Коммунал хизматларни етказиб берувчилар билан истеъмолчиларнинг муносабатлари америкача пилотажни эслатади. Коммунал хизматларни етказиб берувчилар бамисоли истеъмолчиларнинг чидамлилигини синаб кўрмоқчидек уларни бош гир-гир айланадиган ҳолатга солиб қўядилар. Битта муаммо ҳал бўлгандек туюлган заҳоти кейингиси пайдо бўлади. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (бундан кейин – Давлат рақобат қўмитаси) УКХ устидан шикоятлар аввалгидек жуда кўплиги бежиз эмас. Улар мурожаатлар умумий сонининг 58%ини ташкил қилади. Мутахассисларнинг башорати ҳам овунтирарли эмас: йил охиригача ушбу кўрсаткич иссиқлик таъминотига доир шикоятлар туфайли ўсиши мумкин. Ушбу ҳуқуқбузарликлар сирасида газ таъминотининг қониқарсизлиги бобидаги мурожаатлар аввалгидек етакчи ўринда – 52,9%, электр таъминотига доир шикоятлар 21,6%ни, иситиш ва иссиқ сув таъминотига доир шикоятлар 8%ни, совуқ сувга оидлари 7,2%ни ташкил қилади, қолган шикоятлар ХУМШ иши хусусида.
Қўмита ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, УКХ соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари аввалгидек бузилмоқда. Давлат рақобат қўмитасининг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод АЗИМОВ уй-жой-коммунал соҳанинг муаммолари тўғрисида ҳикоя қилади.
ИСТАСАМ, СИЗНИ ҲАМ УЗИБ ҚЎЯМАН
– Муаммолардан бири – айрим абонентларнинг қарзи туфайли истеъмолчиларни коммунал маҳсулотларни етказиб беришдан узиб қўйиш. Масалан, иссиқлик таъминотчилари бунинг учун баъзан бутун уйни узиб қўядилар. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини қўпол бузишдир. Ҳалол тўловчилар, ҳатто бутун бир уйда битта бўлса ҳам, иссиқлик таъминоти ташкилотининг қарзни ундиришга қобил эмаслигидан азият чекмаслиги керак. Қонун ҳужжатлари уларга бунинг учун дастаклар бериб қўйган – марҳамат, ишланг. Бироқ бу ҳар куни астойдил ишлашни талаб қилади. Шу сабабли энг осон йўлдан борадилар – бутун уйни иссиқ сувдан узиб қўядилар. Биз «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКга бир неча бор хат юбориб, бу қонун ҳужжатларини бузиш эканлигини тушунтирдик. Ҳозир Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга истеъмолчиларни коммунал маҳсулотлар етказиб берилишидан асоссиз узиб қўйганлик учун жавобгарлигини белгилайдиган меъёрларни киритиш ҳақида таклифлар тайёрлашни ўйлаяпмиз.
Электр таъминоти корхоналари ҳақ тўламаган абонентни якка тартибда, қўшниларга зарар келтирмасдан узиб қўйишнинг техник имкониятига эгалар. Бироқ бу соҳада ҳам асоссиз хатти-ҳаракатлар етарли. Энг оддий маиший ноқулайликлардан ташқари бу истеъмолчининг мол-мулкига зарар етказиши мумкин. Масалан, бизга Қорақалпоғистондан мурожаат қилишди. Электр энергиясидан қарзи бўлмаган оила бир неча кунга дам олишга кетган. Текширувчи келган, унга ҳеч ким эшикни очмаган, у квартирани электр таъминотидан узиб қўйган. Натижада совуткичнинг бутун ички қисми шикастланган. Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси аралашганидан кейин электр таъминоти ташкилотига истеъмолчининг моддий зарарини компенсациялашга тўғри келди.
РЎЙХАТДА ИККИ КИШИ, БАЗАДА – БЕШ КИШИ
Газ ва иссиқлик таъминоти ташкилотларининг электрон базасига баъзи бир: абонент оиласи таркибининг ўзгариши; ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилганлиги; турар жой майдонининг ўзгариши тўғрисида ва шу каби бошқа маълумотларнинг киритилмаганлиги туфайли қарз асоссиз ҳисоблаб ёзилгани хусусидаги мурожаатлар аввалгидек кўп. Ҳатто ушбу ахборотни тақдим этган, бироқ маълумотлар базасига киритилмаган истеъмолчиларга ҳам кўпинча қарз ёзилмоқда. Инспектор уни киритишни унутган ёки лозим топмаган. Абонент ҳеч нарсани гумон қилмай ҳақни тўлайди, бироқ коммунал корхона ходимининг пала-партиш иши ва совуққонлиги туфайли қарзи ошиб бораверади.
Иссиқлик таъминоти тизимида шундай амалиёт ҳам мавжуд: истеъмолчи жорий тўловларни ўз вақтида тўлаб боради ва тўсатдан унинг беш йил аввалги қарзи юзага келади. Даъво муддати ўтганига қарамай, тўлов эски қарзни сўндиришга ўтказилади ва абонентда янги қарз вужудга келади. Бунда уни бу ҳақда хабардор қилишмайди, бир неча йилдан кейин уни жуда катта суммани тўлашга мажбур қилишади.
Ўзаро муносабатлардаги барча муаммоларни етказиб берувчилар истеъмолчиларнинг елкасига ортадилар. Ҳар бир абонентни эҳтимолий қонунбузар деб биладилар, нохуш муносабатнинг сабаби ана шундан. Баъзан етказиб берувчи ўз айбини абонентга ағдаради, у эса турли идораларнинг эшигига бош уриб боришга, бир талай маълумотномалар йиғишга, айби йўқлигини исботлашга мажбур бўлади. Аслида тармоқ истеъмолчилар ҳисобига кун кўради ва ривожланади, шу боис ҳалол тўловчилар ўзларига нисбатан эҳтиромли муносабатга лойиқлар.
Фуқароларнинг квартираларида прописка қилинган ва ҳақиқатда яшайдиганлар сони муаммоси конструктив ёндашув ва ечимни талаб қилади. Баъзан истеъмолчи прописка қилинган оиланинг икки аъзоси ўрнига коммунал хизматлар учун тўловлар нимагадир тўрт кишига ҳисоблаб ёзилаётганлигини билиб қолади. Буни аниқлаштириш учун борса, ундан бир талай маълумотномалар келтиришни талаб қилишади. Ахир XXI асрда яшаяпмиз, истеъмолчига юкламасдан, ҳар қандай ахборотни электрон шаклда олиш мумкин. Коммунал тузилмаларнинг туман ИИБ, маҳалла қўмиталари, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари (БТИ) билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш пайти аллақачон келган, улар етказиб берувчиларга яшаётган, прописка қилинган-ундан чиққан, ҳисобга қўйилган фуқаролар, турар жойлар майдони тўғрисидаги ва бошқа маълумотларни мунтазам равишда тақдим эта оладилар.
Турар жойларнинг ижарачилари етказиб берувчиларга кўп муаммо туғдиради. Квартира эгаси уларни яшовчилар сони кўпайганлиги тўғрисида хабардор қилиши керак. Агар турар жойда ҳисоблагич ўрнатилмаган бўлса, коммунал маҳсулотларнинг истеъмоли ҳисобга олинмайди. Етказиб берувчи учун бу – тўғридан-тўғри зарар. Бироқ бундай ҳолат билан ҳуқуқий майдон доирасида курашиш керак.
Мониторинг ўтказиш пайтида кўп квартирали уйларнинг квартираларида яшовчиларнинг сони асосан... қўшнилар орасида сўров ўтказиш йўли билан аниқланади. Уларнинг ахбороти тўловларни ҳисоблаб ёзиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бу, албатта, тўғри эмас. Қўшни оғзига келганини айтиши ҳам мумкин. Истеъмолчи эса яна бунинг аксини исботлаб, бир талай маълумотнома тўплаши керак. Бундай бўлмаслиги лозим. Қўшни квартирада икки киши ўрнига олти киши яшайди деб айтса, буни етказиб берувчилар аниқлаштиришлари керак, истеъмолчи бундай эмаслигини исботлаши шарт эмас. Фуқароларни ҳисобга қўйиш билан шуғулланадиган паспорт столи, маҳалла, туман ИИБнинг таянч пункти бор. Улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, кўп зиддиятларнинг олдини олиш мумкин. Шу жумладан маълумотлар базасидан истеъмолчи тўғрисида ахборот йўқолиб қоладиган ёки уни киритиш унутиб қўйиладиган вазиятларнинг.
Дарвоқе, иссиқлик таъминотчилари кўп квартирали уйлардаги квартираларни инвентаризациядан ўтказиб, уларнинг майдонини аниқлаштирдилар. Бу айнан БТИ маълумотлари асосида қилинди. Демак, бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин экан. Бироқ бунда ҳам қизиқарли жиҳат бор. Агар абонент турар жойининг ҳақиқатдаги майдони етказиб берувчида қайд этилганидан катта бўлса, истеъмолчига бир неча йил учун қўшимча тўлов ёзилган, агар кичик бўлса – ҳеч қандай қайта ҳисоб-китоб қилинмаган. Бу ҳам истеъмолчининг ҳуқуқларини бузишдир.
Бугунги кунда «Тошиссиққуввати» ўз маҳсулотини уйнинг олдигача етказиб беради, уёғи билан умуман иши бўлмайди – ҳаммаси учун ХУМШ ва истеъмолчилар жавоб беради. Бироқ монополиячи улар билан бевосита муносабат ўрнатиши, уларга босим ўтказмаслиги лозим. Ҳақиқатда эса иссиқлик таъминоти ташкилотлари истеъмолчиларга ҳеч қандай танлаш йўлини қолдирмайдилар. Чунончи, муқобил иссиқлик таъминоти масалалари ҳал этилмаяпти. Яхшими, ёмонми – қўл остимизда бўлгани билан чекланишга тўғри келади. Шу сабабли бир-биримизни ҳурмат қилишимиз керак.
«БИТТА ДАРЧА»НИ ОЧИНГ
Агар авваллари ҳисоблагич ўз вақтида қиёсланмагани учун асоссиз ҳисоблаб ёзишлар туфайли газ таъминоти ташкилотлари ходимлари устидан шикоятлар кўпайиб кетган бўлса, ҳозир бундай шикоятлар жуда оз. Истеъмолчиларнинг билими ошди, етказиб берувчиларни қиёслашлар ўртасидаги оралиқнинг тугаши тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилишга мажбур этдилар. Бироқ қиёслаш билан боғлиқ янги муаммо вужудга келди.
Етказиб берувчига қиёслаш ўтказилганлигини тасдиқлайдиган мувофиқлик сертификати нусхаси тақдим этилмаганлиги учун асоссиз ҳисоблаб ёзишлар туфайли истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда. Кўпчилик буни қилиш зарурлигини билмайди ҳам. Шу боис ҳам истеъмолчиларни бу ҳақда огоҳлантириш зарур. Бунинг йўли жуда осон. Зеро ҳисоблагични қиёслашга топширишдан аввал абонент туман газ идорасига боради ва ҳисобга олиш асбобини жойидан олишлари, у сертификатланганидан кейин эса – уни ўрнатишлари тўғрисида ариза ёзади. Айни шу босқичларда газчилар истеъмолчини уларга сертификат нусхасини тақдим этиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилишлари керак. Ёки қиёслаш ўтказилгандан кейин лаборатория истеъмолчига сертификатнинг асл нусхасини бериши, етказиб берувчига эса кўчирма нусхасини жўнатиши керак бўлган тартибни ўрнатишлари керак. Биз ушбу масалани «Ўзстандарт» агентлиги билан бирга муҳокама қилдик. Ҳисобга олиш асбобларини сертификатлаштириш билан агентлик аккредитация қилган лабораториялар шуғулланади. Ўйлашимча, ушбу масалани лицензия битимида қайд этиш мумкин.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини эркинлаштиришда «бир дарча» амалиёти ўзини яхши намоён этди. Энергия ресурсларининг етказиб берувчилари ҳам юридик шахслар билан шундай режимда ишлайдилар. Нима учун коммунал хизматлар таъминотчилари ушбу модулни ҳисобга олиш асбобларини қиёслашдан ўтказишга, жисмоний шахслар билан бошқа муносабатларга жорий этмасликлари керак. У бутун таомилни истеъмолчининг иштирокисиз ўтказиш имконини беради. Фуқароларга танлашни таклиф этиш мумкин – ё бу ишни ўзлари қилсинлар ёки «бир дарча» амалиётидан фойдалансинлар: ариза ёзасиз (шу жумладан электрон шаклда), туман газ идораси ходими келиб, қиёслаш бўйича барча ишларни белгиланган тўлов эвазига ўз зиммасига олади. Унинг ўзи етказиб берувчига мувофиқлик сертификати нусхасини топширади ва бунинг учун жавобгар бўлади. Бугунги кунда коммуналчилар истеъмолчини мураккаб таомиллардан озод қилишга интилмаяптилар, аксинча, уларни тиқиштираяптилар.
Коммунал хизматларга ҳақни банкларнинг бўлимлари орқали тўлаш билан боғлиқ муаммолар юз беради. Баъзан тўлов ҳужжатлари етказиб берувчига ўз вақтида келиб тушмайди. Коммуналчилар келиб, абонентни коммунал маҳсулотдан узиб қўядилар. У квитанцияни тақдим этади, бироқ нима учундир бу ҳол эътиборга олинмайди ва яна истеъмолчи айбдор бўлади. Уни банк бўлими билан муносабатларни аниқлаштиришга мажбур этадилар, ҳолбуки бу – унинг иши эмас. Охир-оқибатда унга гўё қарзи туфайли яна тўлов ҳисоблаб ёзишади. Ахир қарз сохтаку. Қай тарафдан қаралмасин, истеъмолчи айбдор бўлиб чиқаверади.
БАРЧАГА МАЪЛУМ ҲАҚИҚАТ
Кўпинча етказиб берувчилардан шундай сўзларни эшитиб қоламиз: «Мана сиз истеъмолчиларни ҳимоя қиласиз, улар эса йиллаб тўловни тўлашмайди, улар туфайли тармоқ бир маромда ривожлана олмаяпти. Бизнинг ҳуқуқларимизни ким ҳимоя қилади?». Бироқ ўзининг ваколатларини оширган монополиячи ҳимояга муҳтож эмас. Истеъмолчи эса ҳимояланмаган тоифадир. Қонун ҳужжатларида унинг ҳуқуқларини давлат органи ҳимоя қилишининг назарда тутилганлиги бежиз эмас. У коммунал хизматлар етказиб берувчилари билан муносабатларда энг ожиз бўғиндир.
Бироқ баъзан қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Истеъмолчиларга коммунал хизматларни олиш, бошқа ҳужжатларнинг қоидаларини кўп маротаба тушунтирамиз, бироқ улар аввалгидек ҳуқуқ бобида ёрдамга муҳтож бўлиб қолаверадилар. Аллақачон ёд бўлиб кетиши мумкин бўлган жиҳатлар бордек туюлади. Йўқ, кўчада ҳарорат +25 градус бўлганда ҳам бизга мурожаат қилишади: «Нима учун иситиш тизимини ёқишмаяпти?» Бироқ Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларида* (бундан кейин – Қоидалар) қайд этилишича, етказиб берувчи иситиш даврини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошлайди ва тамомлайди. Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 градусдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8 градусдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак (Қоидаларнинг 13-банди).
Ёки: «Нима учун иситиш мавсуми 5 ой давом этадию, марказий иситиш учун йил бўйи тўлаймиз?» деб сўрашади. – Истеъмолчилар зиммасидаги юкни енгиллаштириш учун. Зеро иситиш – коммунал тўловлар тузилмасида энг қиммат хизмат. Шу сабабли иситиш мавсуми давомийлиги ҳисобидан белгиланадиган марказий иситиш ҳақининг йиллик суммаси 12 ойга тенг қилиб тақсимланади. Бу қиш ойларида тўловларнинг кескин ўсишига йўл қўймаслик учун қилинган.
Баъзи фуқаролар умумий мол-мулкни сақлашга бадалларни йиллаб тўламайдилар, лекин ширкатдан кўп нарсани талаб қиладилар. Агар кишилар уларни тўламасалар, у қайси пулга ишларни бажаради? Ёки ҳеч нарса қилмайдиган ХУМШ раисини ишдан олиб, яхшисини топишни сўрайдилар. Бироқ ширкат – сиз билан қўшниларингиз. Раис ёқмаяптими? – уни қайта сайланглар. Йиғилишда ўз уйингиз учун нима қилинишини хоҳлашингиз, бунинг учун қанча маблағ талаб қилиниши, ким ишларни бажариши ва уй хўжалигига хизмат кўрсатишини муҳокама қилинг. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) уйни қандай қилиб самарали сақлашни йўлга қўйишнинг қадамма-қадам усули кўрсатилган.
Тўғри, биз истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Бироқ унинг ўзи ҳам бунинг учун қандайдир қадамлар қўйиши, ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қила олиши ёки бунга лоақал уриниб кўриши керак. Истеъмолчилар қонунчилик асосларини билмасалар, фаол позицияни намойиш этмасалар, уларнинг манфаатлари бузилаверади. Ҳимояланган истеъмолчи – саводли ва фаол истеъмолчидир.
Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
*ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова.