Norma.uz

Закалат бериб, пулни ололмади

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

«Laсetti» русумли автомобилнинг олди-сотди шартномасини тузиш учун МЧЖ 2015 йил январда закалат (бай пули) тўғрисидаги битимга кўра ХФга 25 млн сўм тўлади. Қолган 25 млн сўмни харидор нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасини тузиш кунида закалат тўғрисидаги битим имзоланган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида тўлаши керак эди. ХФ олди-сотди шартномасини тузиш учун барча ҳужжатларни тайёрлади. Бироқ уни имзолаш арафасида МЧЖ факс орқали закалат тўғрисидаги битимни бекор қилиш ва тўланган пулларни қайтариш илтимос қилинган хат юборди, бунга солиқ органлари унга солиқлар бўйича қарзни ундириш тўғрисида инкассо топшириғини тақдим этганликлари сабаб бўлган. ХФ битимни бекор қилишга тайёрлиги, бироқ қонун ҳужжатларининг талабларига биноан закалатни қайтармаслигини айтди.

Бунга рози бўлмаган МЧЖ хўжалик судига закалат суммасини қайтариш талаби билан мурожаат қилди.

Биринчи инстанция суди даъвони қондиришни рад этди.

Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу қарорни ўзгартиришсиз қолдириб, даъвогарнинг апелляция ва кассация шикоятларини қондирмади.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– МЧЖ ХФдан «Laсetti» автомобилини харид қилишни режалаштириб, у билан 2015 йил январда закалат тўғрисида битим тузди ва унга асосан фирмага 25 млн сўм ўтказди. Бироқ мазкур сумма ўтказилганидан кейин 3 кун ўтгач, солиқ органи МЧЖга 50 млн сўмга инкассо топшириғини тақдим этди ва биз автомобиль учун тўлиқ ҳақ тўлай олмадик. Фуқаролик кодексининг (ФК) 312-моддаси биринчи қисмига кўра мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак. МЧЖ олдиндан билмаган, солиқ органи тақдим этган инкассо топшириғи туфайли мазкур мажбуриятни бажаришнинг мумкин эмаслиги боис олди-сотди шартномасини тузиш ва унга доир ҳақ тўлашнинг имкони бўлмай қолди. Шу сабабли МЧЖ даъвони қондиришни сўрайди.

 

ХФнинг ПОЗИЦИЯСИ

– МЧЖ закалат тўғрисидаги битимни имзолаб, автомобилнинг олди-сотди шартномасини тузиш ва тарафлар белгилаган нархни тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди. ХФ ўз мажбуриятларни виждонан бажарди ва битим тузиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплади. Солиқ органи томонидан инкассо топшириғининг тақдим этилиши МЧЖни жавобгарликдан озод этиши ва унга тўланган закалатни қайтаришга олиб келиши мумкин эмас, чунки МЧЖ унда солиқлар бўйича қарз борлигини билган эди. ХФ МЧЖнинг даъвосини рад этишни сўрайди.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, юқорида баён этилган ҳолатларни аниқлади.

ФКнинг 311, 312 ва 349-моддаларига амал қилиб, у олди-сотди шартномасини тузиш мажбуриятини бажариш ва закалат тўғрисидаги битимда назарда тутилган тўловни амалга оширишнинг мумкин эмаслигини МЧЖнинг айбли ҳаракатлари – у солиқларни тўламаганлиги юзага келтирган деб ҳисоблади. Шу сабабли суд МЧЖ даъвосини қондиришни рад этди ва суд харажатларини унга юклади.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 311-моддасига мувофиқ шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади. Закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар ёзма равишда тузилиши керак.

ФКнинг 312-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига кўра мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади.

Агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади. Башарти қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас (ФКнинг 349-моддаси).

Бизнинг вазиятда МЧЖ мажбуриятини бажара олмаслигини унинг солиқларни тўламасликда ифодаланган ғайриҳуқуқий ҳаракатлари юзага келтирган. Унинг учун тарафлардан бири – харидор жавоб беради. Айни шу сабабли у закалатни қайтариш учун асос бўла олмайди.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд закалатни қайтариб бўлмасликни тўғри ва асосли деб топган.

Мазкур ҳолда МЧЖ ХФ билан келишиб олиши ва закалат тўғрисидаги битимни тузиш ҳамда қолган суммани тўлаш қисмида унинг амал қилишини узайтириш хусусида қўшимча битим тузиши мумкин эди. Бошқа тижорат ташкилотларининг молиявий ёрдамидан фойдаланиши, кредит олиш учун банкка мурожаат қилиши ҳам мумкин эди. Ана шу ва бошқа ҳаракатлар 25 млн сўмлик талафотга йўл қўймасликка олиб келган бўлар эди.


Павел СИЛЬНОВ, 

адвокат.

Прочитано: 1694 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика