Бизнинг ХУМШ туман ҳокимлигига мажбурий бадалларнинг 40%ини ўз вақтида ўтказади. Бироқ 50 йил ичида уйимизда на иссиқ сув, на совуқ сув тизимлари алмаштирилган эмас. Мирзо Улуғбек туманидаги қариндошларимизда эса 25 йилдан кейин устунлар (стояклар) алмаштирилди ва батареялар ювилди. Муҳандислик коммуникациялари эскирганлиги туфайли бизда қувур ва батареялар тез-тез ёрилади. Уйларнинг квартиралари ичидаги иситиш устунларини алмаштириш муддатлари борми, улар қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади?
Г.Лукаев.
Тошкент шаҳри.
– Ширкатингиз туман ҳокимлигига мажбурий бадалларнинг 40%ини ўтказиши мумкин эмас. Бунда келгуси капитал таъмирлашга маблағларни жамғариш учун мўлжалланган махсус депозит ҳисобварағига бадалларнинг мажбурий 30 фоизлик ажратмалари (яшовчиларнинг қарорига кўра улар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин) хусусида сўз бораётган кўринади. Ёки уйингизга бошқарувчи компания хизмат кўрсатади ва сизнинг ХУМШ хизматлари учун шартнома бўйича бадалларнинг 40%ини унга ўтказади.
Ўзбекистон Республикасида уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва меъёрларида («Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директорининг 26.12.2014 йилдаги 139-сон буйруғи билан тасдиқланган) белгиланишича, агар уй-жойларда иссиқлик таъминотининг очиқ чизмалари бўлса, капитал таъмирлашга қадар иситиш устунларидан фойдаланиш муддати 15 йилга қадарни, ёпиқ бўлса – 30 йилга қадарни ташкил қилади. Иссиқ сув таъминоти тизимлари кўп квартирали уйларда, муаллиф ёзганидек, 25 йилдан кейин эмас, балки ҳар йили иситиш мавсуми якунланганидан кейин ювилади.
Йил бошида ширкатларда ХУМШ аъзоларининг якуний умумий йиғилишлари ўтказилади, уларда ўтган йил якунлари чиқарилади, янги йилга ишлар режалаштирилади, даромадлар ва харажатлар сметалари тасдиқланади. Агар уйингиздаги иссиқлик таъминоти тизимлари шунчалик танг аҳволда бўлса, сиз устунларни алмаштиришни режалаштириб, уни сметага киритишингиз мумкин. Шунда ширкат ушбу ишни бажариш учун маблағ йўқлигини важ қила олмайди. Кўп мулкдорлар квартира ичидаги устунларни ўз ҳисобларидан алмаштириб, кейин мажбурий бадалларни қайта ҳисоб-китоб қиладилар (агар буни умумий йиғилиш маъқулласа) ёки қайта ҳисоб-китоб қилмай, шу тариқа ширкатга ҳомийлик ёрдами кўрсатадилар. Аҳоли устунларни банк кредити ҳисобига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилишлари ҳам мумкин.
Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.