Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 4 / Муаммони муҳокама қиламиз

Муддатли шартнома – янги муддатга

Муддатли меҳнат шартномаларини қўллашнинг қонуний асослари ва амалиёти муҳокамасини* давом эттирарканмиз, уларни тузишни чеклайдиган қонун қоидаларига яна бир бор қайтмоқчимиз.

 

ТУРЛИ МАЪНОЛИ ЧЕКЛАШЛАР

Меҳнат кодексининг (МК) 76-моддаси – «Муддатли меҳнат шартномасини тузишда иш берувчининг ҳуқуқини чеклаш» номидан МКнинг мазкур моддасида ушбу шартнома турини тузишга йўл қўядиган ҳолларнинг батафсил рўйхати келтирилган деган хулоса чиқариш мумкин. Унда кўрсатилган ҳолларни яна бир марта эслатамиз:

бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;

корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Аввалги материал муаллифи А.Кононенко ўз фикрини баён этаркан, юқорида кўрсатилган ҳолларни тавсифловчи, унинг назарида, «ноаниқ, умумий», етарлича очилмаган формулировкаларни бир хилда тушуниш мушкул деб ҳисоблади. Унинг таъкидлашича, уларда (унинг назарида) корхонанинг молиявий муаммолари чоғида муддатли меҳнат шартномаларини тузишга қонун билан боғланган чекловлар кўринмайди.

Бир тарафдан, бундай ҳоллар ишни бажаришнинг ўзига хос шартлари сифатида тавсифланиши, яъни улар МКнинг 76-моддасига кўра йўл қўйиладиган ҳолларга тегишли деб айтиш мумкин. Бироқ ушбу позиция мен учун қуйидаги сабабларга кўра жуда баҳслидир. Агар молиявий муаммолар иш берувчи – тижорат корхонасининг фаолиятида вужудга келса, шуни ёдда тутиш лозимки, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда) 3-моддасига мувофиқ тадбиркорлик тегишли субъектлар томонидан амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Меҳнат муносабатлари ҳуқуқий тартибга солишнинг бошқа соҳасига оид. Умумий қоидага кўра МКда ходим учун, унинг иш берувчиси тижоратчи ёки нотижорат ташкилотилигидан, тадбиркорликда муваффақият қозонаётганлиги ёки дастлабки қадамларни қўяётганлигидан қатъи назар, кафолатларнинг энг кам даражаси белгиланади. Шу сабабли ходим билан шартнома турини (муддатли ёки муддатсиз, ходим учун турфа хил энг кам кафолатларни белгилайдиган) тадбиркорлик фаолияти шартлари билан боғлашни тўғри деб ҳисоблаш қийин.

Агар нотижорат ташкилотлари (ННТ, давлат органлари ва ҳоказо) тўғрисида сўз борганда, молиявий муаммоларни рўкач қилиб ходимлар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузиш бундан ҳам баҳслидир. Бундай иш берувчиларда олдиндан ходимларнинг қанча миқдорини ва қандай шартларда ёллашлари мумкинлигини аниқ белгилаш имконини берадиган смета ёки бюджет доимо мавжуд.

Бундан ташқари, МКнинг 76-моддасига кўра иш бажариш шартларининг ҳозирги, ғоятда сиқиқ (бунда А.Кононенко, албатта, ҳақли) таърифини ва молиявий муаммолар ҳар қандай ташкилотнинг фаолиятида бўлиши мумкинлиги ҳолатини ҳисобга олсак, кўпчилик иш берувчилар томонидан барча ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари тузилишига мойиллик вужудга келиш эҳтимоли юқоридир.

Бошқа томондан эса, иш берувчиларнинг қийинчиликларини тушуниб, уларга корхона фаолиятини режалаштираётганда ички ҳужжат (раҳбар органнинг буйруғи ёки баённомаси) билан компания фаолиятининг штат бирликларининг муайян миқдори ва бюджет билан биргаликда аниқ муддатга лойиҳавий йўналишларини тасдиқлашни тавсия этиш мумкин. Ушбу ҳужжатлар асосида муддатли меҳнат шартномаларини тузиш, ўйлашимча, ўзини оқлайди ва қонуний бўлади.

 

ЭРКИНЛИКНИНГ БАҲОСИ

Муддатли меҳнат шартномаларини тузишдаги барча чекловларни олиб ташлаш таклифига келсак, ҳозирги пайтда, фикримча, меҳнат бозори ва ушбу соҳадаги иш берувчилар ҳуқуқий маданиятининг етарлича ривожланмаганлиги туфайли бундай қилиш керак эмас. Бугунги шароитда чекловларни бекор қилиш ходимлар учун шарт-шароитларнинг кескин ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, фикримча, фақат ходимлар учун қонун йўли билан қўшимча кафолатлар ўрнатилгандагина муддатли меҳнат шартномаларини тузишда тўлиқ эркинлик тўғрисида сўзлаш мумкин. Масалан, Ғарб мамлакатларида (ЕИ, АҚШ ва бошқалар) муддатли меҳнат шартномасини тузаётганда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг турли механизмларидан фойдаланилади. Чунончи, биргина шахс билан шартномани қайта тузаётганда муддатли шартномани номуайян муддатга тузилган шартномага айлантиришади. Шунингдек иш берувчининг ходимлар вакиллик органини ҳар бир алоҳида ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилганлиги тўғрисида хабардор қилиш; ходимни ўзининг (иш берувчининг) шартномани узайтирмаслик (унинг муддати тугашига қадар) нияти ҳақида олдиндан огоҳлантириш мажбурияти белгиланган. Ходим аввалги ишига ишдан бўшатилгандан кейин 15–30 кун ўтгач қабул қилинганда муддатли шартномани муддатсиз шартномага айлантириш ҳоллари ҳам учрайди. Меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан бекор қилинганда эса ходимга миқдори иш ҳақи ва қанча вақт ишлаганлигига боғлиқ бўлган ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Бундан ташқари (жаҳон амалиётининг ушбу тегишли меъёри бизнинг қонун ҳужжатларимизда ҳам белгиланган) муддатли меҳнат шартномаси тарафлари шартномани унинг муддати тугашига қадар бир тарафлама тартибда бекор қила олмайдилар, бундан ходим йўл қўйган қўпол қоидабузарликлар ёки тарафларнинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар ва бошқа ҳоллар мустасно. Муддатдан аввал бир тарафлама бекор қилишда эса, МКга биноан, муддатли шартнома неустойкани назарда тутиши мумкин.

Бошқача айтганда, муҳокама давомида таклиф қилинган муддатли меҳнат шартномаларига доир чекловларни бекор қилишни, ўйлашимча, ҳозирги вақтда амалга ошириб бўлмайди. Бундай қадам жамиятнинг тегишинча тайёргарлигини, бекор қилинадиган чоралар ўрнига бошқа регулятив чоралар жорий этилишини тақозо этади. Акс ҳолда меҳнат бозори азиятли ўзгаришларга дуч келиб, ходимлар олдидаги кафолатлар ва мажбуриятларнинг зарур даражасини белгиламасдан туриб муддатли меҳнат шартномаларини оммавий тарзда тузишни амалиётга жорий этиши мумкин. Муддатли меҳнат шартномалари қўлланишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги зиддиятларни бартараф этишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётини барқарорлаштиришга имкон берувчи бошқа чораларни қабул қилишга келсак, буларнинг зарурлиги шубҳа уйғотмайди.

Алексей НИЯЗМЕТОВ,

юрист. 

 

МЕҲНАТ КОДЕКСИНИ ҲУРМАТ ҚИЛ

Муддатли меҳнат шартномасини унга доир қўшимча келишув тузиш йўли билан узайтириш, ушбу муҳокама давомида айтиб ўтилганидек, амалиётда тез-тез учраб туради.

Бироқ ҳатто «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) акциядорлик жамиятлари ижро этиш органлари ходимларининг муайян тоифалари билан ҳар йили муддатли меҳнат шартномаларини узайтириш назарда тутилса-да, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги корхоналарда, бунинг устига ходимларнинг бошқа тоифаларига нисбатан ҳам, фақат Қонуннинг айнан ўхшашлигига асосан ушбу меъёрга амал қилишни тавсия этмаган бўлардим.

Муддатли шартномалар қўлланишини тартибга солувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини қайта кўриб чиқишга эҳтиёжнинг етилганлиги тўғрисида кўп гапирилди. Айтилганларни такрорламоқчи эмасман. Фақат шуни эслатишни хоҳлардимки, Меҳнат кодексининг (МК) 1-моддаси иккинчи қисмига кўра, мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бинобарин, айни Меҳнат кодексининг муддатли шартномалар тўғрисидаги қоидаларига ҳар хил талқин этиш имкониятини бартараф этадиган ўзгартиришлар киритилгандагина шубҳа ва баҳслар учун замин йўқолади. Барча бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатлари меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисмида МКга мувофиқ бўлиши керак.

Тимур МЎМИНОВ,

юрист.

 

Чекловларнинг бекор қилиниши бугунги шароитда ходимлар учун шарт-шароитларнинг кескин ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

 

Барча мулкчилик шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


*«Норма маслаҳатчи»нинг 8.12.2014 йилдаги 49 (490) ва 30.12.2014 йилдаги 52 (493)-сонларида.


Таҳририятдан.

Ушбу мақола билан муддатли меҳнат шартномаларини қайта тузиш ва узайтириш муносабати билан юзага келадиган масалаларнинг муҳокамасига якун ясаймиз. Муҳокаманинг натижаси маълум: амалиётчилар орасидаги мавжуд турли талқинларни бартараф этиш учун муддатли меҳнат шартномаларини тузиш, узайтириш (қайта тузиш) ва бекор қилишни янада аниқ-равшан тарзда тартибга солиш лозим.

Муҳокама давомида мутахассислар айтиб ўтган барча фикрлар ўринлидир. Бироқ фикрлар хилма-хиллиги Меҳнат кодекси, бошқа қонун ҳужжатларининг муддатли шартномаларга, улардаги қарама-қаршиликлар ва камчиликларга тааллуқли қоидаларини янгилаш зарурлигини кўрсатяпти. Муҳокама якунлари бўйича таҳририятнинг эксперт хизмати аниқ таклифлар билдирилган умумлаштирилган хат тайёрлайди, у қонун ҳужжатлари қўлланишини мониторинг қилувчи ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрловчи ташкилотларга юборилади.

Прочитано: 2577 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика