғилади ёки уй-жой мулкдорлари йиғилиши чақирилади-да, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказишга қарор қилишади. Моҳиятан уй-жой ва коммунал соҳада юзага келган муаммоларни квартира эгалари ё ўзлари, ёки вакиллари орқали ХУМШ бошқарувида ҳал этадилар ва муаммоларни ўз маблағлари ҳисобидан бартараф қиладилар.
Буни назарий фикр-мулоҳазалар-да деган талқинга бормаслик керак. Навоийдаги ХУМШлар ўтган йили қарийб ярим миллиард сўмлик банк кредитлари олдилар. Кредитларнинг ҳаммаси 5 йилгача бўлган муддатга, йилига 9 фоизлик устама тўлови билан берилди. Ана шу кредитлар ҳисобидан уйларда капитал таъмирлаш ишлари ўтказилмоқда. Мана буни муаммоларнинг соф бозор ечими деса бўлади!
– Кредит борасида айтганларингиз амалиётда қай тахлит кечаётганлигини аниқроқ тушунтириб берсангиз. Ширкатларнинг банк кредитларини қай йўсинда олишга муваффақ бўлаётганлигининг ўзи тушунарсизроқ ҳолдир. Негаки, уларда гаров сифатида кредит муассасаларини қизиқтириши мумкин бўлган активлар йўқ-ку. Иккинчидан, ҳамонки, ширкатлар бозор иқтисодиёти шароитига яхши мослашиб олган экан, нима сабабдан шаҳримизда «ширкатлаштириш» жараёни бунчалик суст бормоқда? Зотан жорий йилнинг 1 январига бўлган ҳолатга кўра вилоят марказида 91 уйдан иборат 11 та ХУМШ рўйхатга олинган, холос.
– Капитал таъмирлаш масалалари ҳамиша ХУМШ умумий йиғилиши муҳокамасига қўйилади. Йиғилишда томни, ертўла хоналарини, уйнинг бошқа умумий мол-мулкини капитал таъмирлаш қиймати ҳақидаги ахборотлар ҳам уй аҳли эътиборига етказилади. Биринчи навбатда нималарни тиклаш жоиз эканлигини уларнинг ўзи ҳал этадилар. Умумий йиғилишда уларга шунингдек капитал таъмирлаш учун банк кредитини жалб қилиш мумкинлиги, кредитнинг суммаси ва кредит юзасидан тўланадиган фоизлар уйга техник хизмат кўрсатиш харажатларига киритилажаги маълум қилинади. Ана шулардан келиб чиқиб, мажбурий бадал миқдори ҳисоби чиқарилади. Масалан, «Порлоқ Юлдуз Коммуналчи» ХУМШда банк кредити ва унинг фоизини тўлаш учун йиғилиш бадал миқдорини ҳар квадрат метр саҳн учун 385 сўм ўрнига 470 сўмдан қилиб белгилашга қарор қилди. «Гулвоз» ХУМШда бадал миқдори бундан ҳам кўтарилиб, 520 сўмга етди.
Шундай экан, нима сабабдан банклар бизга кредит бермоқда, гаров билан таъминланмаган бўлса ҳам бу ишга улар нега бажонидил рози бўлмоқда, деган савол туғилади. Боиси бизнинг асосий актив – коммунал хизматлар учун жорий тўловлар уларда гаровда турибди. Барча ширкатлар ўзларига хизмат кўрсатувчи банкларда кредитланади, шу сабабли ҳам банк ходимлари ХУМШнинг пул оқимларидан, молиявий барқарорлигидан яхши хабардор.
Масаланинг иккинчи томонига келганда шуни айтиш жоизки, комбинат бугун деса бугун, эрта деса эртага зиммасидан уй-жой ва коммунал хўжалиги залворидан қутулишга тайёр. Бу ихтисосга хос бўлмаган актив комбинат учун ортиқча юк эканлиги шундоқ ҳам аён. Лекин бу юкдан дарҳол халос бўлиш қийин. Зотан, ҳозирги кунгача Навоий шаҳрининг ўзига хослиги, мақоми сезилиб туради. Шаҳарда уй-жой ва коммунал хўжалиги, қолаверса ижтимоий жабҳанинг талайгина соҳалари айни НКМК билан чамбарчас боғлиқ. Навоий шаҳрининг кечаги ҳолати бугунги Зарафшон ва Учқудуқда шундоққина кўриниб турибди. Бу ерда комбинат асосий иш берувчи, бинобарин бутун уй-жой-коммунал соҳа унинг балансидадир. Ҳар иккала шаҳарда биронта ҳам ХУМШ йўқ.
Шаҳар билан қачонлардир шаҳар ташкил этувчи мақомида бўлган корхона ўртасидаги муносабатларнинг ўтмишга хос модели билан хайр-маъзур қилиш осон эмаслигини ўтган йилги муҳим воқеа яққол намойиш этди. 2015 йилнинг ўзидагина НКМК вилоят марказидаги ободонлаштириш билан шуғулланувчи бутун хўжалигини, шу жумладан GPS билан жиҳозланган махсус техника автосаройини шаҳар маъмуриятига беғараз топширди.
Турар жой борасида эса, масала бирмунча мураккаброқ. Уйларни шаҳар маъмуриятига топшириш учун кончилар корхонаси барча умумий уй хўжалигини капитал таъмирлаб беришлари зарур. Бели қанчалик бақувват бўлмасин, ҳар қандай корхонага ҳам бундай сарф-харажатлар муаммо туғдириши турган гап. Уйларни НКМК капитал таъмирлашдаги «қарзи»ни қурилиш материаллари билан қоплаш ваъдаси билан баъзи уйларни ширкатларга берган пайтлар ҳам бўлди. Лекин шартномавий мажбуриятларга риоя этилмаганлиги сабабли бу вариантнинг амал қилиши кўпга бормади.
– Яшайдиган беш қаватли уйим ҳамон уй-жой-коммунал бошқармаси ихтиёрида эканлиги, ҳанузга қадар ХУМШлар қаторидан жой олмаганлиги мени тариқча ҳам қизиқтирмайди. Лекин Навоийда ширкатларга хизмат кўрсатиши керак бўлган бошқарувчи компаниялар нима сабабдандир «юлдуз кўрмай жон беришди»? Эҳтимол, ХУМШлар миқдори кам бўлганлиги учун ҳам бундай бизнес иши юришмагандир? Ёки бунда қандайдир маҳаллий ўзига хос хусусиятлар роль ўйнадимикин?
– Бўлмаса-чи! Яққол бир мисол келтиришим мумкин. Ертўласидаги иссиқ ва совуқ сув таъминотининг умумий қувурларига ҳисоблагич приборлар ўрнатмаган барча ширкатлар бугунги кунда НКМКнинг бирлашган тизимидан (БТ) қулоғигача қарзга ботган дейиш мумкин. Бу муаммони қандай ҳал этишни ҳеч ким билмайди. Ширкатлар ҳам, БТ ҳам, шаҳар ҳокимлиги ҳам ким биринчи бўлиб ҳаракат қилишини, жўнроқ қилиб айтганда, ким даъво аризаси бериб, суд ёрдамида ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринади деб кутиб ўтирибди.
БТ Навоий шаҳри ташкил топган вақтлардан буён монополчи бўлиб қолган. Комбинатнинг бу тузилмаси шаҳарни, шаҳардаги юридик шахслар ва жисмоний шахсларни ичимлик суви, иссиқ сув, суғоришга ишлатиладиган сув ва электр энергияси билан таъмин этиб келмоқда. Эндиликда бу анчайин масала бўлиб туюлиши мумкин. Лекин чамаси 10 йиллар олдин, ширкатлар энди-энди шакллана бошлаган пайтларда сув ва электр энергияси етказиб берувчиларнинг сарҳади қаерда тугаб, ХУМШларнинг сарҳади қаерда бошланиши масаласидаги бетиним мунозараларда БТнинг қўли ҳам, мавқеи ҳам баланд эди. Ўшанда магистрал қувурлар турар жойга кириш ерида тугалланади деб келишиб олинган ва шундан кейинги ресурс таъминоти учун жавобгарлик ширкат зиммасига тушадиган бўлганди.
Истеъмолни ҳисобга олиш энг мураккаб ва ҳозирги кунга қадар ҳал этилмаган масала бўлиб қолмоқда. Ўша кезлари барча квартиралардаги иссиқ ва совуқ сув таъминоти қувурларида ҳисоблагичлар ўрнатилган эди, деб бўлмайди. Шу боис БТ ертўлалардаги умумий сув таъминоти қувурларига ҳисоблагич приборлар ўрнатилиши зарур деб адолатли тарзда масала кўтарган эди. Мабодо, бундай приборлар бўлмаса, сув учун ҳақ қувурнинг сув ўтказиш лаёқати асосида олинар эди.
Битта қувурга ўрнатиладиган бундай ҳисоблагич салкам 6 млн сўм турарди. Айрим ХУМШлар БТнинг талабига кўниб, катта сарфиёт эвазига бўлса-да, ҳисоблагич ўрнатдилар. Ҳисоблагич приборлар жилла пишиқ-пухта эмаслиги ва муттасил таъмирлаб туришни талаб этишини кўриб, кутиб туриш йўлини танлаган ширкатлар ҳам бўлди. Бундай ширкатларнинг раҳбарлари БТ билан сан-манга боришдан кўра, «мунозара»га учинчи тараф сифатида шаҳар маъмурияти вакилларини жалб этишни маъқул кўрдилар.
Бугунги кунда сув ўлчагичларнинг сифати тўғрисидаги масала ўз аҳамиятини йўқотди. Лекин истеъмолчилар ҳам жонланиб қолишди. Эндиликда Навоий шаҳрининг кўп қаватли уйларидаги квартираларнинг 99 фоизидан кўпроғида якка тартибдаги ҳисоблагич приборлар ўрнатилган бўлиб, бу уйларда яшайдиган одамлар ўз ХУМШлари раҳбарларига умумий уй учун нархи баланд ҳисоблагичлар харид қилиш ва ўрнатишига розилик бермаяптилар. Далил сифатида БТ Навоий шаҳар газ идорасидан ўрнак олиб, ҳар бир квартира эгаси билан шартнома тузиб, вазиятни мониторинг қилиб борсин, ҳисоблагич кўрсаткичларини белгиланган стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан текшириб турсин демоқдалар.
Шуниси равшанки, БТга бундай вариант маъқул келмайди. Минг-минглаб якка тартибдаги истеъмолчилардан кўра, саноқли ширкатларнинг сув истеъмолини назорат қилиш уларга осонроқ-да. Натижада аросат дейдиган вазият юзага келди. Квартира эгалари иссиқ ва совуқ сув истеъмоли ҳақини ўз ўлчов приборлари кўрсаткичлари бўйича тўламоқдалар. Уй учун сув таъминоти қувурларига ҳисоблагич приборлари ўрнатмаган ширкатлар эса қарзга ботиб, қувурнинг сув ўтказиш лаёқатидан келиб чиқиб, БТ томонидан тақдим этилаётган, тўлаб улгурилмаётган ҳисобварақлар гирдобида қолиб кетдилар. Бу муаммодан қай йўсинда чиқиб олиш мумкинлигини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
Сув таъминоти билан боғлиқ бу воқеаларнинг охири, ечими бордир, албатта. Турар жой мулкдорлари борасида бизда муаммо йўқ, шунчаки ширкатлар етишмаяпти ҳисоб. ХУМШ аъзоларининг аксарияти ҳамон ўз квартирам қалъа монанд ўз паноҳимдир қабилида иш тутмоқдалар. Шу сабабли уйга туташ ҳудудни ободонлаштириш учун уларни ўз ёнларидан чиқим қилишга кўндиришнинг ҳозирча иложи бўлмаяпти. Шу хусусда гап очилса, «Келинглар, яхшиси йўлакларимизни таъмирлаш қанчага тушишини муҳокама қилайлик, уй атрофидаги ариқларни тозалаш билан эса, шаҳарнинг тегишли хизматлари шуғуллана қолсин» дейдиганлар кўп.
Бошқарувчи компаниялар «юлдуз кўрмай жон берганлиги» сабаби жуда оддий – ширкатларнинг ўзи турар жой эгаларига хизмат кўрсатишга қодир. Аҳолининг капитал таъмирлашдан бўлак муаммолар юзасидан берган буюртма ва аризаларини ҳал этишга 2-3 та чилангар, 1 та сантехник, ғазначи ва ХУМШ раисининг ўзи кифоя.
Ширкатларда даромаднинг иккитагина манбаи бор. Булар уйларнинг умумий мол-мулки таъминотига мўлжалланган бадаллар ҳамда электр энергияси ҳақи вақтида тўланганлиги учун БТдан олинадиган 15 фоизли бонуслардир. Бизга шунинг ўзи етарли. Барча тушум жорий сарф-харажатларга йўналтирилади.
Шуни назарда тутиш керакки, қонунга кўра ширкат нотижорат ташкилотдир. Бинобарин, ширкат олган барча даромадлар ХУМШ талаб-эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилади. Солиқ имтиёзлари муддати тугаганлиги ҳам шу сабабли уларга жилла таъсир этмайди.
Мухбиримиз
Амир МАҲМУДОВ
суҳбатлашди.