24 февралда Ҳисоб палатаси анъанага мувофиқ Қонунчилик палатасига ҳисоб берди. Бошқа жиҳатлар қатори 2014 йили республика Давлат бюджети ижросининг ташқи аудит ва баҳолаш натижалари, 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда бюджет лойиҳаси экспертизаси, экспорт бўйича прогноз кўрсаткичлар ижроси, «Ўзбекэнерго», «Ўзтрансгаз» ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятларида дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ҳамда тармоқлараро ўзаро ҳисоб-китоблар аҳволи муҳокама мавзуси бўлиб қолди.
Ҳисоб палатаси аудиторлари 30 йўналиш бўйича 2015 йилга мўлжалланган назорат тадбирларидан 77 объектда текширувни охирига етказдилар, 13 объектда эса текширув давом этмоқда.
Мазкур идоранинг ва унинг иштирокида шакллантирилган ишчи гуруҳларининг ўтган йил мобайнидаги фаолияти натижасида 127 млрд сўмдан зиёдроқ молиявий камчиликлар бартараф этилди.
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари бўйича қўмита аъзоси, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Полянте СВЕШНИКОВ:
– Ташқи аудит моҳиятан камчиликларни аниқлашга мўлжалланган. Ҳисоб палатасининг солиқ ва молия органлари билан биргаликда ўтказилган камерал текширувлари якунлари бўйича 217 солиқ тўловчига қўшимча солиқ ҳисоблаб чиқарилди. Бюджетдан таъминланадиган 223 ташкилотдан тўланмай қолган ижара тўловлари ҳамда бензин ва дизель ёқилғисини қайта баҳолаш суммалари ундириб олинди.
Ҳисоб палатаси томонидан текширилган деярли барча жамғармалар, хусусан Пенсия, Йўл, Бандликка кўмаклашиш ва бошқа жамғармалар бюджет билан муносабатда камчиликларга йўл қўйганликлари аниқланди. Тўртта сиёсий партия ишида аниқланган айрим молиявий ҳуқуқбузарликлар «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритишда омил – мўлжал вазифасини ўтади.
Соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш, умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими соҳалари текширувдан ўтказилди, ҳаммасида ҳам ўзига яраша муаммолар бор. Айтайлик, ижтимоий соҳа объектлари 2014 йилда маҳсулот етказиб берувчилардан 2 млрд сўмликдан ортиқ 205 т маргарин олишган. Ҳолбуки, режага кўра сариёғ олинмоғи керак эди...
– Қоидага кўра Ҳисоб палатаси ҳисоботларига тегишли тавсияномалар ҳам илова қилинади. Экспорт, импорт юзасидан ва экспорт тушуми бўйича мониторинг якунлари асосида нималар кутилмоқда?
– Билишимча, мазкур масалалар бўйича таклифлар туркуми ишчи гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритилган. Жумладан, қуйидагилар таклиф этилаётир:
● мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча корхоналар учун тенг шарт-шароит яратиш мақсадида чет эл капитали иштирокидаги, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи корхоналар учун белгиланган имтиёзларни бекор қилиш;
● паст қўшилган қийматли экспорт қилинаётган мис маҳсулотини кичик бизнес субъектларининг тушган валюта тушумларини сотиши мажбурий бўлган товарлар рўйхатига киритиш;
● Молия вазирлигига валюта тушумларини мажбурий тартибда сотиш прогнозини шакллантириш услубияти бўйича норматив ҳужжат ишлаб чиқиш;
● паст қўшилган қийматли товарлар рўйхатини аниқлаштириб қўйиш ҳамда уларни экспорт қилишдан келган валюта тушумларини мажбурий тартибда сотишда ва солиқлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференцияларни қайта кўриб чиқиш;
● божхона органларининг ҳамда ваколатли банкларнинг электрон базаларидан автомат тарзда маълумотлар келиб тушиши йўли билан шакллантириладиган ягона электрон тизимига маълумотлар ва ахборотлар қўлда киритилишини қисқартириш;
● экспортни суғурталаш механизмларини такомиллаштириш.
– Умуман назорат тадбирлари якунлари бўйича-чи?
– Ички идоравий аҳамиятдаги ечимлар ва таклифлар ҳам анча кўп. Умумий йўналишдаги таклифлар орасидан мамлакатимизнинг фаолият юритиб турган барча бюджет ташкилотларига ўз бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини, шу жумладан иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб чиқишни Бюджет ташкилотлари бухгалтерия ҳисобининг автоматлаштирилган тизими орқали олиб боришга тааллуқли тавсияномани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Ҳисоб палатаси шунингдек пластик карточкаларга ҳисоблаб ўтказилиши жоиз бўлган маблағлар бўйича хизмат кўрсатувчи банкка тўлов топшириқномалари ғазначилик идоралари томонидан мажбурий тартибда иш ҳақи тўлов ведомостларини электрон шаклда илова этган ҳолда юборилишини амалиётга жорий этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда.
– Ўтган йиллар бўйича фикрлашиладиган бўлса, бюджетнинг даромад қисмини шакллантириш масалалари муҳокамаси одатда истеъмол этилган электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китоб соҳасидаги дебиторлик кўрсаткичлари ҳақидаги юқори даражадаги мунозаралар билан кечарди. Шу таомил борасида ўтган йил мустасно бўлдими?
– Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида истеъмол этилган электр энергияси, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида эса истеъмол этилган газ бўйича қарздорликни ундириш бўйича энг паст кўрсаткичлар қайд этилди.
Электр энергияси бўйича жами қарздорлик фақат йирик қарздор абонентлар бўйича (битта ташкилотга тўғри келадиган қарз 1 млн сўм дан ортиқ) 510 млрд сўмдан ҳам кўпроқни ташкил этди. Шундай қарзлари бўлса-да бу абонентларга хизмат кўрсатиш давом этаверган. Мамлакатимиз бўйича табиий газ истеъмолчиларининг 17,4 фоизида қарз 1 млн сўмдан ошган, шундай бўлса-да уларга газ етказиб берилаверган. Натижада бундай истеъмолчиларнинг маҳсулот етказиб берувчилардан жами қарзи 1 236 млрд сўмдан ошиб кетган.
Ишчи гуруҳи бу муҳим соҳалардаги пул оқимларини барқарорлаштиришга қарата ўз тавсияларини берди. Гап энг аввало ўтказиб юборилган тўлов учун пеня ҳисоблаб ёзиш ва маҳсулот етказиб беришни, ҳақи тўланмаган тақдирда, тўхтатишни тақозо этувчи амалдаги норматив ҳужжатларни бажариш ҳақида бормоқда.
Бундан ташқари тўлов қабул қилишда иштирок этаётан «Ўзпайнет» МЧЖ қўшма корхонаси ва «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ ҳудудий бўлинмаларининг воситачилик тўловлари камайтирилди. Бошқа қатор чоралар ҳам қабул қилиндики, уларнинг самарадорлигига жорий йил якунлари бўйича баҳо бериш мумкин.
– Давлат бюджети билан боғлиқ муносабатлардаги ҳуқуқбузарлик жиноий ният ёки қасд билан эмас, кўпроқ ҳисоб юритилиши учун масъул шахсларнинг профессионал даражаси, билими ва уқуви билан боғлиқ масаладир. Бюджет соҳаси бухгалтерларининг бу борадаги малакасини юқори савияда сақлашга нисбатан қаттиқроқ талаблар бўлмаган бир шароитда бу масала қандай ҳал этилмоқда?
– Ҳозирча бу иш асосан молия ва солиқ идоралари ташаббуси билан ўтказилаётган ҳар хил давра суҳбатлари, семинарлар, конференция ва шунга ўхшаш тадбирларда тушунтириш йўли билан олиб борилмоқда. Чунончи, Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Norma» профессионал ривожланиш маркази мутахассислари вилоят кенгашлари ва уларга тенглаштирилган кенгашлар раҳбарларининг ўринбосарлари, шунингдек бош бухгалтерлар учун давлат бюджети маблағлари ва бошқа даромадларни шакллантириш, улардан ўз ўрнида, самарали фойдаланилишини таъминлаш масалалари юзасидан семинар тренинг ўтказдилар.
Мухбиримиз Юлия Яшина
суҳбатлашди.