Ушбу вазиятга тўлиқ ойдинлик киритиш учун экспертларимиз меҳнат фаолиятини қандай қилиб тасдиқлаш тўғрисида қадамма-қадам йўриқнома туздилар.
ҚАДАММА-ҚАДАМ ЙЎРИҚНОМА
Агар Пенсия жамғармаси меҳнат стажидан меҳнат фаолиятингизнинг баъзи даврларини чиқариб ташласа, у бундан сизни хабардор қилади. Пенсия жамғармаси меҳнат пенсиясини ҳисоблаб ёзаётганда қайси давр ҳисобга олинмаганлигини ўз хатида кўрсатади. Одатда Пенсия жамғармаси стажни тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун корхона тугатилган ёки қайта ташкил этилган бўлса, давлат архивларига ёки бошқа вариантлар бўлмаса судга мурожаат қилишни тавсия этади.
Пенсия жамғармасининг хатини албатта олиш керак – у даъво аризаси билан бирга судга тақдим этилади. Шундан кейин қуйидагилар қадамма-қадам амалга оширила бошланади.
1-ҚАДАМ. Архив маълумотномаларини йиғиш
Мисол сифатида кўрилаётган ҳолатимизда ташкилот уч марта қайта ташкил этилган (мустақилликнинг илк даврида), навбатдаги ҳуқуқий ворис маблағ ва ҳужжатларни сақлаш учун хоналар йўқлиги туфайли уларнинг ҳаммасини макулатурага топшириб юборган. Сўнгги ҳуқуқий ворис архивнинг йўқлигини тасдиқлади (унинг гувоҳлик хати ҳам судга тақдим этилади). Бироқ, бундан ташқари, архив муассасаларида ҳужжатларнинг йўқлиги далилини белгилаш талаб этилади. Шу сабабли фалон ташкилотнинг ҳужжатлари сақлаш учун архивга келиб тушмаганлиги ва шу муносабат билан мазкур ташкилот бўйича иш стажи ва иш ҳақини архив тасдиқлай олмаслиги тўғрисида архив маълумотномаларини олиш лозим. Тошкент шаҳрида маълумотномалар асосан қуйидаги архивларда берилади:
Т/р
|
Архив номи
|
Манзил (мўлжал) ва телефон
|
Қабул кунлари ва соатлари
|
1
|
Ўзбекистон Республикасининг Марказий архиви
|
Чилонзор кўчаси, 2
|
Душанба, чоршанба, жума 9.00–13.00 |
2
|
Тошкент вилоятининг Давлат архиви
|
Оқдарё кўчаси, 122/12
|
Душанба–чоршанба 9.00–13.00 |
3
|
Илмий-техника ва тиббий ҳужжатлар давлат архиви
|
Нозимахоним кўчаси, 86
|
Душанба ва чоршанба 9.00–13.00 |
4
|
Тошкент шаҳар шахсий таркиби ҳужжатларининг давлат идоралараро архиви
|
Тузель–2, 29 294-25-99, 294-45-14 |
Душанба– жума 9.00–13.00 |
5
|
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Марказий архиви
|
Илтифот кўчаси, 6 (Кадишев бозори, 58-ҳарбий шаҳарча), 298-78-52 |
Душанба–пайшанба 9.00–13.00
|
Кўрсатилганлардан ташқари, идоравий архивлар, масалан, вазирликлар (соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа) ва идораларнинг архивлари ҳам бор. Уларга ушбу вазирликлар ва идораларнинг муассаса ҳамда ташкилотларида ишлаган ходимлар мурожаат қилишлари керак.
Маълумотнома олиш учун архивларга паспорт ва меҳнат дафтарчаси тақдим этилади.
2-ҚАДАМ. Фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси тузиш
Даъво яшаш (прописка қилинган) жойидаги судга берилади. Шуни таъкидлаш лозимки, фуқаролик ишлари бўйича судлар туманлараро судларга бирлаштирилган (Президентнинг 4.10.2013 йилдаги ПФ-4570-сон Фармони).
Аризани тайёрлаш учун мутахассисга мурожаат этиш мумкин. Бироқ буни мустақил равишда қилиш ҳам мумкин. Даъво тузишда:
меҳнат стажи билан боғлиқ вазиятни тушунарли шаклда тушунтириш;
архив маълумотларининг борлигини қайд этиш;
суд тингловида иштирок этишга рози бўлган гувоҳларнинг (камида 2 нафар) борлигини маълум қилиш лозим.
Даъво аризасига энг кам иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида (ЭКИҲ 107 635 сўм бўлганда – 53 818 сўм, 2014 йил 15 декабрдан ЭКИҲ 118 400 сўм бўлганда – 59 200 сўм) давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанцияни илова қилиш керак.
Даъво аризаси намунаси
ТОШКЕНТ ШАҲАР ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАН СУДИГА
ДАЪВОГАР: ZZZ
МАНЗИЛ: III
ЖАВОБГАР: ЎзР Молия вазирлиги
ҳузуридаги бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармасининг туман бўлими
МАНЗИЛ: ККК
АРИЗА
(ИШ СТАЖИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА)
Мен, ZZZ, 1975 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги вақтда – Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатгандан кейин ихтисослик бўйича ишлаш учун йўлланма бўйича (ёш мутахассис сифатида) «N» республика ишлаб чиқариш бирлашмасига юборилганман. Мазкур бирлашма қайта ташкил этилиши муносабати билан ёш мутахассис сифатида 1979 йил 7 январда худди шу идоранинг Тошкентдаги бошқармасига ихтисослик бўйича ишлаш учун режалаш бўлимига катта муҳандис лавозимига ўтказилдим. Мен Тошкентдаги бошқармада 3 йил (1976 йил 7 январдан 1979 йил 21 январгача) ишладим ва Тошкент халқ хўжалиги институтининг «Саноат иқтисодиёти» кафедраси кундузги аспирантурасига кирганим муносабати билан ишдан бўшатилдим.
Ёшга доир пенсияни расмийлаштираётганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлими пенсия ишимни кўриб чиқиб, ўз қарори билан Тошкентдаги бошқармада ишлаган даврим – 1976 йил 7 январдан 1979 йил 21 январгача ҳуқуқий ворис ташкилотдан архив маълумотномасини тақдим этганимга қарамай, меҳнат стажига киритмади. Архив маълумотномасида Тошкентдаги бошқарманинг архив маълумотлари йўқлиги кўрсатилган (маълумотнома илова қилинмоқда). Тошкентдаги бошқарманинг архивлари йўқлиги тўғрисида мен Ўзбекистон Республикасининг Марказий давлат архиви (...-сон, сана, илова қилинмоқда), Тошкент вилоятининг Давлат архиви (...-сон, сана, илова қилинмоқда), Тошкент шаҳар шахсий таркиби ҳужжатларининг марказий идоралараро архиви (...-сон, сана, илова қилинмоқда), Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Марказий архиви (...-сон, сана, илова қилинмоқда), Илмий-техника ва тиббий ҳужжатлар Марказий давлат архивидан (...-сон, сана, илова қилинмоқда) маълумотномалар олдим.
Тошкентдаги бошқарма бўйича собиқ хизматдошлар 1976 йил 7 январдан 1979 йил 21 январгача бўлган даврдаги ишим ва меҳнат стажини тасдиқлашлари мумкин. Хусусан, XXX ва YYY ана шундай гувоҳлар бўлиб, улар ҳам ушбу даврда кўрсатилган ташкилотда ишлаганлар (паспорт ва меҳнат дафтарчаларининг нусхалари илова қилинади).
Шу муносабат билан сиздан гувоҳлар XXX ва YYYни жалб этган ҳолда Тошкентдаги бошқармадаги меҳнат стажимнинг юридик далилини белгилаш тўғрисидаги аризамни пенсияни ҳисоблаш учун суд тартибида кўришингизни сўрайман.
Мазкур аризага қуйидагиларни илова қиламан:
паспортим ва СТИР нусхалари;
меҳнат дафтарчам нусхаси;
... санадаги ...-сон Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими хатининг нусхаси;
гувоҳлар XXX ва YYY паспортларининг нусхалари;
гувоҳлар XXX ва YYY меҳнат дафтарчаларининг нусхалари;
... санадаги ...-сон Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивидан архив маълумотномаси;
... санадаги ...-сон Тошкент вилоятининг давлат архивидан архив маълумотномаси;
... санадаги ...-сон Тошкент шаҳар шахсий таркиби ҳужжатларининг Марказий идоралараро архивидан архив маълумотномаси;
... санадаги ...-сон Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Марказий архивидан архив маълумотномаси;
... санадаги ...-сон Илмий-техника ва тиббий ҳужжатлар Марказий давлат архивидан архив маълумотномаси;
давлат божи тўлаганлиги тўғрисида квитанция.
Сана ва аризачининг имзоси
3-ҚАДАМ. Суд мажлиси
Суд қуйидагиларга эътибор қаратади:
паспорт ҳамда биргаликда ишлаш даврлари мавжудлигини тасдиқлайдиган ёзувлари бўлган меҳнат дафтарчаларига эга бўлган, камида 2 нафар гувоҳнинг борлиги ва албатта ҳозир бўлишига;
меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга, уларнинг аниқлиги, асослилиги (буйруқларнинг рақамлари, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш саналари), ишга қабул қилган ва ишдан бўшатган мансабдор шахсларнинг имзолари, ёзувларнинг тартиб рақамларига риоя этилганлиги, муҳр излари ўқиб бўлинишига. Яъни моҳиятга кўра, суд меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибининг бузилмаганлигини аниқлайди;
архив маълумотномаларининг борлигига.
Суд фуқаролик иши материалларини ўрганиб чиқиб ва тадқиқ этиб, ариза берувчининг, гувоҳларнинг тушунтиришлари ҳамда важ-далилларини тинглаб, шунингдек прокурорнинг фикри билан танишиб, аризачининг талабларини қондириш, яъни меҳнат фаолияти тасдиқланишининг юридик далилини белгилаш ёки уни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилади. Рози бўлмаган тақдирда қарор устидан қарорда кўрсатилган муддатда апелляция тартибида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига шикоят қилиш ёки протест келтириш мумкин.
4-ҚАДАМ. Суднинг ҳал қилув қарорини олиш
Суд аризачига ҳал қилув қарорининг иккита асл нусхасини беради – бирини бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бериш учун (тилхат олган ҳолда), иккинчисини – аризачи учун. Айтиш жоизки, суднинг ҳал қилув қарорини ўз вақтида олиш керак, акс ҳолда у суд архивига топширилади. Бунда эса уни олиш учун янгидан ариза ёзиш (энди архивга) ва ЭКИҲнинг 0,5 баравари миқдорида бож тўлаш лозим бўлади. Суд архиви ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотномани 10 кун мобайнида беради.
5-ҚАДАМ. Пенсия жамғармасига ариза
Аризачи Пенсия жамғармасига меҳнат фаолиятини тасдиқлаш юридик далилини белгилаган суднинг ҳал қилув қарори муносабати билан пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Қабул кунлари ва соатлари: душанба–чоршанба соат 9.00 дан 13.00 гача.
Комила КАРИМОВА,
«Norma Ekspert» мутахассиси.