Norma.uz

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси

Ҳурматли депутатлар!

Муҳтарам сенаторлар!

Қадрли дўстлар!

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига бўлиб ўтган сайловда эришган ғалабангиз билан, халқимиз томонидан кўрсатилган юксак ишонч билан сизларни табриклаш, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаолиятингизда янги омадлар тилашга рухсат бергайсиз.

Бўлиб ўтган сайловларни кузатишда иштирок этган 70 мингдан ортиқ маҳаллий ва 340 дан зиёд чет эллик кузатувчилар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг  аксарият  кўпчилигининг  фикрича, бу сайловлар очиқлик ва ошкоралик шароитида, халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларига тўла мувофиқ равишда ўтди.

Мазкур сайловлар авваламбор жамоатчилигимиз, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, сиёсий партиялар, фуқаролик институтларининг обрў-эътибори ва нуфузи, етуклик даражаси сезиларли равишда ошганини кўрсатди.

Шу билан бирга, ўтказилган сайловлар мамлакатимизда демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаётимизга жорий этилаётган демократик ўзгариш ва ислоҳотларнинг амалий натижаларини намойиш этди.

Буларнинг барчасини сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнининг ўзи, уларнинг якунлари ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Бўлиб ўтган сайловларда 18 миллион 500 мингга яқин фуқаро ёки сайловчиларнинг 88,9 фоизи иштирок этди.

Шуниси диққатга сазоворки, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайлов­олди кураши кескин ўтган 135 та сайлов округининг 22 тасида биринчи босқичда номзодлар етарлича овоз ололмади ва бу округларда такрорий овоз беришни ўтказишга тўғри келди. Бу эса сайловларнинг демократик асосда ўтказилганидан далолат беради.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва жойлардаги барча сайлов комиссияларига, сайловларнинг қонунларга, Конституциямиз нормалари, умумэътироф этилган халқаро демократик принцип ва талабларга мос равишда ўтиши учун куч-ғайратини сафарбар этган минглаб фаолларга миннатдорлик билдираман.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, кўпгина давлатларнинг миллий сайлов комиссиялари вакиллари, хорижий мамлакатлардан келиб қатнашган сиёсатчи ва кузатувчиларга ўз номимдан, халқимиз номидан алоҳида чуқур миннатдорлик билдириш барчамизга катта мамнуният етказади.

Ҳурматли дўстлар!

Бугун Олий Мажлисимизнинг аввалги таркиби фаолиятига якун ясар эканмиз, холисона таъкидлашимиз даркор – парламентимиз томонидан амалга оширилган ишлар демократик ислоҳотларни ҳаётимизга жорий этишда, фуқаролик жамияти қуриш йўлида қўйган қадамларимизда муносиб ҳисса бўлди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. 

Ўтган давр мобайнида ҳаммаси бўлиб 140 дан ортиқ қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Олий Мажлис томонидан 2010 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, ҳеч шубҳасиз, бизнинг эртанги кунимизни белгилаб берадиган, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳотларимизнинг Стратегик дастурига айланди.

Концепция доирасида бугунги кунгача қабул қилинган 27 та қонун, уларни кенг миқёсда муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнининг ўзи давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини, сўз ва ахборот ҳамда сайлов эркинлигини таъминлаш, сайлов тизими ва фуқаролик институтларини ривожлантиришда муҳим омил ва катта амалий ҳисса бўлди.

Мазкур Концепцияга мувофиқ, 2011 йилда ва 2014 йилда Конституциямизга киритилган тузатишлар, давлат қурилиши соҳасида қабул қилинган бошқа қатор қонунчилик ҳужжатлари давлат ҳокимиятининг асосий субъектлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис, мамлакат ҳукумати ваколатларини, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати механизмларини янада ривожлантириш ва оптималлаштиришни таъминлади.

Давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва жойлардаги вакиллик органларининг ролини сезиларли равишда ошириш, ҳукумат, ижро ҳокимияти органларининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтириш ва айни пайтда қабул қилинган қонунларнинг бажарилиши ва таъсирчанлигини янада кучайтиришга имкон яратди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократик асосда янада ислоҳ этиш, мустаҳкамлаш ва эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларда парламентнинг алоҳида ўрин тутганини таъкидлаш зарур.

Ана шу даврда парламент томонидан қабул қилинган 30 га яқин қонунчилик ҳужжатлари қонун устуворлигини таъминлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлди.

Парламент фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Бу соҳада қабул қилинган ўнга яқин қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятимизда манфаатлар мувозанатини таъминлаш каби энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтирди.

Шу борада Ўзбекистон экологик ҳаракатининг фаолиятини алоҳида қайд этишни истардим. 2008 йилда Қонунчилик палатасида ушбу ҳаракат вакилларига ўн бешта депутатлик ўрнини ажратиш ҳақида қабул қилинган қарор нақадар тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади.

Сўнгги йилларда мазкур ҳаракатнинг Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, бу соҳага фуқаролик институтларини фаол жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган 9 та Қонун, хусусан, «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

Парламент томонидан демократик ва бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва таркибий ўзгартириш, кичик бизнес, тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини кенг ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилаётган 30 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.

Бугунги кунда Олий Мажлис ҳар йили, ҳукумат тақдимномасига кўра, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини кўриб чиқиб, тасдиқламоқда, унинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан парламент назоратини олиб бормоқда. 2014 йилги дастурни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ, жумладан, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш ўринлари ташкил этилди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган даврда яратилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база айниқса дунёда ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор суръатлар билан ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари сўнгги 10 йилда дунёдаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқариши, инвестициялар ҳажми ва аҳолининг реал даромадлари жадал равишда ўсиб бормоқда.

Бундай натижалар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, албатта.

Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлигини амалга ошириш бўйича янги, замонавий фаолият шаклларини жорий этишга қаратилган ишларини алоҳида қайд этиш жоиз.

Қонунчилик палатаси томонидан «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича биринчи марта ҳуқуқий тажриба амалга оширилди. Хорижий экспертларнинг фикрига кўра, ноёб хусусиятга эга бўлган ушбу тажриба сифатли, ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб берадиган қонунчилик ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилишнинг замонавий усулларини синаб кўриш имконини берди.

Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтини ўз вақтида ташкил этганимиз парламент фаолияти самарадорлигини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилганини қайд этмоқчиман. Мустақил тузилма бўлган мазкур институт қонунчилик, қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатдан яхшилашга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Институт томонидан амалдаги қонунчиликни қиёсий таҳлил қилиш, қонун ижодкорлиги соҳасидаги хорижий тажрибани ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу ишлар қонун ижодкорлиги борасида олдимизда турган вазифаларни самарали ҳал этиш имконини беради ва уларни янада ривожлантиришни, бунинг учун зарур ташкилий-техник шароитларни яратишни талаб қилади.

Биз бундан роппа-роса ўн йил олдин таркибида депутатлар доимий равишда, профессионал асосда ишлайдиган Қонунчилик палатаси ва шунингдек, ҳудудий вакиллардан иборат қонунчилик органи бўлмиш Сенат фаолият кўрсатадиган икки палатали парламентни ташкил этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Бугун ана  шу  мақсадимиз тўлиқ рўёбга чиқди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Натижада қабул қилаётган қонунларимиз сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда.

Айни пайтда биз парламент фаолиятини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини оширишни мақсад қилиб қўяр эканмиз, Олий Мажлиснинг ўтган даврдаги фаолиятини холисона баҳолаб, кўзга ташланадиган камчилик ва жиддий нуқсонлар устида алоҳида тўхталиб ўтишни зарур, деб биламан.

Нега деганда, йўл қўйилган камчилик ва хатоларни тан олмасдан, иқрор бўлмасдан туриб, уларни йўқ қилиш оғир кечади.

Биринчидан. Олий Мажлисимиз қонунни, ҳуқуқни қўллаш амалиётига етарлича эътибор бермаётганини эътироф этиш керак.

Қонунлар қабул қилиниши билан ҳаётимизда нима ўзгарди, улар тараққиётга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қандай таъсир кўрсатди, деган саволларга камдан-кам эътибор берамиз.

Масалан, биз қонунчиликни эркинлаштириш ҳақида кўп гапирамиз. Шу билан бирга, одамлар ўз ҳаётида бундай эркинлаштириш жараёнини қандай ҳис этаётганига, бу ҳақда журналистлар, шарҳловчилар нималарни гапираётганига қараб, бу ишларнинг натижасига энг аниқ баҳо бериш мумкин.

Айни вақтда шуни ҳам тан олишимиз керакки, қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жойлардан келиб турадиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизми деярли ишламаяпти.

Шу боис Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш ва шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва амалга ошириш самарадорлигини албатта ўрганишни ва шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритишни кўзда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш – бугунги кунда долзарб вазифага айланиши даркор.

Иккинчидан. Ўрганишлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўпинча қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишламаяпти. Бунинг сабаби, биринчидан, ушбу қонунларда улардаги нормаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмагани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, мазкур қонунларнинг самарали ишлашига ёрдам берадиган тегишли қонуности ҳужжатлари чиқарилмаётганида бўлиб, уларсиз эса бу қонунларда белгиланган қоидалар умуман ишламаётганини англаб олишимиз даркор.

Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: парламентимиз қабул қилишни «яхши кўрадиган», ижро механизмларига эга бўлмаган қонунлар нима учун «ҳавода осилиб, муаллақ бўлиб» қолмоқда? Нима учун улар мантиқий якунига етказилмаяпти, ҳуқуқни қўллаш босқичигача олиб борилмаяпти?

Ўйлайманки, бу борадаги асосий сабаблардан бири шуки, биз қонунларни қабул қилар эканмиз, уларни ишлаб чиқиш жараёнидаёқ қўйишимиз керак бўлган саволни, яъни бу қонунга реал ҳаётда қай даражада эҳтиёж бор ва у қанчалик самарали ишлайди, деган саволни ўз олдимизга қўймаймиз. Бу эса қонунчилигимизда такрорлар ва зиддиятли ҳолатларнинг учраб туришига, унинг самарадорлиги пасайишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. 2014 йилнинг май ойида Концепцияга мувофиқ «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилдик. Очиқ тан олиш керак, корпоратив бошқарув соҳасида муҳим ҳужжат бўлган бу қонун ҳалигача тўлиқ ишлагани йўқ.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, акциядорлар, авваламбор, акцияларнинг миноритар эгалари ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмаяпти, улар акциядорлик жамиятлари фаолиятига таъсир кўрсатмаяпти.

Бунинг асосий сабабларидан бири шуки, ҳуқуқнинг бошқа соҳалари, хусусан, маъмурий, жиноят, хўжалик қонунчилигида ушбу қонун қабул қилиниши билан бир пайтнинг ўзида унинг ижросини таъминлайдиган маъмурий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқ механизмлари кўзда тутилмаган. Хусусан, акциядорларнинг ҳуқуқларини бузгани учун мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги белгиланмаган.

Айни пайтда корпоратив бошқарув тизими ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, уларнинг қонунчилигида жавобгарлик, суд ҳимояси корпоратив муносабатлар ва улар билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг деярли барчасини қамраб олган.

Бир ҳақиқат ҳаммамизга аниқ ва равшан бўлиши керак – бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида биз қонунларимизда белгилаб қўяётган рағбатлантирувчи омиллар, преференциялар қачон ишлайди? Қачонки ҳуқуқнинг юқорида қайд этилган бошқа тармоқларига тегишли бўлган ҳуқуқий институтлар, аввало, суд-ҳуқуқ соҳасининг таъсир кўрсатиш механизмлари билан мустаҳкамлаб қўйилган тақдирдагина улар ўз самарасини беради.   

Ҳозирги шароитда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар, кодификация қилинган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, янги қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришни таъминлайдиган қонуности ҳужжатларини ўз вақтида эълон қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ана шу масалаларнинг барчаси Олий Мажлис палаталарининг доимий диққат-эътиборида бўлиши даркор. Такрор ва такрор айтишни зарур деб биламан – биринчи навбатда, айнан қонун қабул қиладиган олий қонунчилик органи нафақат бу қонунларнинг сўзсиз бажарилишидан, айни пайтда уларнинг бир-бирига зид келиб қолмаслиги, қонунчиликнинг аниқ тизимга асосланиши, умуман, ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг мукаммал бўлишини таъминлашдан манфаатдор бўлиши зарур.

Учинчидан. Қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилишни таъминлаш муҳимдир. Айтиш керакки, биз бу иш билан деярли шуғулланмаймиз ёки номигагина шуғулланамиз.

Бунинг сабаблари жуда кўп. Балки бундай муҳокамалар чоғида қонун лойиҳаси янги қоидалар билан кенгайиб кетишидан ва бу қоидалар асосида қонун лойиҳасини ўзгартириш, уни қайта ишлашга тўғри келишидан қўрқармиз? Шу билан бирга, бу масалада қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчиларнинг ўзига бино қўйиши, профессионал даражасининг пастлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Ҳеч кимга сир эмас, амалиётчилар тажрибаси кўпроқ бўлгани учун қонунларнинг моҳиятини қонун чиқарувчилардан кўра яхшироқ билади. Ишимиз самарали бўлиши, қонунчиликнинг сифати ва таъсирчанлигини ошириш учун олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертларни кенг жалб этган ҳолда, қонун лойиҳасини албатта атрофлича муҳокама этиш шарт, деб ўйлайман.

Қонунлар лойиҳалари, айниқса, аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатлари, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасига жамоатчиликни, фуқаролик институтлари вакилларини ҳам кенг жалб этиш лозим.

Авваламбор, сўз мамлакатни бошқаришда фуқароларнинг иштирокини ҳар томонлама кучайтириш ҳақида бормоқда. Давлат бошқаруви асосини қонунлар ташкил этар экан, қонун ижодкорлиги соҳасида фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этиши зарур. Шу муносабат билан бу борадаги ишларнинг очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликни парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиб бориш муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади.

Тўртинчидан. Қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида уларни муҳокама этиш, тайёрлаш ишларини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш даркор. Тан олишимиз керак, биз бу масалага ҳам етарлича эътибор бермаяпмиз.

Демократик давлатларнинг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганишга, шунингдек, тайёрланаётган қонун лойиҳаларини ривожланган хорижий мамлакатларда қабул қилинган шундай қонунлар лойиҳалари билан қиёсий таҳлил қилишга бағишланган турли конференция ва семинарлар, давра суҳбатларини ўтказиш муайян қонун лойиҳасини ва умуман, қонунчилигимизни бойитиш учун янги материалга эга бўлиш имконини беради. Айнан шу сабабдан бундай тадбирлар биз учун қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришда самарали восита бўлиши даркор.

Юқорида баён қилинган ана шу фикрлар, ўз навбатида, парламентда олиб борилаётган таҳлилий ишлар самарадорлигини, депутатларнинг тай­ёргарлик, хабардорлик ва малака даражасини, бошқача айтганда, профессионал савиясини сезиларли равишда оширишни тақозо этади. Шу муносабат билан депутатларнинг профессионал даражасини мунтазам ошириш Олий Мажлиснинг келгуси беш йилдаги бутун фаолияти давомида энг муҳим йўналишга айланиши даркор.

Бешинчидан. Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, кўппартиявийлик тизимини изчил ривожлантириш ҳам муҳим вазифалардандир.

2007 йилда қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг бу борадаги аҳамиятини таъкидлашга барча асосларимиз бор. 

Мазкур қонунда фракцияларнинг ҳуқуқий мақоми, жумладан, парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат мақоми, уларнинг алоҳида ҳуқуқлари ва фаолияти самарадорлигининг кафолатлари аниқ белгиланган. Жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳокимият вакиллик органларида депутатлар гуруҳларининг роли сезиларли равишда оширилган. Қонундаги шу ва бошқа қатор муҳим қоидалар мамлакатимизда амалдаги кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатди. 

Олий Мажлис – парламентимизда ва маҳаллий вакиллик органларида фракциялар ёки айрим депутатлар ўртасида доимо фикрлар қарама-қаршилиги, мунозаралар бўлиши керак, айнан шу ерда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, манфаатлари ифода этилиб, депутатлар ўз фикрларини илгари сурадиган кучли баҳс ва рақобат бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Баҳс-мунозаралар, ғоя ва дастурлар, муқобил қонун лойиҳалари ўртасидаги рақобат энг муҳим, принципиал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолар бўйича ҳақиқий профессионал асосда амалга оширилиши лозимлигини барчамиз тушунамиз, албатта.

Олтинчидан. Сиёсий фракциялар ҳамда депутатларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўтган беш йил мобайнида парламент томонидан қабул қилинган 140 дан зиёд қонуннинг атиги 19 таси Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан қабул қилинганини қониқарли, деб бўлмайди. Қолаверса, ана шу қонунларнинг бор-йўғи 3 таси янги қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, 16 таси амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ, асосан юридик-техник хусусиятга эга бўлган қонун ҳужжатларидир.

Бугунги шароитда фракциялар ва депутатларнинг мамлакатимиз учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатиш ва уларни қабул қилиш бўйича фаолиятини принципиал жиҳатдан қайта кўриб чиқиш керак, десам, ўйлайманки, бу фикрга сизлар ҳам қўшиласиз. Фракциялар ва депутатлар фаолияти янада фаол ва мазмунли бўлиши, ўз сиёсий партиялари ва уларнинг электорати манфаатлари ҳамда кўрсатмаларини ҳисобга олган ҳолда йўлга қўйилиши лозим.

Айни пайтда партия ва фракцияларнинг у ёки бу қонун бўйича позицияси, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим масалаларига доир фракциялараро баҳс-мунозаралар мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчилик ва сайловчиларни ҳар томонлама тўлиқ хабардор қилиб бориш даркор. Ҳокимият, халқ ҳокимияти ва парламентаризмни демократик асосда ташкил этишнинг моҳияти ҳам шундан иборат.

Ана шу масалада оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги ҳам талаб даражасида эмаслигини таъкидлаш ҳам, ўйлайманки, ортиқча бўлмайди.

Айрим депутатларнинг оммавий ахборот воситалари ва телевидение вакиллари билан мулоқотдан ўзини тортиш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб туради.

Еттинчидан. Конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозим.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган беш йилда ҳар икки палата томонидан турли давлат бошқаруви органларига айрим ижтимоий масалалар бўйича атиги 7 та сўров юборилган. Янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талабларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарур.

Депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини тубдан яхшилаш, палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш, жумладан, давлат бюджетини шакллантириш ва мамлакатимизнинг ушбу муҳим иқтисодий ҳужжати ижросини назорат қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш муҳим вазифалардан биридир.

Олий Мажлис палаталари томонидан назорат вазифасини амалга оширишнинг ана шу ва бошқа қатор шакллари ҳамда усулларини «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунда тизимли ва аниқ мустаҳкамлаб қўйиш зарур. Бугунги кунда ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимиз экспертлар ҳамжамияти томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Саккизинчидан. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ўзаро ҳамкорлиги самарасини янада ошириш масаласи эътибор марказимизда туриши шарт.

Бу ҳақда сўз юритганда, парламентнинг икки палатаси – бу яхлит тизим, мамлакатимизнинг ягона қонунчилик органи эканини таъкидлаш зарур, деб ҳисоблайман. Очиқ айтиш керакки, ­илгари, икки палатали парламентимиз иш бошлаган дастлабки пайтларда, ўзаро ҳамкорликда, қонунчилик фаолиятининг маъно-мазмунини белгилаб берадиган умумий мақсадларга эришиш учун келишиб ҳаракат қилиш ўрнига палаталар ўртасида уларнинг қайси бири кўпроқ ваколатга эга экани ҳақида, қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамияти ва мазмунини қайси палата яхши тушуниши ҳақида ўринсиз тортишувлар ҳам бўлган эди.

Ҳозирги кунда бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида икки палата вакилларидан иборат мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ташкил этилгани ва сўнгги йилларда амалга оширилган бошқа қатор ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар натижасида бундай тушунмовчиликка чек қўйилди. Лекин бундай вазиятлар янги таркибдаги депутатлар ва сенаторлар орасида пайдо бўлишининг олдини олиш зарур, деб ўйлайман.

Ҳурматли халқ депутатлари ва сенаторлар, мажлис иштирокчилари!

Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни холисона баҳолар эканмиз, кескинлик ва хавф-хатарларнинг тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган курашнинг, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидларнинг кучайиб бораётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди, албатта.

Кўпчилик давлатлар қаторида Ўзбекистонимизда ҳам айни мана шундай таҳликали вазиятнинг олдини олиш, остонамизга қўймаслик, юртимизда бугун ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, шу билан бирга, юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай хатарли бурилишларга тайёр бўлиш мақсадида ўзимизнинг қатъий позициямиз ва сиёсатимизни аниқ белгилаб олганмиз.

Шулар қаторида 2012 йили қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Конституциявий қонунда белгилаб берилган, бизнинг хавфсизлигимиз билан боғлиқ бўлган принциплар ва позицияларимиз бугунги кунда жаҳон жамоатчилигига яхши аёндир.

Авваламбор, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш ва энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик, муқаддас юртимиз тупроғида чет мамлакатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга ва ҳарбийларимизнинг чегараларимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаслигимиз шулар жумласидандир.

Бугун юзага келаётган халқаро вазиятда айни шу йўл, шу сиёсат биз учун мақбулдир.    

Азиз депутатлар ва сенаторлар!

Яна ва яна бир бор барчангизни ана шундай улуғ ва шарафли, шу билан бирга, ўта масъулиятли ишонч ва вазифага сазовор бўлганингиз билан табриклаб, олдингизга қўйилган юксак мақсадларга эришишда аввало сиҳат-саломатлик, бардамлик, янги зафар ва омадлар тилайман.

Ҳурматли депутатлар!

Муҳтарам сенаторлар!

Шу фурсатдан фойдаланиб, сизлар билан яна бир масала бўйича фикр алмашиб олсак, ўринли бўлади, деб ўйлайман.

Маълумки, сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Бош вазир лавозимига  номзодни таклиф этиш, ушбу  номзодни Президент томонидан  кўриб чиқиш, янги парламентнинг қўшма мажлисида бу номзодни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш тартиби Конституциямизнинг 98-моддасида ва шу асосда қабул қилинган тегишли қонунларимизда аниқ белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Бош вазирнинг вазифалари, унинг қонуний ваколатлари ва масъулияти ҳам Асосий Қонунимизда ўз аксини топган.

Конституциямизга киритилган охирги қўшимча ва ўзгартишларга мувофиқ, Бош вазир ва умуман, ижро ҳокимиятининг вазифалари ва шу билан бирга, ваколатлари, бир сўз билан айтганда, масъулияти анча кенгайгани ҳақида барчамиз хабардормиз.

Ҳеч кимга бу сир эмас – Бош вазир лавозимига номзод танлаш ва уни тасдиқлаб олиш ҳақида гап борар экан, албатта, бу ўта мураккаб ва масъулиятли масала эканини ҳаммамиз ўзимизга яхши тасаввур қиламиз.

Бу вазифага ҳар томонлама чуқур билим ва ақл-заковатга, кенг фикрлаш қобилияти, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, турли синовларда тобланган, мухтасар айтганда, кўпни кўрган, мамлакатимизни ривожлантириш, тараққий топтиришда, йирик лойиҳаларни амалга оширишда талабчан, ташкилотчи ва жонкуяр, масъулиятли, жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, энг муҳими, ҳар қандай вазиятда ҳам одамлар билан тил топишишга, обрў қозонишга қодир бўлган, ўзининг хусусият ва аломатлари билан ажралиб турадиган инсонни топиш – бу анча мураккаб ва оғир вазифадир.

Шу маънода, бугун сизларнинг муҳокамангизга тақдим этиладиган номзод ўз фаолияти ва бажарган вазифалари билан эл-юртимиз, Ватанимиз эришган марраларни қўлга киритишда муносиб ҳисса қўшган одам бўлиши шарт, десам, адашмаган бўламан.

Айни ҳозир тилга олинган хусусият ва аломатларга тўғри келадиган, жавоб берадиган инсонни топиш қандай оғир бўлмасин, барча-барча фикрларни, хулосаларни инобатга олган ҳолда, ушбу вазифага Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида фаол меҳнат қилаётган Мирзиёев Шавкат Миромонович номзодини тавсия этаман.

Ўйлайманки, бу номзодни сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлар ҳаммангиз яхши биласиз.

Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлик фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаган, катта ташкилотчилик ва амалиёт тажрибаси билан обрў қозонган. Уни мамлакатимиз вилоятлари ва туманларидаги барча ҳокимлар, катта-кичик раҳбарлар, халқимиз яхши танийди.

Сиз халқ вакиллари – ҳурматли депутат ва сенаторлар ҳам бу номзодни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонаман.   

 

ЎзА.

Прочитано: 2576 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика