Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 10 / Бухгалтерга ёрдам

Ҳисоблаб ёзиш қоидасига кўра

Газетамиз саҳифаларида пластик карточкалар ёрдамида тўловларни қабул қилувчи терминалларни қўллашга тааллуқли масалалар кўп кўриб чиқилган. Терминаллар мавзусини давом эттириб, бугун тушумни қандай ҳисобга олишни аниқлаймиз. Бошловчи бухгалтерлар кўпинча: «Агар банк терминалдан фойдаланган ҳолда олинган тушумни ҳисобрақамига кейинги куни қайд этса, уни қандай акс эттириш керакдеган савол беришади. Уларга ушбу масалани тушуниб етишда ёрдам берамиз.

 

ЭЪТИРОФ ЭТИШ ПАЙТИ

Сир эмаски, тушум ҳисоблаб ёзиш қоидасига кўра товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш пайтида эътироф этилади. Буни бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари (1-сон БҲМС1, 2-сон БҲМС2) ҳам, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳам (30.08.1996 йилдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги 279-I-сон Қонуннинг 13-моддаси) тасдиқлайди.

Ҳисоблаб ёзиш қоидасига кўра активлар, пассивлар, хусусий капитал, даромадлар, харажатлар, хўжалик операциялари ва воқеалари бухгалтерия ҳисобида, улар бўйича пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари олинганда ёки тўланганда эмас, балки улар амалга оширилган (ёки ҳақиқатда олинган) пайтда акс эттирилади.

Товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилиш деганда нимани тушунамиз?

Солиқ кодекси (Кодекс) қуйидагича талқин беради:

реализация қилиш – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир (Кодекснинг 22-моддаси).

Тўлов терминаллари воситасида харидорлар билан ҳисоб-китоб қилинганда албатта терминалдан чек берилиши шарт (Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг3 5-банди).

Терминал чеклари квитанциялар, талонлар, чипталарга ҳамда товарлар ва хизматларга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади (ВМнинг 24.09.2004 йилдаги 445-сон Қарори 4-банди) ва товарларни реализация қилиш бўйича операцияларни ҳисобга олиш мақсадида бошланғич ҳужжатлар деб тан олинади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси).

Баъзи якунларни чиқарамиз.

Тўлов терминали воситасида олинган товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан олинган тушумни биз товарни юклаб жўнатган (уни харидорга топширган ва у харидорнинг мулкига айланган), хизмат кўрсатган ёки ишни бажарганда эътироф этамиз.

Реализация қилишни тасдиқлаш учун бошланғич ҳужжат, бизнинг ҳолатимизда терминал чеки хизмат қилади. Чекда операцияни ўтказиш санаси ва ҳатто вақти қайд этилади. Қисқаси, бухгалтерда реализация қилишдан тушум олинган пайтни дақиқасига қадар аниқ белгилаш имконияти мавжуд.

 

ТУШУМНИ АКС ЭТТИРИШ

Реализация қилишдан тушумни тўғри акс эттириш жуда муҳим. Солиқлар ва тўловларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳам уни ўз вақтида ва аниқ ҳисобга олишга боғлиқдир. Айниқса бу ойнинг охирги кунларида олинган тушумга тааллуқли.

Бошқача айтганда, агар сиз тўлов терминалидан фойдаланган ҳолда олинган реализациядан тушумни пул маблағлари ҳисобрақамингизга қайд этилган кунда акс эттирсангиз, бу ҳисоблаб ёзиш қоидасини, бинобарин, бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини ҳам бузиш бўлади. Бунинг устига жорий даврнинг солиқ солинадиган базаси камаяди. Бу эса жарималар ва пеня ҳисоблашга сабаб бўлади.

Шундай савол туғилиши табиий: агар кун бўйи кўп операциялар амалга оширилган ва бир талай чеклар тўпланиб қолган бўлса, нима қилиш керак? Автоматлаштириш асрида барча чекларни қайта ҳисоблашга вақт сарфлашни хоҳламайди киши.

Ушбу саволга ҳам жавоб бор. Тўлов терминали пул маблағларини инкассациялаш функцияси билан жиҳозланган. Инкассация вақтида терминалнинг савдо картасида жамланган пул маблағлари банкингизнинг транзит ҳисобварағига келиб тушади, сўнгра сизнинг ҳисобрақамингизга қайд этилади. Баъзан бу иш бир неча кунни банд этади.

Инкассация якунлари бўйича терминал сизга операциялар рўйхати ва охирги инкассациядан жорий инкассацияга қадар бўлган давр учун қисқача ҳисоботни қоғозга чиқаради. Қисқача ҳисоботда инкассациянинг умумий суммаси ва ўтказилган тўловлар сони кўрсатилади. Қисқаси, терминалдан тушумни ҳар куни иш куни охирида инкассация қилсангиз, кунлик тушумни қийинчиликсиз ҳисоблаб чиқишингиз мумкин.

Агар баъзи бир сабабларга кўра терминал бўйича тушумни ҳар куни инкассация қилмасангиз, ҳар бир чекни ҳисоблашингизга тўғри келади. Энди вақтингиз ва пулингиздан оқилона фойдаланиш учун ишингизни қандай режалаштиришни ўзингиз ҳал қилишингиз керак бўлади.

Пировардида бухгалтерия ҳисобида тўлов терминалларини қўллаган ҳолда ҳисоб-китоблар қандай акс эттирилишини кўриб чиқамиз:

 

 

Дебет

 

Кредит

 

Тўлов терминалини қўллаган ҳолда товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш акс эттирилган

 

5710-«Йўлдаги
пул маблағ
(ўтказма)лари»

 

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»;

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

Маблағларни корхонанинг ҳисобрақамига қайд этиш акс эттирилган

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

5710-«Йўлдаги пул маблағ
(ўтказма)лари»

 

 

1«Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

2«Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

3ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон Қарорига 1-илова.


Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 2107 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика