Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 16 / Ахборот бозори шарҳи

ЎзНЕТнинг 9 фойдали хислати

Ошхонада ишлатиладиган оддийгина пичоқ пазандалик бобида зўр маҳорат маҳсули – неъмат яратиш воситаси бўлиши ҳам, жиноят қуроли бўлиши ҳам мумкин. Бу нарса пичоқ кимнинг қўлига тушиб қолишига боғлиқ. Интернет борасида ҳам шундай деса бўлади. Интернетдан фойдаланувчилардан баъзилари ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар ва бошқа хабарлар оламига кўп вақтларини бағишлайдилар. Бошқалари эса, керакли сайтларни тўғри танлаб олиб, ҳам вақтларини, ҳам пулларини тежайдилар.

 

Қуйида сизга ҳам вақт, ҳам маблағни амалий жиҳатдан тежашга ёрдам берадиган баъзи интернет-сервисларни бирга кўриб чиқайлик. Фойдали хусусиятлари жамланган рўйхатимиз Интерактив давлат хизматлари ягона портали (ИДХЯП) ва коммунал хизматлардан савдо майдончалари ҳамда ахборот, ҳуқуқ, таълим порталларигача бўлган турли йўналишдаги интернет ресурсларни қамраб олган.

 

1 Давлат органларига my.gov.uz орқали ариза ва сўровларни йўллаш мумкин

 Интерактив давлат хизматлари ягона портали ҳақида ёзилмаган кун йўқ деб нолиб қўядиганлар ҳам учраса, эҳтимол. Бундай муносабатни my.gov.uz имкониятларини амалда синаб кўрмаган одамгина билдириши мумкин. Ушбу шарҳ муаллифи ва унинг кўпгина таниш-билишлари турли давлат идораларига буюртма бериб, керакли маълумотлар олдилар, берган саволларига жавобларни ҳам узоқ кутиб қолмадилар. Шу зайил ташкилотларга ариза бериш учун бориб навбатда туриш ташвишларидан қутулиб, озмунча ресурс тежаб қолмадилар улар. Бундан ташқари, ИДХЯП саҳифаларида турли фойдали маълумотлар, хусусан, давлат органлари хизматлари учун тўланадиган божлар ҳақидаги ҳуқуқий ахборотлар, содир этилган ҳар хил ҳуқуқбузарликлар учун санкциялардан тортиб, ДСҚ, ИИВ, Адлия вазирлигининг тиббий, таълим, таркибий бўлинмалари ҳақидаги, божхона омборлари, уй-жой ва коммунал хўжалиги, хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар реестригача кўплаб фойдали маълумотлар жойлаштирилган.

ИДХЯПнинг вақтни тежаш имконини берадиган бошқа бир жиҳати, ҳисоботларни электрон шаклда топшириш ҳамда электрон тўловларни амалга оширишдан иборатдир. Бу анчагина кўламдор, алоҳида-алоҳида ёритишга лойиқ мавзулардир.

 

2 Коммунал тўловлар e-kommunal.uz ҳисоблаб беради

Ушбу сайтнинг электрон калькулятори сиз томонингиздан истифода этилган коммунал хизматлар учун белгиланган тарифлар бўйича, бирламчи маълумотларингиздан келиб чиқиб, тўловни ҳисоблаб чиқишга, квитанцияни тўлдириш ва қоғозга ёзиб чиқаришга ёрдам беради. Бундан ташқари, сайтда уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги янгиликлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг барча ҳудудий бўлинмаларига оид, мулоқот қилиш учун маълумотлар эълон қилиб борилади. Мазкур соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам шу ердан топасиз, «Истеъмолчига ёрдам» деган бўлимдаги материаллар билан танишишингиз, иловаларни уяли телефонингизга ўтказиб олишингиз мумкин. Бу сайтнинг фойдали хусусияти шундоққина кўриниб турибди. Унинг ёрдамида вақтингиз ва маблағингиз тежалишидан ташқари, керакли ахборотларга эга бўласиз ҳам. Зотан, тўлиқ ахборотга эга бўлмай туриб, хизмат кўрсатувчилар билан тенгма-тенг гаплашиш қийин. e-kommunal.uz да эса, барча керакли маълумотлар мавзу бўйича қулай қилиб жойлаштирилган, савол-жавоб тариқасида тақдим этилган.

 

3 Қонун ҳужжатларидаги янгиликларни излаётганлар уларни norma.uz дан топади

Бизда мудом янги қонунлар қабул қилинади, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиб борилади. Баъзан тажрибали ҳуқуқшунослар ҳам бу борадаги янгиликларни кузатиб улгурмайдилар. Шу боис, компанияларнинг ҳамиша банд, вақти зиқ раҳбарлари ва бухгалтерлар фаолиятларига тааллуқли қандайдир ўзгартишлардан бехабар қолишлари ҳам ҳеч гап эмас. Баъзида эса, ҳужжатни очгач, дафъатан унинг моҳиятини англай олмайсан киши.

Ҳуқуқий ахборотлар оқимида norma.uz порталида, «Қонунчиликдаги янгиликлар» бўлимида эълон қилиб бориладиган профессионал шарҳлар жуда қўл келади. Бундан ташқари, сайтнинг бошқа фойдали жиҳатлари ҳам кўп. Ҳуқуқшунос ва иқтисодчиларнинг профессионал даражадаги маслаҳатлари-ю «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳамда «Норма маслаҳатчи» электрон газеталарини шу сайтда ўқиш имкониятингиз бор, шунингдек бухгалтерия ва статистика ҳисоботларининг ҳар хил шаклларини ҳам ундан бепул кўчириб олишингиз мумкин.

 

Мамлакатимиз пойтахтининг маданий ҳаётига оид воқеалар билан afisha.uz порталида танишасиз

Дам олиш кунларини бутун оила биргаликда қандай ўтказиши мумкин, қайси фильмлар, спектакллар, шоу-томошаларни болалар ҳам кўрса бўлади, таълим йўналишида қандай семинарлар ва тренинглар ўтказиш мўлжалланган ва улар қаерда ўтказилади сингари саволларга жавобларни, курслар, маҳорат сабоқлари, гастроллар, концертлар ҳақидаги ва бошқа кўплаб ахборотларни afisha.uz дан топасиз.

 

5 TAS-IX – www.uz зонасининг интернет-трафик сайтлари ҳам тежамкорликда чакки эмас

Агар интернет провайдерингиз TAS-IX зонасидаги нарсалардан бепул баҳраманд бўлишингизни таъмин этса, чекланмаган миқдорда медиаконтентнинг омадли соҳибига айланишингиз мумкин. Қайси сайтлардан кўчириб олишни билсангиз бўлди – фильмлар, мусиқа, ўйинлар, электрон ва аудиокитоблар борасида ташвишингиз бўлмайди. Мазкур трафик кўнгилочар порталлардагина эмас, ишбилармонлик йўналишидаги порталларда ҳам тежамкорликни таъминлайди. UZ зонаси – www.uz порталининг интернет-ресурслар каталоги сизни қизиқтираётган сайт TAS-IX зонасига тааллуқлими-йўқми, аниқлашга ёрдам беради. Ундан ташқари, у Ўзнетнинг сиз билмаган кўпгина сайтлари билан таништиради ҳам.

 

6 Бепул таълим олувчиларга ziyonet.uz га мурожаат этишдан маъқул йўл йўқ

Таълим дастурлари мужассам топган лицензия дисклари, биринчидан, анча қиммат, иккинчидан, ўзбек тилидагисини топиш баъзан мушкул. ziyonet.uz портали эса, бой электрон кутубхонадан, билимни оширувчи болалар ўйинларидан, чет тилларни интерактив тарзда ўрганишдан, мамлакатимиздаги таълим лойиҳалари ва ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти янгиликлари ва бошқа кўпгина фойдали нарсалардан бепул баҳраманд бўлиш имконини беради.

 

7 olx.uz (torg.uz) – бепул эълонлар тахтаси демак

Электрон эълонлар тахтаси сотиб олувчини сотувчи билан воситачиларсиз учраштиради, шундай учрашувларга ёрдам беради ҳам. Рақобатлашувчи кўплаб эълонлар орасидан нархи, иш (хизмат) ижроси муддати, жойлашган ери ва бошқа кўрсаткичлари бўйича энг мақбулларини танлаш имконияти бор. Бу ерда сотиш, сотиб олиш, репетитор топиш, ўз хизматларини таклиф этиш, иш ёки ходим топиш, компаниянгиз рекламасини бериш имконияти бор. Интернетдаги энг оммабоп, кириб кўрувчиси кўп эълонлар тахтаси борки, ҳаммаси айни ана шундай принцип бўйича ишлайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда кириб кўрувчиси кўп, бошқача қилиб айтганда, «энг гавжум» сайт ҳам olx.uz (собиқ torg.uz) порталидир. Дарвоқе, эълон бериш истагидагиларни қизиқтирувчи бошқа порталлар, айтайлик, arka.uz ёки zor.uz ҳам бор.

 

8 Пойтахт бўйлаб юришда йўналишнинг энг мақбулини mg.uz топиб беради

«Менинг шаҳрим. Тошкент» лойиҳасининг ишлаб чиқувчилари маълумотномадаги ахборотлар ҳамиша янги ва долзарб бўлишини кузатиб борадилар. Бу ерда шаҳар картасидан ташқари, мамлакатимиз пойтахтидаги 12 мингдан ортиқ ташкилот ҳақидаги, солиқ бўйича зоналарга оид ахборотлар ҳамда шаҳар транспортида юришнинг энг мақбул вариантини танлашда ёрдам берадиган маршрутизатор бор. Бу имкониятларнинг ҳаммасини дастурнинг мобил версияси тақдим этади. Уни лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг сайтидангина эмас, балки Google Play ва AppStore дан ҳам бепул кўчириб олиш мумкин.

 

9 Маҳсулот ва товарларни уйингизга arba.uz етказиб беради

Курраи заминимизда товарларни Интернет орқали сотиш ва етказиб бериш борасида етарли тажриба тўпланган. Ўзбекистонда ҳам шундай тажриба бор. Чунончи, arba.uz интернет-дўкони шу йўналишда ихтисослашиб бормоқда. Буюрган буюртмангиз асосида уйингиз ёки офисингизга танлаган маҳсулотларингиз ва бошқа товарларни келтириб беришади. Бошқа порталлардан фарқли равишда бу портал ўз фойдаланувчиларига буюртирилган товарлар ҳақини тўлашнинг бир неча вариантини тақдим этади. Бинобарин, тўловни нақд пул билан, пластик карточка ёки Click тизими орқали тўлаш мумкин. Камчилиги товарларнинг танлов доираси унча катта эмаслигидир.

 

Саида ЖОНИЗАКОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 2170 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика