Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 10 / Бизнинг лойиҳалар

Жисмоний шахсларнинг даромадларига

СОЛИҚ СОЛИШНИНГ БАЪЗИ ЖИҲАТЛАРИ

 

«Norma» профессионал ривожланиш марказида «Rastax Group» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мутахассислари Татьяна ШАЛУНОВА ва Лидия СТЕПАНОВА жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) ҳисоблаш ва тўлаш масалаларига бағишланган бир нечта семинар ўтказдилар. Семинарлар вақтида тингловчилар кўплаб саволлар беришди, бир талай муаммоли вазиятларни муҳокама қилишди. Газетхонларимизга улар ичидан энг қизиқарли ва долзарблари билан танишишни таклиф қиламиз*.

 

ТАЪСИСЧИЛАР ХУСУСИДА

МЧЖ бир муассисдан бошқасига текин берилган устав фондидаги улушдан даромад солиғи тўлади. У мазкур ҳолда ЖШДС тўлаши керак эдими ёки солиқни муассиснинг ўзи тўлаши керакми?

 

Аввало жисмоний шахслардан текин олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги даромадларга ЖШДС энг кам ставкада солинишини эсга оламиз (Солиқ кодексининг 181-моддаси). Жисмоний шахслардан текин олинган мол-мулк суммаси (шу жумладан юридик шахсларнинг улуши) Солиқ кодекси 178-моддасининг 7-бандига кўра бошқа даромад ҳисобланиб, уни даромад олувчи жисмоний шахс декларациялайди. Кодекснинг 184-моддасига мувофиқ, МЧЖ мазкур ҳолда солиқ агенти ҳисобланмайди.

 

МЧЖ муассислари – жисмоний шахслар ўртасида тақсимланган дивидендларнинг умумий суммаси 40 млн сўмни ташкил этади, бироқ тўлов қисман амалга оширилади (20 млн + 10 млн + 10 млн). Биринчи қисман тўлов чоғида биз дивиденд солиғини (10%) бутун тақсимланган суммадан (40 млн) тўлашимиз шартми ёки фақат бевосита мазкур пайтда тўланадиган қисмданми (20 млн)?

 

Солиқ кодексининг 185-моддасига мувофиқ солиқ агентлари Кодекснинг 184-моддасида кўрсатилган солиқ тўловчи даромадларидан, улар ҳақиқатда тўланган ҳолда, ҳисобланган ЖШДС суммасини ушлашлари шарт.

 

Қимматли қоғозлар (акциялар)ни номинал бўйича 1 000 сўмдан сотиб олдим, уларни 3 000 сўмдан сотдим.

Менда қимматли қоғозларни қайта сотишдан солиқ оқибатлари пайдо бўладими? Агар пайдо бўлса, ставкаси қандай бўлади? Солиқ ҳисобланганда бошқа харажатларни (брокерлик, депозитарий хизматлари) чегириш мумкинми? 2014 йилдаги даромадлар бўйича солиқни декларация топширгунга (1.04.2015 йил) қадар тўласам бўладими?

 

Солиқ кодекси 176-моддасининг 4-бандига кўра мол-мулкни реализация қилишдан олинадиган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, реализация қилинган мол-мулк қиймати даромад деб эътироф этилади. Солиқ кодексининг 179-моддасида ушбу ҳолларга имтиёзлар назарда тутилмайди. Шу тариқа, 2 000 сўмга (3 000 – 1 000) белгиланган ставкада (шкалада) ЖШДС солинади.

Солиқ кодексининг 184-моддасига мувофиқ, агар корхона акцияларни харид қилса (яъни жисмоний шахсга улар хариди учун ҳақ тўласа), у солиқ агенти ҳисобланади. Агар битим жисмоний шахслар ўртасида амалга оширилса, солиқ ҳисоб-китоби солиқ органлари томонидан декларация бўйича амалга оширилади. Бунда ЖШДСни декларация топширишга қадар ҳам, асосийси – 2015 йил 1 июнгача тўлаш мумкин.

 

ҲАР СОҲАДАН БИР ШИНГИЛ

Ходимларнинг ихтиёрий тиббий суғуртасига ЖШДС солиш керакми?

 

Солиқ кодексида фақат мол-мулк суғуртаси ва ҳаётнинг узоқ муддатли (12 ойдан кўп) суғуртасига имтиёзлар тақдим этилади (Солиқ кодекси 179-моддасининг 28-банди). 2015 йил 1 апрелдан бошлаб имтиёз фақат ҳаётнинг узоқ муддатли суғуртасига берилади. Бинобарин, тиббий ва иш берувчининг маблағлари ҳисобига тўланган бошқа суғуртага ЖШДС солинади.

 

Декрет ва касаллик варақалари пулларидан даромад солиғи ушланадими?

 

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, шунингдек вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари Солиқ кодекси 178-моддасининг 1-бандига мувофиқ жисмоний шахснинг бошқа даромадлари ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, Солиқ кодекси 179-моддасининг 20-бандига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа нафақаларга нисбатан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари бундан мустасно, имтиёз қўлланади.

 

Пул тўловлари, корхона тушликларни мустақил тарзда тай­ёрлаганда чет ташкилот томонидан ҳақ тўланган ҳолларда овқатланиш учун компенсацияга қандай солиқлар солинади?

 

Овқатланиш қиймати, тўлов туридан (пул ёки натура шакли) қатъи назар, компенсация тўловларига киради (Солиқ кодекси 174-моддасининг 13-банди), демак, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги жисмоний шахснинг даромадига киритилади, бинобарин, ЯИТ ва ижтимоий бадаллар солиш объекти ҳам ҳисобланади. Бироқ истисно ҳолат – профилактик овқатланиш мавжуд – у Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига мувофиқ жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайди.

 

Товар қарзини қайтаришдан даромад солиғи ушланадими?

 

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Шу тариқа, жисмоний шахс товар қарзи шартномаси бўйича қарз берувчи ҳам, қарз олувчи ҳам ҳисобланиши мумкин. Биринчи ҳолда унда талаб қилиш ҳуқуқи, иккинчи ҳолда қайтариш мажбурияти вужудга келади. Бироқ иккала ҳолда шартнома ўрни тўлдириладиган шартнома (талаб қилиш ҳуқуқи ва қайтариш мажбурияти мавжуд) ҳисобланади. Солиқ кодекси 177-моддасининг 2-бандига мувофиқ жисмоний шахснинг даромадига текин берилган мол-мулк қиймати киритилади. Мазкур вазиятда мол-мулк пуллик асосда берилади.

Шу билан бирга, агар жисмоний шахс юридик шахсдан у (жисмоний шахс) юридик шахсга берганидан қимматроқ ашёларни олса, нархлар ўртасидаги салбий тафовут моддий наф тарзидаги даромад сифатида классификацияланади (Солиқ кодекси 177-моддасининг 3-банди) ва унга ЖШДС солинади.

 

Малакани оширишга, ходимларни аттестациялашга ҳақ тўлаётган корхона ушбу харажатларга даромад солиғи солиши керакми?

 

Солиқ кодексининг 171-моддаси 15-бандига кўра юридик шахсларнинг ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди. Бинобарин, ушбу ҳолларда иш берувчи қиладиган харажатларга ЖШДС солинмайди.

 

Ходимимиз Афғонистондаги уруш қатнашчиси, II гуруҳ ногирони, имтиёз ҳуқуқини берадиган уруш қатнашчиси гувоҳномасига эга. Ҳар йили ТМЭК комиссияси кўригидан ўтиб келган. 2014 йилда у ТМЭК тиббий комиссиясидан ўтмади. Ушбу ҳолда ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида жисмоний шахснинг даромадига солиқ солишдан қисман озод қилиш тарзидаги имтиёз ва иш ҳақини ҳисоблашда ЯИТ бўйича пасайтирилган ставка (4,7%) сақланадими?

 

Солиқ кодексининг 180-моддасига кўра уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинади. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади. Ушбу моддага асосан ЖШДС бўйича имтиёз сақланади деб ҳисоблаймиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.1992 йилдаги 328-сон Қарори 7-банди билан белгиланишича, ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан 4,7% ставка бўйича ЯИТ ундирилади. Ногирон учун иш ўрни меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган бўлиши ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) бериши керак (Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида низом1 6-бандининг бешинчи хатбошиси). Имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун ногиронлар меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар ўзлари солиқ ҳисобига олинган жойдаги ДСИга ногиронлар учун аттестациядан ўтказилган иш ўринлари сони ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ТМЭК хулосаси (тавсияси) кўрсатилган санитария-техник паспортини тақдим этиши керак. ТМЭК ходимингиз ногиронлигини узайтирмаганлиги муносабати билан сиз ЯИТнинг пасайтирилган ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга эмассиз.

 

ЖШДС ШКАЛАСИ ВА СТАВКАСИ, ЯНГИ ХОДИМЛАРГА СОЛИҚ СОЛИШ

 

Норма доирасида хизмат сафарлари пулларини ҳисоб-китоб қилишда уларни қандай ЭКИҲдан ҳисоблаш керак?

 

Норматив суткалик тўловларни белгилашда хизмат сафари санасидаги энг кам иш ҳақи миқдори қабул қилинади.

 

Календарь йил мобайнида ходим 2 ой ҳақ тўланмайдиган таътилда бўлди. Таътилдан кейин келадиган ойда даромад солиғи қандай шкала бўйича ҳисобланиши керак?

 

ЖШДС ҳисоблаб ёзиш амалга оширилган ҳисобот ойида белгиланган ставкалар (шкала) бўйича ортиб борувчи якун билан ҳисобланади. Шу тариқа, иш ҳақини ҳисоблаб ёзишда ҳақ тўланмайдиган таътилдан кейин келадиган ойда амал қилган ЖШДС шкаласи қўлланади.

 

Ишдан бўшаган ва бошқа мамлакатга кўчиб кетган ходим иш ҳақини қайта ҳисоблаш чоғида ШЖБПҲ нима қилинади?

 

ЖШДСни қўшимча тўлашга олиб келадиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда бюджетга солиқнинг тўлиқ суммасини, яъни ШЖБПҲни чегирмасдан тўлаш керак (ШЖБПҲ қайта ҳисоб-китоб қилинмайди).

 

Даромад солиғи ортиқча тўланганда, агар сальдо кейинги йилга ўтса, уни ходимга қайтариш керакми?

 

Хато аниқланганда ана шундай вазият вужудга келиши мумкин. Масалан, календарь йилнинг охирги ойида Х ходимда ЖШДСни ортиқча тўлаш кўринишида хато аниқланди. Табиийки, аввалги ҳисобот даврлари учун қайта ҳисоб-китоб хато аниқланиши далили бўйича амалга оширилади, шу туфайли сальдо ҳақиқатан ҳам янги ҳисобот йилига ўтиши мумкин. Шу сабабли илгари ортиқча ушланган ЖШДС ходимга йилнинг охирги ойи учун иш ҳақи билан бирга тўланади (ўша ойда).

 

Агар ўриндош ишласа ва йил бошидан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаш тўғрисида ариза бермаган бўлса, даромад солиғи қандай ушланади?

 

Солиқ кодексининг 186-моддаси қоидаларидан келиб чиқилганда, агар асосий бўлмаган иш жойида даромад олаётган жисмоний шахс унинг даромадидан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлашлари тўғрисида ариза бермаган бўлса, солиқ шкала бўйича ушланади. Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, корхона 30 январгача ўзи рўйхатдан ўтказилган жойдаги ДСИга ўриндошлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади, ўзининг ўриндош ходими даромадлари тўғрисида маълумотнома беради ва уни кейинги йилнинг 1 апрелигача яшаш жойидаги ДСИга жами даромади тўғрисида декларация топшириши зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

 

Меҳнат дафтарчасида аввалги иш жойидан ишдан бўшатилганлиги тўғрисида муҳр бўлмаган, бироқ у 2013 йилдан бошлаб ҳеч қаерда ишламаётганлиги ҳақида маҳалладан маълумотномаси бўлган ходимга даромад солиғини қандай қилиб тўғри ҳисоблаб ёзиш керак?

 

Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Ушбу моддага кўра, иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт. Шу билан бирга Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномага (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра меҳнат дафтарчаларини юритиш, сотиб олиш, ҳисоботни олиб бориш ва фойдаланиш тартибини бузган мансабдор шахслар қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Сиз берган ахборотга асосан биз ходимингиз қаердадир асосий иш жойида ишлаётган-ишламаётганлиги (ёки 2013 йилда ишлаганлиги) тўғрисида хулоса чиқара олмаймиз ва, тегишинча, у олган даромадларга солиқ солиш хусусида хулосалар чиқара олмаймиз.

Шуни тавсия қиламизки – унинг, эҳтимол, собиқ иш берувчисига сабабларни аниқлаш учун мурожаат қилиш ва у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, буни маҳалла қўмитаси маълумотнома билан тасдиқлайди, ҳужжатни (меҳнат дафтарчасини) тугал расмийлаштиришни илтимос қилиш лозим.

 

Йил мобайнида ишга қабул қилинган ходимлардан даромад солиғи шкала бўйича ушланади. Бунинг учун меҳнат дафтарчаларида жорий йилдаги иш тўғрисида ёзувнинг йўқлиги асос бўлиб хизмат қилади. Нима учун ДСИ ходимлари текшириш чоғида буни хато деб ҳисоблайдилар?

 

Меҳнат кодексининг 81-моддасига кўра меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Фақат у ходимнинг жорий йилдаги стажи бор-йўқлигини тасдиқлаши мумкин. Шу сабабли мазкур вазиятда корхона амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри иш тутган.

 

Ишга қабул қилаётганда даромад солиғини ҳисоблаш учун маҳалладан маълумотнома бўлиши шартми?

 

Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга қабул қилиш учун зарур ҳужжатларнинг ёпиқ рўйхати келтирилган. Моддада ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Шундай бўлса-да, Солиқ кодексига кўра, қўшимча равишда аввалги асосий иш жойидан маълумотнома ва СТИР талаб қилинади. Шу тариқа, биз тўлиқ рўйхатга эга бўламиз, унда маҳалладан маълумотнома мавжуд эмас. Иш стажини фақат меҳнат дафтарчаси тасдиқлайди (Меҳнат кодексининг 81-моддаси). Ходим келгусида ишдан бўшаши мумкинлиги боис, илгари ишга қабул қилинган ходим ўша ҳисобот даврида (календарь йилда) ҳеч қаерда ишламаганлигини тасдиқлаш учун меҳнат дафтарчасидан нусха олишни тавсия қиламиз.

 

*Охири. Бошланиши «СБХ»нинг 3.03.2015 йилдаги 9 (1073)-сонида.

 

1ВМнинг 20.08.2008 йилдаги 186-сон Қарорига 1-илова.

Прочитано: 3039 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика