Мен ёлғиз пенсионерман, 80 ёшга кирганман, Миробод туманида яшайман. Пенсияни банк филиалида оламан, чунки у уйим билан ёнма-ён, почта эса узоқда. Пенсияни банкдан олувчилардан ҳар ярим йилда Пенсия жамғармаси бўлимига бориб қайд этилишни талаб қилишади. «Нима учун?» деб сўраганимда тирик эканлигингизни қайд эттириш лозим дейишди. Бироқ мен 80 ёшдаман, ҳар гал бориб келишим қийинлашиб бормоқда. Ҳақиқатан ҳам шундай қилишга мажбурманми? Ахир пенсия олишда паспортимни тақдим этаман, уларнинг ўзлари мен ҳақимдаги маълумотларни ПЖга беришлари мумкинку.
Е.И.
– Ҳақиқатан ҳам, Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 158-бандига кўра тижорат банкининг филиали орқали пенсия оладиган пенсионер ҳар 6 ойда яшаш жойида пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига келиш йўли билан ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур. Акс ҳолда пенсионернинг келмаслиги ҳолатлари аниқланишига қадар тўловлар тўхтатилади.
Юриш мушкуллашган тақдирда Пенсия жамғармасига боришни ишончли шахсга топширишингиз ёки Пенсия жамғармаси бўлимингизнинг пенсия тўловлари мониторинги бўлими билан боғланишга уриниб кўришингиз мумкин.
Абдурашид ИСМОИЛОВ,
Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармасининг
пенсия ва нафақаларни тайинлашни таҳлил ҳамда мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.