Norma.uz

Аттестация синовлари яқин

Раҳбаримиз яқинда барча ходимлар аттестациядан ўтказилишини маълум қилди. Мен ходимлар билан ишлаш бўйича менежерлик қиламан. Шу сабабли ҳам, қандай ҳужжатлар тайёрлаб туришим зарурлигини аниқлаштириб олмоқчиман. Аттестациядан ўтмаган ходимларни ишдан бўшатиш тартиб-таомили қандай?

Людмила, Тошкент шаҳри.

 

НИЗОМЛИ БЎЛИНГ АВВАЛ 

– Ҳозирги вақтда ташкилотларга ходимлар меҳнатини ташкил этиш масалаларини мустақил равишда бошқариш юзасидан кенг имкониятлар берилган. Зотан, Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади (Меҳнат кодекси 1-моддасининг биринчи қисми, бундан буён матнда МК деб юритилади).

У ёки бу ташкилотда ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби (ташкилотнинг мулкчилик шаклига қараб), унинг даврийлиги, аттестацияланадиган ходимларнинг тоифалари махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб қўйилади. Бунда гап энг аввало, иш берувчи томонидан ходимлар вакиллик органининг фикри инобатга олинган ҳолда қабул қилинадиган Аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (бундан кейин – Низом) ҳақида бормоқда. Ушбу норматив ҳужжат қайси ташкилот шундай тартиб-таомил ўтказиш хусусида қарор қабул қилган бўлса, шу ташкилотда бўлиши лозим.

Бундай Низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда шуни унутмаслик керакки, ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган локал норматив ҳужжатлар ҳақиқий эмас (МКнинг 5-моддаси).

Ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги тўғрисидаги қарор, аттестация материаллари билангина эмас, балки у топширилган ишни уддалай олмаётганлиги билан боғлиқ аниқ далиллар билан тасдиқланмоғи лозим. Булар хусусан ишнинг сифати пастлигини, брак маҳсулот чиқарилганлигини, иш ҳажми, топшириқ нормаси бажарилмаганлигини тасдиқловчи текширув далолатномалари, ходим бевосита раҳбарининг рапортлари, ҳисоботлар ва бошқа ҳужжатлар бўлиши мумкин (Олий суд Пленуми «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги Қарорининг 12-банди, 17.04.1998 йилдаги 12-сон, бундан кейин – 12-сон Қарор).

Кейинги йилларда у ёки бу тоифадаги ходимларни аттестациядан ўтказиш масалаларини тартибга солувчи бир қанча норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

● Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 13.06.2012 йилдаги 214-сон қарорига 1-илова);

● Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини компьютер саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 27.10.2011 йилдаги 289-сон қарорига 2-илова);

Архивлар мутахассисларининг Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (Вазирлар Маҳкамасининг 5.04.2012 йилдаги 101-сон қарорига 5-илова) ва бошқа ҳужжатлар*.

 

КОМИССИЯГА ЧАҚИРИЛИШНИНГ ҲАМ ЙЎРИҒИ БОР 

Бу тадбирни расамадга солувчи норматив ҳужжатлар кўп эканлигига қарамай, аттестациянинг муҳим қоидалари, хусусан уни ўтказишнинг асосий принциплари, ҳуқуқий оқибатлари, ходимлар ҳуқуқларининг кафолатлари бўйича ҳозирги кунга қадар ягона ёндашув ишлаб чиқилмаган. Шу сабабли ҳам ўз ходимларини аттестациядан ўтказишни режалаштираётган ҳар бир юридик шахс, энг аввало, локал регламентлар ишлаб чиқиш тадоригини кўрмоғи лозим. Бу борада, умид қиламизки, бизнинг тавсияларимиз албатта асқотади.

Аттестацияни ўтказиш учун махсус комиссия тузилади. Комиссия таркибига иш берувчининг вакиллари (одатда кадрлар билан иш олиб борувчи бўлим ва юридик хизмат раҳбарлари), шунингдек ходимларнинг сайлаб қўйиладиган органлари намояндалари киритилиши лозим. Низом тасдиқлаб олинади.

Ана шу тартиб-таомиллар аттестациядан камида 1 ой олдин иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Аттестация ходимнинг ишчанлик фазилатлари ва малакасини, унинг шахсий меҳнат улушини, унинг олдига қўйилаётган талабларга мувофиқлигини, малакасини ошириш зарурияти даражасини, ишни бажаришга яроқсизлиги даражаси ва шу сингариларни аниқлаб бериши керак. Ходимнинг малакаси даражасини ва эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини баҳолаш одатда иш берувчи томонидан тайёрланган стандартлаштирилган саволлар ёки тестлар асосида амалга оширилади.

Аттестацияга тайёргарлик кўриш ниҳоятда масъулиятли бўлиб, у хусусан қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

меҳнат жамоасида аттестация ўтказишдан кўзланган мақсад, бу борадаги вазифалар ва аттестацияни ўтказиш тартиби ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш;

аттестация синовига жалб этиладиган ходимлар доирасини белгилаб олиш;

аттестацияни ўтказиш жадваллари ва муддатларини тасдиқлаш;

аттестация синовидан ўтадиганларнинг ҳужжатларини тайёрлаш (фикрнома ва тавсифномаларни, аввалги аттестация маълумотлари ҳам қамраб олинган аттестация варақларини тайёрлаш);

аттестация синовидан ўтадиганларнинг мансаб йўриқномалари бор-йўқлигини текшириш ва бундай йўриқномалар бўлса, улар билан аттестация комиссияларини таништириш.

Аттестацияни ўтказиш жадвали бу тадбир бошланишидан камида 1 ой олдин аттестация қилинадиган ҳар бир ходимнинг эътиборига етказилади. Аттестация ўтказилишига кечи билан 2 ҳафта қолганида ходимни у ҳақдаги фикрнома (тавсифнома) билан таништириш лозим. Бунда у фикрномадаги (тавсифномадаги) гапларга қўшилмаслиги ҳақида ариза беришга, аризасида қўшилмаслик сабабларини кўрсатишга ҳақлидир.

Эгаллаб турган лавозимида 6 ойдан ёки 1 йилдан (Низомда белгиланганига қараб) кам ишлаган ходимларни аттестация синовига жалб этиб бўлмайди. Баъзи тоифадаги ходимларни (ҳомиладор аёлларни, 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини – ўқишни тамомлаган кунларидан эътиборан 3 йил мобайнида биринчи бор ишга кирган бўлса, шунингдек 6 ойгача бўлган муддатга меҳнат шартномаси тузган ходимларни) навбатдаги аттестацияга киритиш мумкин эмас. Муддатли меҳнат шартномаси тузган ёки ўриндошлик шартлари асосида ишлаётган ходимларга аттестациядан ўтказишнинг умумий тартиби татбиқ этилади.

Аттестация синовини ўтказишда қуйидагилар мажбурий элемент саналади:

аттестация комиссияси мажлиси баённомаларини юритиш;

ходим ҳақида тақдим этилган ҳужжатларни қараб чиқиш;

аттестацияга жалб этилган ходимнинг гапларини (хабарларини) тинглаш;

ходимга саволлар бериш ёки уни тест синовидан ўтказиш, унинг фаолиятини ва шахсий фазилатларини муҳокама этиш ҳамда баҳолаш;

аттестация натижаларини овозга қўйиш;

аттестация комиссиясининг қарорини расмийлаштириш;

аттестация материаллари ва натижалари билан аттестация синовига жалб этилган шахсни таништириб имзо қўйдириш.

Аттестация аттестацияланаётган ходимнинг иштирокида ўтказилади. Унинг аттестация комиссияси мажлисига узрли сабабсиз келмаганлиги меҳнат интизомини бузиш ҳисобланади.

 

КАСБИНГИЗГА ЯРОҚСИЗ ДЕБ ТОПИШСА

Аттестация ўтказишда энг нозик жиҳат, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини уни малакаси етарли бўлмаганлиги оқибатида бажараётган ишига нолойиқ деган асосга кўра у бекор қилишдир (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди).

Аттестация натижаларига биноан ходимга:

эгаллаб турган лавозимига (бажараётган ишига) лойиқ;

аниқланган у ёки бу камчиликларни бартараф этиш, аттестация комиссияси тавсияларини бажариш ҳамда 3, 6 ойдан (комиссиянинг ихтиёрига кўра) такрорий комиссиядан ўтиш шарти билан эгаллаб турган лавозимига (бажараётган ишига) лойиқ;

эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деган баҳо берилиши мумкин.

Аттестация комиссияси хулосалари ходимни бошқа ишга (лавозимга) ўтказиш ёки у билан тузилган меҳнат шартномасини МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандига кўра бекор қилиш учун омил (асос) бўлиши мумкин. Эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчимиз. Меҳнат кодексига биноан ходимнинг лавозимга нолойиқлиги аттестация натижалари билан, яъни аттестация комиссияси хулосаси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Бундай натижа (хулоса) бўлмаса, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди бўйича бекор қилиб бўлмайди. Меҳнат шартномасини худди шу асос бўйича аттестациядан ўта олмаган ходим билан ҳам бекор қилиб бўлмайди.

Шуни назарда тутиш жоизки, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш (МК 102-моддаси биринчи қисмининг 2-банди) ниятида эканлигидан ходимни камида 2 ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириб имзо қўйдириб олиши шарт. Огоҳлантириш муддати мобайнида иш берувчи ишдан бўшаётган ходимга бошқа иш топиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ҳафтада камида 1 қўшимча бўш кун бериши лозим. Агар корхонанинг жамоа шартномасида ана шу муддат давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқини бериш мажбурияти назарда тутилган бўлса, ишдан бўшаётган ходимнинг жамоа шартномасида кўрсатиб ўтилган миқдорда бўш кун бериш ҳақидаги талаби қаноатлантирилмоғи керак (МК 102-моддасининг олтинчи қисми).

МК 100-модда иккинчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган асосга кўра, меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни объектив сабабларга кўра давом эттириш мумкин бўлмаса, шартнома бекор қилинишига йўл қўйилади. Иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни ёки мутахассислиги бўйича бирмунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси МКнинг 25, 67, 92, 100, 101, 102, 109, 110, 151, 237, 246, 2471-моддаларининг талаблари бажарилган ҳолда бекор қилиниши мумкин. Ходимнинг меҳнат дафтарчасига «Меҳнат шартномаси бекор қилинди» деб ёзиб қўйилади.

Ходим аттестация синовидан ўтиш натижалари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят беришга ҳақли. Агар меҳнат низосини кўриш жараёнида иш берувчи томонидан ходимни шу корхонага ишга жойлаштириш имконияти бўла туриб, бундай чора кўрилмагани тасдиқланса, суд меҳнат шартномасини бекор қилишни ғайриқонуний деб топиб, ходимни аввалги ишига (лавозимига) тиклайди (12-сон Қарорнинг 42-банди).

 

*Ана шу барча ҳужжатлар билан «Norma» АҚТда ҳамда norma.uz сайтида танишиш мумкин.


Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 7668 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика