Norma.uz

Қарзни тўлаш мажбурияти

 

ХУМШ 10 йил мобайнида уйимизда бирорта таъмирлаш ишини ўтказмади. Марказий кўчаларга чиқадиган қўшни кўп қаватли уйларда баъзи ишларни бажарди. Уларда пештоқлар, том таъмирланди. Энди ширкат биздан жуда катта: 400 мингдан 1 миллион сўмга қадар қарз суммаларини тўлашни талаб қилмоқда. Шунча сумма аввалги йиллар учун мажбурий бадаллар бўйича тўпланиб қолган қарз эканлигини айтмоқда.

Тўғрисини айтганда, уй аҳлининг кўпчилиги ХУМШнинг ишлаш қоидасини тушунмайди, уларни собиқ УФК (ЖЭК) деб ҳисоблайди. Мен ширкатимиз раҳбарларидан қарз суммаларини сметалар ва бажарилган ишлар далолатномалари билан асослашни сўрадим, бироқ менга рад жавоби бериб, фақат уйнинг инвентаризация рўйхатини кўрсатишди. Мен ХУМШнинг ўз харажатларини (иш ҳақи, жой ижараси, электр энергияси, телефон, қўшимча харажатлар) тўлашга розиман, бироқ уйнинг умумий майдонига қайта ҳисоблаганда бу миқдор бизга тақдим этилган суммага мувофиқ келмайди. Ушбу масалалар қандай ҳал этилади?

Айтмоқчи, уйда яшовчиларнинг баъзиларидан мажбурий бадаллар бўйича қарз суммасини иш жойида ушлаганлар. Шу тўғрими?

Т.Чипурина.

 

– Аввало уй аҳли ХУМШнинг нималигини, у нима учун ташкил этилиши, кўп квартирали уйлар қандай сақланиши, унинг иши устидан қандай назорат қилиниши ва бошқаларни билиш учун «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунни (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейинҚонун) ўрганиши лозим.

Ширкат фаолиятининг базавий асосларини билмаган аҳолида ХУМШга нисбатан савол ва эътирозлар туғилаверади: гўё ширкат ҳеч нарса қилмай, уй-жой мулкдорларига жуда катта қарзни юклаётгандек кўринади. Ширкатнинг ишлаш қоидаси қуйидагича.

ХУМШ – кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир (Қонуннинг 3-моддаси). Ширкат жой мулкдорларининг ўзлари томонидан уй-жой фондини биргаликда бошқариш ва уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкидан фойдаланишни таъминлаш учун ташкил этилади (Қонуннинг 4-моддаси). Бунинг маъноси шуки, ХУМШ аъзолари, уларга хусусий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган квартираларидан ташқари, уйда умумий улушли эгалик ҳуқуқида умумий мол-мулкка эгалик қиладилар.

Кўп квартирали уйнинг умумий жойлари (холлар, коляскалар учун жойлар, ахлат камералари ва ҳ.к.); таянч ва тўсиқ конструкциялар (деворлар, тўсиқлар, балконлар, пешайвонлар конструкциялари, пештоқларнинг ойнали жойлари ва ҳ.к.); квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар; зинапоялар (йўлак ичидаги, ташқи, бинога кираверишдаги), лифтлар; лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар (вентиляцияли); даҳлизлар; техник қаватлар; ертўлалар; чердаклар; томлар; уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари; жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланади (Қонуннинг 28-моддаси).

Жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ҳар ойлик мажбурий тўловлар тарзидаги умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шарт (Қонуннинг 30-моддаси). Уларни тўламаслик қонун ҳужжатларини бузишдир. ХУМШнинг олий органи бўлган ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида (Қонуннинг 18-моддаси) ишлар режаси, ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметаси тасдиқланади, уларга уй учун зарур бўлган тадбирлар рўйхати, бадаллар миқдори қайд этилади (Қонуннинг 19-моддаси). Улар режалаштирилган ишларни бажариш харажатларини қоплаши керак.

Одатда ширкат ҳеч нарса қилмаганда уй аҳли бадалларни тўламай қўяди. Ширкат эса кўпинча бадаллар тўланмагани боис ҳеч нарса қилмайди. Бундай аҳволга чек қўйиш учун «Пул бўлмаса – иш ҳам бўлмайди» деган ёндашувдан келиб чиқиш керак. Бадаллар ялписига тўланмаганда ширкатдан иш бажаришни талаб қилиш – мутлақо истиқболсиз иш.

Мазкур ҳолда сиз бошқарувга ёзма ариза билан (2 нусхада) мурожаат қилишингиз керак – ХУМШ раиси улардан бирига, сизда қоладиганига, уни олганлиги тўғрисида имзо чекиши керак. Ушбу харажатларни тасдиқлайдиган маълумотлар тақдим этилганда ширкатни сақлаш харажатларини тўлашга тайёрлигингизни кўрсатинг. Қолган қарз қисмида уйда ҳақиқатда қилинган ишлар ва улар билан боғлиқ харажатлар тўғрисида ишончли ахборот берилишини талаб қилинг. Рад жавоби берилган тақдирда судга мурожаат қилинг.

Агар ширкат бир нечта кўп қаватли уй аҳолисини бирлаштирса, биргина уй мулкдорларининг пуллари қаерга ва қандай ишларни бажаришга сарфлаётганини кузатишлари қийин. Бу фуқароларнинг ҳаққоний норозилигини, раҳбарият, бошқарув билан зиддиятларни юзага келтиради. Бироқ маблағлар фақат уйингиз эҳтиёжларигигина сарфланмайди, балки қайта тақсимланади ва бошқа уйларга йўналтирилади.

Биттадан кўп уй аҳолисини бирлаштирадиган ХУМШдаги пул оқимларини назорат қилиш осон бўлиши учун Қонунда уларда мажбурий бадалларнинг турли миқдорларини белгилашга қадар ҳар бир кўп қаватли уйни сақлашга якка тартибдаги ёндашув назарда тутилган. Зеро ҳар бир уйнинг техник ҳолати турлича. Уларни сақлашга харажатлар ҳам турлича бўлади. Шу сабабли Қонунда ҳар бир уй учун ишларнинг алоҳида режаси, смета ишлаб чиқилиши кераклиги белгиланган. Улар асосида ширкатнинг иш режаси ва сметаси тузилади (Қонуннинг 23-моддаси). Бироқ ХУМШлар ортиқча ташвиш билан овора бўлишни хоҳламай, бундай қилмайдилар.

Ширкатнинг фаолияти ўзини ўзи бошқариш қоидаларига асосланади. Бунинг маъноси шуки, унинг аъзолари умумий йиғилишларда иштирок этишлари, унинг фаолиятига оид муҳим масалалар бўйича қарорлар қабул қилишлари, режалаштирилган ишларни бажаришга бадалларни ўз вақтида тўлашлари, улар ижросини назорат қилишлари (бунинг учун тафтиш комиссияси сайланади) керак. Бошқача айтганда, уй хўжалигини яхшилаш учун қилинаётган барча ишлардан хабардор бўлишлари лозим.

Иш жойида мажбурий бадаллар бўйича қарз суммаси ушланишига келсак, бу – қонун ҳужжатларини бузишдир. Вазирлар Маҳкамасининг «Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг (19.03.2002 йилдаги 88-сон) 3-бандида назарда тутилишича, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб берадилар. Ундан фақат ходимнинг аризаси ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра ушлаб қолиш мумкин.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2072 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика