Norma.uz

Олий хўжалик суди Пленумининг мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик судининг судьялари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари судьялари ва ходимлари иштирок этди.

 

Олий хўжалик суди раиси К.Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожига, бу иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилаётгани таъкидланди. Соҳа вакилларига молиявий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилаётгани бу жараёнда алоҳида аҳамият касб этаётир.

Молиявий ижара турларидан бири бўлган лизинг муносабатларининг ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиши билан бирга, бу борада тадбиркорларга кенг имтиёзлар ҳам берилган. «Лизинг тўғрисида»ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 майдаги «Ўзбекистон Республикасида лизинг хизматларини янада ривожлантириш ва тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Хўжалик судлари томонидан лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш бўйича суд амалиёти таҳлили судларга ушбу масала бўйича тушунтириш беришни тақозо этмоқда. Шу сабабли «Лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини хўжалик судлари томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида»ги қарор лойиҳаси тайёрланди. Унда ушбу тоифадаги низоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган лизинг объектлари, лизинг берувчи ва лизинг олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, лизинг шартномаси шартлари, лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи, у билан боғлиқ хавфлар, лизинг объектидан гаров сифатида фойдаланиш, лизинг субъектларининг жавобгарлиги каби масалалар қамраб олинган.

Судлар лизинг субъектлари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда лизинг субъектларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақидаги қонун нормаларини, шартнома шартларини чуқур ўрганишлари лозимлигига ­эътибор қаратилган.

Мажлисда муҳокама этилган ушбу лойиҳа лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш юзасидан хўжалик судларига аниқ тушунтиришлар бериш ҳамда бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган.

Президентимизнинг шу йил 24 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошираётир. Бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароит яратмоқда.

Ушбу Фармон ижроси юзасидан тайёрланган «Акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан ахборотни ошкор қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби бузилган ҳолда амалга оширилган битимларини ҳақиқий эмас, деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топишнинг айрим масалалари ҳақида»ги Пленум қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

Акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан ахборотни ошкор қилиш билан боғлиқ талаблар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларда ўз ифодасини топган. Бу акциядорлар, хўжалик жамиятлари иштирокчиларининг жамият фаолиятидан хабардор бўлиб туриш, жамият фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга замин яратган.

Акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан ахборотни ошкор қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этмаган ҳолда тузган битимлари ҳақиқий эмас, деб топилади. Бундай ҳолатда манфаатига путур етган шахсларнинг ҳуқуқлари қонуний асосда ҳимоя қилинади.

 

Қарор лойиҳаси ушбу тоифадаги низоларни ҳал этиш давомида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш юзасидан батафсил тушунтиришларни ўз ичига олган.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 1978 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика