Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 16 / Қонун чиқарувчилар нималар устида ишлашмоқда

НТМ ўзгаришлар остонасида

Жорий йилнинг март ойида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. У қабул қилинган тақдирда нафақат нодавлат таълим муассасалари (бундан кейинНТМ), балки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга мансуб корхоналар ҳам таълим фаолияти билан шуғулланишлари мумкин бўлади.

 

БУГУНГИ КУН МУАММОЛАРИ

Амалиёт ва халқаро тажрибанинг кўрсатишича, таълим фаолиятини нафақат ихтисослаштирилган муассасалар, балки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга мансуб юридик шахслар: хусусий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар, акциядорлик жамиятлари, фондлар, бирлашмалар ва бошқалар ҳам юритадилар.

Ушбу муаммо билан таниш бўлмаганлар учун тузатиш – «нодавлат таълим муассасаси» атамасини «таълим фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлари тушунчасига алмаштириш арзимаган филологик тузатиш бўлиб кўринади. Бироқ бундай эмас. Бунда бутун нодавлат таълим сектори учун аҳамиятли бўлган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш тўғрисида сўз боряпти, у мазкур секторнинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини (29.08.1997 йилдаги 463-I-сон Қонун билан тасдиқланган) амалга оширишда янада фаол иштирок этишига имкон яратади.

Биз таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг долзарблиги ва мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилдик. Ҳозирги вақтда ушбу соҳада НТМни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг фаолияти ва уларни тугатиш билан боғлиқ бир нечта муаммо мавжуд.

 

1  НТМнинг ҳуқуқий мақоми ва уни рўйхатдан ўтказиш

 

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензия олишда ташкилий-ҳуқуқий шакл бобида чекловлар мавжуд. Қонун ҳужжатларининг бирортасида ушбу ташкилотлар «нодавлат таълим муассасаси» ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилиши кераклигига тўғридан-тўғри кўрсатма қайд этилмаган. Бунинг устига, Фуқаролик кодексида (ФК) ташкилий-ҳуқуқий шакллар орасида бундай шакл умуман мавжуд эмас. Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомда (ВМнинг 1.03.2004 йилдаги 100-сон Қарори билан тасдиқланган) ҳам, «Таълим тўғрисида»ги Қонунда (29.08.1997 йилдаги 464-I-сон) ҳам, бирор-бир бошқа ҳуқуқий ҳужжатда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.

Бироқ амалиётда таълим фаолиятига лицензиялар фақат НТМга берилади.

Бунда муайян фаолият тури билан шуғулланадиган ва у билан бир қаторда таълим хизматларини ҳам кўрсатишни хоҳлайдиган кўплаб тузилмалар учун қийинчиликлар вужудга келади. Масалан, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган масъулияти чекланган жамият бугунги кунда расмий тарзда дастурчиларни ўқита олмайди. Унда барча шароитлар – тажрибали кадрлар, хоналар, техника ва бошқалар бор. Ҳатто ўқитганларни ишга жойлаштириш имконияти бор – бироқ буларнинг биронтасини қўллаш мумкин эмас! Ушбу МЧЖ лицензия олиш учун қайта рўйхатдан ўтказилиши ёки бошқа алоҳида юридик шахс – нодавлат таълим муассасасини таъсис этиши лозим, бу эса қўшимча маъмурий юк бўлиб, молиявий харажатларни талаб қилади. Бундай амалиёт Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида назарда тутилган таълим хизмати кўрсатишнинг рақобатга асосланган бозорини барпо этиш мақсадига мувофиқ эмаслиги тушунарли.

Фикримизча, бугунги кунда нодавлат таълим муассасаси ҳеч қандай асосларсиз алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакл деб эътироф этилади. НТМ номида «муассаса» сўзи борлигига, ушбу сўз нодавлат нотижорат ташкилотларининг (бундан кейин – ННТ) бир номдаги ташкилий-ҳуқуқий шаклига мувофиқ келишига қарамай, НТМ ННТ ҳисобланмайди. ФКнинг 76, 178 ва 180-моддаларига кўра ННТ шаклларидан бири сифатида муассаса деб бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун мулкдор томонидан ташкил этилган ва тўла ёки қисман молиявий таъминлаб туриладиган, шунингдек, унга мулкдор мустаҳкамланган ёки тезкор бошқарув ҳуқуқида (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) у ажратган ­маблағларга харид қилинган мол-мулкдан фойдаланадиган ташкилот ҳисобланади. НТМда бундай аломатлар мавжуд эмас.

Улар пуллик таълим хизматларини кўрсатиш учун барпо этилади. Бизга тўлиқ бепул ўқитадиган бирорта НТМ маълум эмас.

Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари НТМ ННТ ҳисобланмаслигини яхши тушуниб, ушбу ташкилотларни рўйхатдан ўтказишдан бош тортяптилар. НТМни туман ҳокимликларининг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари рўйхатдан ўтказяпти, бу билан НТМ бошқа тадбиркорлик субъектлари қаторига қўйилгандек бўлади. Бироқ уларни қатъий тарзда тадбиркорлик субъектлари деб ҳам атаб бўлмайди. Давлат рўйхатидан ўтказишда НТМга ташкилий-ҳуқуқий шакл (ТҲШ) 2900-коди – бошқа гуруҳларга киритилмаган нотижорат ташкилотлари ва мулк шакли 190-коди – хусусий мулкнинг бошқа турлари берилади. Таққослаш учун, ННТларнинг ҳаммаси 150-кодлар гуруҳи – жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар мулкига киради. Бу эса ушбу юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақомини янада мавҳумлаштиради.

 

2 НТМ фаолияти

 

НТМ фаолияти қонун ҳужжатлари билан тартибга солинганда қўлланиладиган солиқ солиш тизимининг аниқ тушунчаси берилмаган. Бу ҳол қисман мақомни ҳуқуқий белгилаш муаммолари туфайли, шунингдек ҳуқуқни қўллайдиган давлат органларида ушбу масала бўйича ягона фикрнинг йўқлиги боис юз бермоқда. Чунончи, солиқ органлари НТМга ХХТУТ бўйича қуйидаги кодлардан бири:

92100 – олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

92110 – олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

92120 – ўрта махсус ва касб маълумотига эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш;

92200 – ишчиларни ва бошқа ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш;

92400 – мактабгача тарбия,

берилишига асосланиб, бундай ташкилот Вазирлар Маҳкамасининг Қарори (11.10.2003 йилдаги 439-сон) билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясига мос тушади деган фикрни айтдилар. Айни шу сабабли у, башарти штат сони белгиланган меъёрдан ошмаса, солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллашга ҳақлидир. Зеро ВМнинг 439-сон Қарори 2-бандида Молия вазирлиги, ДСҚ, Давлат статистика қўмитаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2004 йилнинг 1 январидан бошлаб корхоналар турларини аниқлашда, статистика ҳисоби ва ҳисоботларини, солиқ ва молиявий ҳисоб-китобларни амалга оширишда тасдиқланган Классификацияга қатъий амал қилиш ҳақида кўрсатма берилган.

Солиқ органлари фикрини қувватлаш учун Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг 4.11-бандини мисол қилиб келтириш мумкин (1-саҳифага қаранг).

Айни вақтда Молия вазирлигининг баъзи вакиллари мазкур масала юзасидан бошқача фикрга эгалар. Чунончи, Молия вазирлигининг ходими 2015 йилда НТМ ягона ижтимоий тўловнинг (ЯИТ) қандай ставкасини қўллаши кераклиги тўғрисидаги саволга жавоб бераркан («Солиқ инфо», 12.04.2015 йилдаги 13 (221)-сон), НТМни ННТга тенглаштиради. Бундан эса нотижорат ташкилоти микрофирма ёки кичик корхона сифатида квалификация қилиниши мумкин эмаслиги ва, тегишинча, ЯИТни 25%лик ставкада (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 25-илова), унинг энг кам миқдорини қўлламасдан, тўлаши кераклиги хусусида хулоса чиқарилади.

Мазкур тасдиқдан фақат битта хулоса чиқариш мумкин: микрофирмалар ва кичик корхоналар штати сони мезонига тушмайдиган НМТ солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллашга ҳақли эмас – у барча умумбелгиланган солиқларни тўлаши шарт.

НТМнинг соф фойдасидан фойдаланиш масаласи ҳам равшан эмас. Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, уни икки вариантда кўриб чиқиш мумкин:

а) агар НТМни ННТ сифатида белгиласак, у олинган фойдани фақат уставда назарда тутилган мақсадлар ва вазифаларни бажаришга йўналтиришга ҳақлидир;

б) агар НТМни тижоратчи юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида қарасак, у фойдани ўз муассислари (иштирокчилари, акциядорлари) ўртасида тақсимлаши мумкин. Бироқ ҳозирги пайтда бундай «дивидендлар»ни тақсимлаш ва уларга солиқ солишнинг белгилаб қўйилган тартиби мавжуд эмас. Шу сабабли НТМлар бундай амалиёт юритмайдилар.

 

НТМни тугатиш

 

НТМ аслида нималиги хусусида тушунча мавжуд эмаслиги туфайли мазкур ташкилий-ҳуқуқий шаклни меъёрий мустаҳкамланган тугатиш тартиби мавжуд эмас. Бу ҳам ихтиёрий ёки мажбурий тугатиш чоғида бир талай мушкулликларни яратади, чунки НТМга нисбатан ушбу таомилни қўллашнинг бир хил амалиёти ҳам мавжуд эмас.

 

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ТАҚДИРДА НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

Депутатлар муҳокама қилаётган қонун лойиҳаси асос солиши керак бўлган нодавлат таълим хизматлари соҳасини янгилаш долзарб ва мақсадга мувофиқ, ўта зарур жараён. Ҳуқуқий ҳужжатлардаги битта формулировкани ўзгартириш кўп сонли муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради.

Чунончи, таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра таълим хизматларини кўрсатиш нодавлат таълим муассасаларининг мутлақ хос ҳуқуқи бўлмайди. Уларни тегишли лицензияси бўлганда нотижорат ва тижоратчи юридик шахслар амалга ошириши мумкин. Бинобарин, таълим хизматлари кўрсатиш билан шуғулланадиган ташкилотни рўйхатдан ўтказиш, унга солиқ солиш, фойдасини ишлатиш ва уни тугатиш масалалари унинг ўз ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ ҳолда ҳал қилинади.

Чунончи, таълим хизматларини кўрсатишга лицензия олган ННТ Адлия вазирлигида ёки унинг минтақавий бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади (амал қилиш ҳудудига боғлиқ ҳолда), умумбелгиланган солиқларни, ЯИТни унинг энг кам миқдорини қўлламасдан 25% миқдорида тўлайди, фақат устав мақсадлари ва вазифаларини бажариш учун фойдани ишлатади, ўз фаолиятини Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 15.01.2015 йилдаги 5-сон Қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган тартибда, мажбурий тугатилган тақдирда – «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунда (5.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда) белгиланган тартибда тугатади.

Айни вақтда тижоратчи юридик шахс, масалан, таълим хизматлари кўрсатадиган масъулияти чекланган жамият туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида рўйхатдан ўтказилади, солиқларни солиқ солишнинг соддалаштирилган тизими бўйича, ЯИТни эса унинг энг кам миқдорини қўллаган ҳолда 15%лик ставкада (Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 25-илова) тўлайди (мазкур хизматлар соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ходимлар сони мезонларига риоя этиш шарти билан). У фойдани ўз муассислари (иштирокчилари) ўртасида, фойданинг 10%и миқдорида тегишли дивиденд солиғи тўланганидан кейин, тақсимлаши ҳам мумкин (Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарори 3-бандининг саккизинчи хатбошиси) ва Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомда (Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон Қарори билан тасдиқланган), мажбурий тугатиш ҳолатида – «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда тугатилиши мумкин.

Шу тариқа, қонун чиқарувчилар таълим хизматлари бозорини ривожлантириш учун зарур бўлган жуда муҳим ва зарур тузатишлар устида ишламоқдалар. Шу билан бирга сўзимиз охирида олинган фойдани таълимни ривожлантириш ҳамда уларнинг уставларида назарда тутилган таълим мақсадлари ва вазифаларини бажаришга йўналтирадиган таълим ташкилотлари учун қонун йўли билан солиқ имтиёзларини тақдим этишни таклиф этишни хоҳлардик. Уларга солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқини бериш ёки таълим хизматларини кўрсатишдан олинадиган даромадларни умуман солиқлардан озод қилиш лозим. Мазкур меъёр Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ таълим хизматлари соҳасини такомиллаштириш ва ривожлантиришда қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади.

 

Алексей НИЯЗМЕТОВ,

экспертимиз.


«... Кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожлантирилиши қуйидаги устувор йўналишларни ўз ичига олади:

... Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида маркетингни ривожлантириш йўли билан таълим хизмати кўрсатишнинг рақобатга асосланган бозори шакллантирилади. Давлат ва нодавлат таълим муассасалари ривожлантирилади, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида рақобатга асосланган муҳит вужудга келтирилади, таълим хизмати кўрсатиш бозори давлат йўли билан бошқариб борилади. Асосий таълим дастурларида назарда тутилмаган консультатив ва қўшимча таълим хизматларидан иборат пуллик таълим хизмати кўрсатиш тизими ривожлантирилади».

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг 4.11-банди
(
Таълим хизмати кўрсатиш бозорини ривожлантириш).

 

 

Ўзбекистонда таълим муассасаларига 419 та лицензия берилган 

Тошкентда 322 та НТМ рўйхатдан ўтказилган

Хорижий тилларни ўрганиш курслари 67 та лицензия олган

Прочитано: 6029 раз(а)

Комментарии к статье (4)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2015-04-21 15:59:59, Гость_modern education services:
жуда хам зарур конун лойихаси булибди. худди шу муоммолар масаласида солик ва бошка органлар билан жуда куп тортишганмиз, лекин аник бир тухтамга кела олмаганмиз. чунки тартибга соладиган конун ёки низомлар мавжуд эмас эди. ушбу лойиха ижодкорларига катта рахмат  
2016-12-13 10:00:10, Гость_for the better future:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2016-12-13 13:15:46, Гость_for the better future:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2017-06-07 11:56:59, Гость_Нодир:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика