Мени қурилиш ташкилотига ишга қабул қилишди. Меҳнат шартномаси имзоланишига қадар мени ташкилотнинг ички тартиб қоидалари ва бошқа локал ҳужжатлари билан таништиришмади.
Ходимлардан уларда иш бошланиши ва тугаши вақтига қаттиқ риоя этиш зарурлиги белгиланмаганлигини эшитдим. Шундай бўлса-да, ишга 25 дақиқа кечикканим учун мен интизомий жавобгарликка тортилдим – менга ҳайфсан эълон қилишди. Иш берувчининг мазкур қарори устидан шикоят қилишга қарор қилдим. Қаерга мурожаат этишим лозим?
М.Нуриев,
Тошкент вилояти.
– Меҳнат кодексининг 178-моддасига мувофиқ ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан таништирилиши лозим. Иш берувчи ушбу талабни бузганлиги сабабли ходим мазкур ташкилотда ўрнатилган иш вақти режимини билмаган. Бинобарин, у билмаган вазифани бажармаганлиги учун ходимни жавобгарликка тортиб бўлмайди.
Сиз ташкилотингиз жойлашган жойдаги туман Бандликка кўмаклашиш марказининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига қабул қилинган интизомий жазо хусусида шикоят билан ёки судга сизни интизомий жавобгарликка тортадиган буйруқнинг қонунийлиги бобида низолашиладиган ариза билан мурожаат этишга ҳақлисиз.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, «Norma Online» эксперти.