КАРТОШКА ВА ПОЛИЗ МАҲСУЛОТЛАРИ ФАҚАТ ПОЕЗД ВА САМОЛЁТЛАРДА ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 28.08.2015 йилдаги 249-сон Қарори билан мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишни тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тасдиқланди.
2015 йил 1 сентябрдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни (ТИФ ТН коди 07-08) экспорт қилиш фақат темир йўл ва ҳаво транспортида амалга оширилади. Давлат божхона қўмитасига мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилиш ўз вақтида божхонада расмийлаштирилишини ва қўлланиладиган транспорт воситалари қатъий назорат қилинишини таъминлаш топширилди.
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишда ноҳалол экспорт қилувчилар ва уларнинг муассислари реестрини юритиш механизми жорий қилинди. Хўжалик субъектини ушбу реестрга киритиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:
экспорт қилувчиларнинг ташқи савдо контрактлари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзлари мавжудлиги;
маҳсулотларни экспорт қилишдан тушган хорижий валютадаги тушумнинг бир қисми ваколатли банкларга ўз вақтида мажбурий сотилмаслиги.
Ноҳалол экспорт қилувчилар ва уларнинг муассислари реестрига киритилган хўжалик субъектлари томонидан маҳсулотлар экспорт қилинишига йўл қўйилмайди.
ИШ БЕРУВЧИ ШЖБПҲни ИДХЯПда ОЧИШИ МУМКИН
Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2015 йилдаги 250-сон Қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» Қарорига (21.12.2004 йилдаги 595-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 595-сон Қарорига 1-илова) белгиланишича, энди иш берувчилар, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга ошираётган фуқаролар учун жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашиш мажбурий ҳисобланади.
Иш берувчилар ходимнинг паспортидаги маълумотлар асосида ходимнинг сўровномасини ихтиёрий тарзда ёзма шаклда ёки Интерактив давлат хизматлари ягона порталининг шахсий «тадбиркорлик субъекти кабинети»да электрон шаклда тўлдиради.
Ҳисобга олиш, ШЖБПҲ очиш ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини расмийлаштириш қуйидагича амалга оширилади:
ёзма тарзда расмийлаштирилган сўровнома олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида;
ИДХЯПдаги шахсий «тадбиркорлик субъекти кабинети» орқали олинган электрон шаклда расмийлаштирилган сўровнома олинган кундан бошлаб 1 кун мобайнида.
Ҳужжат билан иш берувчининг мажбуриятларига ҳам тузатишлар киритилди. Хусусан, аниқлаштирилишича, иш берувчи тегишли хабарнома келган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида Халқ банки филиалидан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаларини олади ва улар олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида ходимларга беради. Шунингдек Низомда назарда тутилишича, иш берувчи ходимнинг талабига кўра ШЖБПҲга ўтказилган бадаллар суммаси тўғрисида Халқ банкига тақдим этилган маълумотлар нусхаларини ходимнинг талабига кўра бепул беришга мажбурдир.
МАМЛАКАТ АҲОЛИСИНИНГ СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШИ ТАЪМИНЛАНАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2015 йилдаги 251-сон Қарори билан 2015–2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепцияси ва чора-тадбирлар комплекси тасдиқланди.
Қабул қилинган ҳужжатлар қуйидаги устувор вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган:
маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш йўли билан аҳолининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш;
нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва улар тарқалиши даражасини пасайтириш;
таълим ва тиббиёт муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тизимини янада тартибга солиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
соғлом овқатланиш ва диетология соҳасида фундаментал илмий тадқиқотларни устувор амалга ошириш.
Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш доирасида маҳаллий сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган.
Концепцияни амалга оширишда қуйидагилар назарда тутилган:
давлат таълим ва тиббиёт муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни тартибга солиш;
аҳолини соғлом овқатланиш билан таъминлаш механизмини такомиллаштиришга ва соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш;
ўсимлик ҳужайралари асосида таркибида туз кам бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтириш;
қанд-шакарнинг ўрнини босувчи доривор стевия ўсимлигини етиштириш ва саноат йўли билан қайта ишлашни кўпайтириш;
соғлом овқатланиш ва диетология соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш:
маҳаллий хом ашё — нефть конлари суви негизида йод ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш.
МИНОРИТАР АКЦИЯДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИ
Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг буйруғи (АВ томонидан 27.08.2015 йилда 2712-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Акциядорлик жамиятида миноритар акциядорлар қўмитасининг фаолият кўрсатиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжатда миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида АЖда уларнинг орасидан қўмита ташкил этилиши назарда тутилган.
Қўмитанинг қарорлари жамиятнинг бошқарув ва назорат органлари томонидан бажарилиши мажбурий эмас, низомда назарда тутилган тартибда тегишли ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги қарорлари бундан мустасно.
Миноритар акциядорлар қўмитасининг ташкил этилиши АЖ корпоратив бошқаруви уставида ёки кодексида назарда тутилган бўлиши лозим. Бунда қўмита аъзоларининг сони 3 кишидан кам бўлмаслиги ҳамда тоқ сондан иборат бўлиши лозим.
Низом лойиҳаси Ягона порталда муҳокама қилинди. Бироқ қабул қилинган Низом таҳририга бир қатор янгиликлар киритилган.
Қўмита раиси қўмита қарорида куни ва вақтини белгилаган тарзда миноритар акциядорларнинг ҳафталик қабулини ташкил этиши лозим.
Шунингдек белгиланишича, акциядорларнинг мурожаатлари ва уларга жавоблар жамиятнинг фирма бланкасида ёзма равишда расмийлаштирилади ва қўмита раиси томонидан имзоланади.
Жамиятнинг акциядорларига тегишли бўлган дивидендлар тўланмаган тақдирда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи мазкур жамият акциядорининг ёки қўмитанинг мурожаати асосида судга жамиятнинг зиммасига ушбу жамият барча акциядорларига дивидендлар тўлаш мажбуриятини юклатиш тўғрисида даъво тақдим этишга ҳақли.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 2.09.2015 йилдаги 34 (690)-сонида расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач кучга киради.
«REG-SYSTEM»: ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ИДЕНТИФИКАЦИЯЛАШ
Давлат статистика қўмитасининг қарори (АВ томонидан 27.08.2015 йилда 2594-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Юридик шахсларни ҳисобга олиш ва идентификация қилишни автоматлаштирилган ахборот тизими «Reg-System»да ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шуни эслатиб ўтамизки, мазкур Йўриқнома Давлат статистика қўмитаси ва рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни, юридик шахсларни ҳисобга олиш ва идентификация қилишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими «Reg-System» асосида Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига (бундан буён матнда КТЯДР деб юритилади) киритиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.
Белгиланишича, почта манзиллари, телефон рақамлари, юридик шахсларнинг муассислари, давлат рўйхатидан ўтказилган тартиб рақами ва санаси (таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, ягона давлат реестридан чиқариш) тўғрисидаги маълумотлари КТЯДРдаги барчанинг фойдаланиши учун очиқ бўлган ахборотлар ҳисобланади (илгари фақат почта манзили очиқ бўлган ахборот ҳисобланган эди).
Шунингдек КТЯДРдаги барчанинг фойдаланиши учун очиқ бўлган ахборотлар қуйидагилар ҳисобланади:
идентификациялаштириш кўрсаткичлари – юридик шахснинг номи, коди (КТУТ), солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
классификация кўрсаткичлари – асосий фаолият турининг характери, жойлашган ери, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шакли, кичик тадбиркорлик субъектларига мансублиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тузилмасига кириши.
Аввалгидек, ташқи фойдаланувчилар, бевосита Давлат статистика қўмитасининг www.stat.uz расмий сайтида реал вақт режимида, сўралаётган юридик шахснинг КТУТ ёки СТИР кодини киритиб, КТЯДРдан барчанинг фойдаланиши учун очиқ бўлган ахборотларни бепул олишлари мумкин.
Ҳужжатга бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.
Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 2.09.2015 йилдаги 34 (690)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТГА ОИД ЯНГИЛИКЛАР
Вазирлар Маҳкамасининг 25.08.2015 йилдаги 246-сон Қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига педагогик фаолият самарадорлиги ва сифатини ошириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат билан хорижий давлатларда олинган фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасига эга бўлган ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига (ОАК) тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.
Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 10.02.2006 йилдаги 20-сон Қарори билан тасдиқланган) киритилган ўзгартиришлар билан кафедра мудири лавозимини вақтинчалик эгаллаш тартибига тузатишлар киритилди. Энди кафедра мудири лавозимини эгаллаш учун танловда фан доктори, фан номзоди илмий даражасига, профессор ёки доцент илмий унвонига, шунингдек тегишли мутахассислик бўйича хорижий мамлакатларнинг фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасига ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга бўлган шахс иштирок этиши мумкин. Мазкур шахслар кафедра мудири лавозимини эгаллашга бир 5 йиллик муддатга қўйилади.
Бир муддат тамом бўлгандан кейин ушбу шахслар фақат истисно ҳолларда олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномасига биноан ва бўйсуниши бўйича тегишли вазирлик ёки идоранинг рухсати билан кафедра мудири лавозимини эгаллаш учун танловда яна иштирок этиши мумкин. Кетма-кет учинчи муддат берилмайди.
Тиллар, жисмоний тарбия ва спорт, графика ва чизмачилик, маданият ва санъат йўналишлари кафедраси мудири лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этишга доцент илмий унвонига (фан номзоди, тегишли мутахассислик бўйича хорижий мамлакатларнинг фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) эга бўлмаган, бироқ камида 5 йил методик, илмий-педагогик, ижодий ва ташкилий фаолият тажрибасига эга бўлган шахс қўйилиши мумкин.
Шунингдек профессор ва доцент лавозимига қўйилиш тартибига тузатишлар киритилди.
Ўқишни тугаллаш йилида олий таълим муассасаси магистратурасининг битирувчиси бўш лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда тақсимот бўйича 3 йил муддатга танловдан ташқари ўқитувчилик лавозимига тайинланади. Ушбу муддат фақат давлат гранти асосида ўқишни тамомлаган магистратура битирувчилари учун қўлланади.
Бундан ташқари, ходим меҳнат шартномаси тузилгандан кейин ишга киришиши шарт бўлган муддат томонларнинг келишуви бўйича белгиланади, бироқ ушбу муддат бир ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Педагог ходимларнинг ёзги каникул (таътил) даври ушбу муддатга кирмайди. Эслатиб ўтамизки, илгари ушбу муддат 3 ойдан ошмаган эди.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» экспертлари
Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.