Мен кўп йил ишлаганлик учун устама белгилайдиган корхонада 20 йилдан ортиқ ишлайман. Бир йил аввал қизимнинг соғлиғи ёмонлашганлиги боис ишдан бўшашга мажбур бўлдим. Бироқ 3,5 ойдан сўнг ўша корхонадаги ўз лавозимимга қайтдим. Менга энди сенга устама мумкин эмас дейишди, чунки узлуксиз иш стажи бир йилдан камни ташкил қилади.
3–4 ой узилиш бўлган стажим узлуксиз деб ҳисобланиши мумкинми? Узлуксиз стаж учун танаффус қанча муддатгача чўзилишига йўл қўйилиши мумкин?
Гули.
– Ҳамма нарса саволингиз мақсадига боғлиқ.
Агар у пенсияга расмийлаштириш муносабати билан туғилган бўлса, Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) 2-бандида қуйидаги атама мавжуд:
иш стажи – меҳнат дафтарчаси ва иш жойидан, хизматдан, ўқишдан ёки архивдан берилган бошқа ҳужжатлар бўйича аниқланган, ишдаги танаффуслардан қатъи назар, қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолияти ва бошқа фаолиятнинг умумий давомийлиги.
Шу тариқа, ҳужжатлар асосида меҳнат дафтарчасига киритилган иш стажи тўғрисидаги жами ёзувлар унинг иш даврларига нисбатан ходим умумий меҳнат стажининг исботи ҳисобланади (Низомнинг 78-банди). Ишдаги танаффуслар пенсияга таъсир кўрсатмайди.
Пенсия жамғармаси бўлими ёки иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссия томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарорга рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади (Низомнинг 82-банди).
Узлуксиз стаж бир ёки бир нечта иш берувчидаги охирги узлуксиз ишнинг давомийлиги билан аниқланади. «Узлуксиз стаж» атамаси кўп соҳаларда аввало ходимларни рағбатлантириш, шунингдек кадрлар қўнимсизлигини камайтириш мақсадида қўлланади. Хусусан, кўп ташкилотларнинг локал ҳужжатларида бир йил учун иш якунлари бўйича ҳақ назарда тутилган. Кўпинча унинг миқдорлари кўп йил ишлаганликка боғлиқдир.
Кўп йил ишлаганлик учун ҳақ тўлаш шартлари (шу жумладан узлуксиз иш стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби, унга танаффусларни киритиш ёки киритмаслик) белгиланган тартибда тасдиқланган локал қоидалар билан ўрнатилади (МКнинг 153-моддаси 2-қисми).
Бироқ баъзи тармоқлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатлари билан белгиланган устамаларни назарда тутади. Одатда улар профессионал стажнинг узлуксизлигига боғлиқдир.
Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳамда Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти, шунингдек ихтисослаштирилган бошқармалар (Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасидан ташқари) ходимларига ободонлаштириш соҳасидаги узлуксиз умумий иш стажи (узоқ муддатли хизмати) учун ҳар чораклик мукофот тўланади (Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомнинг III бўлими, ВМнинг 1.04.2009 йилдаги 91-сон Қарори билан тасдиқланган).
Иш стажининг узлуксизлигига табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойларда ишлаш билан боғлиқ қўшимча компенсация тўловлари (иш стажи учун устамалар, юқори тоғлик, чўл ва сувсиз туманларда ишлаганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган белгиланган коэффициентлар учун устамалар) ҳам боғлиқ (МКнинг 153-моддаси 4, 5-қисмлари; ВМнинг «Навоий вилояти халқ хўжалиги тармоқлари ходимларининг иш ҳақини ҳудудий тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори (20.04.1992 йилдаги 200-сон); ВМнинг «Дўрмон-Қайнарсой» комплексларининг хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекциясини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори (18.12.1995 йилдаги 462-сон).
Устаманинг миқдорини ташкилот ҳузурида раҳбарнинг буйруғига асосан тузилган, доимо ишлайдиган комиссия белгилайди.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, «Norma Online» эксперти.