Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда миллий божхона тизими шакллана бошлади. 1992 йилдан бошлаб мен мазкур тизимнинг шаклланиш ва ривожланиш даврини бирга босиб ўтдим десам, янглишмайман.
Илк бор божхоначи либосини кийиб кўчага чиққанимда, тўғриси, кучли ҳаяжон босган. Атрофдагиларнинг ҳавас билан термулаётганини кўриб, янада ўнғайсиз аҳволга тушардим.
Мустақилликнинг илк йилларида – ишхонамиз биноси таъмирланган кезларда биз ҳам ишчи кийимларни кийиб, енг шимариб усталарга, қурувчиларга кўмаклашганмиз. Баъзида дам олиш кунлари ҳам ҳашарга чиқардик. Бу мажбурият юзасидан эмас, шунчаки меҳнат жамоасидаги аҳиллик ва жонкуярликнинг чинакам намунаси эди. Хизматнинг илк йилларида столимизда саноқ чўп, босма машинка, нари борса, калькулятор бўларди! Ҳозир-чи? Ахборот технологиялари кўмагида илгари соатлаб вақт сарфлаган юмушларимизни сониялар ичида амалга оширяпмиз. Мен шу касбнинг ортидан кун кечириб кам бўлмадим, ҳурмат-эътибор орттирдим. 2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил» эсдалик нишони билан тақдирландим.
Ҳозирги кунда катта қизим Севара божхона органларида хизмат қилмоқда. Кейинги қизим Манзура эса ахборот технологиялари соҳасида дастурловчи. Кенжам Нуриддин ҳам менинг изимдан борди – ҳозирда Олий ҳарбий божхона институтининг сўнгги босқич тингловчиси.
Иш фаолиятимнинг асосий қисмини божхона органларида ўтказганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Божхона тизими фахрийси эканлигимдан фахрланаман.
Зарифа ПЎЛАТОВА,
Давлат божхона қўмитаси Молия-иқтисодиёт бошқармаси
бош инспектори, божхона хизмати подполковниги.