Ширкатдан чиқиш ва уйдаги умумий мол-мулкни юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда мулкдорлар жамоаси бошқарувини йўлга қўйиш мумкинми? Ўтган мавзувий сонда («Норма маслаҳатчи», 16.02.2016 йилдаги 7-сон) ушбу йўлнинг бошланғич босқичи қийинчиликлари тўғрисида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Қодиров кўчасидаги 11-уйнинг уй қўмитаси раиси Максим Черников гапириб берганди. Унинг фаол фуқаролик позицияси, ҳуқуқий саводхонлиги, бир сўзлиги, қатъияти, шунингдек аҳолининг қўллаб-қувватлаши туфайли кўплаб муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлинди.
Бугунги сонда у мулкдорлар жамоаси томонидан хизматларни етказиб берувчилар билан муносабатларни йўлга қўйиш, уйдаги умумий инфратузилмани бошқариш, таъмирлаш, маълумотномалар бериш, бадаллар йиғиш ва ҳоказолар бўйича тажриба билан ўртоқлашишни давом эттиради. Ушбу амалиёт уйни ширкатсиз бошқаришнинг афзалликлари ва етарлича ҳуқуқий тартибга солинмаганликни намойиш этади.
Қоидаларга ўзгартишлар киритишни таклиф қилдилар
2014 йил мартида мен ИДХЯП орқали Ўзбекэнергога умумий йиғилиш ваколат берган шахс сифатида мен билан уйнинг умумий эҳтиёжларига электр таъминоти шартномасини тузиш илтимоси билан мурожаат қилдим. Тошкент шаҳар ЭТК Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова, кейинги ўринларда – 245-сон Қоидалар) жисмоний шахс билан шартнома тузиш имкониятини назарда тутмайди деб жавоб берди. Барибир биз уйнинг белгиланган қувватларидан келиб чиқиб уй умумий фойдаланишдаги жойларни ёритиш учун тўловни Тошкент шаҳар ЭТКнинг ҳисобрақамига тўлашда давом этади деб келишишга муваффақ бўлдик.
Портал орқали Вазирлар Маҳкамасига 245-сон Қоидаларга Уй-жой кодекси нормаларига мувофиқ келадиган ўзгартишлар киритиш, уй-жой фондининг турар жойлар мулкдорлари томонидан бошқарилиши, жисмоний шахс (умумий йиғилиш ваколат берган) билан уйнинг умумий эҳтиёжларига электр таъминоти шартномасини тузиш имконияти тўғрисида таклиф билан мурожаат қилдим. Вазирлар Маҳкамаси мурожаатимни кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигига юборди.
Уйнинг иситиш тизимини навбатдаги ювиш вақти келганда биз ювиш сувидан фойдаланиш шартномасини тузиш тўғрисидаги хат билан «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКга мурожаат қилдик. Унга умумий йиғилишнинг ХУМШдан чиқиш, уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлашга шартномалар тузиш учун ваколатли шахсни сайлаш тўғрисидаги баённомалари илова қилинди. Аввалгидек – жисмоний шахслар билан шартнома тузилмайди деган жавоб олдим. Бизга яна уни тузиш учун «Шалола» маҳалласига мурожаат қилишни маслаҳат беришди. Шунда мен «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК бош директорининг ўринбосари М.Нартикоеванинг қабулига ёзилдим. Суҳбат вақтида барча ҳужжатлар, қонун ҳужжатларига, шу жумладан УЖКнинг 138-моддасига ҳаволаларни тақдим этдим, ушбу моддада белгиланишича, «кўп квартирали уй турар жойлар мулкдорлари томонидан бевосита бошқарилганда шу уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ёки уни таъмирлаш ишларини бажариш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномалари турар жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарорлари асосида тузилади. Бунда учинчи шахслар билан муносабатларда турар жойлар мулкдорлари номидан турар жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан вакил қилинган турар жойлар мулкдорларидан бири ёки бир нечтаси иш кўришга ҳақлидир».
М.Нартикоева бу муаммони тушунишга ҳаракат қилди. Биз ювишга шартнома туздик, сув учун тўловни «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКнинг ҳисобрақамига ўтказдик. Ҳозирда ушбу масала ХУМШ ташкил этмасдан ўзини ўзи бошқарувчилар учун Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова) билан тартибга солинган.
2014 йил октябрида уйнинг умумий эҳтиёжларига доир электр энергиясига ҳақ тўлаш муаммоси яна вужудга келди. ҲТЭК фақат унга кирувчи 9А-уйга «Шалола Коммуналчи» ХУМШ билан электр таъминоти шартномасини тузишдан бош тортди, чунки бизнинг тўрт қаватли уйимиз ширкат ҳисобида қайд этишда давом этмоқда. Янги ижрочи директор бизнинг ундан чиқишимиз муносабати билан ХУМШ уставига ўзгартишлар киритиш таомилини ўтказди. Шу сабабли уйимизнинг умумий фойдаланиш жойлари электр таъминотига алоҳида шартномани етказиб берувчи аввалгидек туза олмади. ИДХЯП орқали Адлия вазирлигидан 245-сон Қоидаларга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқишнинг қандай босқичда турганлигини аниқлаштирдим. Менга уни «Ўздавэнергоназорат» давлат инспекциясига юборишганини, у ўз навбатида Ўзбекэнергога топширганлигини айтишди. «Ўздавэнергоназорат»дан менга маълум қилишларича, улар барча манфаатдор идоралар билан келишилган, уни Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизага бериш учун ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси тайёрланяпти.
Ушбу жараён чўзилиши мумкин эди. Биз эса ўша пайтда кўндаланг турган масалаларни ҳал этишимиз керак эди. 2014 йил декабрида Портал орқали яна Ўзбекэнергога мурожаат этиб, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига ҳавола келтирдим, яъни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади».
Ушбу нормага асосланиб муаммони ҳал этишнинг бир нечта вариантини таклиф қилдим. Масалан, РЭС умумий йиғилиш ваколат берган шахс билан УЖКнинг 138-моддасига кўра уйнинг умумий эҳтиёжларида электр энергиясидан фойдаланишга 2015 йил учун шартнома тузади, зеро УЖК 245-сон Қоидаларга қараганда юқорироқ юридик кучга эга. Ёки РЭС 245-сон Қоидаларга ўзгартишлар киритгандан кейин шартнома тузади, шу пайтгача эса уйимиз 245-сон Қоидаларга ўзгартишлар чиққандан кейин барча қарзни сўндириш мажбурияти билан биргаликда қарзга электр энергиясидан фойдаланади. Биз ТошшаҳарЭТКдан у УЖКнинг 138-моддасига асосан электр таъминоти шартномаси тузишга розилиги тўғрисида жавоб олдик.
Ўз ичига техник шартлар, чегараларни тақсимлаш далолатномасини тайёрлашни оладиган уни расмийлаштириш таомили бошланди. Биз электрон электр ҳисоблагични харид қилдик, ўрнатдик ва пломбаладик; электр жиҳозни профилактик синашни ўтказдик; электр энергияси учун қарзни тўлаш тўғрисида барча квитанцияларнинг нусхаларини; ХУМШдан чиқиш ва учинчи шахслар билан шартномалар тузиш учун ваколатли шахсни сайлаш тўғрисидаги баённомаларни тақдим этдик. Шундан кейин шартнома тузилди.
Маълумотномалар қандай берилади
Уйни ХУМШсиз бошқариш чоғида турли маълумотномаларни қандай бериш кераклиги кўпчиликни қизиқтиради. 17-сон шаклдаги маълумотномани паспортистка беради, уни маҳалла қўмитаси муҳр босиб тасдиқлайди. Мажбурий бадаллар бўйича қарзнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаларни уй қўмитаси раиси беради ва ўз имзоси билан тасдиқлайди, уларга муҳр ва учбурчак штампни маҳалла қўмитаси раиси қўяди.
2014 йил декабрида мен ИИВга Муҳрлар ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 27.10.2001 йилда 1077-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қўшимчалар киритиш таклифи билан мурожаат қилдим, унда уйни ХУМШсиз мулкдорлар жамоаси бошқарганда уй қўмитаси раисининг муҳр ва учбурчак штампни олиш ва улардан фойдаланиш имконияти назарда тутилган. Таклиф Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармасига юборилди. Ушбу йўналишда иш, ИИВ билан ўзгартишларни муҳокама қилиш бошланди. Мен таклифларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирдим, муҳрдаги «Уй қўмитаси раиси» ёзувини УЖКда кўрсатилганидек «Ваколатли шахс»га ўзгартишни таклиф қилган ушбу идоранинг мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда муҳр ва штамп эскизларини ишлаб чиқдим. Ҳозирда ўзгартишлар лойиҳаси ҳуқуқий экспертиза учун Адлия вазирлигига юборилган. Агар улар тасдиқланса, «ўзини ўзи бошқарадиган» барча уйлар улардан, хусусан, аҳолига бериладиган турли маълумотларни тасдиқлаш учун муҳр ва учбурчак штамп олишлари мумкин бўлади.
Нималар қилинди
Уйимиз жамоа бошқарувига ўтгандан бери 2,5 йил ўтди. Бу вақт ичида биз қуйидагиларни бажардик:
● уйни иситиш тизими қувурида (диаметри 76 мм) цоколдан элеватор узелгача бўлган пўлат қувурнинг 50,3 метрини алмаштирдик;
● ертўла ва уйга туташган ҳудудни ёритишни тикладик;
● элеватор узелдаги 3 зулфин ва совуқ сувнинг кириш зулфини алмаштирдик;
● 2 йил ичида томни мукаммал таъмирладик, бунга 139 ўрам фольгоизол сарфланди;
● ертўлани дезинфекция қилдик ва уй мавжуд бўлганидан бери ҳеч ким тозаламаган ертўлани қурилиш чиқиндиларидан тозаладик.
Бундан ташқари, умумий мол-мулкка қараш бўйича авария ва жорий ишларни бажардик. 2016 йилда ва энг яқин истиқболдаги режаларда ертўладаги муҳандислик коммуникацияларини алмаштириш ва йўлакларни таъмирлаш бор.
Менинг фикримча, ХУМШсиз мулкдорлар жамоаси томонидан уйни бошқаришнинг асосий афзаллиги ишнинг очиқ-ошкорлиги ҳисобланади. Аҳоли уй учун нималар қилинаётганлиги, бунга қанча маблағ сарфлаётганлигини кўриб-билиб турибди.
Энг муҳим афзаллик – мажбурий бадалларни нақд пул билан йиғиш. «Жонли» пулга материални арзонроқ харид қилиб, бунда аҳолининг маблағларини тежаш мумкин. Бироқ бадал миқдори мулкдорлар умумий йиғилишида қандай ишларни тасдиқлашига боғлиқдир. Уйимизда тариф 2013 йил августдан бошлаб 1 кв.метр учун 317 сўмни ташкил этади. Биз уни 2 йилдан кўпроқ вақтдан бери оширмадик. Ҳозирги йилда умумий йиғилишнинг қарори билан у 365 сўмга етказилди. Шаҳар бўйича олсак, у – бадалнинг ўртача миқдори. Агар ишга хўжайинларча муносабатда бўлсак, бундай тарифда уйни батартиб сақлаш, таъмирлаш, кредитларсиз яшаш мумкин.
Мулкдорларнинг бадаллари уй қўмитаси раисининг сейфида сақланади, у умумий йиғилишнинг баённомасига кўра уларни йиғиш, сақлаш ва ҳисобга олиш учун жавобгар. ХУМШдан яхши ҳолатда чиқмаганимизни ҳисобга олганда, ҳозир салмоқли жамғармамиз йўқ – бор пул таъмирлашга сарфланяпти.
Масалан, томни таъмирлаганда 2-3 млн сўм тўпладик ва фольгоизол сотиб олдик. Электр энергияси тўлаш ва авария ишлари учунгина пул қолдирдик. Жами томни таъмирлашга қарийб 17 млн сўм сарфланди. Кредит олмадик.
Кейинги босқич – ертўладаги тагсинчларни алмаштириш учун қувурлар сотиб олиш, ва навбатда – йўлакларни таъмирлаш. Ундан кейин бир гап бўлар. Балки «ўзини ўзи бошқарувчилар»га банкда ҳисобрақам очишга рухсат берадиган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилар.
Пул йиғишда ёзув-чизув қуроллари дўконларидан сотиб олса бўладиган стандарт квитанция дафтарчасидан фойдаланамиз. Унинг ҳар бир варағида иккита квитанция бор, уларнинг бири қирқилади ва пул берган мулкдорга тақдим этилади, иккинчиси дафтарчада тикилган ҳолда қолади. Пул берган мулкдор билан уни қабул қилган уй қўмитаси раиси ҳар бир квитанцияга имзо чекади.
Уйга қараш ва уни таъмирлаш ишлари қандай бажарилмоқда? Мен ихтисосим бўйича энергетик муҳандисман. «Сувсоз» ДУКда ишбоши ва қурилиш ташкилоти бўлими бошлиғи сифатида иш тажрибам бор. Шу боис уй хўжалигини ўзлаштириш, уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш масалаларини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тушуниш менга қийин бўлмади. Энг муҳими – ушбу иш менга ёқади, уй яхши томон ўзгараётганлигини кўриш ёқимли ҳис уйғотади.
Иситишни ёқиш ва ўчириш, элеваторни ёзги чизмадан қишки чизмага ўтказиш ва аксинчаси, элеваторни касбга хос тарзда таъмирлаш сингари ишларни уйдаги яшовчилардан бири билан бирга бажарамиз. Таъмирлашни ўтказиш учун тавсияга асосланиб туманимиз ширкатида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни ёллаймиз. Сантехника ва электр жиҳозлари таъмирини қўшни ширкат усталарига топширамиз.
Албатта, биз ўзини ўзи бошқаришни йўлга солишга бутун уйимиз яшовчиларининг жипслиги ва қўллаб-қувватлашисиз эриша олмас эдик. Бироқ бунга дарров эришмадик. Биз қўшниларни уй хўжалигини бошқариш бўйича қонунчилик асослари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўғрисида хабардор қилиш бўйича жуда катта ишни бажардик. Аҳоли уйда йиғилишлар ўтказилаётганлиги, уй кенгашининг фаолияти тўғрисидаги ахборот очиқ бўлиб, исталган одам барча ҳужжатлар билан танишиши мумкинлигини кўрди. Тафтиш комиссияси аъзолари ҳар йили уй кенгаши ишини, йиғилиш ва сарфланган маблағлар миқдорини текширадилар, сўнгра комиссия ҳисоботини умумий йиғилиш тасдиқлайди. Буларнинг ҳаммаси бизга тўлов интизомини ошириш, мажбурий бадаллар бўйича қарзни қисқартириш, аҳолининг ишончини таъминлаш имконини берди. Ишонаманки, бизнинг тажрибамиз ХУМШ ташкил этмасдан тўғридан-тўғри бошқариш йўлини танлаган мулкдорлар жамоаларига ёрдам беради.
Максим Черников,
уй қўмитаси раиси.