Фирмамиз Россия Федерациясида ваколатхона очди. Мен ваколатхона раҳбарига ишончнома расмийлаштиришим керак. Бироқ у ҳозир Россиядаги ишлари билан шуғулланяпти. У ишончномадан хорижий давлатда кейинчалик фойдалана олиши учун раҳбарнинг йўқлигида унга ишончнома расмийлаштирса бўладими?
Фирма
директори.
– Фуқаролик кодексининг 134-моддасига кўра, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учун берилиши мумкин.
ФК 135-моддасининг иккинчи қисмида белгиланишича, нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган бошқа ҳоллар бундан мустасно. Шу сабабли унинг раҳбари тимсолида корхона номидан ваколатхона фаолияти билан боғлиқ битимларни содир этишга ваколатхона раҳбари номига бериладиган ишончномани нотариал тасдиқлаш лозим. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 184-бандига кўра ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг иштироки талаб этилмайди.
Ишончномани бериш бир тарафлама битим деб эътироф этилиши сабабли сиз уни ваколатхона раҳбарининг иштирокисиз тузишингиз ва нотариал тасдиқлашингиз мумкин. Бунда сиз ишончли шахс тўғрисида ишончли маълумотларни (паспорт нусхаси, ҳужжатларнинг бошқа нусхаларини) тақдим этишингиз керак. Улар асосида ишончнома тузилади. Шунингдек ишончли вакилга бериладиган ваколатлар доирасини аниқ ва тўлиқ белгилаш лозим.
Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида конвенциянинг (Минск, 22.01.1993 йил) иштирокчилари ҳисобланади. Мамлакатимизда у 1994 йил 19 майдан кучга кирди, Россияда эса 1994 йил 10 декабрдан амал қилади. Конвенция 13-моддасининг 1-бандига кўра аҳдлашувчи тарафлардан бирининг ҳудудида муассаса ёки махсус ваколат берилган шахс томонидан улар ваколатлари доирасида ва белгиланган шакл бўйича тайёрланган ёки гувоҳлантирилган ҳамда гербли муҳр билан тасдиқланган ҳужжатлар бошқа аҳдлашувчи тарафлар ҳудудларида бирор-бир махсус гувоҳномасиз қабул қилинади.
Ушбу модданинг 2-бандида айтилишича, аҳдлашувчи тарафлардан бирининг ҳудудида расмий ҳужжатлар сифатида қараладиган ҳужжатлардан бошқа аҳдлашувчи тарафларнинг ҳудудларида расмий ҳужжатларнинг исботлаш кучи сифатида фойдаланилади.
Шу тариқа, Ўзбекистонда нотариус тасдиқлаган ишончнома бирор-бир махсус гувоҳномасиз Россия Федерацияси ҳудудида юридик кучга эга бўлади.
Азиза ШОНАЗАРОВА,
Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 9-сон давлат нотариал идораси нотариуси.