Norma.uz

Ташриф карточкалари жуда қимматга тушди!

 

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Буюртмачи (ХК) ва пудратчи (МЧЖ) 2015 йил июлида 750 минг сўмлик фирма бланкалари ва ташриф карточкаларини тайёрлаш шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра буюртмачи 5 иш куни мобайнида пудратчига бутун буюртманинг ҳақини олдиндан тўлаш ҳамда бланкалар ва ташриф карточкаларининг оригинал-макетларини топшириш мажбуриятини олди. Бундан ташқари, шартномада оригинал-макетлар тақдим этилмаган тақдирда пудратчининг уларни тарафлар келишиб белгилайдиган қўшимча ҳақ эвазига тайёрлаб бериш мажбуриятини зиммасига олиши назарда тутилди. Буюртмачи оригинал-макетларни улар тасдиқлаш учун тақдим этилган пайтдан бошлаб 5 иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва имзолаши керак эди. Пудратчи олдиндан ҳақ тўланган ва оригинал-макетлар олингандан кейин 10 кун ичида ишни бажариш мажбуриятини олган.

Белгиланган муддатларда буюртмачи буюртма ҳақини тўлади ва 10 иш кунидан кейин пудратчидан фирма бланкалари ва ташриф карточкаларини талаб қилди. Пудратчи унга оригинал-макетлар тақдим этилмаганлиги сабабли уларни тайёрлашга киришмаганлигини айтди ва уларни юборишларини сўради.

Пудратчининг важларига қўшилмаган буюртмачи 2015 йил августда хўжалик судига шартномани бекор қилиш ва тўланган 750 минг сўмни қайтариш, шунингдек 1 302 400 сўм давлат божи* ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлаш талаби билан мурожаат қилди.

 

ХКнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ўз мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик ва белгиланган муддатларда олдиндан ҳақни тўлалигича амалга оширдик. Пудратчи эса фирма бланкалари ва ташриф карточкаларининг оригинал-макетлари тақдим этилмаганлигини важ қилиб, ўз мажбуриятларини бажармади. Бироқ шартномада агар биз оригинал-макетларни тақдим этмасак, пудратчи уларни тарафлар келишиб белгилайдиган қўшимча тўлов эвазига ўзлари тайёрлашга мажбурлиги назарда тутилган. У мазкур мажбуриятни бажармаганлиги боис даъвони қондиришингизни сўраймиз.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Ҳақиқатан ҳам, буюртмачи олдиндан ҳақни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлади. Бироқ шартномада маҳсулотга доир оригинал-макетларни бериш мажбурияти унинг зиммасига юкланган эди. Буюртмачи уни бажармади. Бизнинг мажбуриятимизга келсак, агар буюртмачи бизга оригинал-макетларни тақдим этмаган тақдирда, биз унинг топшириғига кўра тарафлар келишиб белгилайдиган қўшимча ҳақ эвазига уларни тайёрлаш мажбуриятини ўз зиммамизга оламиз. Бироқ ташаббус буюртмачидан чиқиши керак эди. Буюртмачи бизга оригинал-макетларни тайёрлашни топширмаган. Биз буюртмачи тақдим этган тасдиқланган ёки ўзимиз тайёрлаган оригинал-макетлар бўйича буюртмани алоҳида ҳақ эвазига бажаришга тайёрмиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, ХКнинг шартномани бекор қилиш ва тўланган 750 минг сўм, шунингдек давлат божи (1 302 400 сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) қайтариш тўғрисидаги даъвосини қондириш учун асослар тасдиғини топмади. Фуқаролик кодексининг 382 ва 644-моддаларига асосланиб, суд даъвогарнинг даъво талабларини қондиришни рад этди. Апелляция ва кассация инстанцияларида иш кўрилмади.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

Агар ФКда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома ФКнинг 382-моддасига асосан тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суднинг ҳал қилув қарорига кўра фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2) ФК, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади. МЧЖ буюртмасини бажармаслик шартномани бузиш ҳисобланмайди, чунки даъвогар жавобгарга оригинал-макетларни тақдим этиши керак эди, бироқ у бундай қилмаган.

Бундан ташқари, ФКнинг ­644-моддаси биринчи қисмига амал қилиб, буюртмачи пудрат шартномаси бўйича ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармаганлиги, хусусан, материал, ускуналар, техник ҳужжатларни ёки қайта ишланиши (ишлов берилиши) керак бўлган ашёни бермаганлиги шартнома бажарилишига тўсқинлик қилган ҳолларда, шунингдек мазкур мажбуриятлар белгиланган муддатда бажарилмаслигини яққол кўрсатиб турган ҳолатлар мавжуд бўлганида (ФКнинг 256-моддаси) пудратчи ишга киришмасликка, бошланган ишни эса тўхтатиб қўйишга ҳақли. Шу сабабли суд даъво талабларини қондиришни рад этиш тўғрисида тўғри қарор қабул қилган.

Шунга эътибор бериш лозимки, агар даъвогар оригинал-макетларни ўз вақтида берганда ёки пудратчига уларни тайёрлашни топширганда, давлат божи ва почта харажатлари тарзида қўшимча харажат қилмаган бўлар эди.

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

 


*Хўжалик шартномаларини бекор қилиш вақтида келиб чиқувчи низолар бўйича даъво аризаларидан давлат божи ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорини ташкил қилади (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 2-банди «г» кичик банди).

Прочитано: 1946 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика