Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 09 / Тадқиқот

Қулай тезкор тўлов воситаси

 

ёки банк пластик карталарини қўллашни янада ривожлантириш масалалари

 

Самарали ва ишончли банк тўлов тизими мамлакат молия тизими инфратузилмасининг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, ушбу тизим умумий иқтисодий ўсиш, молия бозори кўламлари кенгайиши натижасида ҳажмлари мунтазам кўпайиб бораётган тўловлар оқимини тезкор ўтказиш вазифасини бажаради.

 

Президентимизнинг «2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги (26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон) Қарори билан мамлакатимизнинг банк тизимини ривожлантириш бўйича стратегик вазифалар белгиланган эди. Хусусан, аҳоли ва юридик шахсларга пластик карталар, терминаллар бўйича хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича:

● 2011–2015 йилларда банк пластик карталарини муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 мартага ошириш орқали, банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада кенгайтириш;

● маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда пластик карталарни йилига 500 минг донадан кам бўлмаган ҳажмда ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришни таъминлаш;

● банк пластик карталаридан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлаб чиқаришни таъминлаш;

● пластик карталар билан ҳисоб-китоб қилиш тизимининг маълумотлар базасига рухсатсиз киришдан ишончли ҳимоялашни ва махфий ахборотларни ҳимоялашни таъминлашга имкон берувчи янги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш вазифалари ҳам белгиланган эди.

Қарорда белгиланган банк хизматлари сифатини яхшилаш, халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш борасидаги вазифалар муваффақиятли бажарилди.

Шу билан бирга, давр тақозоси ва илғор жаҳон тажрибасини ҳисобга олганда мамлакатимизда пластик карталар билан ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш борасидаги навбатдаги вазифалар ва ечимини кутаётган муайян масалалар мавжуд.

Таъкидлаш мумкинки, ривожланган Европа мамлакатларида ҳар бир фуқарога ўртача 1,5 тадан, Хитойда 2 тадан пластик карта тўғри келади. Шундан дебет карталарнинг улуши 70% ва кредит карталарнинг улуши 30%ни ташкил этади.

Европа давлатларида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш воситалари қаторига кирадиган банкомат ва инфокиосклар ҳар 1 млн кишига ўртача 400 тадан тўғри келади. Хусусан, Испанияда бу кўрсаткич 856 тани, Финляндияда 702 тани ташкил этади1.

Юқоридаги кўрсаткичларни мамлакатимиз банк соҳаси кўрсаткичлари билан солиштириб кўрадиган бўлсак, бу соҳада қилинган ижобий ишлар билан бирга олдинда ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Республикамизда ҳар 2 нафар фуқарога тахминан 1 тадан пластик карточка тўғри келади. Эмиссия қилинган пластик карталарнинг барчаси дебет карталардир. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш воситалари бўлмиш банкомат ва инфокиосклар мамлакатимизда ҳар 1 млн кишига қарийб 78 тадир2.

Ҳозирги кундаги банк пластик карталари орқали ҳисоб-китоб амалиётида асосий масалалар қаторида (1) тизимнинг техник ишлаш тезлиги ва (2) бухгалтерия ҳисоб-китоблари автомат ишлаш дастурларини яратишни кўрсатиш мумкин.

 

Биринчи масала юзасидан: пластик карталар тизимида Оn-line режимида ишловчи пластик карталар бир вақтнинг ўзида эмитент-банкдаги ҳисобрақамдан маълумот олиш учун «калит» вазифасини бажаради ва савдо нуқтаси терминалига ахборот узатади. Савдо амалиёти ўтказилаётган қурилмага ҳисобрақамда маблағлар бор ёки йўқлиги тўғрисида маълумот келади, сўнгра маблағ картадан чиқим қилиниб, эмитент-банкка яна маълумот боради ва у ердаги мижознинг ҳисобрақамидан маблағ олиниб, савдо шохобчасининг ҳисобрақамига ўтади. Шунинг учун тармоқдаги тезлик ўта юқори бўлиши керак. Ҳозирги кунда банклар тармоқлари замонавий рақамли қурилмалар билан таъминланган.

Ўзбекистон банклардаги ички қурилмалар, жумладан HUBларнинг тезлиги 1000 Мбит/с ни ташкил этмоқда. Лекин тармоқлардаги тезликни барибир қониқарли деб бўлмайди, ҳатто айрим вилоят ҳудудларида «шиша толали» алоқа каналлари ўрнатилишига қарамасдан тармоқ тезлиги етарли даражада эмас. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун NFS (near field systems) контактсиз терминал технологияларини қўллаш зарур.

 

Иккинчи масала юзасидан: ҳар куни банкларда ўнлаб, юзлаб пластик карталар муомалага чиқарилмоқда. Кирим ва чиқим қилинган банк пластик карталари бўйича бир банкда кунига 2 та операция амалга оширилса, бир ойда 44 та, бир йилда 530 та операция амалга оширилади. Агар ушбу операциялар сонини UZKART миллий тўлов тизимида ишлайдиган 25 та банкка кўпайтирсак, бир йилда тижорат банкларида 13 250 та операциялар бажарилишини билишимиз мумкин. Ваҳоланки, ушбу операциялар бухгалтерия ҳисобини бизда автоматлаштириш имконияти мавжуд.

Бунда банк пластик карталар ҳисобини тўғри ташкил этиш ва ҳисобварақларда тўғри юритилишини таъминлаш учун қуйидаги амалиётлар автоматлаштирилиши зарур:

 

1) Дт 19921  Тўлов мақсади: (масалан, 00668 23.08.2013 й.

Кт 22205 334/сон ҳисоб-фактурага асосан пластик карталар #1000#.)

(Ушбу амалиёт масъул ходим томонидан банк дастурий таъминотига киритилади ва тўлов мақсадининг охирида омборга кирим қилинаётган пластик карталар сони тўлов мақсадида қуйидагича кўрсатилади: #пластик карталар сони рақамда#.

 

Тўлов мақсади охирида «#» белги икки марта ёзилиб ичида пластик карталари рақамда кўрсатилиши шарт. Акс ҳолда амалиёт дастурий тасдиқланмайди. Эслатма: Хизмат ва савдо пластик карталари 19921 ҳисобрақамига (алоҳида аналитик ҳисобрақамга) кирим қилинади. Ушбу амалиётда тўлов мақсади белгиланган тартибда тўлдирилади);

 

2) Дт 95497 Тўлов мақсади: 00667 Кирим ПК. (ПК-пластик карта).

Кт 96397

(Биринчи амалиёт тасдиқлангандан сўнг иккинчи амалиёт дастурий таъминотда автоматик равишда шаклланади. Бу амалиёт дастур томонидан шакллангандан сўнг уни шу амалиёт кунида тўғрилашнинг имконияти бўлмайди);

 

3) Дт 90402 Тўлов мақсади: 00667 бирламчи эмиссия ПК.

Кт 96311

(Ушбу амалиёт онлайн дастурда янги пластик карталар эмиссия қилинганда, дастур томонидан автоматик равишда шаклланади);

 

4) Дт 96397 Тўлов мақсади: 00667 Чиқим ПК.

Кт 95497

(Учинчи амалиёт тасдиқлангандан сўнг, у омбордаги пластик карталар сонини камайтириш мақсадида дастурий таъминот томонидан амалиёт куни якунида автомат равишда шаклланади.)

 

Албатта, Ўзбекистонда банк пластик карталари бухгалтерия ҳисобига доир меъёрий-ҳуқуқий асослар шаклланган ва уларни такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби дастурий таъминотларини ишлаб чиқиш, улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Фаолиятининг бир-биридан фарқли хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир тижорат банки учун ягона махсус дастур яратиш мураккаб. Ҳар бир тижорат банки ўзининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мустақил равишда компьютер дастурларини яратиши ва фойдаланиши мумкин. Фақатгина замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу жараёнларни тезлаштириш талаб этилади. Қолаверса, халқаро карталарни ривожлантириш, уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шохобчаларга ўрнатилган ҳар бир терминаллар икки ёки ундан ортиқ валюталарда очилган пластик карталарга хизмат қила олишини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

 

Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, ҳар қандай ривожланаётган давлат янги технологияларни ўзида жорий этганда бир қатор қийинчиликларни бошидан ўтказган. Бизнинг вазифамиз эса уларнинг тажрибаларини ўрганиб чиқиб, энг маъқулини мамлакатимизда амалга татбиқ этишдир.

 

Абдулазиз ТЎЙЧИЕВ,

Банк-молия академияси 2-босқич тингловчиси.

 


1www. rbrlondon.com сайти маълумотларидан фойдаланилди.

2www.cbu.uz сайти маълумотлари асосида ҳисобланди.

Прочитано: 2521 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика