Мени кичик фирмага ишлаш учун таклиф қилишди. Маъмуриятда фақат мен (бухгалтер-кассир), бош бухгалтер ва директор бор. Ишдан бўшаш тўғрисида оғзаки мурожаатимга директор эътибор бермади. Мен ёзма тарзда мурожаат қилдим, бироқ директор аризамни имзоламаяпти ва «вақтим бўлганда қарайман», – деяпти.
Бу ҳақда директорни икки ҳафта аввал ёзма равишда огоҳлантирганим хусусида бош бухгалтердан ўз аризам нусхасини тасдиқлатиб олишим мумкинми?
С.Римма.
Тошкент шаҳри.
– Одатда ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир (Меҳнат кодексининг (МК) 99-моддаси).
Муддатнинг ўтиши унинг бошланиши белгиланган календарь куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, башарти муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади (МКнинг 13-моддаси).
Ходим билан иш берувчининг келишувига кўра меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугашига қадар ҳам бекор қилиниши мумкин.
Ходимнинг меҳнат шартномасини унинг ташаббусига (ўз хоҳишига) кўра бекор қилиш тўғрисидаги аризасини ишни давом эттириши мумкин эмаслиги (ўқув юртига кириш, пенсияга чиқиш, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланиш, эрни (хотинни) хорижда ишлашга, янги иш жойига, янги хизмат жойига юбориш ва бошқа ҳолларда) тақозо этган бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим сўраган муддатда бекор қилиши керак.
Бирорта сабаб ҳам (пулдан қарздорлиги, бошланган ишни охиригача бажариш зарурати, моддий бойликларни топширмаслик ва ҳоказо) уни ишда ушлаб қолиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.
Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида аризани бош бухгалтер орқали иш берувчига топширишга доир саволингиз баҳсли, чунки ҳамма нарса бош бухгалтернинг меҳнат шартномасида, шунингдек лавозим йўриқномасида ҳамда бошқа ҳужжатларда (масалан, ишончномада) акс эттирилган ваколатларига боғлиқ.
Бироқ иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризангизни олишни рад этган тақдирда аризани ёзиб, у топширилганлиги тўғрисида огоҳлантирган ҳолда хатни почта орқали жўнатишни тавсия қиламиз.
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.