ИШНИНГ МОҲИЯТИ
«А» МЧЖ ва «Б» МЧЖ 25 350 000 сўмлик хизмат кўрсатишга шартнома тузишди.
«А» шартнома бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарди, бу ҳолат бажарилган ишлар далолатномалари ва ҳисобварақ-фактуралар билан тасдиқланади. «Б» фақат 4 000 000 сўм тўловни амалга оширган. 2013 йил охирида ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирилганда унинг 21 350 000 сўм қарзи борлиги тасдиқланди.
Тез орада «А» МЧЖ «В» МЧЖга қўшиб олинди, бу ҳақда қарздор тегишли тарзда хабардор қилинди. Унга юборилган даъво қондирилмасдан қолди.
2014 йил июлда тарафлар яна ўзаро ҳисоб-китобларни солиштиришди, у ҳали ҳам 21 350 000 сўм қарз борлигини кўрсатди. Қарздор қарзни тан олса-да, бироқ уни сўндирмади.
«В» МЧЖ хўжалик судига қарздордан шартнома бўйича қарзни, шунингдек давлат божи ва почта харажатларини тўлаш харажатларини ундириш тўғрисида суд буйруғини бериш хусусида ариза билан мурожаат қилди.
СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
Суд суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этди, чунки ундирувчи бир юридик шахс бошқасига қўшиб олинганида расмийлаштириладиган топшириш ҳужжатини тақдим этмаган. Ундирувчи томонидан суд буйруғини бериш тўғрисида ариза, топшириш ҳужжати ва бошқа зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин суд унга қарздордан шартнома бўйича қарз (21 350 000 сўм), давлат божи (106 750 сўм, ва почта харажатларини (7 200) тўлаш харажатларини қоплаш суммаларини ундириш тўғрисида суд буйруғини берди.
ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ
Юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин (Фуқаролик кодексининг 49-моддаси, бундан кейин – ФК). Юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшилганида, бу юридик шахсга қўшилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади (ФКнинг 50-моддаси).
Топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича ҳам, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак (ФКнинг 51-моддаси).
Мазкур ҳолда ундирувчига суд буйруғи қонунга тўлиқ мувофиқликда берилган.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.