Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда пойтахтимизда ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирокида янги таҳрирдаги Божхона кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф.Дадахўжаев, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Солиев ва бошқалар янги таҳрирдаги Божхона кодекси божхона маъмурчилигини халқаро стандартларга мос такомиллаштириш, унинг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувлар бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишга қаратилганини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Божхона кодексини ишлаб чиқишдан асосий мақсад иқтисодиётнинг жаҳон бозорига интеграциялашувига энг кўп кўмаклашувчи божхона назорати тизимини шакллантиришдан иборатдир. Бунда ахборот технологияларини қўллаган ҳолда божхона назорати, хавфни бошқариш тизимини жорий этиш, божхона тартиб-таомилларини максимал даражада соддалаштиришга асосланган ТИФ иштирокчилари ва божхона органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги моделини яратиш кўзда тутилган.
Мазкур Кодекс амалиётда қўлланиладиган атамалар, норма ва қоидаларни бир хилда шарҳлаш ва қўллаш, шунингдек, уларнинг божхона расмийлаштирувининг халқаро меъёрларига мувофиқлигини таъминлашда амалдаги барча божхона тартиб-таомилларини тартибга соладиган аниқ ва тўғридан-тўғри амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга айланган.
Бундан ташқари, хавфни бошқариш тизимини қўллаш ва божхона ишида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш тартиблари белгилаб берилган.
Тадбирда тадбиркорлик субъектлари – ТИФ иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди. Бу каби семинар-тренинглар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам ташкил этилмоқда.
ДБҚ Ахборот хизмати.