Пенсияни расмийлаштиришга ҳужжатларни Пенсия жамғармасининг туман бўлимига топширганман. Стажнинг бир қисми ҳисобланмаслиги тўғрисида хабарнома олиб, ишланган йилларни тасдиқлатиш учун судга мурожаат қилдим.
Пенсия жамғармасига қайси санадаги мурожаатим пенсияни ҳисоблаш учун инобатга олинади: мен биринчи марта ҳужжатларни топширган санами ёки тасдиқловчи ҳужжатларни топшириш санасими?
Н.П., Тошкент шаҳри.
– Пенсия жамғармаси бўлимида барча зарур ҳужжатлар қабул қилиб олинган кун пенсия учун мурожаат этилган кун деб ҳисобланади.
Қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши зарур бўлганда сиз бу ҳақда хабарнома олинган кундан эътиборан 3 ойдан кечиктирмай уларни (сизнинг вазиятда – стажни тасдиқлаш тўғрисида ҳужжатни) тақдим этишингиз керак. Унда пенсия тайинланиши тўғрисидаги тақдимнома ёки ариза қабул қилинган кун пенсия тайинланиши учун мурожаат этилган кун деб ҳисобланади (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонуннинг 46-моддаси).
Агар сиз стажингизни тасдиқловчи ҳужжатни ўз вақтида тақдим эта олмаган бўлсангиз, бироқ суднинг ҳал қилув қарорида Пенсия жамғармасини унга доир ҳуқуқ вужудга келган кундан бошлаб пенсия тайинлашга мажбур этиш аниқ баён этилган бўлса, муаммо туғилмаслиги керак.